САВОЛ: Биз томонда (Фарғона вилояти, Риштон тумани) “Барака мозор” номли зиёратгоҳ бор. Уни “Хизр бува мозори” ҳам дейишади. У ерга бир кунда минглаб одамлар “барака ёки бахт йўллари очилишини тилаб” ёки бошқа бир ният билан зиёратга келишади. Айниқса, сафар ойида зиёратчилар сони янада ортади. Келувчилар оғилларида мол-ҳол кўпайишини тилаб, шу ердан арқон сотиб олишади. Агар олишмаса, арқон сотувчилар мажбурлагандай қилиб, товарларини ўтказишади. Шунингдек, у ерда қўрғошинни эритиб қуйиб, унга қараб одамларнинг келажагини “айтиб берадиган” фолбин аёллар ҳам макон тутган. Зиёратгоҳда қуриб қолган тут дарахти ҳам бор. Айтишларича, у Хизр буванинг ҳассалари бўлганмиш. Уни ерга суқиб қўйганларида кўкариб, дарахтга айланган экан. Одамлар ҳозир ўша қуриган тутни муқаддас билиб, атрофида етти марта айланиб, тавоф қилишади, танасига қўлларини теккизиб, юзларига суришади… Гоҳо ўйлаб қоламан: шу ишлари тўғрими? Бу тўғрида динимиз кўрсатмалари қандай? Умуман, Хизр бува ҳақида ҳам маълумот берсангиз.
ЖАВОБ: Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ. Аммо баъд… Сиз мактубингизда келтирган ишларнинг барчаси эътиқод заифлиги ва қабрларни зиёрат қилиш одобларини билмаслик натижасида содир бўлаётган хатарли иллатлардандир. Қабристонларни зиёрат қилишдан мақсад, биринчи навбатда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таъкидлаганларидек, охиратни, ўлимни эслаш бўлиши лозим. Сўнг, Қуръон тиловати билан ўтганларнинг руҳларини шод этиш, уларга мағфират тилашдир. Зеро, марҳумлар тирикларнинг дуосига, тиловатига муҳтождир. Улардан мадад сўраш, қабрларини тавоф этиш, энг хатарли гуноҳ – ширкдир. Динимизда фақатгина Каъбани тавоф қилиш мумкин, холос. Ундан бошқа нарсаларни, ҳатто Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қабрларини ҳам тавоф қилиб бўлмайди. Аллоҳ таоло Ўзидан бошқага сиғинган, мадад сўраган бандасидан қаттиқ ғазабланади.
Юртимиздаги барча зиёратгоҳлар ва қабристонларда уларни зиёрат қилиш одоблари ҳақида маълумот берувчи лавҳалар, эслатмалар қўйилган, имом-хатибларимиз мунтазам тушунтириш ишлари олиб боришмоқда, газета ва журналларимизда, китобларда бу ҳақда тез-тез мақолалар чоп этиляпти. Аммо шунча огоҳлантиришларга қулоқ осмай, ўз билганича йўл тутаётганлар, талаб-мақсудларини қабрда ётганлардан сўраётганлар жоҳилона қайсарликларининг оқибатидан қўрқсинлар! Аллоҳ таоло бундай кимсаларни ўз ҳолига ташлаб қўяди, мушкулларини осон қилмайди ва дуоларини қабул этмайди. Парвардигорнинг ўзи тавфиқ берсин.
Уламолар ҳазрат Хизр (алайҳиссалом)ни пайғамбар ёки солиҳ банда эканида ихтилоф қилишган. Муфассирлар Қуръони каримда “Биз унга Ўз даргоҳимиздан раҳмат ато этган ва Ўз ҳузуримиздан илм берган эдик”(Каҳф, 65) дея таърифланган зотнинг Хизр (алайҳиссалом) эканига иттифоқ қилганлар. Яна уламолар орасида ҳазрат Хизр (алайҳиссалом)нинг ҳозир ҳаёт ёки вафот этгани ҳақида ҳам турли қарашлар бор. Энг саҳиҳ қавлга кўра, Хизр (алайҳиссалом) вафот этган. Аммо руҳониятларига жисмонан кўриниш қобилияти берилган.