Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси ёдгорликларини асраш ва янада бойитиш борасидаги мислсиз хизматлари учун Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва фан-маданиятнинг ISESCO бўйича йиғилишида 2020 йилдан бошлаб “Бухоро шаҳри – Ислом маданиятининг пойтахти” деб эълон қилинди. Бухоро шаҳри ана шундай шарафли мақомга жуда лойиқ.
Зеро, мамлакатимизда давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев ташаббуси билан сўнгги йилларда кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, унинг асосида ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш йўлида жуда кўп ижобий ишлар қилинмоқда.
Янги ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари 5 та илмий мактаб Самарқанд вилоятида “Ҳадис илми мактаби” ва “Калом илми мактаби”, Бухорода “Тасаввуф илми мактаби”, Қашқадарё вилоятида “Ақида илми мактаби”, Фарғонада “Фиқҳ илми мактаби” бой илмий-тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилмоқда.
Ислом дини ривожига муносиб ҳисса қўшган буюк алломалар хотирасини абадийлаштириш борасида хайрли ишлар амалга оширилди. Уларнинг мангу қўним топган гўшалари обод этилиб, зиёратгоҳлар барпо этилди. Улуғ алломалар номидаги “Сузук ота”, “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф”, “Абу Исо Термизий” ва шунга ўхшаш ўнлаб зиёратгоҳ масжидлар барпо этилди.
Улуғ бобокалонларимизнинг асарлари тадқиқ этилиб, ёш авлодларнинг тарбиясида улардан асос сифатида фойдаланиш йўлга қўйилди. Эзгу ишлар натижасида юртимиз кундан-кунга чирой очмоқда. Ҳар йили асрий обидаларга эга бўлган қадимий шаҳарларда бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилаётир. Келажак авлодга боболардан мерос бўлиб қолган бетакрор санъат намуналари – обидаларни бус-бутун ҳолда етказиш учун саъй-харакатлар амалга оширилмоқда. Маълумки, Бухорои шариф қадимдан илму ирфон таратиб келган масканлардан биридир. Бухорои шарифга Ислом маданиятининг пойтахти мақоми берилиши фақатгина Бухорога эмас, балки бутун Ўзбекистонга берилган юксак баҳодир. Шоҳ Машраб ёзганларидек:
Вилоятлар ичинда мулки амният Бухородур,
Баҳори раҳмат ичра гавҳари қиммат Бухородур,
Шарифу ҳам латифу афзали мулкат Бухородур,
Ки то явмул жазо бенуқсу беофат Бухородур.
Бухорони шариф этган, унинг шуҳратини жаҳонга таратган, Ғарбу Шарққа машҳур этган – шу замин фарзандлари ҳисобланади. “Шариф” сўзи “шарафли”, “азиз”, “муқаддас” маъноларини билдиради. Муҳаммад Ғиёсиддин “Ғиёсул луғот” китобларида ёзади: “Бухоро – Турон шаҳарларидан бирининг номи. “Бухоро” –“илм” демакдир. Бу шаҳарда уламо ва фузало кўп бўлгани боис, шу ном билан атагандир”. Абу Ҳафс Кабирнинг шарофатларидан Бухоро “Қуббатул ислом” (Ислом динининг гумбази) унвонига сазовор бўлган.
Дунёнинг қайси бурчагига бормайлик биз Ўзбекистонликларга Имом Бухороийнинг ватандошлари, авлодлари – бухорийлар деб катта ҳурмат ва эътибор билан муносабатда бўлишади, ҳавас қилишади. Чиндан ҳам имом Бухорий бизнинг ҳақиқий фахримиз, ифтихоримиз. Чунки улуғ бобокалонимиз биз қанча ғурурлансак арзигулик улкан, оламшумул ишларни хайрли амалларни қилган. Бутун ислом оламида имом Бухорий ҳақида эшитмаган бирор кимса, у зотнинг номи етмаган бирор жой йўқ, десак сира муболаға қилмаган бўламиз.
Мовароуннаҳр шаҳарларида ислом дини тарқалишининг илк замонларидан бошлаб машҳур уламолар пайдо бўлиб ижод қилдилар. Бу минтақада ҳадис илми ва фиқҳ илми айниқса ривож топди. Мовароуннаҳрнинг Аббосий халифалиги ҳудудига кириши ва 1030 йилда ал-Қудурийнинг вафот этиши билан ҳанафий мазҳабининг маркази Бухорога кўчди. Бу ерда ҳанафий мазҳаби фиқҳининг ривожланишига йўл очди. Бухорода ҳанафий мазҳабини кенг ёйилишига сабабчи бўлган дастлаби фақиҳлардан Абу Ҳафс Кабир Бухороий машҳур фақиҳ бўлиб етишиб чиқди. Абу Ҳафс Кабир номи билан машҳур ва Мовароуннаҳрда иккинчи ҳижрий аср бошидан бошлаб ҳанафий мазҳабини тарқатган зотдир.
Мусулмонлар учун энг қулай асарлардан бири бўлган қўлланма бу – “Мухтасар ал-виқоя” бўлиб, унинг муаллифи 13 асрда яшаган Убайдуллоҳ ибн Масъуд ал-Бухороий ал-Маҳбубийдир. Бу фиқҳий асар 13 асрдан то ҳозиргача қонуншунослик бўйича мусулмонларнинг кундалик қўлланмаси бўлиб келмоқда.
Марҳум тарихнавис олим Садриддин Салим Бухорийнинг келтиришича: “Бухорои шариф ва унинг атрофида етти минг авлиё, аллома, зоҳид, обид, ошиқ, имом, муҳаддис, шайхлар дафн қилинган. Бир ривоятда зикр қилинишича, ҳамма жойга осмондан нур ёғилса, Бухорои шарифдан осмонга нур кўтарилар экан. Бу нур – маърифат, илму ирфон нуридир. Нур борки, зулмат чекинади нур борки, йўлимиз ёруғ. Нур, чироқ бизнинг ташқи оламимизни мунаввар қилади. Лекин қалбимизни ҳам мунаввар этувчи нур бор. Бу – маърифат нури, маънавият зиёси. Маърифати йўқ қалб – зулмат.
Бухорои шарифлик алломалар инсонлар қалбини нурли этган, бутун инсоният қалбини маърифат нури ила баҳраманд эта олган зотлардир. Имом Бухорий ислому иймон илми нуридан, Ибн Сино табобат илми нуридан, Ҳазрат Хожаи Жаҳон, Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд тариқати илми нурини таратганлар. Уларга тенг келадиган аллома на Ғарбда, на Шарқда йўқдир”.
Бухорои шарифда ўзига хос фазилатлари билан машҳур бўлган Хожагония тариқатининг етти улуғ пири мангу қўним топган қадамжоларни зиёрат қилиш кўплабюртдошларимиз учун алоҳида орзу ҳисобланади.
Албатта, Бухоро заминида пирлар, мўътабар фозиллар кўп ўтган. Аммо Хожагония-Нақшбандия тариқатининг асрлар давомида ҳамиша обрў ва эътибор қозониши боиси шундаки, у инсонни ҳамиша яратувчиликка, меҳнатга, ҳалол ризқ топишга ундайди. “Дил ба ёру даст ба кор”, яъни “Қўлинг меҳнатда, қалбинг Аллоҳда бўлсин” ақидаси жамиятнинг барча қатлами учун бирдек аҳамиятга эгадир.
Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Етти пир зиёратгоҳлари мажмуаларини реконструкция қилиш ва янада ободонлаштириш борасидаги кўрсатмалари билан зиёратгоҳлар атрофи, уларга олиб борадиган йўллар ободонлаштирилиб, таъмирланиб зиёратчиларга қулайликлар яратилиши барчанинг кўнглини ҳушнуд этди.
Юқоридаги маълумотлардан юртимизда тарихдан илм ва маърифат йўлида мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилганлигига гувоҳ бўлдик.
Халқаро ташкилот томонидан юртимиз шаҳарларига берилаётган эътибор, унинг янада гуллаб яшнаши, тараққий этишига ўзининг улкан таъсирини кўрсатишига ишонамиз.
Алишер домла НАИМОВ,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари