Дунё ҳаётида инсонлар миллати, урф-одати, диний эътиқоди ва дунёқараши, ижтимоий келиб чиқишига кўра бир-бирларидан кескин фарқланиб турса-да,жамиятда шундай маънавий-ахлоқийтушунчалар, диний бағрикенгликка асосланган ижтимоий-сиёсий мезонлар ҳам мавжудки, юқоридаги тафовутлардан қатъи назар барча учун бирдай зарурдир. Курраи заминда яшаётган ҳар бир инсон энг аввало ўзига Аллоҳ таоло инъом этган ҳаёт неъматидан баҳраманд бўлишга ҳақлидир. Бунинг учун эса ўзаро тинч-тотув ҳаёт кечириш, кишиларни турли табақа ва тоифага ажратмай барчага инсон сифатида муносабатда бўлиш, ҳамиша яхшилик қилиш ва бошқаларни ҳам шунга тарғиб этиш, бирор кишини ноҳақ қораламаслик, кечиримли бўлиш, бирор иш, ҳодиса ҳақида хулоса чиқаришда шошма-шошарликка йўл қўймаслик, инсонлар шаъни, обрў-эътиборига путур етказишдан сақланиш керак бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло ўз бандаларига юборган барча пайғамбарлари инсониятни эзгуликка чорлаб, ёвузликни қаттиқ қоралаганлар. Улар тарғиб қилган ҳеч бир динда бировларни ноҳақ камситиш, ўзини бошқалардан устун қўйиш, билиб-билмай кимнидир куфрда айблаш каби ишлар оқланмаган. Айниқса, Исломда асрлар оша бунга энг долзарб масала сифатида қаралган ва ҳеч қачон ҳеч кимга дин номидан зўравонлик, хунрезлик, босқинчилик ишларини олиб бориш ҳуқуқи берилмаган. Аксинча, ҳамиша бундан қайтарилган ва динни қўрқитиш, ҳукмронлик қилиш воситаси эмас, балки инсонларни тўғри йўлга чорлаш, соф эътиқод, дину диёнат, маънавий-ахлоқий поклик, силаи раҳм, хайру саховат,илму маърифат каби тушунчаларни одоб-ахлоқ чегарасида туриб, мулойимлик билан сингдиришга чақирилган.Бу ҳақда Аллоҳ таоло “Қуръони карим”да шундай марҳамат қилади:
“(Эй Муҳаммад!) Раббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг! Албатта, Парвардигорингиз ўзи Унинг йўлидан чалғиган кимсаларни яхши билувчи ва ҳидоят топганларни ҳам У билувчироқдир” (Наҳл сураси. 125-оят).
Бас, шундай экан бугунги кунда ўзларини Ислом дини манфаатларини ҳимоячиси сифатида кўрсатишга уринаётган, аслида эса ўз қилмишлари билан унинг номига доғ туширишга, бошқа дин вакиллари орасида Исломга нисбатан даҳшатга солувчи восита сифатида қарашлар шаклланишига сабабчи бўлаётган турли террористик оқимлар ва ташкилотлар аъзолари бўлган мутаассиб кимсаларнинг қилмишларини асло оқлаб бўлмайди.
Уламоларимиз қадимда ҳам, ҳозирги кунда ҳам муқаддас динимиз таълимотларини бошқаларга чиройли тарзда етказишда дунёвий ва ухровий билимга, катта ҳаётий тажриба, юксак ахлоқий фазилатларгаэга бўлиши лозимлигини қайта-қайта уқтириб келмоқдилар. Чунки илму маърифатсиз киши жамиятда юз бераётган воқеа-ҳодисаларни тўғри баҳолай олмайди, унинг кўрсатмалари кимдандир, қердандир эшитган ва кўпинча далил-исботсиз ва узуқ-юлуқ жумлаларнинг ўз фикрига мос келадиган маъноларига асосланган бўлади. Табиийки, бундай мутаассиб кимсалар ўз ботил эътиқодларини зулм ва зўравонлик билан сингдиришга уринадилар ҳамда қўлларига қурол олиб, кимларнингдир жонига қасд қилиш, кимларнидир хўрлаш, кимларнидир кофир деб эълон қилиш орқали манфур мақсадларини амалга оширишга ҳаракат қиладилар.
Шуни унутмаслик керакки, ҳар бир келишмовчилик тинчлик йўли билан ҳал этилиши, томонлар ўз фикр-мулоҳазаларини ахлоқ-одоб доирасидан чиқмаган ҳолда илмий ва ҳаётий асосга эга бўлган далил-исботлар билан баён этиши, баҳс-мунозараларда бир-бирларини камситмаган ҳолда иш тутилиши, ўз хатоларини тан олиш ва уни тушунтирган одамга нисбатан душманлик ҳиссида бўлмаслик инсоннинг юксак ахлоқий фазилатларга эгалиги ва илму маърифати, салоҳиятидан дарак беради. Зеро, пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифларидан бирида:
“Аллоҳ таоло ўз раҳматини юз бўлак қилиб яратиб, тўқсон тўққиз бўлагини ўзида олиб қолди. Унинг бир бўлагинигина ерга нозил қилди. Аллоҳ таолонинг ерга нозил қилган ана шу бир бўлак раҳмати туфайли бутун борлиқ ўзаро раҳимдиллик қилади. Ҳаттоки от ҳам ўз боласини майиб қилиб қўйишдан чўчиб,туёқларини эҳтиёткорона кўтариб босади”, – дейилади.
Бугунги кунда ўзларини чин мусулмон санашса-да, бераҳимликлари билан алоҳида ажралиб турган ҳамда мутассибона хатти-ҳаракатлари туфайли вайронкор ғоялари асосидадунёга таҳдид солаётган, турли минтақаларда, нафақат диний ва миллий мансублиги, ҳатто диндошларига ҳам қурол ўқталиб, тазйиқ ўтказиш йўли орқали ҳукмронликни қўлга киритишга уринаётган диний-экстремистик террорчи гуруҳларнинг аъзолари бу панду насиҳатлардан ибрат олсалар ёмон бўлмас эди. Бунинг ўрнига эса улар ўз ёвуз қилмишларини видеолавҳалар, турли маълумотлар кўринишида интернет тармоқлари орқали дунёга тарқатиб инсониятни даҳшатга солишга уринмоқдалар. Бу ваҳшийликлар уларнинг асл мақсади дунёда ўз ҳукмронликларини ўрнатиш, бу йўлда эса ҳар қандай ёвузликдан тап тортмаслик эканини очиқ-ойдин кўрсатиб турибди. Ҳар қандай тошюрак, бефарқ инсонни ҳам ўйлашга мажбурэтувчи қатлиомлар, гўдаклар, аёллар, кексаларга нисбатан амалга оширилаётган манфур ишлар тасвири туширилган бу видеолавҳалар, суратлар уларнинг маънан қашшоқ, илм-маърифатсиз ва раҳм-шафқат нималигини билмайдиган кимсалар эканини намоён этмоқда. Шуниси афсусланарлики, бу ишларнинг асл моҳиятидан бехабар айрим билимсиз ёшларимиз уларнинг тузоқларига илиниб қолмоқдалар. Шунинг учун ҳам бугун бизнинг олдимизда турган энг муҳим вазифалардан бири ёшларимизни илм-маърифатли қилиб тарбиялаш, уларга ота-боболаримиз қадрлаб келган ахлоқий фазилатларни сингдиришимиз, пок эътиқодли, юксак маънавиятли, теранбилим, иқтидор ва салоҳият эгаси, дину диёнатли қилиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. Зеро, илм-маърифатли кишилар оқни қорадан фарқлайдиган, бирор ишга киришишдан олдин чуқур мулоҳаза қиладиган, ўзига ва жамиятга манфаати етадиган шахс сифатида камолга етадилар.
А.НАИМОВ,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари