Ер юзи Ислом нури ила мунаввар бўлишидан аввал аёл зотига қандай муносабатда бўлингани ва ҳатто ҳозирда ҳам Исломга амал қилмайдиган жамиятларда аёл кишининг қадри қанчалик экани кўпчиликка маълумдир. Шундай бўлсада, бир неъматнинг қадри унинг заволини тафаккур қилиш ила янада теран англаниш мумкин. Ислом аёлларга қанчалар қадр берганини Исломдан олдинги аёлларнинг ҳолатига таққослаб кўрайлик.
Ислом келмасдан бурун аёл зотининг икром қилиниши у ёғда турсин, инсон деб икром қилинмас, инсон сифатида кўрилмас эди. Улардан ор қилишар, гўё аёл бу ҳаётда яшашга ҳаққи йўқдек, қизларни тириклайин кўмишарди. Ислом келиб бу разил ишни таъқиқлади!
Аёлнинг ҳам бу ҳаётда яшашга ҳаққи борлигини, яшаганда ҳам азиз бўлиб, икром кўриб яшашини эълон қилди. Бошқача қилиб айтганда, Ислом аёл зотига ҳаётни қайтариб берди.
Биз хозирда ўзимиз учун намуна қилиб олишга уринаётганимиз Овропа мамлакатларида ҳам асосан аёлларга пастдан қарашлик 1979 йил 18-декабрда БМТ Ассамблеясида қабул қилинган “Аёллар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги халқаро Конвенсиядан сўнггина барҳам топа бошлаган. Унгача ҳам аёллар ҳуқуқи учун кураш олиб борган жонкуяр инсонлар бўлган, албатта.
Жоҳилият даврида аёллар мерос бериладиган мулк каби қаралиб, эри вафот қилган аёл мерос тақсимланганда кимгадир тегишли бўлар эди. Сўнг у киши истаса, уни хотин қилар, истамаса йўқ. Аммо бу аёл ўзгага ҳам турмушга чиқа олмас эди. Ислом келиб, аёлга қадр берди! Уни меросга ўтувчи мулк деб эмас, мерос олувчи ва мерос қолдирувчи шахс сифатида эъзозлади.
Жоҳилият даврида эр хотинини истаганича талоқ қилар, бу билан аёлига зулмни ирода қилар эди. Хотин қилиб хотин ўрнида кўрмайди, талоқ қилиб буткул ажрашиб кетмайди. Орада бечора аёл на хотин эди ва на боши очиқ аёл. Ислом келиб бу ҳукмни ҳам бекор қилиб, талоқ икки марта эканлигини, учинчи талоқдан сўнг турмуш бузилишини, аёл бошқа кишига турмушга чиқиш ҳуқуқига эга эканлигини эълон қилди.
Жоҳилият даврида юқорида айтилган ҳолатга ўхшаш яна бир ҳолат бор эди. Эр аёлига «Сенинг белинг менга онамнинг бели кабидир» дерди. Яъни, бу гап сен менга онам кабисан деган маънода эди. Бу гапдан сўнг эр-хотин эр-хотин каби яшай олмас, хотин бўлиб хотин эмас, бошқага тегай деса боши очиқ эмас эди. Мана шу каби ҳолатларни барчасини бекор қилиб, аёлни азизу мукаррам қилди.
Ислом аёлларга жамиятда ўз ҳақларини ҳимоя қилишларига қаршилик қилмаган. Аксинча, агар аёл Аллоҳ томонидан берилган ўз ҳаққини талаб қилса, эътиборга олган. Бунга Умари Одил номи билан танилган халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу даврларида маҳр миқдори ортиб кетади. Бу ишни муолажа қилиш учун ҳалифа кўпчилик ичида маҳр чеклаш мақсадида хутба қилиб: “Огоҳ бўлинглар! Аёллар маҳрда ҳаддан ошманглар. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўз аёлларидан бирортасига ўн икки уқиядан ортиқ маҳр бермаганлар ва У зотнинг қизларининг бирортасига ҳам бундан ортиқ маҳр берилмаган”, дедилар. Шунда бир аёл ўрнидан туриб: “Эй Умар! Аллоҳ таоло: “Ва у(аёл)лардан бирига қинтор – чексиз маҳр берсангиз ҳам…” деган бўлса-ю, сен биз буни чегаралайсанми?”, деди.
Хутбаси бу шаклда кесилган халифа: “Бу аёл тўғри айтди, Умар хато қилди”, деб ўз хатоларини ҳамманинг олдида тўғирладилар. Ўша жасур аёлнинг шарофати билан ҳозирги кунгача биров аёлларнинг маҳрини чеклашга журъат қилган эмас. Бундай иш аёл киши қадрланган жамиятдагина бўлиши мумкин.
6-ҳижрий сананинг зулқаъда ойи. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алйҳи ва саллам 1400 нафар саҳобий билан Байтуллоҳга умра зиёрати учун борганларида мушриклар Ҳудайбия деган жойда йўлни тўсдилар. Ўша ерда сулҳ тузилди.
Сулҳ битими ёзиб бўлингач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга: «Туринглар, жонлиқларингизни сўйинглар!», дедилар. Ҳеч ким ўрнидан қимирламади. Буйруқларини уч марта қайтарганларидан кейин ҳам ҳеч ким уни бажаришга шошилмагач, ўрниларидан туриб, Умму Салама онамизнинг олдига кирдилар ва одамлардан содир бўлган ҳолатни айтиб бердилар. Шунда Умму Салама онамиз: «Ё Расулуллоҳ, улар буйруғингизни адо этишларини истасангиз, ўзингиз чиқиб, ҳеч кимга лом-мим демасдан, жонлиғингизни сўйинг ва сартарошингизни чақириб, сочингизни олдиринг», деб маслаҳат берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ташқарига чиқиб, ҳеч кимга индамасдан, жонлиқларини бўғизладилар ва сартарошни чақириб, сочларини қирдирдилар. Буни кўрган одамлар туриб, жонлиқларини сўйишга ва бир-бирларининг сочларини қиришга тушдилар.
Шундай қилиб, бир муслима аёлнинг тадбири ила Ислом уммати ҳалокатдан қутилиб қолди. Исломда муслима аёлнинг жамият, сиёсат ва шариат майдонларида ҳам керагича ўз улуши бўлган. Муслима аёлнинг тўғри, ҳақ фикрини ва тадбирли маслаҳатини Аллоҳ таоло ҳам, Пайғамбар соллаллоҳу алйҳи ва саллам ҳам, забардаст халифа ҳам эшитган, қабул қилган.
Юртимизнинг мустақиллик йилларидан кейинги даврида мўтабар аёлларимизга юксак эътибор қаратила бошлади. Юртимиз раҳбарияти томонидан аёлларимизни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёлларимизни касбий-жисмоний, маънавий ва интеллектуал жиҳатдан ўстириш, уларнинг соғлиғини сақлаш, соғлом оилани шакллантириш доир чора тадбирлар мажмуи ишлаб чиқилган ва амалга оширилиб келинмоқда. Мана шундай ислоҳатларнинг изчиллигини таъминлаш мақсадида 1998-йил “Оила йили”, 1999-йил “Аёллар йили”, 2000-йил “Соғлом авлод йили”, 2001-йил “Оналар ва болалар йили”, 2012-йил “Мустаҳкам оила йили”, 2013-йил “Обод турмуш йили” ва 2016-йил эса “Соғлом она ва бола йили” деб номланишида ҳам бир маъно борки, оила негизида аёл шаъни, қадри ётади. Дарҳақиқат, аёлларимиз мана шундан юксак эътиборга муносиб тарзда иш олиб бормоғи, фарзанд тарбиясига биринчи даражали фаолият сифатида эътибор қаратмоғлари даркор.
Минг афсуслар бўлсинки, барча аёллар ҳам буни англаб етиб, шукрини адо этиш ўрнига шаънини поймол қилаётганларга: “Азиз мунис аёллар! Унутманг, Ватан келажаги сиз тарбия бераётган фарзандларга боғлиқдир. Агар улар аждодларига муносиб, азалий қадриятларини улуғловчи, юксак одоб-ахлоқ соҳиби бўлиб камол топсалар – жамият ва сизнинг бахтингиз, дунё ва охиратингиз фойдаси манбаи бўлиб хизмат қилажак, инша Аллоҳ!”
Нодирбек НИШОНОВ,
Фарғона шаҳар “Муҳаммад авлиё” масжиди имом ноиби