Абу Жаъфар Таҳовий роҳимаҳуллоҳ аҳли суннат вал жамоат ақидасини ушбу сўзлар билан ифода қилганлар. Бу сўзларни Ибн Абил Изз роҳимаҳуллоҳ қуйидагича шарҳлайдилар:
– Вафот этган инсонлар тирик инсонларнинг саъй-ҳаракатларидан фойдаланадилар. Бу фойдаланиш икки иш туфайли бўлади. Биринчиси: Инсон ҳаётлик чоғида вафот этганидан кейин ҳам савоб олиб туришига сабаб бўладиган амаллар қилгани. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачонки инсон вафот этса, ундан унинг амали кесилади. Фақатгина уч нарса: садақаи жория, манфаат олинадиган илм ёки унинг учун дуо қиладиган солиҳ фарзанд (кесилмайди)”, – дедилар (Муслим ривояти), (Мирқот ул-мафотиҳ, 1 жилд, 412 бет, 203 ҳадис). Иккинчиси: Мусулмонларнинг вафот этган кишига қилган дуолари, мағфират сўрашлари, садақа беришлари ва ҳаж қилишлари сабабли. Уламолар тирик одамларнинг бадан билан қиладиган ибодатларининг савоби вафот этган кишига етиб бориши тўғрисида турлича фикрлашади. Намоз ўқиш, рўза тутиш, Қуръон тиловати ва Аллоҳни зикр қилиш каби ибодатларга баданий ибодат дейилади. Абу Ҳанифа, Аҳмад ва бошқа жумҳур уламолари, тирикларнинг баданий ибодатларидан ҳосил бўлган савоб вафот этганларга етиб боради, деб қарор қилишди.
Баъзи тоифалар эса даъво қилишадики, маййитга ҳеч нарса, на дуо ва на ундан бошқаси бўлсин, етиб бормайди. Бундай кимсаларнинг сўзлари Қуръон ва суннат далиллари асосида рад этилган.
Вафот этган инсон, гарчи сабабчи бўлмаган бўлса ҳам, тирикларнинг амалларидан фойда олади. Китоб, суннат, ижмоъ-иттифоқ ва тўғри қиёс бунга асосдир. Қуръондан далиллар:
Аллоҳ таоло Ҳашр сурасида муҳожир ва ансорларни мақтаб бўлгач, улардан кейин келувчи мўминлар зикрига ўтиб, бундай марҳамат қилади:
“Эй Роббимиз, биз ва биздан олдин иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қил ва Бизнинг қалбларимизда иймон келтирган кишиларга нисбатан ғиллу-ғаш, гинаю-адоват ва ҳиқду-ҳасад бўлишига йўл қўйма! Эй Роббимиз, Сен меҳрибон, раҳмли зотсан!”
Мазкур оятлар маъносини Ас-Саъдий роҳимаҳуллоҳ тафсирига мурожаат қилиб бироз кенгроқ баён қилсак. Бу киши оятни бундай шарҳлайдилар: муҳожир ва ансорлардан кейин келган кишилар ўзларига ҳам ва бошқа мўминларга ҳам, насиҳат қилган ҳолда айтишади: “Эй Роббимиз, биз ва биздан олдин иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қил ва Бизнинг қалбларимизда иймон келтирган кишиларга нисбатан ғиллу-ғаш, гинаю-адоват ва ҳиқду-ҳасад бўлишига йўл қўйма! Эй Роббимиз, Сен меҳрибон, раҳмли зотсан!”
Бу дуо барча мўминларни, саҳобалардан аввалгию кейинги иймонлиларни ўз ичига олади. Ҳа, бу ғамхўрлик иймон фазилатларидандирки, мўминлар бир-бирларидан фойда олишади. Иймон билан жаннат сари ҳамсафар бўлганлари учун бир-бирларига дуолар қилишади. Иймон Аллоҳнинг шундай улкан неъматики, унинг тақозосига кўра мўминлар бир-бирлари билан ака-укадирлар. Бу ака-укаликнинг бир шоҳи уларнинг бир-бирларига дуо қилиш ва бир-бирларини яхши кўришдир. Шунинг учун Аллоҳ таоло бу дуода қалбдаги ғиллу-ғаш каби касалликларни чиқариб ташланишини зикр қилди. Бу касалликдан қалб бўшагач, албатта унинг ўрнига мўминларга нисбатан муҳаббат ва биродарлик ўрнашади. Бу эса, мўминларнинг бир-бирларининг устидаги бўлган ҳақ-ҳуқуқларидандир ва аҳли суннат вал-жамоатнинг йўналишидир.
Ибн Абил Изз роҳимаҳуллоҳ юқорида ўтган оятни шарҳлаб айтадиларки: Аллоҳ таоло мўминларни бир-бирларига истиғфор айтишлари сабабли мақтади. Демак, вафот этган мўминлар тирикларнинг дуоларидан фойдаланадилар. Маййит жаноза намозидаги қилинаётган дуолардан фойдаланишига бутун уммат ижмоъ-иттифоқ қилган. Жанозада қилинадиган дуолар маъноси кенг қамровлидир Авф ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир жаноза намозини ўқиганларида, маййит ҳаққига қилган дуоларини ёдлаб қолдим. Ул киши қуйидаги дуони қилдилар:
– Эй Аллоҳ, бу маййитни кечиргин, уни раҳматингга ол, ёмонликлардан уни халос эт, уни афв қил, жаннатдан бўлган насибасини чиройли қил, қабрини кенг қил, унинг хатоликларини сув, қор ҳамда муз билан юв, оқ кийим кирликлардан тозаланганидек, хатоларидан уни покла, унга дунёдаги уйидан кўра яхшироқ уй алмаштириб бер, дунёда қолдирган аҳлидан яхшироқ аҳл-оила бер, уни жаннатга киритгин ва қабр фитнаси ҳамда дўзаҳдан сақла!
Шунингдек, дафн қилингандан кейин ҳам, вафот этган киши тирикларнинг дуосидан фойда олади. Бу борада Усмон бин Аффон розияллоҳу анҳу бундай ривоят қиладилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам маййитнинг дафнидан бўшаганларида, унинг қабри тепасида туриб айтар эдилар: “Биродарингизга истиғфор айтинглар! Унга собитликни сўранглар! Чунки у ҳозир сўроққа тутилади (Абу Довуд, Ал-Байҳақий, Ал-Хоким ва бошқалар ривояти).
Шунга ўхшаш, вафот этганларнинг қабрларини зиёрат қилишга борилганда ҳам уларнинг ҳақларига дуолар қилиш ҳадисларда ворид булган. Бурайда бин Ал-Хасийб айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга қабристонда қуйидаги дуони ўкишни таълим берар эдилар:
Эй мўмин ва мусулмонлардан бўлган диёр аҳли, сизларга Аллоҳнинг саломи бўлсин! Биз ҳам иншааллоҳ сизларнинг кетингиздан бу ерга келгувчилармиз. Аллоҳдан ўзимизга ҳам, сизларга ҳам офият сўраймиз!
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Жуҳайна кабиласидан бир аёл Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб бундай деди: Менинг онам ҳаж қилишга назр қилган эди. Ҳаж қилишидан аввал вафот қилди. Мен онам номидан ҳаж қилишим керакми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа, унинг номидан ҳаж қил. Айтгинчи, агар онанг зиммасида қарз қолиб кетганида, уни ўтаган бўлармидинг? Аллоҳнинг қарзини ўтанглар! Вафо қилинишга Аллоҳ ҳақлироқ”.
Азизлар, эслаб ўтилган оят ва ҳадислар шунга асос бўладики, вафот этган мусулмонлар тирикларнинг баданий ибодатларидан фойда оладилар. Баданий ибодатлар савоби уларга етиб боради. Бу каби далиллар кўп.
Энди молиявий ибодатларнинг маййитга етиб бориши тўғрисида. Маблағ билан адо этиладиган ибодатлар молиявий ибодатлардир. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Бир киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: Ё Расулуллоҳ, менинг онам тўсатдан вафот этди. Васият қилмади. Мен ўйлайманки, агар гапирганларида садақа берган садақа беришга амр қилган бўларди. Онам номидан мен садақа берсам, савоби у кишига етиб борадими деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа”, деб жавоб бердилар. Тирик киши садақа бериб, унинг савобини маййитга ҳадя қилса, маййит ундан фойдаланишига мазкур ҳадис далилдир.
Азизлар, амалнинг савоби шу амални қилган инсоннинг ҳаққидир. Агар шу ҳақни мусулмон биродарига ҳадя қилса, бунга монеълик йўқ. Бу иш, худди тирик инсон ўз молидан тирик биродарига ҳадя бериши кабидир.
Демак, тирик инсон Қуръон ўқиб, унинг савобини яқини ва дўстларига ҳадя қилса, етиб боради деймиз.
Муҳаммад ибн Ал-Ҳасан ва бир ривоятда Аҳмад роҳимаҳумуллоҳлар: Қабрлар олдида Қуръон ўқишнинг зарари йўқ деб, ўз фикрларига Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан нақл қилинган ривоятни далил қилишди. Бу ривоятда Ибн Умар вафотидан кейин қабри тепасида Бақара сурасининг аввалги ва охирги оятларини ўқилишини васият қилган эканлар. Бундан ташқари баъзи муҳожирлар ҳам қабрлари тепасида Бақара сурасининг ўқилишини васият қилишган экан.
Алишер НАИМОВ,
Фарғона вилояти бош имом–хатиби ўринбосари