“Ҳизбут-таҳрир”нинг Ислом уламолари танқидига дучор бўлган жиҳатларидан яна бири – “Қазо ва қадарга иймон келтириш” ақидаси билан боғлиқдир.
“Ҳизбут-таҳрир”нинг оҳод хабар эътиқодга олинмайди деган тушунчасидан келиб чиққан ҳолда, қазо ва қадар ақидасига оид кўплаб оятлар далолати ҳам, саҳиҳ ҳадислар ҳам “Ҳизб” тарафидан инкор этилади. Шунинг учун бу бобда қазо ва қадарга иймон келтириш мавзусидаги “Ҳизбут-таҳрир” қарашлари билан танишиб чиқамиз.
“Ҳизбут-таҳрир”га тегишли “Ислом низоми” номли китобнинг “Қазо ва қадар” бобида мусулмон кишида қадарга иймон келтириш қандай бўлиши лозимлиги ҳақида мураккаб ва оддий кишига нотаниш иборалар билан узоқ гапирилиб, охири Аҳли сунна вал жамоа ақидасидан мутлақо четга чиқувчи хулоса билан якунланади.
Биз ўқувчини малоллантирмаслик мақсадида “Ислом низоми” китобидаги узундан-узоқ мулоҳазалар ва гапларнинг ҳаммасини келтириб ўтирмай, фақат “Ҳизбут-таҳрир”нинг бу борадаги ақидасини умумлаштирган иқтибос келтирамиз. Демак, иқтибос:
Инсон икки доира ичида яшайди. Биринчи доирада инсон ўзи тўла ҳукм юритади ва бу доира инсон тасарруфи остида бўлади. Бу доира ичида инсон ҳамма ишлари – амалларини ўзининг тўла ихтиёрига кўра амалга оширади.
Иккинчи доира инсон устидан ҳукмронлик қилади, инсон унинг ичида ўз ихтиёрига эга бўлмаган ҳолда яшайди. Инсоннинг бу доирада содир бўладиган ишларга ҳеч қандай даҳли йўқ. Чунки уларнинг ҳаммасини Аллоҳ вужудга келтиради. Ушбу доирада рўй бераётган ишларнинг ҳаммаси қазо деб аталади. Чунки ёлғиз Аллоҳ таолонинг ўзи буларнинг содир бўлишига ҳукм чиқарган, яьни қазо қилган. Инсон бу қазога ва у Аллоҳ тарафидан ижро қилинган амал эканига имон келтирмоғи зарур.
…Аллоҳ таоло оловда ёндириш хоссасини, ўтинда ёниш хоссасини, пичоқда эса, кесиш хоссасини яратди ва бу хоссаларни вужуд-табиат қонунлари асосида ўзгармас ва доимий қилиб қўйди. Ҳудди шунингдек, инсонда ҳам ғариза ва узвий эҳтиёжларни яратиб, уларда ҳам нарсаларнинг хоссалари каби муайян хоссаларини вужудга келтирди. Масалан, жинсий майл хоссасини, очлик, ташналик ва бошқа хоссаларни яратиб, уларни вужуд-табиат қонунлари асосида мазкур ғариза ва узвий эҳтиёжларнинг ажралмас хусусиятига айлантирди. Мана шу – нарсалардаги ва инсонда мавжуд бўлган ғариза ҳамда узвий эҳтиёжлардаги Аллоҳ таоло яратган муайян хоссалар қадар деб номланади. Инсон нарсалардаги хоссаларни яратган ёлғиз Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло эканига ишонмоғи зарур.
Инсон устидан ҳукм юритиладиган доирада содир бўладиган ишлар хоҳ яхшилик ва хоҳ ёмонлик бўлсин, Аллоҳ таоло томонидан жорий қилинган. Шунингдек, нарсалардаги ва инсоннинг ғариза ва эҳтиёжларидаги мавжуд хоссалар ҳоҳ яхшиликка ва хоҳ ёмонликка сабаб бўлсин, Аллоҳ таоло тарафидан вужудга келтирилган. Шунга кўра ҳар бир мусулмон қазонинг яхшилиги ҳам, ёмонлиги ҳам Аллоҳ таолодан деб ишонмоғи лозим. Шунингдек, қадарнинг яхшилиги ҳам, ёмонлиги ҳам Аллоҳ таолодан деб ишонмоғи лозим, яьни нарсаларнинг табиатида мавжуд бўлган хоссалари ҳоҳ яхшиликка, хоҳ ёмонликка сабаб бўлсин, Аллоҳ таоло томонидан белгиланган, деб эьтиқод қилмоғи лозим.
Биринчи доира – инсон ҳукмронлик қиладиган доирада, хоҳ Аллоҳнинг шариати бўлсин, хоҳ бошқа қонунлар бўлсин, инсон ўзи танлаган тузум асосида, ўз хоҳиш-иродасига эга бўлган ҳолда яшайди. Бу доирада инсон томонидан ёки унга қарши содир бўладиган ҳамма ишлар фақат унинг (яьни инсоннинг) хоҳиш-иродаси билангина рўй беради. Шунинг учун яхшилик амалига кўра инсонга савоб белгиланади, ёмонлик амали учун эса, инсонга азоб ва уқубат белгиланади. Бу тўғри ва адолатлидир. Чунки инсон бу ишни (савобли ё гуноҳли ишни) ўз ихтиёри ила амалга оширди, ҳеч ким уни бу ишни қилишга мажбур қилмади. Бу ишнинг қазо ва қадарга ҳеч қандай алоқаси йўқ….
Энди Аллоҳ таолонинг илмига келсак, у инсонни бирор ишни қилишга мажбур қилмайди…
Аллоҳ таолонинг иродасига келсак, у ҳам инсонни бирор ишни қилишга мажбур қилмайди.
Демак, инсон ўзи амалга оширган иш фақат унинг ихтиёри билан содир бўлади. Аллоҳ таолонинг иродаси инсонни бу ишни амалга оширишга мажбур қилмайди.
Қазо ва қадар масаласи мана шундан иборат /Иқтибос тугади/
Ана шу юқорида келтирганимиз – “Ислом низоми” китобидаги “қазо ва қадар” мавзусига бағишланган ўн бир саҳифага чўзилган баҳсларнинг хулосаси эди.
Шуни ҳам алоҳида таькидлаймизки, китода “Ҳизбут-таҳрир”: “Кўпчилик мусулмонлар қазо ва қадар ақидасини баҳс қилишд мутлақо хато йўналишда кетиб қолганлар”, деган фикрга урғу беради. Китобда мухолиф фикрда бўлганлар, яьни ҳизб фикрига кўра хато йўналишда кетганлар ўз ақидаларига исбот тариқасида кўрсатувчи 8 та оят ва бир ҳадис ҳам келтирилган.
Кейинроқ қазо ва қадар борасидаги “Ҳизбут-таҳрир”нинг тушунчаси, яьни бу соҳадаги гўё “энг тўғри” тушунча далил сифатида уч марта Қурьони каримдан иқтибос келтириб ўтади.
Аммо, гўёки “Ҳизбут-таҳрир” китобларида нотўғри дейилган нарса – шубҳасиз нотўғри бўлиши, тўғри дегани эса – бешак тўғри бўлиши ўз-ўзидан маьлум ва исбот талаб қилмайдиган аксиомадек[1], на ўзларининг ва на мухолиф фикр эгаларининг далиллари борасида Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи васаллам) дан биронта асар ёки бирор мўьтабар олимнинг тафсирини келтириб ўтирмайди. Ҳатто, бутун Ислом уммати бирдек тан олган алломалардан ҳам, Аҳли сунна вал жамоанинг буюк уламоларидан ҳам ушбу мавзуга алоқадор бўлган сўз нақл қилинмайди.
Шу ерда бир савол туғулади: Аслида, “мўьмин кишининг ақидаси фақат Қуръони каримда ва мутавотир ҳадисларда келган ва яна бир шарти – фақат қатъий маьноларга ишора қилган ҳужжат билангина асосланиши керак”, деган қоидани олға сурувчи Ҳизб учун мана шу ўн бир саҳифадан иборат, содда қилиб айтганда – қуруқ олди-қочди гаплар, илмий истилоҳда эса – қип-қизил схоластика қайси ролни ўйнаркин?
Наҳотки, ўн бир саҳифага чўзилган – оят эмас, ҳадис эмас – шу “қуруқ гап”ларни “Ҳизбут-таҳрир” гуруҳи аъзолари Қуръони карим ёҳуд мутавотир ҳадис қувватига баробар ҳужжат деб қабул қилсалар?
Ахир, ўйлаб кўрилса, умуман “Ҳизбут-таҳрир” гуруҳи олтмиш йилдан буён шу ўн бир саҳифа ичидаги соф диний-илмий изланишдан кўра кўпроқ метафизика ихлосмандлари баҳсига ўхшайдиган мужодалага иймон келтириб юрибдиларку?!
“Ислом низоми” даги “Қазо ва қадар” бобини ўқиган ё эшитган росмана инсонда, динга чинаккам қизиққан, ақидасининг тўғри ва саҳиҳ бўлишига астойдил интилган мўъмин киши сифатида[2], албатта, бир неча саволлар туғилиши керак. Масалан:
Нима учун бу китобда фақат фалон ишларни қазо деб аталаяпди? Буни ким айтган? Нима учун мен унинг айтганларига ишонишим керак?
Нима учун бу китобда фақат фалон хоссаларни қадар деб номланган? Қадар деганда айнан шу нарсаларни тушуниш лозимлиги қайси ҳадис ё асар билан қувватланган? Ўзи ким айтган буни? Нима учун мен унинг айтганларига ишонишим керак?
Бу китобда таъкидлаб айтилаётгани – инсон ўз ихтиёри билан қилаётган ишларнинг қазо ва қадарга ҳеч қандай алоқаси йўқ деб ким айтган? Бу гап қаердан олинган?
Мабодо, буни Аллоҳ таоло Китобида айтган бўлса, қайси оятда?
Агар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай деган бўлсалар, шуни таъкидловчи ҳадислар борми?
Аммо бу саволларни “Ҳизбут-таҳрир”га аъзо бўлган биродарлар беришмаган. Чунки “Ҳизбут-таҳрир”нинг ўз ибораси билан айтганда, уларда бундай саволларни берадиган даражадаги диний сақофат бўлмаган.
Лекин ҳечдан кўра кеч деганларидек, майли ҳозир бўлса ҳам, “Ҳизбут-таҳрир” аъзоларининг бу каби саволларга ўз раҳнамоларидан жавоб талаб қилишга ҳақлари бор.
Яна бир муҳим мулоҳаза борки, ҳизб таъкидлаётгани – оловдаги ёндириш хоссаси, ўтиндаги ёниш хоссаси, пичоқдаги кесиш хоссаси каби нарсалар, аслида қазо ва қадар бобида ўрганиладиган, ғайб илмига доир диний – эътиқодий масалалар эмас, балки физика фани ўрганадиган илмий-тажрибий мавзулар холос.
Шунингдек, инсондаги ғариза ва узвий эҳтиёжлар, яъни жинсий майл, очлик, ташналик ва бошқа хоссалар ҳам аслида қазо ва қадар бобида ўрганиладиган ғайб илмига доир диний-эътиқодий масалалар эмас, балки биология фани ўрганадиган соф илмий тажрибий мавзулардан бошқа нарса эмас.
“Ҳизбут-таҳрир”нинг тушунтиришига кўра, демак Исломда қазо ва қадарга иймон келтириш дегани – физика ва биология каби аниқ фанлардаги қонун-қоидаларга иймон келтириш бўлиб чиқади. Ҳолбуки, физика ва биология бошқа аниқ фанлар каби, юқорида айтиб ўтганимиздек, тажриба орқали ўрганилган, исбот қилинган аниқ фактларга асосланадиган дунёвий билимлардир.
Қазо ва қадар ақидаси эса, тажриба асосида аниқ факт келтишнинг имкони бўлмаган, шунинг учун фақатгина илоҳий масдарлардан – Қуръони карим ва саҳиҳ суннатдан олинган хабарларга чекланиб қоладиган соф ғайбий-ақидавий билимдир.
(“Ҳизбут-таҳрир” фитнасидан огоҳлантириш китобидан. Қазо ва қадар боби, 121-126 бетлар. “Мовароуннаҳр” нашриёти, Тошкент 2015 йил.)
“Ҳизбут-таҳрир”нинг қазо ва қадар масаласидаги хатосини тушунтиришда давом этсак, “Ислом низоми” китобининг “Қазо ва қадар” бобида Ҳизб ақидаси тўғрилиги далили сифатида 3та оят келтирилган:
“Балад” сураси, 10-оят;
“Шамс” сураси, 7-10 оятлар;
“Муддассир” сураси, 38-оят.
Аммо, мазкур оятлар Ҳизб ақидаси фойдасига ё бўлмаса, мухолифларнинг зиддига қай даражада далил бўла олади?
Буни аниқлаш қийин эмас. Бунинг учун Ислом оламидаги тафсир илми ва ҳадис илмига оид энг машҳур китобларда ушбу оятлар тафсирида нималар ворид бўлганига қарашимиз керак бўлади, ундан кейин ақида илмига оид мўътабар китобларга ҳам мурожаат қилинса, ёмон бўлмайди.
Бу оддийгина илмий ишни “Ҳизбут-таҳрир” муассиси Набаҳоний бажармайди, “Ҳизб” китобларида таъкидланганидек: “Ҳизбут-таҳрир” аъзолари учун ўз китобларида айтилган ҳар қандай маълумотнинг илмий жиҳатига чуқур эътибор бериш ножоиздир. Албатта, бундай ажабтовур кўрсатмага амал қилишда ҳизб муассасининг ўзи намуна бўлиб туриши ва шу сабабдан мавзунинг илмий тарафига мутлақо эътибор қилмаслиги керак. Чунки у киши айтдими – бўлди, ҳар қандай мушкул масаланинг тақдири ҳал бўлиши лозим ва яна бир муҳим тарафи – бунинг учун у кишига ҳеч қандай далилнинг кераги бўлмайди.
Лекин биз, алҳамдулиллаҳ, “Ҳизбут-таҳрир” аъзоси бўлмаганимиз боис масаланинг энг аввало илмий жиҳатдан ёратилишидан манфаатдормиз.
Зеро, имом Бухорий “Саҳиҳ”ининг илм китобида алоҳида боб ажратиб, унга: “Бир ишни қилишдан ҳам, сўзлашдан ҳам аввал илм даркорлиги тўғрисида” деб сарлавҳа қўйган ва шу бобни:
“Бас, (эй, Муҳаммад!) Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг…” (Муҳаммад,19) оятини келтириш билан бошлаган[3].
Шу сабабдан, илмий омонатга риоя этган ҳолда, “Ҳизбут-таҳрир” раҳнамолари ўрнига ўзимиз шу оятлар тафсирида мўътабар китобларда келган хабарларни кўриб чиқамиз.
- “Ҳизбут-таҳрир” ақидасига ҳужжат сифатида келтирилган биринчи далил – “Балад” сураси 10-оятида Аллоҳ таоло айтади:
“Яна уни икки баландликка (икки хил йўлга) йўллаб қўйдик-ку!”
Ибн Касир тафсиридан иқтибос:
Ибн Масъуд икки баландликни яхшилик ва ёмонлик деган. Али, Ибн Аббос, Абу Воил ва кейингилардан Муҳаммад ибн Каъб ҳам шундай деганлар. Ибн Аббосдан яна бир қавлда: инсонга икки кўкрак бермадикми? – деб айтган. Робиъ ибн Ҳусайм, Қатода ва Абу Ҳозимдан шу каби ривоят бор. Лекин тўғри тафсир – аввалгисидир. Ушбу оятнинг ўхшаши “Инсон” сураси аввалида ҳам келади:
“Дарҳақиқат, Биз уни (инсонни) хоҳ у шукр қилувчи (мусулмон) бўлсин ва хоҳ ношукр бўлсин, йўлга йўлладик ” .
Яъни, шокир ва ношукур ҳолда йўлладик, демак у йўлланган йўлида ё бахтсиздир ё эса бахтли. Имом Муслим Абу Молик Ашъарийдан ривоят этган ҳадисда ворид бўлганидек: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Ҳамма ҳам тонг-саҳардан ҳаракат қилиб, ўзини Аллоҳга ёки шайтонга сотгувчидир. Пировардида нафсини ё ҳалок этади, ё эса қутқаради”[4]/ иқтибос тугади/
- “Ҳизбут-таҳрир” ақидасига ҳужжат сифатида келтирган иккинчи далил – “Шамс” сураси, 7-10-оятларда Аллоҳ таоло айтади:
“… нафс ва (У яратиб) тиклаган зотлар (инсонлар) билан. Дарвоқеъ, унга (нафсга) фисқ-фужурини ҳам, тақвосини ҳам (У) илҳом қилиб қўйган. (Мазкурлар билан қасамёд қилиб айтаманки) ҳақиқатан, уни (нафсни) поклаган киши нажот топур ва у (нафс)ни (гуноҳлар билан) кўмиб, хорлаган кимса эса (Аллоҳнинг раҳматидан) ноумид бўлур!”. (Шамс сураси, 7-10-оятлар).
Саҳобалардн Ибн Аббос томонидан ривоят қилинишича, Пайғамбар (алайҳиссалом) қачон юқоридаги оятларни тиловат қилсалар, бир тўхтаб Тангри таолога бундай дуо қилар эканлар: Аллоҳим, ўзинг нафсим-жонимга тақво ато этгин. Ўзинг унинг эгаси –хожасисан ва Ўзинг уни энг яхши поклоагувчисан”. Ҳофиз ибн Касир мазкур оятлар тафсирида қуйидаги хабарларни келтиради. Иқтибос:
“… нафс ва (У яратиб) тиклаган зотлар (инсонлар) билан” қавлининг маъноси: инсон нафси-жонини баробар, мусаффо фитратта барқарор этиб яратган Зотга қасам, ҳудди бошқа оятда айтганидек:
“Бас, (эй, Муҳаммад!) Юзингиз (ўзингиз)ни доимо тўғри бўлган динда (Исломда) тутинг! Инсонларни ўша асосда яратган Аллоҳнинг яратувчилигини (англангиз!) Аллоҳнинг яратишига ўзгартириш йўқ. Энг тўғри дин шудир, лекин кўп одамлар (буни) билмаслар” (Рум сураси, 30-оят).
“… фисқ-фужурини ҳам, тақвосини ҳам (У) илҳом қилиб қўйган…” қавли , яъни уни фужурига ҳам, тақвосига ҳам иршод этди – демакки, шуларни унга баён этди ва унинг учун тақдир этилган нарсага йўллаб қўйди. Ибн Аббос айтди: “Унга яхшилик ва ёмонликни баён этди”. Мужоҳид, Қатода, Заҳҳок ва Саврий ҳам шундай дейишган. Саъид ибн Жубайр: “Яхшилик ёмонликни илҳом этган”[5], деган. Ибн Зайд эса: “Унинг фожирлигини ҳам, тақводорлигини ҳам ўзига жойлаштирган” , деб айтган.
Ибн Жарир Абул Асвад Дуалийдан[6]
Менга Имрон ибн Ҳусойн[7] савол берди
Нима деб ўйлайсиз, одамлар унга эришиш учун амал қилаётган ва меҳнат қилаётганлари, аслида, уларга қазо қилиб бўлинган ва собиқдаги қадарга мувофиқ уларнинг устида жорий бўлаверадиган нарсами? Ёки улар пайғамбарлари олиб келган хабарлардан ва ҳужжат уларга таъкидлаган нарсалардан нимаики бўлса, шунга мувофиқ ўзлари истаган ишларини қиладиларми?
Албатта, бу уларга қазо (ҳукм) қилиб бўлинган нарсадир, – дедим мен. У яна:
Бу (уларга нисбатан) зулм бўладими? – деди. Мен унинг гапидан қаттиқ қўрқувга тушдим ва шундай деб жавоб бердим:
Ҳеч бир нарса йўқки, албатта у – Аллоҳнинг яратган маҳлуқи ва Унинг соф мулкидир. У қилаётган иши ҳақида сўралмайди, маҳлуқлар эса сўраладилар.
Шунда у менга:
Аллоҳ сени доимо тўғри қилсин, мен фақат ақлингни синаб кўриш учунгина сўраган эдим, Музайна (ёки Жуҳайна) қабиласидан бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдига келиб, шундай деди:
Ё Расулуллоҳ! Нима деб ўйлайсиз, одамлар унга эришиш учун амал қилаётган ва меҳнат қилаётганлари, аслида, уларга қазо қилиб бўлинган ва собиқдаги қадарга мувофиқ уларнинг устида жорий бўлаверадиган нарсами? Ёки улар пайғамбарлари олиб келган хабарлардан ва ҳужжат уларга таъкидланган нарсалардан нимаики бўлса, шунга мувофиқ ўзлари истаган ишларини қиладиларми? – деб сўраган эди, Расулуллоҳ:
Албатта, бу уларга қазо (ҳукм) қилиб бўлинган нарсадир, – деб жавоб қилдилар. Ҳалиги киши:
У ҳолда амал нима учун? – деб сўради. Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар:
Кимники Аллоҳ икки манзилатдан бири учун яратган бўлса, ўша манзилат учун уни тайёрлаб боражак. Бунинг тасдиғи Аллоҳ таолонинг Китобида келган: “Нафсга қасам ҳамда уни расо қилиб-яратиб, сўнгра фожирлигини ҳам, тақводорлигини ҳам унга илҳом этган зотга қасам” (Муслим ривоят қилган).
Аллоҳнинг: “Дарҳақиқат кимки уни (яъни нафсни-жонни) поклаган бўлса – нажот топди” қавлининг маъноси эҳтимол Қатода айтганидек, ўз нафсини Аллоҳга тоат-ибодатлар билан поклаган ҳамда паст ва разил аҳлоқлардан тозалаган киши нажот топди. Шунга ўхшаш қавл Мужоҳид, Икрима ва Саъид ибн Жубайрадан ҳам ривоят қилинади. Бу ҳудди қуйидаги оятларда айтилганидек бўлади:
“Кимки уни (яъни нафсни-жонни) кўмган-хорлаган бўлса”. Яъни кўмган, оёқости қилган бўлса, демакки, беҳурмат қилган, нафсини ҳидоятдан маҳрум этиш билан тубанлатиб, охири маъсиятларга шўнғиган ва Аллоҳ азза ва жаллага тоат-ибодатни тарк этган кимса “ноумид бўлди”.
Оятнинг маъноси эҳтимол мана бундай бўлиши ҳам мумкин: Аллоҳ кимнинг нафсини поклаган бўлса – нажот топади, : Аллоҳ кимнинг нафсини тубан этган бўлса – ноумид бўлади, Ибн Аббос шундай деб айтган.
Имом Аҳмад Зайд ибн Арқамдан ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳим, мен ожизликдан, дангасаликдан, хасталикдан, қўрқоқликдан, бахилликдан ва қабр азобидан паноҳингга қочаман. Аллоҳим, нафсимга тақвосини бергин ва уни ўзинг покла. Ахир нафсни покловчиларнинг энг афзали Ўзингсан, Сен унинг дўсти-эгаси ва хожасисан. Аллоҳим, хушуъ[8] қилмайдиган қалбдан, ҳеч тўймайдиган нафсдан, манфаат келтирмайдиган илмдан ва ижобат этилмайдиган дуодан паноҳингга қочаман”, дердилар. Зайд айтди: Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам) шу сўзларни бизга таълим берардилар, энди биз ҳам сизларга шуларни ўргатаяпмиз (Имом Муслим ривоят қилган). Ибн Касир тафсиридан иқтибос тугади.
Иқтибосдан кўриниб турганидек, инсон нафсида тақвони пайдо қилиш, нафсни турли номаъқул иллатлардан поклаш – барчаси Аллоҳ таолонинг қўлидаги ишлар экан, шунинг учун Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам) ушбу нарсалар Унинг қўлида бўлган Зотдан дуо қилиб ўзига тақво ато этишини, нафсини поклашини сўраганлар.
- . “Ҳизбут-таҳрир” ақидасига қужжат сифатида келтирилган учинчи далил – “Муддассир” сураси, 38-оятда Аллоҳ таоло айтади:
“Ҳар бир жон ўзи (дунёда) қилган (яхши ва ёмон) амали билан гаровлидир”.
Ибн Касир тафсиридан иқтибос:
Ибн Аббос ва бошқа муфассирлар: Ҳар бир жон қиёмат куни ўз амалига боғланиб қолган… деганлар. / иқтибос тугади/
Демак, “Хизбут-тахрир” ўз фикрига далил сифатида келтирган ушбу уч оят тафсирида ҳофиз Ибн Касир келтирган асарлар ва ҳадислардан маьлум бўладики, инсон ўз ихтиёри билан қилаётган амаллари ҳам, аслида, Аллоҳ таолонинг иродаси остида бўларкан. Чунки Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам) айтишларича:
“Кимники Аллоҳ икки манзилатдан бири учун яратган бўлса, ўша манзилат учун уни тайёрлаб боражак. Бунинг тасдиғи Аллоҳ таолонинг Китобида келган: “Нафсга қасам ҳамда уни расо қилиб-яратиб, сўнгра фожирлигини ҳам, тақводорлигини ҳам унга илҳом этган зотга қасам” (Имом Муслим ва бухорий ривояи 7551).
Али ибн Абу Толиб ривоят қилади:
“Бақиъ ал-Ғарқад” қабристонида жанозада эдик. Расулуллоҳ бизнинг олдимизга келиб ўтирдилар. Биз эса атрофларига ўтирдик. Расулуллоҳнинг қўлларида ҳасса бор эди. Жаноб расулуллоҳ бошларини ҳам қилиб ўтирганларича ҳасса билан ерни титдилар. Кейин бизга:
Ораларингизда ва умуман одамзод ичида бирон тирик жон йўқки, унинг ё жаннатдаги ёки дўзахдаги жойи белгилаб қўйилмаган, шунингдек, бахтсиз ёхуд бахтли эканлиги битиб қўйилмаган бўлса, – дедилар.
Келинг, китобни ўқиётган “Ҳизбут-таҳрир” гуруҳи аъзоларига ёрдам бўлсин учун, биз ўзимиз шу китобда Ислом уммати шунча асрлардан буён қазо ва қадар масаласида қандай мавқеъ тутганини кўриб чиқамиз, ушбу мавзуга тааллуқли оят ва ҳадислар ҳақида имонлашамиз ва уларни саҳобалар, тобеъинлар ҳамда уларга эҳсон яъни яхшилик билан эргашган мусулмон уламолар қандай фаҳмлаганлари, улардан қандай хулосалар чиқарганлари, қандай фикрларни билдирганлари тўғрисида гаплашамиз.
Даставвал, Аҳли сунна вал жамоанинг кўзга кўринган уламоларидан бири Абу Жаъфар Таҳо вийнинг тўртала мазҳаб олимлари бирдек тан олган “Таховий ақидаси” китобидан қазо ва қадар ақидасига доир матнларидан иқтибос келтирамиз:
Аллох, таоло азалдаёқ, қанча одам жаннатга киражаги ва қанча одам дўзахга киражагини ҳаммаларини бирдек аниқ, билган. Бас бу ададга хеч зиёда қилинмайди ва камайтирилмайди. Шунингдек, жаннатий ва дўзахийларнинг амаллари борасида ҳам улар қилажак ҳамма нарсани билган.
Ҳар ким нима учун яралган бўлса, шунга муяссар этилгайдир. Амаллар якунига биноан баҳоланур. Бахтли киши – фақат Аллоҳнинг қазоси ила бахтли бўлган кишидир. Бахтсиз киши ҳам – фақат Аллохнинг казоси ила бахтсиз булган кишидир.
Ушбу эътиқодга далил сифатида зикр қилинган ҳадислардан баъзилари юқорида келтирилди. Масалан: Али ибн Абу Толибдан ривоят килинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нинг: “Амал қилинглар! Ҳар ким нима учун яралган бўлса, ўшанга муяссар этилажак” сўзларини келтириб ўтдик.
Имом Муслим Зуҳайрдан, у Абу Зубайрдан, у Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоху анҳумо)дан ривоят қилади:
“Суроқа ибн Молик ибн Жуъшум Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига келиб шундай деди:
– Ё Расулуллоҳ! Гўё биз ҳозиргина яратилгандек, динимизни бизга баён қилиб беринг. Бугунги амал нимага кўра бўлмоқда? Сиёҳлар қуриб, тақдирлар белгиланган нарсага кўрами ёки олдимизда нима чиқса, шунга кўрами ?[9]
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):
– Албатта, сиёҳлар куриб, тақдирлар белгиланган нарсага кўра-да, – дедилар.
– Унда амал нима учун? – деб сўради Суроқа.
– Амал қилаверинглар. ҳар ким муяссар этилажак, – дедилар, деб айтди” (Муслим, Бухорий, Термизий, Аҳмад ривояти).
Саҳл ибн Саъддан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар:
“Бир киши одамлар кўзига жаннат аҳлининг амали бўлиб кўринажак ишларни қилиб юради ва ҳолбуки ўзи жаҳаннам аҳлидан бўлади. Яна бир киши одамлар кўзига жаҳаннам аҳлининг амали бўлиб кўринажак ишларни қилиб юради ва ҳолбуки ўзи жаннат аҳлидан бўлади” (Бухорий, Муслим, Термизий, Абу Довуд ривоят қилган).
Имом Бухорий ривоятида:
“Амаллар факат хотимасига биноандир” зиёдаси ҳам бор.
Абу Умар ибн Абдул Барр “Тамҳид” китобида айтади:
“Аҳли сунна вал жамоа олимлари шу бобга тааллуқли асарларни кўплаб тахриж қилганлар. Ўз навбатида мутакаллимлар ҳам бу борада гапни жуда чўзганлар. Аҳли сунна ушбу асарларга имон келтириб, эътиқод қилмоққа ҳамда мужодалани тарк қилмоққа ижмоъ қилганлар. Исмат ва тавфиқ Аллоҳдандир”.
Имом Абу Ҳанифанинг “ал-Фиқҳул Акбар” китобидан иқтибос:
Қазо, қадар ва машиат[10] – Аллоҳнинг азалий сифатлари бўлиб, уларнинг моҳият ва кайфияти бандасига маълум эмас…
Бандаларнинг ҳаракат ва сукунатларидан тортиб, барча феъллари хақиқатан уларнинг касб ва фаолиятлари хисобланади, лекин уларни Аллоҳ яратади. Уларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг хоҳиши, илми, қазоси ва қадари билан юзага келади. Тоат ва савобли ишлар Аллоҳнинг амри, муҳаббати, ризоси, илми, хоҳиши, қазоси ва тақдири билан амалга ошади. Итоатсизлик ва гуноҳ ишлар эса, Аллохнинг илми, қазоси, тақдири ва хоҳиши билан амалга ошсада, лекин Унинг муҳаббати, ризоси ва амри билан эмасдир…/иқтибос тугади/.
Шу матнлар шарҳида айтилган Мулло Али Қорий сўзларидан парча келтирамиз:
“Қазо, қадар ва машиат – Аллохнинг азалий сифатлари бўлиб, уларнинг моҳият ва кайфияти бандасига маълум эмас”, деган сўзнинг маъноси – шу уч сифат Қуръон ва суннат ила собит бўлган. Бироқ бу сифатлар муташобеҳ маънога эга, яъни кайфияти башар учун номаълум, ҳудди бошқа сифатларида бўлганидек.
Шунинг учун мўъмин кишига буларга имон келтириши ва ақлнинг бу сифатлар васфидаги ҳар қандай тақозосини ботил деб эътиқод қилиши вожибдир. Зеро, буни идрок этиш ақл шаънидан эмасдир. Илмда мустаҳкам-росих булган ҳар бир киши шундай деб айтади /иқтибос тугади/.
“Ал-Васия” китобида имом Абу Ҳанифа бундай дейди:
Иқрор бўламизки ва тан оламизки, “Айтгин, (яхшилигу ёмонлик) барчаси Аллоҳдандир” оятига биноан – яхшилик ва ёмонлик тақдири Аллоҳ таоло тарафидандир. Кимки – яхшилик ва ёмонлик тақдири Аллоҳдан эмас, бошқадан деса – Аллоҳга кофир бўлиб, агар унда тавҳид эътиқоди шу пайтгача мавжуд бўлган бўлса, шу гапи билан унинг тавҳиди бузилади /иқтибос тугади/.
Яна имом Таҳовий китобидан иктибос келтирамиз:
Қадарнинг асли Аллоҳ таолонинг маҳлуқот борасидаги сиридир. Бу сирдан ҳеч бир муқарраб фаришта ёки юборилган элчи воқиф булмаган. Бу масалада чукурлашиш ва назар солиш барча ишларда Аллоҳ, ёрдамига сазовор бўлиш ўрнига Унинг ёрдамисиз қолишга бир сабаб, туғри эътиқодга эришиш ўрнига ундан маҳрум бўлиш сари бир Қадам ҳамда тўғри йўлда истиқомат ўрнига туғёнга етакловчи бир пиллапоядир.
Бас, шундай экан, бундай ўйлар, фикрлар ва васвасалардан ҳазир ва яна ҳазир булмок, лозимдир. Зеро, Аллоҳ таоло қадар илмини маҳлуқотидан яширди, унга етишмоқда уринишдан бандаларни наҳий килди, Аллоҳ таоло айтганидек:
“У (яъни Аллоҳ) қилган иши ҳакида сўралмас, улар (яъни бандалар) эса сўраладилар” (Анбиё, 23).
Кимки: “Нима учун бундай қилган?” деб савол берса, Қуръон ҳукмини рад этган бўлади. Қуръон ҳукмини рад этган эса, кофирлардан бўлади.
Шу сўзлар шарҳида Ибн Абил Изз Ҳанафий шундай дейди:
“Қадарнинг асли Аллоҳ таолонинг бандаларидан сақлаган сири дейишнинг маъноси: нима учун бир нарсани бор этиб, бошқасини йўқ қилгани, кимнидир камбағал этиб, яна кимни бой қилгани, бир кишининг ўлишини, бошқасининг эса яшашини истагани, кимнидир адаштириб, кимни эса ҳидоят Қилгани – фақат Унинг ўзига маълум бўлган бир сир демакдир”.
Али (розияллоҳу анҳу) айтган: “Қадар Аллоҳнинг сиридир, бас уни очмайлик”.
Қадар масаласида одамлар орасидаги тортишув ҳаммага машҳур. Бу борада Аҳли сунна вал жамоанинг ақидаси қуйидагилардан иборат:
Ҳамма нарса Аллоҳнинг қазоси ва қадари туфайлидир, Аллоҳ бандаларнинг амалларини яратувчисидир. Аллоҳ айтади:
“Албатта, Биз ҳар бир нарсани ўлчов билан яратдик” (Қамар, 49),
«… ва барча нарсани яратиб, (аниқ) ўлчови билан ўлчаб қўйган зотдир” (Фурқон, 2).
Имом Лалкоий ривоят килади:
Ибн Аббосга: “Бизга қадарни ёлғон дейдиган бир киши келибди” – деб айтилди. Шунда у киши:
– Мени унга етаклаб боринглар, деди. (Ўша кунлари ибн Аббос кўзи ожиз бўлиб қолган вақт эди).
– Уни нима қилмоқчисиз? – деб сўрашганида, Ибн Аббос айтди:
– Агар тутиб олсам, бурнини тишлаб узиб оламан. Қўлимга бўйни тушиб қолса синдираман. Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алаҳи ва саллам) нинг: “Мен (келажакда) Бани Фиҳр аёлларининг мушрика бўлиб, Хазражлар орасида думбаларини диркиллатиб юришларини кўриб тургандекман. Бу Исломдаги аввалги ширк бўлади. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, улар бўлмағур ақл ишлатишлари билан охир – оқибат шу даражага етадиларки, Аллоҳ таолони яхшиликни тақдир этишдан ҳам – худди аввалроқ ёмонликни тақдир этишдан четлатганларидек – чиқариб қуйишади”, деганларини эшитганман. Бас, шу Исломдаги аввалги ширкдир, – деб айтди Ибн Аббос. Бу Ибн Аббоснинг қуйидаги сўзларига ҳам туғри келади:
“Қадар – тавҳиднинг низомидир. Бас, кимки Аллоҳни якка дея туриб, қадарни ёлғонга чиқарса – бу қилмиши унинг тавҳидини йўққа чиқаради”. Амр ибн Ҳайсам ривоят қилади:
“Бир гал кемада сафарга чиқдик. Ўша кемада бир қадарий билан бир мажусий бизга ҳамроҳ бўлди. Қадарий мажусийга:
– Исломга киргин, – деди. Мажусий
– Аллоҳ хоҳлагандагина, – деди. Қадарий:
– Аллоҳку хоҳлайди-я, лекин шайтон хоҳламайдида, – деди.
Шунда мажусий унга:
– Аллоҳ ҳам хоҳлаган, шайтон ҳам хоҳлаган экан. Лекин шайтон хоҳлагани бўлибди. Шайтон кучли экан! Мен шу шайтон билан бўлақолай, – деб жавоб қилди.
Амр ибн Убайд[11] дарс қилаётган халқа устига бир аъробий келиб қолди ва унга қарата: Туямни ўғирлаб кетишибди. Дуо қилгин, Аллоҳ уни менга қайтариб берсин! – деди.
Амр ибн Убайд шундай деб дуо қилди: Парвардигоро, Сен бунинг туяси ўғирланишини хоҳламаган бўлсанг-да, ўғрланибди. Бас туясини унга қайтариб бер!
Шунда аъробий: Бу дуоингни менга кераги йўқ, – деди.
Амр ибн Убайд: Нимага энди? – деб сўраган эди, аъробий:
Худди ўғирланмаслигини xoҳлaca ҳам, барибир ўғрлангани каби, энди қайтарилишини хоҳласа ҳам қайтарилмаса-я, деб қўрқаман, – деб айтди.
Бир киши Абу Осим Қасталонийдан[12] сўради:
Нима деб ўйлайсиз, агар Аллоҳ мендан ҳидоятни ман этиб, залолатга киргазса, кейин мени азобласа, инсоф қилган буладими?
Абу Осим унга: Агар ҳидоят Унинг қўлидаги бир нарса бўлса, уни истаган одамга бериб, истаганидан ман қилишга ҳаққи бор, – деди.
Китобу суннатда хам далиллар жуда кўпдир. Масалан:
“Агар Биз хоҳласак, албатта, ҳар бир жонга ўз ҳидоятини ато этган бўлур эдик, лекин Мен томондан бу сўз муқаррар бўлгандир: «Мен жаҳаннамни барча (куфрдаги) жин ва одамлар билан тўлдиргайман»” (Сажда, 13);
“Агар Раббингиз хоҳласа эди, Ер (юзи)даги барча кишилар ёппасига имон келтирган бўлур эдилар. Бас, Сиз одамларни мўъмин бўлишларига мажбур қиласизми?!” (Юнус, 99);
“Аллоҳ хоҳлаган кишини адаштирур ва хоҳлаган кишини туғри йўл узра (собит) қилур” (Анъом, 39);
“Аллоҳ кимни ҳидоятга йўллашни ирода этса, унинг кўкси (қалби)ни Ислом учун (кенг) очиб қўяди. Кимни адаштиришни ирода этса, кўксини гўё осмонга кўтарилиб кетаётгандек, тор ва синиқ қилиб қўяди”[13] (Анъом, 125).
Саҳих ҳадисда Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) асҳобларидан бир неча киши келиб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан сўрашди:
Ё Расулуллоҳ ичимизда (яъни ҳаёлимизда) шунақа фикрлар пайдо булаяптики, уларни гапиришга ҳам бирортамиз журъат қилолмаймиз?
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Шу нарсани аниқ топаяпсизларми? – дедилар. Ҳа, – дейишди саҳобалар. Бу тоза имоннинг ўзгинасидир, – дедилар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) (Муслим, Абу Довуд, Аҳмад ривоят қилган).
Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Бу тоза имоннинг ўзгинаси”, деб – сахобаларнинг ҳаёлларига келган нарсалар хақида гапиришга журъат этмаганларини назарда тутдилар.
Зеро, Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда келади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан “васваса” ҳақида сўралди. Бас у зот:
– Бу ҳолис имондир, – деб жавоб қилдилар (Бухорий, Муслим, Аҳмад, Термизий, Насоий ривоят қилган).
Бу ҳам Абу Ҳурайра ривоят қилган ҳадис маъносидадир.
Чунки нафснинг васвасаси ёки кишининг дилидаги васвасани қайтаришга уриниши – ҳудди икки шахс ўртасида бўлиб ўгган суҳбат каби бўлиб, шайтоний васвасани рад этиш ва бундай бўлмағур хаёлларни тилга ҳам чиқариб бўлмайдиган даражада бемаънилик деб ҳисоблаш – тоза имон аломатидир. Ана шу саҳобалар ва уларга эҳсон-яхшилик ила эргашган тобеъинларнинг йулидир.
Улардан кейин эса, саҳобалар ҳатто гапиришгаям ҳазар қилган шундай васвасалар билан – аслида эса бу нарсалар уларнинг дилларидаги шак-шубҳа-лардан ўзга нарса эмасди – қанча қоғозларни, балки қанча қалбларни қоралаган бир авлод келди ва ҳақни ботил ила енгмокчи бўлиб мужодалага киришди. Шунинг учун ҳам шайх Таҳовий қадар мавзусида қуруқ гапга шўнғишни, уни титкилашни қоралаш борасида узоқроқ тўхталганлар.
Амр ибн Шуьайб отасидан ва бобосидан ривоят қилган ҳадисда келади:
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир куни чиқсалар, одамлар қадар мавзусида бир-бирлари билан тортишаётган эканлар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг юзлари ҳудди анор доналари сочилгандек ғазабдан қизариб кетди. Кейин шундай дедилар:
– Сизларга нима бўлди, Аллоҳнинг Китобидаги бир жойни олиб, ўша билан бошқа жойини урмоқдасиз? Айни шу сабабли сиздан аввалгилар ҳалок бўлганлар.
Ҳадиснинг ровийси бўлган саҳоба ҳам, мазкур тортишувда иштирок этаётганлардан бири эди. Набий (алайҳиссалом) улардан дарғазаб бўлганла- ри туфайли у киши айтди: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бирон мажлисда қатнашган бўлсалару, мен уша ерда иштирок этмаган бўлсам, қанийди ўша мажлисда мен ҳам бўлганимда деб мажлис иштирокчиларига қаттик, ҳавас қилганман. Лекин манави мажлисда Расулуллоҳ билан ўзим ҳам иштирок этган бўлсам-да, қанийди шу мажлисда иштирок этмаганимда деб қаттиқ орзу қилдим” (Ибн Можа, Аҳмад ривояти).
Аллоҳ таоло марҳамат қилди:
“…Бас, улар ўз насибаларидан баҳраманд бўлдилар. Сизлардан олдингилар насибаларидан баҳраманд бўлганлари каби сизлар ҳам (ўз) насибаларингиздан баҳраманд бўлдингиз ва (улар) ботган нарса (залолат)га (сизлар ҳам) ботдингиз…” (Тавба, 69).
Аллоҳ таоло бу оятда “насибадан баҳраманд бўлиш” билан “шўнғиш”ни бирга зикр қилди. Чунки диннинг фасоди ё амалларда ё эътиқодларда бўлади. Биринчиси, “насибадан баҳраманд бўлиш” – олдингиларнинг шаҳватларга доир хатоларини қайтариш бўлса, иккинчиси, “шўнғиш” – эътиқоддаги шубҳалар масаласида олдингилар хатосини такрорлашдир[14] /Ибн Абил Изз Ҳанафийдан иқтибос тугади/.
Қазо ва кадар ақидасини тушуниш осонроқ бўлиши учун ризқ масаласини мисол келтирсак бўлади. Маълумки, бирон ризқ[15] учун инсон хоҳ тер тўкиб ҳаракат қилсин, ё эса мутлақо ҳеч нарса қилмасин, Аллоҳ Ўша нарсани унга азалда тақдир этган бўлсагина у билан ризқлантирилади. Ўйлашимизча, “Ҳизбут-таҳрир” ҳам ризқни фақат Аллоҳ таоло белгилашида, бунга инсон ихтиёрининг алоқаси йуқлигида шубҳа қилмаса керак.
Масалан, кишининг қўлига бир олма тушса, уни ўзи дарахтдан узиб олдими, ё топиб олдими, ё эса кимдир бердими, фарқи йуқ, агар истаса уни ейди, истамаса емайди. Ўз ихтиёри билан ейдиган бўлса, унга шу олма ризқ этиб ёзилгани маълум бўлади. Агар ўз ихтиёри билан уни емаса, демак бу олма унга ризқ этиб ёзилмагани маълум бўлади. Иккала тақдирда ҳам, киши ўз истаганини қилади, мажбур бўлиб емайди ёки мажбур бўлиб ундан юз ўгирмайди. Ҳамма нарса унинг еган-емаганидан кейин ойдинлашади. Унгача ихтиёрий ишлигича қолиб туради.
Бошқа амалларни ҳам ҳудди шу ризқ масаласида айтилганидек тасаввур этишга нима монелик қилади?
Масалан, киши бир одамни ўлимдан қутқариб қолиши мумкин бўлса, уни қутқариб қолса, ихтиёрий равишда яхши амални бажарган бўларди, қутқариб қолмаса, ихтиёрий равишда ёмон ишни бажарган бўларди. Лекин бу нарса тақдирда ёзилган- ёзилмагани шу ишни унинг ўзи ихтиёрий равишда қилган, ё килмаганидан кейингина маълум бўлади.
Ёки, кимнидир Аллоҳ дин илми билан ризқлантирмоқчи бўлса[16] , демак буни азалда Аллоҳ таоло унинг тақдирига битган бўлади ва фақат Аллоҳ тақдирда битганидек шу илмни қўлга киритади. Ана шу битилганга мувофиқ унга Аллоҳ илмни ирода қилган бўлса, аввал Аллоҳнинг Ўзи бандага бунинг учун лозим бўлган зеҳн, хотира, тақво беради. Бундан ташқари, яхши устоз, моддий шарт-шароитлар каби барча сабабларни муҳайё килади. Яна шу илмни олишга унда хоҳиш-истак пайдо қилади. Ёки буларнинг биронтаси бўлмасдан туриб, кеча оми бўлган киши бир куни уйкусидан олим бўлиб уйғонадими?!
Ҳадисларда келади:
“Агар Аллоҳ бандага бирор ерда ўлишини қазо қилган, яъни тақдирда битган бўлса, унга айнан ўша ерга бориб ўлиши учун бир ҳожатни ҳам пайдо қилиб қўяди” (Термизий ривояти).
Шунга ўхшаб, Аллоҳ таоло бахтли бўлишини истаган бандаларини бахтли бўлишлари учун керак нарсалар ва ишларни уларга муяссар қилади. Аксинча, бахтсиз бўлишини истаган бандалари учун уларни бахтсиз этадиган нарсалар ва ишларни муяссар этади. Ҳадисда Имрон ибн Ҳусойндан:
“Ё Расулуллоҳ! Амал қилувчилар не учун амал қиладилар? – дедим. Расулуллоҳ:
Банда ўзи учун яратилган (тақдир қилинган) нарсаларгагина муяссар бўлади, – дедилар”.
Таҳовий ақидасидан яна иқтибос келтирамиз:
“Зеро, Аллоҳ таоло жаннат ва дўзаҳни халқдан аввал яратган ва сўнгра иккиси учун муносиб эгаларини ҳам яратгандир. Халқдан кимни жаннат учун яратишни хоҳлаган бўлса – фазли билан, кимни дузах учун яратишни хоҳлаган бўлса – адли биландир”.
Шарҳида: Ойша онамиздан (р.a.) ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ансорлар фарзандларидан бўлган бир гўдак жанозасига чақиришди. Шунда мен:
– Ё Расулуллоҳ Унга Тубо бўлсин, жаннат булбулларидан бири экан. Бирон ёмонлик ҳам қилмади, Ҳатто унгача етиб бормади ҳам, – деб айтдим.
Шунда Расулуллоҳ менга:
– Балки бошқача бўлсачи, эй Ойша? Аллоҳ жаннат учун эгаларини яратган бўлиб, уларни ҳали оталарининг пуштида бўлган пайтларидаёқ жаннатга деб яратгандир. Дўзах учун ҳам эгаларини яратган бўлиб, уларни ҳам ҳали оталарининг пуштида бўлган пайтларидаёқ дўзахга деб яратгандир, -деб айтдилар” (Муслим, Абу Довуд ва Насоий ривояти).
Барча фориғ бўлинган ишларни[17] қилгувчи ва нима учун яралган бўлса (яъни жаннат учун яралганми ё дўзах учун) ўша сари боргувчидир.
Яхшилик ва ёмонлик бандалар учун (азал-дан) тақдир этилгандир /Таҳовий ақидасидан иқтибос тугади/.
Умуман, бу масалага чуқур киришиш яхши эмас, биз ҳам фақатгина ҳадисларда келган нарсаларни англаш учун юқоридаги мисолларни ўзимиздан келтирдик. Йўқса, бу нарсаларни инсон ақли батафсил англаши муҳол иш. Бинобарин, барча ақидавий, ғайбий масалаларда фақат Китобу-суннатда келган саҳиҳ хабарлар ила кифояланиш билан киши нажот топади.
Шунинг учун ҳам имом Таҳовий ақидасида қуйидаги сўзлар келади: “Аллоҳ азза ва жаллага ва Унинг Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га таслим бўлган ҳамда ўзига иштибоҳли нарсалар илмини (чинакам билувчи) олимига ҳавола қилган кишигина динида саломат қолади, бошқа ҳеч ким динини саломат сақлолмайди.
Зеро, Ислом қадамлари таслим бўлиш ва буйсуниш устидагина собит-мустаҳкам бўлади[18] ”.
Саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Ҳар нарсанинг ўз ҳақиқати-моҳияти бўлади. Банда токи нимаики унга етган бўлса, ўша нарсанинг тақдири азалда шундай битиб қўйилгани боис уни четлаб ўтиши мумкин бўлмаганига ва нимаики уни четлаб ўтган бўлса, тақдири азалда шундай битиб қўйилгани боис унга етмоғи мумкин бўлмаганига амин бўлмас экан, имон ҳақиқатига етишолмайди” (Имоми Аҳмад ривояти).
Буюк тобеъий олим Ваҳб ибн Мунаббаҳ[19] айтади: “Қадар борасида фикр қилиб, эс-ҳушимни йўқотдим. Яна фикр қилиб, яна ҳушимдан айрилдим. Қадар мавзусидаги энг олим киши – бу борада фикр қилишдан ўзини энг кўп тийган киши эканлигини, қадар мавзусидаги энг жоҳил киши эса – бу борада энг кўп гапирган киши эканлигини англадим.
Бошқа ўринда у киши шундай деганлар:
Мен тақдир тўғрисида ўзимча масала айтардим. Фикримни равшанлаштириш мақсадида ўтган анбиёларнинг етмишдан ортиғини мутолаа қилиб чиқдим. Барчасида: «Ким хоҳишим ўзимда, тақдирим ўз қўлимда деса, албатта, кофир бўлади», – дейилганини ўқиб, мен ҳам тақдир борасидаги ўз фикримдан воз кечдим.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Аҳли сунна вал жамоа ҳам инсонни икки доира ичида яшашини тан олади. Лекин «Ҳизбут-таҳрир» дан фарқли ўла-роқ, Аҳли суннанинг эътиқодига кўра, кишининг ўз ихтиёри билан иш қиладиган кичик доираси унинг ихтиёридан ташқаридаги, фақат Аллоҳ таоло измида бўлган ишлар катта доирасининг ичида жойлашган бўлади. Расмда буни қуйидагича ифодалаш мумкин: “Ҳизбут-таҳрир” ақидаси бўйича инсон ҳаётидаги икки доира мана бундай:
Аҳли сунна вал жамоа ақидаси бўйича эса мана бундай бўлади:
Абдувоҳид АҲМАДАЛИЕВ,
Марғилон шаҳар “Худоёр ҳожи” масжиди имом-ноиби
[1] Аксиома – тўғрилиги ва ҳақиқат эканлиги буни исбот қилиш учун далил талаб этилмайдиган даражада яққол билиниб турган нарсалар ва қоидалар. Масалан, бир жисмнинг бир қисми шу жисмнинг ўзидан каттароқ бўлиши мумкин эмас, деган гапга ўхшаган.
[2] Бундай киши эса, авваламбор, Расулуллоҳ (с.а.в.) нинг ўзлари, сўнгра у зотнинг асҳоби киромлари (р.з.) ҳамда уларга эҳсон билан эргашган салафларимиз шу борада қандай эътиқодда бўлишган бўлса, мен ҳам шундай эътиқод эгаси бўлишни хоҳлайман, дейиши лозим.
[3] Яъни, оятда Аллоҳ таолонинг ўзи ҳам “Билгин” деб “Ла илаҳа иллаллоҳ” талаффузидан кўра илм муҳимроқ эканига ишора этган демоқчи.
[4] Яъни, ҳар бир инсон жонининг икки хил нархи – баҳоси бор. Бири арзон, иккинчиси қиммат. Инсон яшаган ҳар бир кунини шу эваз учун сарф қилган бўлади. Агар ҳаётини Аллоҳ яхши кўрган амаллар билан ўтказса-ўз жонини Аллоҳ Жаннатга кириш учун белгилаган қимматбаҳога сотганидир. Агар Аллоҳ ёмон кўрган амаллар билан умрини зоил қилса-ўз жонини Аллоҳ Дўзахга кириш учун белгилаган арзон баҳога сотганидир. Шундай қилиб, инсон ё ўзини Жаннатга олиб кириб, Дўзахдан қутқаради ё эса, аксинча Жаннатдан мосуво этиб Дўзахга қулатади.
[5] Илҳом этишнинг маъноси- инсонда бир ишни қилишга Аллоҳ тарафидан истакнинг пайдо қилинишидир. Яъни аввал Аллоҳ бир ишни қилишни (яхши-ёмонлигидан қатъий назар) бандага илҳом этади, шундан кейингина банда шу илҳом таъсирида илҳом этилган амални бажаради.
[6] Абул Асвад Дуалий – али ибн Абу Толибнинг шогирди бўлган машҳур олим. Али (розияллоҳу анҳу)нинг топшириғи билан Абул Асвад одамлар Қуръон қироатида хато қилмасликлари учун биринчи бўлиб араб тилида ҳозирда машҳур бўлган фатҳа, замма ва касра ишораларини расмини чизиб, муомалага киритганлар, яна Али (розияллоҳу анҳу) топшириғи билан араб тили грамматикасига оид биринчи китобни ёзганлар, машҳур муҳаддис Абдураҳмон ибн Абу Лайло билан бирга Али (розияллоҳу анҳу)нинг ўзларидан Қуръони каримни тўла ёд олганлар.
[7] Имрон ибн Ҳусойн – буюк саҳобий, Умар ибн Хаттоб халифалиги даврида уни Басра аҳлига фиқҳ ва дин илмини ўргатиш учун юборган.
[8] Хушуъ сўзининг маъноси – қалбнинг Аллоҳдан чинакам қўрқиши сабабидан қолган аъзоларда ҳам хокисорлик ва вазминлик пайдо бўлишидир. Бошқача айтганда, қалбдаги тақво кучининг аъзолардаги инъикосидир. Шунда, хушуъсиз қалбнинг маъноси – имон заифлиги, гуноҳларга берилганлиги сабабли инсоннинг қўл-оёқлари, кўз-қулоқлари ва ҳ.к. аъзоларининг Аллоҳ севадиган ишларга интилувчан, аллоҳ ёмон кўрадиган нарсалардан тийилувчан, хокисор ва итоатли бўлишига сабаб бўлолмайдиган қалбдир. Ҳадисда: Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам) шундай қалбдан паноҳ тиладилар.
[9] Араб тилида: “Аввалдан такдирда белгилаб қўйилмагану, лекин нима килишимизга mўғpu келиб қолса, шуни килиб кетаверамизми, олдиндан тақдирда белгиланмаган янги ишларга юзланамизми?» деган маънодаги ran. Узбекчада: “Бошга нима тушса, шуни кўраверамизми» деганига ўхшаш.
10] Машиат – араб тилида “хоҳиш», “истак”, “ирода” маъноларини англатади.
[11] Амр ибн Убайд – Муътазилапар асосчиларидан.уларнинг олими ва муфтийси (80-144 ҳ. й.)
[12] Мухаммад ибн Аҳмад ибн Али Қасталоний – Маккада тyFилиб ўсган булса-да, асли аждодлари Кастилия юртидан булган мухаддис олим, Кохирадаги Дорул Хадисни бошқарган, 686 Ҳ- й.да вафот этган.
[13] Бу ояти карима нозил булган даврда башарият ақл-заковати самода кутарилган сайин ҳавонинг сийраклашиб, инсон нафас олиши кийинлашувини билишгача етиб бормаган эди.Ва ҳолбуки бу нарсалар табиий фанлар ривожлангач, фақат XIX асрларга келиб аникланди.
[14] Ушбу оятни ва унинг тафсирини келтиришдан мурод – қадар борасида оят ва ҳадис чегарасидан ўтиб.чуқур шўнғиш ҳам олдинги қавмларнинг ҳалокатга йўлиқишлари сабабларидан эканлиги тўғрисида юқорида келтирилган ҳадисни шарҳлаш учундир.
[15] Шу ерда ризк ўзи нима деган саволга ҳам умумлаштирилган жавобни бериб кетсак ўринли бўлади. Инсон дунёга келганида танаси- жисмидан бошқа ҳеч нарсаси йук, қип-яланғоч эди.Уни аввал бирон латтага ўрашади. Ошқозони аввал бўм-бўш эди, кейин оғзидан биринчи луқма – ё она суги.ё бошқа нарса киради. Миясида хеч қандай илм йуқ эди, кейин аввал “мамма,дадда” деган сўзлардан бошлаб, кейинчалик бутун дунёни (Tўғри-Hотўғри билгани бошка масала), лекин ўзича билади танийди. Ана шy тyғилгaнидa унда бўлмаган, кейинчалик унга берилган ҳамма нарса унинг ризқидир. Биринчи луқмасию латтасидан бошлаб, барча емиш-ичмиш, кийим-кечак, илм-маърифат, мартаба, мол-дунё, аҳли-аёл, бола-чақа – барча-барчаси хоҳ ҳалол йўл, хоҳ харом йўл билан ўзлаштирилган бўлсин, ризқдир. Барчасига оят- ҳадисдан кўплаб далил келтирилиши мумкин, аммо ҳозир бунинг мавриди эмас.
[16] Чунки илм ҳам Аллоҳ тарафидан ризқ қилиб бериладиган неъмат-атолардан биридир. Зеро, ҳадисда келганидек: “Кимга Аллоҳ яхшиликни раво кўрса уни динда факих килиб қўяди. Илмга илм олишга уриниш билангина эришилади” (Бухорий ривояти).
[17] Тақдирда битилиб бўлган, бўлиш-бўлмаслик масаласи ҳал этилган, бундан фориғ бўлинган ишлар.
[18] Бу ерда Ислом деб диннинг ўзини назарда тутилмаяпти, балки Исломни қабул қилган кишида мавжуд-мужассам динни назарда тутилаяпти. Яъни «дини кучли» ёки «дини заиф инсон”деганда диннинг ўзини эмас, балки кишининг эътикод қилган динига қанчалик амал қилиши. бу дин унда қанчалик кучли ё заиф мужассам бўлгани назарда тутилгани каби.
Маълумки, инсон жисмонан oёғидa мустаҳкам туриши учун қаттиқ, барқарор нарса устида туриши керак. Қийшиқ қалкиб турган, беқарор нарса устида собит-мустаҳкам туролмайди. Ҳудди шунга ўхшаб, мусулмон кишида мавжуд диннинг маънавий қадамлари ҳам мустаҳкам туриши учун барқарор асос устига ўрнашиши керак. Мусулмон киши калбидаги дин учун мустҳкам ва барқарор асос эса Аллоҳ ва расулига барча ишларда тўла таслим бўлишдир дейилмокчи.
[19] Ваҳб ибн Мунаббаҳ аввал яҳудий динида бўлиб, кейин Исломни қабул қилган, чуқур илмли, қадимий китобларни кўп ўқиган, олам яратилиши ҳакидаги ўтмиш хабарлар ва тарихий қиссаларни кўп биладиган олим эди. Ҳижрий 34 йилда Ямандаги Санъо шаҳрида туғилиб 114 йилда вафот этган. Унинг машҳур сўзларидан бири: “Кимки машиатни ўзига нисбат берса (яъни бирон ишни фақат уз хоҳишим билан қилдим деб ўйласа) кофир булади» деганидир. Аввал бир муддат қадария ақидаси билан таъсирланиб юриб, кейин бу фикридан қайтган. Умар ибн Абдул Азиз бу кишини Санъога қози этиб тайинлаган. Ваҳб ибн Мунаббаҳдан Бухорий, Муслим, Насоий, Термизий ва Абу Довуд каби имом-муҳаддислар ҳадис ривоят қилишган.