Инсон фарзанди бу дунёга келган кунидан бошлаб имтиҳону синовларга дучор бўлади. Агар Аллоҳ инсонга мол-давлат, мансаб-мартаба ато этган бўлса, шуни билиши лозимки буларнинг барчаси имтиҳондир.
«Биз сизларни (сабр-тоқатларингизни синаш учун) ёмонлик билан ҳам, (шукр қилишингизни билиш учун) яхшилик билан ҳам «синаб» имтиҳон қилурмиз» (Анбиё: 35). Бу дунё имтиҳон ҳовлисидир, синовлар уммонидир.
Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу дунё ҳаёти ҳақиқатини шундай баён қиладилар:
«Бану Исроилдан уч кишини – пес, кал ва кўрни Аллоҳ таоло синамоқчи бўлиб, улар ҳузурига бир фариштани инсон суратида юборди. Фаришта песнинг олдига келиб: «Сен учун энг суюмли нарса нима?», деб сўради. У: «Чиройли ранг ва чиройли тери, ҳамда одамлар мендан жирканадиган мана бу ҳолатнинг йўқолиши», деб жавоб берди. Фаришта унинг баданини силагач, песи йўқолиб, унга чиройли ранг ва чиройли тери ато этилди. Кейин фаришта ундан: «Қандай мол сен учун яхшироқ?», деб сўради. У: «Туя», деди. Шунда унга ўн ойлик ҳомиласи бор бир урғочи туя ато этилди. Фаришта унга: «Аллоҳ таоло сенга уни баракотли қилсин», деб дуо қилди.
Кейин у калнинг олдига бориб: «Сен учун энг суюмли нарса нима?», деб сўради. У: «Чиройли соч ва одамлар мендан жирканадиган мана бу ҳолатнинг йўқолиши», деб жавоб берди. Фаришта унинг бошини силаган эди, каллиги йўқолиб, унга чиройли соч ато этилди. Кейин фаришта ундан: «Қандай мол сен учун яхшироқ?», деб сўради. У: «Сигир», деди. Шунда унга бўғоз сигир ато этилди ва фаришта унга: «Аллоҳ таоло сенга уни баракотли қилсин», деб дуо қилди.
Кейин у кўрнинг олдига бориб: «Сен учун энг суюмли нарса нима?», деб сўради. У: «Аллоҳ таоло менга кўришимни қайтарса ва мен одамларни кўрсам», деди. Фаришта унинг кўзини силаган эди, Аллоҳ унга кўришини қайтарди. Кейин фаришта ундан: «Қандай мол сен учун яхшироқ?», деб сўради. У: «Қўй», деди. Унга бир бўғоз совлиқ ато этилди.
Шундан сўнг туя, сигир ва совлиқ болалади ва тез орада ҳалиги уч кишининг бири бир водий тўла туяларга, иккинчиси бир водий тўла сигирларга, учинчиси эса бир водий тўла қўйларга эга бўлди.
Шундан сўнг фаришта ҳалиги пес бўлган кишининг олдига илгариги у билан кўришгандаги қиёфаси ва кўринишида келиб: «Мен бир мискин одамман, сафаримда муҳтожликдан қийналдим. Аввало Аллоҳ, қолаверса сен туфайли бугун қасд қилган манзилимга етиб олишим мумкин. Сенга чиройли ранг, чиройли тери ва кўп мол-дунё ато этган Зот ҳаққи-ҳурмати, менга битта туя берсанг, шу билан сафаримда мурод қилган манзилимга етиб олардим», деди. Ҳалиги илгари пес бўлган киши: «Сенсиз ҳам ҳақ талаб қилувчилар жуда кўп», деди. Фаришта: «Мен сени танигандекман, илгари сен одамлар жирканадиган пес бўлмаганмидинг, фақир-мискин эканингда Аллоҳ сенга мол-дунё ато этмаганмиди?!», деди. У: «Бу мол-дунёни мен ота-боболаримдан мерос қилиб олганман», деди…».
Биз сўзимиз бошида, дунё имтиҳон ҳовлиси ва синовлар уммонидир, деб айтган эдик.
Аллоҳ таоло мол-давлат ато этгач, ҳалиги бечора ўзининг аслини унутди, фақир ва ожиз бўлганини эсидан чиқарди.. Инсон қачонки ўзининг асли наслини унутганида, ўзининг ҳеч нарсага арзимайдиган бир нарса бўлганини унутганида кибрга берилади, ўзини бошқалардан олий деб кўради.
Аллоҳ таоло айтади: «Эй инсон, нима сени улуғ Парвардигоринг ҳақида (Унга ибодат қилмасанг ҳам бўлаверади, деб) алдаб қўйди?! У сени яратиб, сўнг (барча аъзоларингни) тиклаб, сўнг (қоматингни ҳам) расо қилиб, қўйган зот-ку! У сени Ўзи қай суратни хоҳлаган бўлса (ўша сурат — шаклда) таркиб топтирди — яратди-ку!» (Инфитор: 6-8).
Имом Аҳмаднинг «Муснад»ида, Буср ибн Жаҳҳош ал-Қураший розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни кафтларига туфлаб, унга кўрсаткич бармоқларини қўйдилар ва айтдилар: «Аллоҳ таоло айтади: Эй одамзот, сен мени қандай қилиб ожиз қолдира олардинг, ҳолбуки Мен сени мана бу каби нарсадан яратдим, Мен қадди-қоматингни расо қилиб қўйгач, иккита чопонга (кийимга) ўралиб (гердайиб) юрдинг, ернинг ҳам сендан шикоят-оғриғи бор, (мол-дунёни) жамғардинг, (закоту садақотини) бермадинг, жон ҳалқумга етган пайтда: «садақа қиламан» дейсан, садақа қилиш вақти аллақачон ўтган бўлади!» (Ибн Можа, Ҳоким, Аҳмад ривоятлари, ).
«Токи қачон улардан (яъни кофирлардан) бирига ўлим келганида: «Парвардигор, мени (яна ҳаётга) қайтаринглар. Шояд, мен қолган умримда яхши амал қилсам», деб қолур. Йўқ! (У асло ҳаётга қайтарилмас). Дарҳақиқат бу (ҳар бир жон бераётган кофир) айтадиган сўздир. Уларнинг ортида то қайта тириладиган кунларигача (дунёга қайтишларидан тўсиб турадиган) бир тўсиқ бўлур» (Муъминун: 99-100).
Ҳадиснинг давомига қайтамиз: «… Шунда фаришта: «Агар ёлғон айтаётган бўлсанг, Аллоҳ таоло сени аввалги ҳолингга қайтариб қўйсин», деб дуо қилди…».
Ҳофиз Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий»да ушбу ҳадис шарҳида айтади: «Набавий хабарда келишича, Аллоҳ азза ва жалла уни аввалги ҳолига қайтариб қўйди».
«… Сўнгра фаришта илгари кал бўлган иккинчи киши олдига у билан кўришгандаги аввалги қиёфасида келиб, унга ҳам песга айтган гапларини айтган эди, у ҳам худди ўшандай жавоб қилди. Шунда фаришта уни ҳам: «Агар ёлғон айтаётган бўлсанг, Аллоҳ таоло сени аввалги ҳолингга қайтариб қўйсин», деб дуо қилди.
Кейин фаришта учинчиларининг, яъни илгари кўр бўлган кишининг ҳузурига у билан аввалги кўришгандаги қиёфасида келиб: «Мен бир мискин одамман, сафаримда муҳтожликдан қийналдим. Аввало Аллоҳ, қолаверса сен туфайли бугун қасд қилган манзилимга етиб олишим мумкин. Сенга кўзингни қайтариб берган Зот ҳаққи-ҳурмати, менга битта қўй берсанг, шу билан кўзлаган манзилимга етиб олардим», деди. У деди: «Мен илгари кўр эдим, Аллоҳ менга кўришимни қайтариб берди. Молимдан истаганингни ол, истаганингни қолдир. Аллоҳга қасамки, бугун Аллоҳ учун оладиганинг бирон нарсада мен сенга қаршилик қилмайман», деди. Шунда фаришта: «Молинг ўзингга буюрсин, сизлар имтиҳон қилиндингиз, Аллоҳ таоло сендан рози бўлиб, икки шеригингга ғазаб қилди», деди». ( Бухорий, Муслим ривоятлари).
Ҳа, азиз дўстлар, шуни доимо ёдда тутишимиз лозимки, бу дунё синов ва имтиҳондан иборатдир.
Аллоҳ кимгадир кимгадир молу дунё, кимгадир мансаб-мартаба ва яна кимгадир бошқа неъматлар бериб синайди. Аллоҳ таоло бизларни бу дунёга синаш учун юборган. Шундай экан банда ана шу дунё имтиҳонлардан чиройли тарзда ўтишга ҳаракат қилмоғи лозим. Аллоҳ таъоло шундай марҳамат қилади: «Биз сизларни ёмонлик билан ҳам, яхшилик билан ҳам синаб, имтиҳон қилурмиз» (Анбиё, 35).
А.Наимов,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари