Тошкент шаҳрида Қатағон қурбонлари хотираси музейини очганимиздан хабарингиз бор.
Мақсад – одамлар ҳақиқий тарихни билсин. Кечаги тарих биз учун ҳаёт мактаби, бамисоли
тиниқ бир кўзгу. Унга қараб сабоқ оламиз, хулоса чиқарамиз, келажак йўлини белгилаймиз.
Ислом Каримов
Дарҳақиқат, айни вақтда биз ҳаяжон ва изтиробга бой бўлган муҳим сана қаршисида турибмиз. Мамлакатимизда 9-май “Хотира ва қадрлаш куни” сифатида нишонланади. Муқаддам ўтган аждодларимизни эслаш, улар ҳақига дуойи хайрлар қилиш кўнглимизни кўтарса, улар босиб ўтган йўл, тортган азобу машаққатлари ҳамда ҳаётнинг аёвсиз синовларига сабр-матонат ила жавоб қайтарганлари, бир сўз билан айтганда, улар тарихини ёдга олиш билан қалбимизни ғам-андуҳ эгаллаб, бир фурсат бўлсада мулоҳазага чорлаши шубҳасиз.
Биз ҳам ушбу фурсатдан фойдаланган ҳолда вилоятимизда фаолият олиб борган, ватани озодлиги ва дину диёнатини камол топтириш йўлида жонини фидо қилиб ўтган уламоларимизнинг ҳаёт жилғаларини хотирлашни лозим топдик. Зеро, марҳум устозларимиз кечинмалари – биз тириклар учун буюк ибрат мактабини ўташи табиий, албатта. Бу борада муҳтарам Раҳматуллоҳ Файзуллаев ва Нодиржон Абдулаҳатовлар қаламига мансуб “Марғилон алломалари” туркум рисолалари асосий манбаа бўлишини эътироф этиш ҳам ўринли.
Собиржон ҳожи Эминов 1935 йили Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги Арабмозор қишлоғида таваллуд топадилар. У киши 1945-1955 йилларда тумандаги 33-ўрта мактабда таълим олганларидан сўнг, Диний илмларни пухта эгаллаш мақсадида 1959 йили Бухородаги Мир Араб мадрасаси талабаси бўлишга муваффақ бўладилар. Мадрасада тўққиз йил таҳсил олгач, 1968 йили диний бошқарма йўлланмаси билан Марғилондаги Хонақоҳ масжидига ишга келадилар. Ўша вақтда Хонақоҳда Ҳабибуллоҳ қори Дадажонхўжа ўғли имом-хатиб эдилар.
Ҳабибуллоҳ қори домла вафотидан кейин масжидга Собиржон ҳожи домла Муҳаммад Амин (Эминжон) ўғиллари имом-хатиблик хизматига ўтадилар. Ҳожи домла аслида бу ерга 1968 йили Бухоро Мир Араб мадрасасини битириб имом-хатиб бўлиб келган эдилар. Лекин шундай бўлишига қарамай, устоз Хабибуллоҳ қори домлага ноиб сифатида ишлаб келганлар.
Бу зотнинг минбарга чиқиши шаҳар халқи учун катта хурсандлик бўлади. Негаки, домлани устоз Ҳабибуллоҳ қори домлага эҳтиромлари у зотни шаҳар аҳлининг қалбига чиройли кўрсатган ва шу туфайли улар дилидан мустаҳкам жой олган эдилар. Бунга у зотнинг камтар ва юксак ахлоқ соҳиби эканлари сабаб бўлган.
Ҳожи домла масжидга келган дастлабки кунларини эслаб, шундай дейдилар: «Мадрасани битириб келганимизда бизни муҳтарам устоз Ўзбекистон Мусулмонлари идораси (ўша даврда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний назорати) раиси, муфтий ноиби Исмоил махдум Сотти охунд ўғли масжидга олиб келдилар. Жума намози олдидан суҳбат қилгач, бу ерга янги имом-хатиб келганини жамоатга маълум қилдилар ва суҳбат сўнгида менга ўрнимдан туриб жамоатга кўриниш беришимни айтдилар. Икки қўлим кўксимда ўрнимдан туриб жамоатга таъзим қилдим. Не кўз билан кўрайки, масжид саҳни буюк сиймолар, нуроний юзли чеҳраларга тўла эканидан гўё масжид ичини қуёш нури тўлдириб, уфуриб турганидек кўринди. Улар ҳайбатидан вужудимдан қувват кетиб, ўзимни йўқотдим. Агар устоз «ўтиринг», демаганларида йиқилишим аниқ эди…
Ўшанда мен: «Наҳотки Марғилондек даҳо зотлар ўтган шаҳарга мен муқтадо бўлиб келаманми, шу буюк зотларга энди мен имом бўламанми, деган ўй эзиб, йиғлаган кунларим кўп бўлган».
Шу ўринда бир воқеани айтиш ўринли. Биз маълумот йиғиш мақсадида кўплаб улуғ ёшли кишилар билан суҳбатлашган чоғимиз, марғилонлик юз ёшни қоралаган Имомназар ота мулла Қурбон ўғли қуйидаги воқеани эслаган эдилар:
«Етмишинчи йиллар эди. Бир куни Хабибуллоҳ қори домла бемор бўлиб жумага кела олмадилар. Мулла Собиржон ҳожи домланинг янги келган вақтлари эди. Ўрниларига суҳбат қилиб, намозни адо қилдилар. Суҳбатни устозга одоб ва хурмат мақомида ўта камтарлик билан олиб бордилар. Йиғилган жамоат ҳам буни эътироф этди. Чунки ўша даврда жамоат дил кўзи очиқ валий зотлардан холи эмас эди. Улар назарининг ўзиёқ кишини «у» ёки, «бу ёқлик» қилиши аниқ эди. Жумага келганлар суҳбат файзидан кўра Ҳожи домла одобидан кўпроқ таъсирланиб арқалишди. Чунки масжидга бутун вужуди билан боғланган кишилар қалбида, масжид янги келган имомни «қабул қилиш» ёки «қилмаслиги» ҳақида ўй фикрлар бўлиши табиий эди.
Бугун ҳожи домла мазкур имтиҳондан юксак баҳо билан ўтган эдилар. Бу нарса менга равшан маълум қилингани ҳам ибратли. Ўша куни тушимда Хонақоҳий Ҳазрат Домла масжидга кириб келдилар ва айвон олдига қурилган мослама–пирамондан масжид калитини олиб, хурсанд ҳолда Ҳожи домлага топшириб кетдилар. Буни Ҳожи домлани бу ерга келишларига бу ерда ўтган улуғларнинг розилик аломати деб, билган бўлдик».
Маҳаллий халқнинг Хонақоҳ масжидида хизмат қилаётган имом-хатибларга илиқ муносабатларига қуйидаги воқеа ҳам мисол бўла олади. Айтишларича, Собиржон ҳожи домла масжидга имом-хатиблик вазифасига келган дастлабки пайтларида ҳузурларига Марғилоннинг Туттаги маҳалласида истиқомат қилган мулла Аҳмаджон ота Холиқжон махдум ўғли кириб келадилар ва самимий муҳаббат тақозосича бир тўртликни ўқиб берадилар. У зот Ҳожи домлани масъулиятли вазифа билан муборакбод этиш билан бирга, мазкур меҳроб унда турган кишилар учун тенгсиз шараф эканини ҳам эслатган эдилар. Аброрлардан биридан нақл қилинган деб, айтган ўша мисралари қуйидагича эди:
Шуким, меҳроби ирфона кечиб, халққа имом ўлди,
Юзи қибла, ўзи каъба, сўзи Ҳақдан калом ўлди,
Шараф илми илоҳийдир, ҳақиқат руҳи инсона,
Бу шараф арбобини тақи нуқсони тамом ўлди.
Мулла Собиржон ҳожи домла қирқ тўрт йилдан ортиқ Марғилон ва унинг атрофидаги кўплаб туман ва қишлоқ аҳолисига самимий хизмат қилдилар. Давроннинг энг аянчли ва қаттиқ кунларида дин-давлат муносабатларида оқилона ва ҳакимона йўл тутиб ишлаб келдилар. Салкам ярим аср давомида шаҳарнинг расмий диний хизматлари асосан, Ҳожи домла томонидан адо этилган. Бу хизматлар ўз-ўзидан Хонақоҳ масжиди ва мадрасасида ўтган буюк зотларнинг хизмати эди гўё.
Бу зот фаолияти даврида масжидда мисли кўрилмаган қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилди. 1980 йилда масжиднинг шимол томонига икки қаватли бино шарқона кўринишда қурилади.
1985 йилда эса масжиднинг кун чиқар томонига учинчи йўлдош бино – икки қаватли намозхона ва таҳоратхона қуриб ишга туширилади. 1988 йилда эса масжиднинг жануб томонига уч қаватли учинчи йўлдош бино қурилиши бошланади. 1989 йилда эса масжид саҳнига шарқона кўринишда ёзги айвон қуриб битказилади.
2009 йилда эса масжиднинг қадимий биноси ўрнида янги хонақоҳ ва айвон қурилиши бошланиб тез фурсатда қад ростлайди. Ўта маҳобатли ва шарқона кўринишда қурилган мазкур хонақоҳ бугун нафақат шаҳар ва водий халқи балки бутун мамлакатимиз мусулмонлари учун табаррук масканга айланган.
Масжид таъмирлаш ишлари якунига етганида қадимдан келаётган анъанага мувофиқ унга андижонлик Абдуқаҳҳор домла тарафидан қуйидаги тарих ёзилди ва уни масжиднинг қадимий йўлаги пештоқига битиб қўйилди.
Бонийи масжиди сахий, тарихи бўлди муттақий,
Таъмири масъуди бўлса, акси бўлғайдур шақий,
Ким бино этмиш Худонинг байтини, қурмиш анга,
Қасри марфуъ жаннат ичра бўлғай анга муртақий,
Ҳар жадид бўлғай лазиз, таждиди масжиддур алазз,
Шул сабаб бўлсун «алазз», тарихи таждид эй, тақий.
Шунга кўра, тарих моддаси «алазз» (“лаззатлироқ, ширинроқ”) сўзи бўлиб, у ҳижрий 1431, милодий 2010 йилга тўғри келади.
Тарихнинг мазмуни шундай: Мазкур масжиднинг саховатли қурувчисининг тарихи «муттақий – тақводор» киши бўлди. Масжидни обод қилувчи саъодатли бўлса акси, яъни, уни вайрон қилувчиси эса бебахтдир. Ким Аллоҳнинг уйини бино қиладиган бўлса, унга жаннатда олий қаср бино қилинади. Ҳар бир янги нарса лаззатли – ширин, аммо масжиднинг янги бўлмоғи эса ундан-да ширин. Шу боис унинг тарихи ҳам «алазз» яъни, «лаззатлироқ» сўзи бўлсин.
Ҳожи домла 2001-2008 йиллар мобайнида вилоят бош имом-хатиби вазифасида ҳам фаолият олиб борганлар.
2011 йилда ҳожи домла кўп йиллик хизматлари муносиб тақдирланиб, Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси томонидан бутун вилоятимизнинг «фахрий имоми» унвонига сазовор бўладилар.
Ҳаётлари давомида ватан тинчлиги, жамият бирдамлиги ҳамда дину диёнат, ҳақиқат ва шариат равнақи йўлида фидокор бўлган Собиржон ҳожи Муҳаммадамин ўғли 2015 йилнинг 8 сентябрь куни 80 ёшда омонатни топширдилар. Илоҳо, ҳожи домланинг охиратлари обод бўлсин!
[envira-gallery id=»1550″]