Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз (с.а.в) ўзларининг муборак ҳадислари орқали биз умматларини ҳалоллик, поклик ва гўзал ахлоқ-одобга чақириш билан бирга, инсоннинг шаънига хилоф бўлган иллатлардан қайтарганлар.
Абу Кабша Амр ибн Саъд ал-Анморий (р.а.)дан ривоят қилинишича, у киши Расулуллоҳ (с.а.в)нинг шундай деганларини эшитганлар: “Уч нарсага қасам ичаман: “Банданинг моли садақа қилиш билан камаймас. Бандага бирор зулм қилиниб, унга сабр қилса, Аллоҳ унинг иззат-шарафини оширади. Банда тиланчилик эшигини очса, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очади…” (Имом Термизий ривояти).
Демак, аввалгиси банданинг моли садақа қилиш билан камаймас. Бу билан Расулуллоҳ (с.а.в) биз умматларини садақа қилишга тарғиб қилмоқдалар. Ҳеч ким молим камайиб қолади, деган ҳаёл билан хайру садақа қилишдан қўрқмасин. Садақа қилган билан мол камаймайди, аксинча у зиёда бўлади ва барака киради. Билингки, мол-дунё кўпайишининг сабабларидан бири, ўз вақтида унинг закотини бериш, фақир ва муҳтожларга хайр-садақа қилишдир. Аллоҳ таоло: “Аллоҳ судхўрликни (фойдасини) йўқ қилади ва садақа (берувчиларга бойлик)ларни зиёда этади…”, деб марҳамат қилган (Бақара, 276).
Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам ушбу ояти каримага монанд тарзда: “Ҳар куни тонгда инсонлар уйқудан уйғонганда ер юзига иккита фаришта тушади. Улардан бири: “Эй Аллоҳ, инфоқ-эҳсон қилган инсоннинг молини ўрнини тўлдиргин”, деса иккинчиси: “Эй Аллоҳ, зиқна одамнинг молига талофат етказгин”, деб дуо қилади”, дедилар.
Иккинчиси, бандага бирор зулм қилиниб, унга сабр қилса, Аллоҳ унинг иззатини оширади. Сарвари коинот бу билан бизларни кечиримли бўлишга тарғиб қилмоқдалар. Кимнинг жонига, ёки молига, ёйинки обрў-иззатига бирор кимса томонидан жабр-ситам қилинган бўлса, у киши ўша нарса учун ўч олишга, ҳаққини ундиришга қодир бўлсада, сабр қилиб, кечириб кетса, Аллоҳ таоло унинг иззат-шарафини оширади, иншааллоҳ. Қуръони каримда тақводорларнинг сифатларидан бири кечиримли бўлиш эканлиги баён қилиниб: “(У тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам эҳсон қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни авф этадиганлардир…”, дейилган (Оли Имрон, 134).
Учинчиси, банда тиланчилик эшигини очса, Аллоҳ таоло унга фақирлик эшигини очади. Ислом дини таълимотида тиланчилик билан шуғулланишга салбий назар билан қаралади. Айниқса, қўл-оёғи бутун, меҳнат қилишга лаёқатли кимсанинг тиланчилик қилиши қаттиқ қораланади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларининг бирида, дала-даштдан ўтин териб, уни бозорга олиб бориб сотиб, ана шу билан тирикчилик қилиш, тиланчилик қилиб яшашдан кўра яхшироқ эканлигини Аллоҳ номига қасам ичиб баён қилганлар. Яна бошқа ҳадиси муборакларида эса, дунёда тиланчилик билан кун кечирган кимсанинг қиёмат кунида юзида эти қолмаган ҳолда тирилишини айтганлар. Зеро, бировлардан тиланаётган кимса юз терисини шилиб ташлаб, ор-номусини оёқ ости қилиб, ўзини бечораҳол қилиб кўрсатишга ҳаракат қилади. Шунга монанд, Аллоҳ таоло ҳам охиратда уни ана шундай ҳолатда тирилтиради.
Аллоҳга шукрлар бўлсинки, барчаларимизни йўқдан бор қилиб яратган Роббимиз Аллоҳ таоло карами кенг, саховати чексиз бўлган зотки, Ўз хазинасидан сизу биз бандаларига қанча иноъм қилсада, У Зотни ҳеч бир нарсаси камайиб қолмайди. Худди шунингдек, бу синов дунёда Аллоҳ таоло бандаларига молу дунёни хилма хил берган, кимгадир кўп кимгадир оз. Парвардигори олам ўз бандаларини доимо хайру саховатли бўлишга буюрган. Қуроъни каримда ҳам муҳсин бандаларини севишини баён этиб: “Ва Аллоҳнинг йўлида нафақа қилинг. Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг. Эҳсон қилинг, албатта. Аллоҳ эҳсон қилувчиларни хуш кўрадир”, дейди (Бақара, 195). Ҳақиқатдан ҳам, бундай хислатга эга бўлиш улуғ бир фазилатдир. Зеро, банданинг ризқига барака кириши ва зиёда бўлишида ҳам айнан унинг эҳсони ва садақотини ўрни беқиёсдир.
Аллоҳ таоло Ҳадиси қудсийда: “Эй одам боласи, инфоқ-эхсон қил. Шунда Мен ҳам сенга эхсон қиламан”, деб марҳамат қилган. Тўғри, инсон табиатан мол-дунёни севишга, уни кўпайтиришга мойил. Хатто бир қанча маблағга эга бўлган инсонлар ҳам баъзан эҳсон-садақа қилишга журъат қилолмайдилар, гўёки уларнинг наздида йиққан моллари камайиб қолаётгандек бўлади. Ваҳоланки, Ислом дини инсонларни ана шундай хасислик иллатидан қутилишга чақиради. Қуръони каримда бахилликни енга олган инсон икки дунё саодатига эришиши ваъда қилиниб: “Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас айнан ўшалар иқболлидирлар”, дейилган (Тағобун, 16). Дунё ҳаётида инсонларни қилаётган амалларини кўриб таъажжубда қоласан киши, яъни ҳар бир қилаётган амалларида ўртача бўлмайди. Мисол учун эҳсон садақот борасида: Шундай инсонлар борки Аллоҳ озми-кўпми молу давлат берган бўлса баъзилари садақот-эхсон қилсалар баъзилари буни акси. Яна шундай инсонлар борки Аллоҳ бехисоб молу дунё берган қаерга сарфлашни билмайди охир оқибат шариаътимизда буюрилмаган турли хил бидаътларни яъни тўй ва маросимларда исрофгарчилик, дабдабабозлик ва кимўзарга йўл қўйиб турли хил бидъатларни, фитналарни бошлаб берадилар. Яна шундай инсонлар борки Аллоҳ бу синов дунёда уларга молу дунёни жуда оз миқдорда беради, улар эса хайри эҳсон қиладилар ёки яхши ният орзуларда ўтадилар. Хуллас бизлар юқорида санаб ўтилган инсонларни қайси бир турига кирсакда Аллоҳ берган молу давлатларимиздан садақот эхсонлар қилсакда фақат холис Аллоҳ учун Унинг ризолигида беришлигимиз зарур бўлади. Мана шу ўринда ибратли бир ҳикояни эслаб илингимиз келади. Ўтган даврларда бир подшоҳ тўсатдан дардга чалиниб бемор бўлиб қолди. Юраги санчиб, ичини бир нарса бетўхтов кемираётгандай бўлар эди. Кўрсатмаган табиби қолмади. Бир куни бошқа юртдан келган бир табиб подшохнинг томирини ушлаб кўриб, шундай дебди: Сизнинг дардингизга навқирон бир йигитнинг қони шифо. Ана ўша йигитни мен ўзим халқ орасидан ахтариб топиб беришим керак. Табиб подшохни мулозимлари билан эл-юрт орасида узоқ юриб, бир дехқон йигитни танлабди. Ўша захоти йигитни шоҳ ҳузурига олиб келишибди. Подшоҳ йигитнинг ота-онасини ҳам чақиртирибди. Йигитнинг ота-онаси келгач, шоҳ уларнинг олдига икки хумчада олтин қўйиб: Ўғлингизни менга беринг эвазига эса, мана, икки хум олтин – дебди. Умрида бир танга тиллани ҳам кўрмаган ота-она хаяжондан ўзларини йўқотиб қўйишибди. Эй шохим, бир ўғлимиз эканку, ўнта бўлса ҳам сизга фидо, – дейишибди. Демак йигитнинг ота-онаси рози, энди жаллодни чақирсам ҳам бўлади – дебди шох. Мана шу вақтда подшох дехқон йигитни кўкка боқиб жилмайиб турганини кўрибди. Подшоҳ хайратга тушиб йигитдан сўрабди: Эй нодон йигит, сени қатл эттирмоқчи бўлиб турибманку, нега куласан. Шунда йигит: – Эй шохим йигит бошига мушкул иш тушса, дастлаб кимдан ёрдам сўрайди Албатта ота-онасидан. Ундан сўнг охирги арзини тингловчи подшох бўлади. Менга ёрдам берадиган ота онамнинг розиликлари билан подшох мени қатл эттирмокчи бўлиб тургандан кейин, энди кимдан нажот кутай, Албатта, ёлғиз Аллоҳданда. Кўкка боқишимнинг сабаби Аллоҳдан нажот кутаётганимдир. Шунда подшоҳ узоқ сукутга чўмибди. Етмиш йил подшохлик қилиб, бундай таъсирчан бундай маъноли сўзларни эшитмаган эканман. Энди мана шундай пурмаъно сўзларни айтаётган ақлли йигитнинг қонини қандай қилиб тўкаман, дея ўйлабди ва: Эй йигит боравер, сен озодсан, ота онага берган олтинлар менинг хадям. Сенга ҳам бир хумча олтин хадя қиламан,- дебди. Шохнинг оғзидан шу сўз чиқиши биланоқ, кўпдан бери унинг қалбини тирнаётган азоб-юрак хуружи таққа тўхтабди. Шунда табиб шохга дебди: Шохим, оғриқ қолдими – Ҳа дея мамнун жилмайибди шох. Шунда табиб: Мана кўрдингизми, чин иймон-эътиқод, сидқидилдан қилинган садақанинг хосияти шул эрур. Мен сизни даволаш учун мана шу усулни топган эдим. Ҳалқ орасида сизга муносиб йигит ахтараётганимда мана шу дехқон йигит ер чопаётган эди. У хар гал кетмон урганида тилидан Аллоҳ зикри тушмасди. Шунинг учун ҳам уни танладим. Хато қилмаган эканман. Дарддан фориғ бўлишингиз учун биринчи сабаб йигитнинг иймон-эътиқоди ва унинг таъсир кучи, иккинчи сабаб эса, сидқидилдан, холис Аллоҳ йўлида қилган хайру эхсонингиздир, дебди табиб. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак холис Аллоҳ розилигида қилинган эхсон садақот инсонга бу дунёда ҳам оҳиратда ҳам манфаътли, баракотли бўлади. Қилинадиган хайр-эхсоннинг кўпи ва озининг ҳам чегараси йўқ . Росулуллоҳ (с.а.в) ҳадисларининг бирида: “Аллоҳ йўлида бир динор садақа қилиш билан минг динор садақа қилганнинг савоби топилади”- деганлар. Яъни бор борича, йўқ холича эхсон қилса, унинг химматига яраша Аллоҳ таоло Ўз ҳазинаи ғойбиясидан ажр-мукофот ато этади. Бундан ташқари мўътабар китобларда баён қилинганки, хайр-саховат инсонлар ўртасида меҳр-мурувват, оқибат ришталарини боғлашга, ўзаро хурмат ва тотувлик хисларининг ортишига ҳизмат қилади. Пайғамбаримиз (с.а.в) муборак ҳадисларида: “Бир-бирларингизга хадялар беринглар, шунда ўрталарингизда муҳаббат пайдо бўлади”- деганлар. Албатта Пайғамбаримиз Росулуллоҳ (с.а.в) бу борада барчамизга ибрат бўлиб, эҳсон қилаётган нарсаларига келажакда ўзлари мухтож бўлиб қолишларини ўйламас эдилар. Садақа сўраб келганларнинг бирортасини ҳам қуруқ қайтармаганлар. Беришга ҳеч нарсалари бўлмаган тақдирда бирор нарса келиб қолса, албатта беришларини ваъда қилар эдилар. Демак барчаларимиз ҳам ўзимизга саховатни касб қилиб олишимиз лозимки, бу саҳоватларимиз холис Аллоҳ учун бўлишлиги унданда муҳим хисобланади. Шунинг учун ҳам барчаларимиз саҳоват шоҳларини маҳкам ушламоғимиз зарурки, Пайғамбаримиз Мухаммад мустафо (с.а.в): “Жаннатда саҳоват дарахти бор ва унинг шохлари дунёдадир. Ҳар ким унинг шохларига осилса яъни сахийликни ўзида топса, улар у одмни Жаннатга элтадилар. Дўзаҳда бахиллик дарахти бор бўлиб, унинг шохлари бу дунёдадир. Унинг шоҳларига осилганларни яъни бахилларни Дўзахга олиб боради”, деб марҳамат қилганлар. Демак барчаларимиз боқувчисини йўқотган, етим-есир, мискин-фақирларга, мухтожларга ёрдам қўлини чўзишлигимиз хусусан фазилатларга бой бўлган Рамазон ойларида Закотларга қодир бўлсак қирқдан бирини ажратиб беришимиз ҳам жуда зарур. Бир куни Мусо (а.с) бир манзилдан ўтаётган эдилар, бир кишининг тугал хушуъ ва хузуъ билан ибодат қилаётганлигини кўрдилар. У зот Аллоҳга илтижо қилиб: Илоҳо, бу банданг қандай чиройли намоз ўқияпти. Ё Мусо, агар банда бир кеча кундузда минг ракъат намоз ўқиса, мингта қулни озод қилса, минг марта хаж қилса, минг марта ғазот қилса, закотни адо қилмагунича буларнинг бирортаси фойда бермайди – деган нидо келди. Яна бошқа бир ҳадисда: “Мол-дунёга меҳр қўйишлик, барча хатоларнинг бошланишидир. Закот бермаслик бойликни севишнинг нишонаси, белгисидир”. Аллоҳим аввало жаннатмакон юртимизни тинч қилсин. Барча мўъмин-мусулмонларга беҳисоб молу дунё берсину муҳаббатини бермасин. Саҳоватли бойларни сафларини Аллоҳим зиёда қилсин. Барчаларимизни ўзаро меҳр-оқибатларимизни янада зиёда айлаб, молу дунёга эмас ёлғиз Аллоҳга мухаббатли бандаларидан қилсин!
С.Аҳмедов,
Ёзёвон тумани “Абу Ҳурайра” масжиди имом-хатиби