Аёллар ҳақида кўп гапирилади. “Аёл бу – баҳор”, “Аёл бу – севги” каби гапларни кўп эшитамиз. Лекин нима учундир ҳеч ким «Аёл — ИНСОН» демайди. Нима, аёл бу инсон эмасми? Ёки бу таъбир қофияга яхши тушмасмикин?
(Тоҳир Малик)
Жоҳилият даврида аёл киши нафақат ҳуқуқлари поймол қилинишига, балки инсонлик даражасидан маҳрум қилинишига маҳкум қилинган эди. Мисол учун, Ислом дастлаб пайдо бўлган юрт ва замонда қиз бола туғилган оила мотам тутар ва кейинчалик ор-номус ва иқтисодий қийинчиликка сабаб бўлмасин деб, қизни тириклайин кўмиб юборилар эди. Бу зулматдан бегона бўлмай, Исломни қабул қилгандан кейинги ҳаётларини афсус ва надомат ила ўтказган айрим саҳобийларни ҳам (масалан Умар р.а.) яқиндан биламиз.
Қуръони Карим бу одатларни қаттиқ қоралади ва маън қилди. Мусулмон оилаларда қиз туғилса, ўғил туғилгандан кўра кўпроқ хурсанд бўлиш жорий қилинди. Қизларни яхшилаб тарбия қилганларга, ўғил болаларни тарбия қилганларга нисбатан кўп ваъдалар қилинди. Сарвари коинот Муҳаммад алайҳиссалом: “Қиз бола (Аллоҳнинг) раҳмати, ўғил бола эса неъматидир”, дея исломнинг яна бир инсонийлик марҳаматини кўрсатдилар. Аллоҳнинг раҳмати унинг неъматидан авло эканини англаб етган аждодларимиз ҳар соҳада, айниқса, ижтимоий-маънавий соҳаларда юксак марраларни забт этдилар. Шу ўринда савол туғилади: аждодларимизнинг бундай шараф топишларига нима сабаб бўлган экан? Келинг, бу ҳақда бироз мушоҳада қилиб кўрайлик.
Муқаддас динимиз олға сурган энг аввалги шиорлардан бири – бу илм. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
طلب العلم فريضة علي كل مسلم ومسلمة
“Илм ўрганиш ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга фарздир”. Илм талаб қилиш эркакларга қанчалар зарур бўлса, аёлларга ҳам шунчалик зарур бўлди. Бу борада Мавлоно Зулфиқор Соҳиб Нақшбандий:
Мен ожиз банда: “Бир одамни ўғил ва қиз фарзандлари бўлса, иккисидан бирини ўқитишга қурби етса, қизни ўқитиши керак бўлади”, дейман. Чунки, ўғил болани ўқиши ўзига, аёл кишининг ўқиши хонадонгадир, яъни қиз бола ўқиса хонадон ўқийди. Аёлларда умумий тарзда диний-дунёвий саводхонлик ортса, келгуси насл тарбияли ва илмли бўлади.
Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ҳар бир буюк шахс ортида гоҳо она, гоҳо рафиқа, гоҳо сингил ва баъзида қиз тимсолида намоён бўладиган аёлнинг меҳнати кўринади. Қуйида келтилажак мисоллар орқали сизнинг аёллар ҳақидаги номақбул қарашларингиз ўзгариб, ўзгача тасаввур ҳосил қиласиз, деган умиддамиз!
Бу борада барча оламларга раҳмат ўлароқ юборилган зот Муҳаммад алайҳиссалом ҳаётларига кўз ташламасак, албатта, номақбул бўлади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий нозил қилинганда у зот безовта бўлдилар. Уйларига келиб: “Мени ўраб қўйинглар, мени ўраб қўйинглар” дедилар. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам илк мартаба Жаброил алайҳиссаломни ўз суратида кўрган эдилар ва илк бор ваҳий нозил қилинишини бошдан кечиргандилар. Қалбларини қаттиқ қўрқинч қуршаб, бир нарсадан хавфсирай бошладилар. Шу вақтда Пайғамбаримиз ўзларига бирор кор-ҳол етишидан қўрқаётганларини севикли рафиқалари Ҳадижа розияллоҳу анҳога айтдилар. Ҳадижа онамиз Расулуллоҳга тасаллий бериш мақсадида: “Ҳаргиз бундай бўлмайди. Чунки, сиз силаи раҳм (қариндош-уруғ ҳолидан хабар оласиз) қиласиз, меҳмонга икром кўрсатасиз, ночорларни ҳолидан хабар оласиз ва ҳақдорларга ёрдам қўлини чўзасиз. Бу яхши хислатлар сизда бор экан, Аллоҳ таоло ҳаргиз сизни ташлаб қўймайди”, дедилар. Аёлларини гапларини эшитган пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қалбларига бир оз хотиржамлик етди. Бу ўринда Расулуллоҳ ҳаётларида аёл меҳнати “рафиқа” қиёфасида гавдаланади.
Имом Молик. У киши Мадинаи Мунавварада истиқомат қилиб, талабалардан ҳадис эшитар ва уларга ҳадис айтар эди. У кишининг икки олима ва ҳофиза қизлари парда ортида ўтиришиб, дарсда иштирок этардилар. Дарс мобайнида ибораларни ўқишда бирор киши хатога йўл қўйса, парда ортидан икки таёқни бир-бирига уруштириб овоз чиқарар эдилар. Имом Молик бу орқали иборани ўқишда бирор камчиликка йўл қўйилганини билиб олар эдилар. Бу борада ҳам етук шахслар ортида аёл меҳнати ётиши равшан бўлмоқда.
Абдулқодир Жийлоний роҳматуллоҳи алайҳ илм олиш ниятида сафарга отланган вақтларида, оналари бир неча тилла тангани у кишининг кийимларига тикиб қўйиб, ўғлим ҳаргиз ёлғон сўзламанг, деб насиҳат қилдилар. Йўлда қароқчилар талон-тарож қилдилар. Улардан бири: “Сенда мол борми?”, деб сўради. Абдулқодир Жийлоний роҳматуллоҳи алайҳ: “Ҳа бор” деб тўғри жавоб берди. Бўлган воқеа сардорга етказилди. Сардор болани ҳузурига чақириб: “Нимага ёлғон гапирмадинг? Сен на молингни, на жонингни ўйламоқдасан” деди. Онам сафар олдидан «тўғри сўзла» деб таъкидлаган эди. Мен онамга тўғри сўзлашга ваъда бердим. Мен берган сўзимни ҳимоя қиламан. Берган сўзимга вафо қилишда жоним ҳимояси парвойимга келмайди, деб жавоб берди бола.
Қароқчиларга бу гап жуда таъсир қилди. Улар Аллоҳ таолога берган ваъдаларини эсладилар ва болани ҳолати билан ўзларини солиштириб, биз берган ваъдаларимизга нега содиқ турмас эканмиз деб, Аллоҳ таолога тавба қилдилар ва тузалиш йўлига ўтдилар. Шундан сўнг улар қўлидан ёмонлик ўрнига яхшилик кела бошлади. Вақти келиб бола Абдулқодир Жийлоний роҳматуллоҳи алайҳга айланди. Демак, бу жиҳатда ҳам Жийлоний ҳазратларининг ўз сўзида содиқ қолиши, фақат рост гапни гапириши, шу билан бирга, бу киши сабаб бир қанча адашиб, жиноят ботқоғида кезиб юрганларнинг тавба қилиб, тўғри йўлга бурилишида бу ёш йигитга волидаи муҳтарамаси берган сабоқни унитиш, бу муниса зотнинг меҳнатини яшириш асло мумкин эмас.
Қўқон хони амир Умархон ҳаётида унинг жуфти ҳалоли шоира Нодирабегимнинг ўрни беқиёс эканини ҳеч ким инкор қилмайди. Аммо амир вафот этгач, тахтга унинг ўғли Муҳаммадалихон ўтиради. Хонликни бошқаришда онаси Нодирабегимнинг маслаҳатига қулоқ солмаган ўғил, оқибатда амир Насруллохон қўлида қурбон бўлади. Амир Насруллохон эса Нодирабегимни аввал руҳан азоблаб, заифаларча фарёд қилишини кутади. Бироқ «Шоҳномаи девона Мутриб» асарида айтилишича, «мардлик ва олийжаноблик бобида юз эрдан яхшироқ» бўлган Нодирабегим беҳад азоб чекаётганига қарамасдан фарёд солмайди. Ёш ва умидли шаҳзода Султонмаҳмудхон ҳам жаллодлар томонидан қатл қилинади. Аммо 14 ёшли набираси Муҳаммадаминхонни ҳам қатл қилишга бўлган амрни эшитиб, муштипар онаизор фарёд чекади. Ҳатто унинг учун ўз жонини беришга ҳам тайёр эканига тарих гувоҳ. Шоира оламдан ўтган бўлсада, ҳаёти давомида жоҳолатга қарши маърифат билан олиб борган кураши, Нодирабегим қолдирган илмий мерос ҳали ҳамон халқимиз маънавиятини бойитишга хизмат қилмоқда. Дарҳақиқат, бир аёлнинг меҳри, халқ маърифати йўлида жонфидолиги шунчалар бўлар.
Ҳа азизлар! Бундайин аёлларимиз сафини ҳали давом эттириш мумкин. Эътибор беринг-а, инсон ҳаёти мобайнида улуғлик мақомига етишишида, камолот топишида кўз ўнгимизда биз учун она, рафиқа, опа-сингил ва қиз шаклида намоён бўлаётган бир аёл меҳнати қандайин бебаҳо экан-а!
Эй дўстим! Аёлларимизни асрайлик, уларни қадрлайлик, зеро, барчамиз она сабаб дунё юзини кўрганмиз!
Раҳматулло ЖАЛИЛОВ,
Қўштепа тумани бош имом-хатиби