11.03.2020 йил санасида жойланди
Исломдаги бағрикенглик тушунчаси нафақат мусулмонларни, балки бутун башариятни, таъбир жоиз бўлса, бутун яратилган нарсаларнинг қамраб олганлиги барчамизга маълум. Битта мушукни очидан ўлдирганнинг дўзахи, чанқаган итга ковушида сув келтирган инсоннинг жаннати бўлганлигининг башорати фикримизнинг яққол далилидир. Айниқса, иймон-эътиқод ва ибодат эркинлиги инсонларнинг энг асосий ҳақларидир. Бу ҳуқуқни ҳурмат қилиш ҳар бир инсоннинг мажбурияти ҳисобланади.
Бағрикенглик ислом ахлоқининг асли, ўзагидир. Бағрикенглик – ҳеч кимни айбламаслик, бошқалардан паст кўрмаслик, хафа қилмаслик, доимо кечиримли бўлиш, бошқа инсонларнинг ишонч ва қарашлари, эътиқодларини ҳурмат қилиш, хушфеъллик билан қабул қилиш, демакдир.
Барча илоҳий динларнинг ибодатхоналари у мусулмонларнинг масжиди бўладими, насароларнинг черковими, яҳудийларнинг синагогасими муқаддаслик хусусиятига эга. Муқаддас динимизда мусулмонларнинг масжидлари қай даражада ҳимоя қилинса, бошқа ибодатхоналар ҳам айнан шу даражада қўриқланиши зарурлиги белгилаб берилган. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтадики: “Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан даф қилиб турмаганида, шубҳасиз, (роҳибларнинг) узлатгоҳлари ҳам, (насронийларнинг) бутхоналари ҳам, (яҳудийларнинг) ибодатхоналари ҳам, Аллоҳнинг исми кўп зикр қилинадиган (мусулмонларнинг) масжидлари ҳам вайрон қилинган бўлур эди” (Ҳаж сураси, 40 оят).
Динимизда мусулмон одам бемалол масжидга бориб ибодатини адо қилишида қанчалик эркин бўлса, насронийлар черковларига, яҳудийлар эса синагогларига худди шунингдек эмин-эркин бориб ибодат қилиш ҳуқуқи мавжуд ва ҳеч ким бу масалада ҳеч кимга босим ўтказиш ёки дахл қилиши қатъиян мумкин эмас. Бошқа дин вакиллари ва динсизларга ҳам айни мезон ва ҳақлар ўринли.
Бу ҳолатни пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина давридаги яҳудий ва насороларга кўрсатган марҳамати, Ҳазрати Умарнинг Масжидул Ақсодаги насронийларга бўлган муомаласи ҳамда шу кунгача мусулмон ҳукмдор ва олимларнинг бошқа дин вакилларига бўлган эҳтиромлари ҳақида кўплаб мисоллар келтиришимиз мумкин.
Ҳазрати Расули Акрам алайҳиссалом барча инсонга гўзал муомалада бўлиш лозимлигини уқтирганлар. Шахсан ўзлари ҳаётда яшаб, ўрнак ҳам бўлганлар. Буни Аллоҳнинг ўзи Қуръони каримда қиёматга қадар муҳрлаб, тасдиқлаб қўйибди: “Агар қўпол, қаттиқ дил бўлганингизда, албатта улар атрофингиздан тарқалиб кетган бўлар эди” (Оли Имрон сураси, 159 оят).
Исломнинг дастлабки 2-3 асрларида ким мусулмон, ким мусулмон эмас, деган тортишувлар авж олган бир пайтда Марказий Осиё уламолари ислом динини қабул қилиб, ўзини мусулмон санаган кишини кофирликда айблаш мумкин эмас, деган қоидани ислом динининг манбалари билан асослаб бердилар.
Ислом динининг Мавороуннахр (ҳозирги Марказий Осиё)да кенг тарқалган мазҳаби ҳанафийликнинг бош ақидавий тамойиллари ана шундай бағрикенгликка асосланган. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (699–767) томонидан бошланган бундай бағрикенгликнинг илмий-ақидавий асослари юртимиз алломаларидан Имом Мотуридий (870–944), Абул Муин Насафий (1046–1115) каби зотлар томонидан давом эттирилди. Улар қолдирган бой илмий мерос асрлар оша мусулмон мамлакатлар мадрасаларида диний бағрикенгликка асосланган қўлланмалар сифатида ўқитиб келинди ва ҳозирги кунда ҳам ўқитилмоқда.
Марказий Осиёдаги мусулмон ва бошқа дин вакиллари ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳурмат ва бағрикенгликка асосланган. Бугун республикамизда
16 конфессия вакиллари эмин-эркин фаолият олиб бормоқдалар. Мураккаб тарихий жараёнлар синовларини мардонавор енгиб ўтишлари натижасида шаклланган диний бағрикенглик муҳити мамлакатда тинчлик, тараққиёт ва фаровонликка хизмат қилмоқда. Чунки бу ҳолатдан барча дин вакиллари манфаатдордирлар. Мана шу олийжаноб мақсад йўлида барча конфессиялар юртимизда ва хорижда ташкил этилаётган маънавий ва маърифий тадбирларда республикамизда диний бағрикенглик ва ижтимоий барқарорликни янада мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб келмоқдалар.
Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳар бир диний конфессия ўзининг диний ташкилотига эга бўлиб, диний маросимларини эътиқодлари асосида амалга оширмоқда. Конфессиялар ўз фаолиятларини Ўзбекистоннинг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунига амал қилган ҳолда олиб бормоқдалар.
ХХ аср башарият тарихига иккита жаҳон уруши содир бўлган аср сифатида ёзилди. Бутунжаҳон афкор оммаси ХХI аср — тинчлик асри бўлмоғи учун курашмоқда.
Бу йўлда диний бағрикенглик, динлараро мулоқот катта аҳамият касб этади. Анъанавий диний бағрикенглик ўлкаси сифатида маълум ва машҳур бўлган Ўзбекистон бу жабҳада ҳам ўз вазифасини шараф билан адо этмоқда.
Муҳаммадяҳё ЭМИНОВ,
Тошлоқ тумани бош имом хатиби