Мусулмон кишининг ўзи ҳам, сўзи ҳам, амали ҳам гўзал бўлади. Мўмин инсон бадан поклигига қанчалик эътибор берса, ахлоқ-одоб ишига ҳам шунчалик масъулит билан қарайди, балки ундан-да муҳимроқ деб билади. Чунки моддий доғни кетказиш маънавий қусурни даф қилишдан осонроқдир.
Иймон аҳлини бошқалардан ажратиб турувчи, ўзи каби диндорлар орасида ҳам обрўли қилувчи кўпгина хислатлар бор. Ана шулар орасида вафонинг ўрни ва аҳамияти беқиёс. Негаки ижтимоий алоқалар диндору динсиз билан муносабат қуришга мажбур қилади. Кўпгина вазиятларда ишнинг асосий ўрнига аҳдга вафо энг аввалги ўринга чиқади. Шу боис вафодорлик фазилат бўлса, вафосизлик хунук иллат ҳисобланади.
Вафо кишининг дурустлигини, лафзига содиқлигини, амалининг эса гўзаллигини намоён қилади. Жамият аъзоларининг муносабатларини бир бинога ўхшатсак, вафо ана шу бинонинг устунларидир.
Ҳаётнинг ҳар бир соҳасида энг яхши дастурларни тақдим этган муборак динимиз вафо борасида ҳам энг мақбул ва беназир таълимотларни баён қилади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда “Менинг аҳдимга вафо қилинг. Мен ҳам сизнинг аҳдингизга вафо қилурман. Ва Мендангина қўрқинг”, – дейди (Бақара, 40).
Роббимиз бандаларига вафодорликни буюрар экан, ортидан Ўзидан қўрқиш лозимлигини айтиши алоҳида диққатга сазовордир. Қолаверса, мазкур оятда Аллоҳ Ўзининг вафо қилишини ҳам таъкидлаяптики, бу ҳам мазкур сифатнинг олийлигидан дарак беради. У Зот Тавба сурасининг 111-оятида “Аллоҳдан кўра аҳдига вафодорроқ ким бор?” ким бор дейди.
Яна бошқа бир қанча оятларда ҳам турли муносабатлар билан аҳдга, ваъдага вафо қилиш буюрилади: “Эй иймон келтирганлар! Аҳдномаларга вафо қилинг!” (Моида, 1); “Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилинг” (Анъом, 152); “Агар аҳдлашсангиз, Аллоҳнинг аҳдига вафо қилинг” (Наҳл, 91).
Қуръони Каримда вафодорлар турли мақтовларга ҳам сазовор бўлган. Бақара сурасидаги узун бир оятда тақводор мўминларнинг сифатлари саналади ва “содиқ бўлганлардир” дея эълон қилинади. Ана ўша тақводорлар, содиқ мўминлар орасида “аҳд қилганда, аҳдига вафо қилувчилар” дея вафоли кишилар ҳам зикр қилинади (177-оят).
Аллоҳ таоло бир ўринда вафони тақво билан ёнма-ён қўйиб, шундай дейди: “…ким аҳдига вафо қилса ва тақводор бўлса, бас, Аллоҳ тақводорларни яхши кўради” (Оли Имрон, 76).
Вафонинг мукофоти ҳам буюк бўлади. Ҳақ субҳанаҳу ва таоло Ўзининг Каломида: “Албатта, сенга байъат қилаётганлар фақат Аллоҳнинг Ўзига байъат қилмоқдалар. Аллоҳнинг қўли уларнинг қўллари устидадир. Ким (байъатни) бузса, ўзига қарши бузади, холос ва ким Аллоҳга қилган аҳдига вафо қилса, унга тезда буюк ажр берур” (Фатҳ, 10).
Аҳду ваъдага вафодорлик Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ажралмас сифатларидан бири эди. Сийрат китобларини ўқиган киши бунинг кўплаб мисолларини учратиши мумкин. Ислом келишидан аввал У зотни “Амин” дея ном олишларининг ўзиёқ бошқа гапга ўрин қолдирмайди аслида.
Жоҳилият замонида Абдуллоҳ ибн Абулҳамсо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан савдо устида қарз бўлиб қоладилар. Қарзни қайтариш учун бир жойга келишни ваъда қиладилар-у, бироқ унутиб қўядилар. Орадан уч кун ўтганидан кейин эсларига тушиб, айтилган ерга дарҳол етиб борсалар, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўша жойда турган эканлар. Шунда Расули Акрам алайҳиссалом: “Эй йигит, мени қийнаб қўйдинг-ку, уч кундан бери сени шу ерда кутиб турибман”, – дейдилар.
Кўринадики, умматларига ҳар ишда ўрнак бўлган зот вафода ҳам беназир намуна эдилар.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадисларида вафонинг қай даражада муҳим экани алоҳида таъкидланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтадиларки: “Мунофиқнинг белгиси учта: агар сўзласа, ёлғон сўзлайди, ваъда қилса, бажармайди ва унга омонат топширилса, хиёнат қилади”. Демак, мунофиқлардан бўлиб қолмаслик учун ваъдага, аҳдга вафони сақлаш лозим экан.
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: “Сизлар менга олти нарсанинг кафолатини беринглар. Мен сизларга жаннатнинг кафолатини бераман: Гапирсангиз рост гапиринг, ваъда берсангиз вафо қилинг, топширилган омонатни адо қилинг, зинодан сақланинг, кўзларингизни (қараш маън этилган нарсалардан) сақланг, қўлларингизни (ман этилган) ишларга урманг”, – деганлар.
Барча хайрли ишлар Аллоҳ таолога аталганидек вафодорлик ҳам энг аввало Роббимизга кўрсатилади. Ундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга, устозларга, ота-онага, яқинларга, дўсту ёрларга, барча мусулмонларга ва бутун инсониятга вафодорлик қилинади.
Бугунги жамиятимизда кишини изтиробга соладиган ҳолатлардан бири аҳдга, ваъдага, лафзга, шартномаларга вафо камлиги ёки йўқлиги бўлиб турибди. Вафосизлик билан бошқаларнинг ҳаққи поймол этилиши, ишончлар суистеъмол бўлиши, қаҳру ғазаб, араз, ёмон кўришлар ортиб бораётгани дин ва миллат қайғусидаги ҳар қандай кишини ўйлантириб қўяди.
Моддий ва маънавий тараққиётни, дунё халқалари орасида пешқадамликни кўзлар эканмиз, аввало, хулқимизни тўғрилашимиз, ёмон иллатлардан, хусусан, вафосизликдан қутулишимиз шарт. Айниқса ўзини диндор деб билган киши бу каби ёмонликлардан йироқ туриши зарур. Акс ҳолда ёлғончилардан, мунофиқлардан бири бўлиб қолади. Бундан эса Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин.
“Аҳдга вафо қилинглар” деган Роббимиз унинг ортидан “Албатта, аҳд сўралажак нарса” (Исро, 34) эканини айтади. Унутмайликки, сўраладиган нарсалар жазо ёки мукофотга рўбара қилади.
Муҳаммадолим Иномжонов
Марғилон шаҳар «Нўмон» масжиди имом-хатиби