Савол: Ассалому алайкум! Аввалги саволларимга берилган жавоб учун ташаккур! Ҳозирги саволим: 1. Келин қайнотанинг тирноғини олса бўладими? 2. Ва яна сешанба, шанба кунлари ҳамда кечқурун тирноқ олиб бўлмайди дейишади, – шунга ойдинлик киритиб берсангиз! Олдиндан раҳмат!
Жавоб: Ва алайкум ассалом! 1. Йўқ, келин қайнотани тирноғини олмагани маъқул. Чунки айрим сабабларга кўра, мазкур келин эрига абадий ҳаром бўлиб қолиши мумкин. Бу ҳолатлардан ниҳоятда эҳтиёт бўлиш лозим. Чунки агар қайнота келинини ёки келини қайнотасини қасддан бўлсин ёки хато қилиб, тўсиқ билан (баданнинг ҳароратини сезадиган даражада) бўлсин ёки тўсиқсиз бўлсин, шаҳват билан ушласа, ўғлига келини ҳаром бўлиб қолади. Бу ўринларда агарчи ёмон хаёлга борилмаса ҳам, ёмонликка олиб борувчи эшик очилиши ва шайтон фурсатдан фойдаланиб, фитнани ташлаши мумкиндир. Шу ўринда баъзи оилаларда маданият саналиб, келинларнинг қайноталари билан қўл беришиб ёки юздан ўпиб кўришишлари келиннинг эри билан никоҳини қайта тиклаб бўлмайдиган даражада бутунлай бузилиб кетишига сабаб бўлишидан огоҳлантириб қўйишимиз даркордир. 2. Тирноқ олишга муайян кун тайин қилинмаган. Валлоҳу аълам.
ЎМИ фатво ҳайъати