Ҳурматли жамоа! Динимиз ҳар бир инсоннинг шахсий ҳаёти ва жамиятда тинч тотув ва фаровон ҳаёт кечириши, дунё ва охират саодатига етиши учун хизмат қилади. Бу йўлда динимизнинг ўзига хос фарзлари, асослари ва қоидалари бўлиб, шулар ичида динда мўътадил бўлиш муҳим аҳамият касб этади. Динимиз модда ва руҳ, дунё ва охиратни бирдек эътиборга олади. Бирини эътироф қилиб, иккинчиси инкор қилмайди.
Мўътадиллик, ишларда ўрта йўлни тутиш Ислом умматига хос. Аллоҳ таоло ислом умматини бошқа умматлар ичида ўрта уммат қилган. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:
وَكَذَلِكَ جَعَلْنَاكُمْ أُمَّةً وَسَطًا لِتَكُونُوا شُهَدَاءَ عَلَى النَّاسِ وَيَكُونَ الرَّسُولُ عَلَيْكُمْ شَهِيدًا
яъни: “Шунингдек, сизларни (мусулмонларни бошқа) одамларга (умматларга) гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбарнинг сизларга гувоҳ бўлиши учун “ўрта уммат” қилиб қўйдик” (Бақара сураси, 143-оят).
Ояти каримадаги “ўрта уммат”нинг маъноси адолатли, энг яхши ва турли фазилатларга эга бўлишдир. Мана шу ояти карима далолати билан Ислом уммати афзал уммат ҳисобланади. Бунга қуйидаги ояти карима ҳам далолат қилиб туради:
كُنْتُمْ خَيْرَ أُمَّةٍ أُخْرِجَتْ لِلنَّاسِ تَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَتَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنْكَرِ وَتُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ
яъни: “Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз, (эй, мусулмонлар!) зеро, сиз амри маъруф, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга имон келтирасиз” (Оли Имрон сураси, 110-оят).
Демак, Ислом умматининг фазилати Аллоҳ таолога имон келтиргандан сўнг инсониятни эзгуликка чорлаш, ёмонликдан қайтариш экан.
Аллоҳ таоло ўз ўрнида Аҳли сунна вал жамоа (машҳур тўрт мазҳаб эргашувчилари)ни бошқа исломий фирқалар ичида васатийлик-мўътадиллик билан ажратиб қўйди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:
﴿ لَا تَزَالُ طَائِفَةٌ مِنْ أُمَّتِي ظَاهِرِينَ عَلَى الْحَقِّ، لَا يَضُرُّهُمْ مَنْ خَذَلَهُمْ، حَتَّى يَأْتِيَ أَمْرُ اللهِ وَهُمْ كَذَلِكَ ﴾
(رَوَاهُ الامام مُسْلِمٌ عَنْ ثَوْبَانَ رضِيَ اللهُ عَنْهُ)
яъни: “Умматимдан бир тоифа ҳақда зоҳир бўлган ҳолларида давом этарлар, уларни тарк қилган киши уларга зарар келтира олмас. Аллоҳнинг амри келгунича улар ўша ҳолда бўлурлар” (Имом Муслим ривоятлари).
Аҳли сунна вал жамоа ҳам дин ишлари: эътиқод, илм, амал ва ахлоқда мўътадилдир. Соғлом фикрли инсон яхши англайдики, Ислом дини таълимотида мўътадиллик ғояси ётади ва унга эргашиш инсониятни ҳеч қачон залолатга бошламайди. Зеро, мўътадиллик бу – ҳаддан ошиш ёки сусткашликка йўл қўйиш, қаттиқ олиш ёки ўта бўш қўйиб юбориш ўртасида бўлиб, мана шу мувозанатни сақлаган киши тўғри йўлдан адашмайди.
Диндаги мўътадиллик эътиқод, амал, илм ва ахлоқда Қуръони карим, ҳадиси шарифлар ва уламоларнинг сўзларини маҳкам ушлаш билангина юзага чиқади.
Биз васатия-мўътадилликни яхши тушуниш учун ғулув (ҳаддан ошиш) ва камчиликка йўл қўйиш масалаларини яхши билиб олишимиз керак. Чунки мўътадиллик мана шу икки нуқсонли иш ўртасида бўлади.
Қуръони каримда дунё ва охират ишларини бирга олиб бориш ҳақида шундай дейилади:
وَابْتَغِ فِيمَا آَتَاكَ اللَّهُ الدَّارَ الْآَخِرَةَ وَلَا تَنْسَ نَصِيبَكَ مِنَ الدُّنْيَا
القصص: 77
яъни: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин” (Қасос сураси, 77-оят).
Амалда ҳаддан ошишдан ҳам кўра, эътиқодда ғулувга кетиш ёмонроқдир. Масалан, пайғамбарларни ҳаддан ташқари улуғлаш натижасида уларни илоҳ даражасига кўтариш ёки Худонинг ўғли, дейиш ҳам динда ҳаддан ошишдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:
يَا أَهْلَ الْكِتَابِ لَا تَغْلُوا فِي دِينِكُمْ وَلَا تَقُولُوا عَلَى اللَّهِ إِلَّا الْحَقَّ
النساء: 171
яъни: “Эй, аҳли китоблар! (Исони илоҳийлаштириб) динингизда ҳаддан ошиб кетмангиз! Аллоҳ (шаъни)га эса фақат ҳақ (гап)ни айтингиз!” (Нисо сураси, 171-оят).
Бу ояти каримадан тушуниладики, аҳли китобларнинг бир тоифаси Исо алайҳиссаломни ҳурматлаб, илоҳ даражасига кўтарган бўлса, баъзилари у зотни ўлдирганликларини даъво қиладилар. Мусулмонлар эса ўрта йўл тутиб, Исо алайҳиссаломни Аллоҳнинг бандаси ва пайғамбари деб эътиқод қиладилар.
Аллоҳ таоло ҳалол қилган нарсаларни ўзи ёки ўзгаларга ҳаром қилиш ҳам эътиқодда ҳаддан ошишнинг бир туридир. Бу ўриндаги мўътадиллик Аллоҳ ва Расули ҳалол қилган нарсаларни ҳалол деб билиш, ҳаром қилган нарсаларни эса ҳаром деб билиш билан бўлади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:
قُلْ مَنْ حَرَّمَ زِينَةَ اللَّهِ الَّتِي أَخْرَجَ لِعِبَادِهِ وَالطَّيِّبَاتِ مِنَ الرِّزْقِ قُلْ هِيَ لِلَّذِينَ آَمَنُوا فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا خَالِصَةً يَوْمَ الْقِيَامَةِ كَذَلِكَ نُفَصِّلُ الْآَيَاتِ لِقَوْمٍ يَعْلَمُونَ
яъни: “Айтинг: «Бандалари учун чиқарган Аллоҳнинг зийнатини ва пок ризқларни ким ҳаромга чиқарди?» Айтинг: «У (зийнат ва пок ризқлар) бу дунёда имон келтирганлар (ва бошқалар) учун, қиёмат кунида эса, холис (мўминларнинг ўзлари учун бўлур)». Шундай қилиб, оятларни биладиган қавмларга муфассал баён қилурмиз” (Аъроф сураси, 123-оят).
Луқмони Ҳаким ўғлига насиҳат қила туриб ҳатто юриш туришда ҳам ўртачалик яхши эканини уқтирадилар. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:
وَلَا تُصَعِّرْ خَدَّكَ لِلنَّاسِ وَلَا تَمْشِ فِي الْأَرْضِ مَرَحًا إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ كُلَّ مُخْتَالٍ فَخُورٍ
яъни: “Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки, Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас”.
وَاقْصِدْ فِي مَشْيِكَ وَاغْضُضْ مِنْ صَوْتِكَ إِنَّ أَنْكَرَ الْأَصْوَاتِ لَصَوْتُ الْحَمِيرِ
яъни: “(Юрганингда) ўртаҳол юргин ва овозингни паст қилгин! Чунки овозларнинг энг ёқимсизи эшаклар овозидир” (Луқмон сураси, 18-19-оятлар).
Динимизда хайру эҳсон ишларида ҳам мўътадиллик тарғиб қилинади. Бундаги афзал ҳолат бахиллик ва исрофнинг ўртасидир. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:
وَلَا تَجْعَلْ يَدَكَ مَغْلُولَةً إِلَى عُنُقِكَ وَلَا تَبْسُطْهَا كُلَّ الْبَسْطِ فَتَقْعُدَ مَلُومًا مَحْسُورً
الإسراء: 29
яъни: “(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз” (Исро сураси, 29-оят).
وَالَّذِينَ إِذَا أَنْفَقُوا لَمْ يُسْرِفُوا وَلَمْ يَقْتُرُوا وَكَانَ بَيْنَ ذَلِكَ قَوَامًا
الفرقان: 67
яъни: “Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир” (Фурқон сураси, 67-оят).
Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ҳам мўътадилликка асосланган эди. У зот ҳеч қачон умматларини оғир машаққатли ибодатларга буюрмас, балки баъзи амаллар умматга фарз бўлиб қолишидан хавф қилиб, у амалларни гоҳида тарк қилардилар. У зотнинг суннатлари осон ва енгил, машаққатсиз бажариладиган амаллар эди. У зот алайҳиссалом умматининг энг заиф тоифаларини ҳам эътиборга олиб йўл тутардилар. Заиф тоифалардан соғлом, куч-қувватга тўлганларнинг вазифаларини талаб қилмасдилар. Мўътадиллик мавзусида У зот шундай дейдилар:
إنَّ الدِّينَ يُسْرٌ، وَلَنْ يُشَادَّ الدِّينَ أَحَدٌ إلا غَلَبَهُ
رواه الامام البخاري عن أَبي هريرةَ رضي الله عنه
яъни: “Албатта дин осондир. Кимки унда чуқур кетса, дин уни мағлуб қилади”, дедилар (Имом Бухорий ривоятлари).
Яъни одам ўзини ҳаддан ортиқ қийнаб, фарз ва суннатлардан ташқари тоқатидан ортиқ ибодатларга мажбурласа, охирида малолланиб, ожиз қолиб ҳаммасини ташлаб қўяди.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом динда ғулувга кетишдан огоҳлантириб шундай дейдилар:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِيَّاكُمْ وَالْغُلُوَّ فِي الدِّينِ فَإِنَّهُ أَهْلَكَ مَنْ كَانَ قَبْلَكُمْ الْغُلُوُّ فِي الدِّينِ
яъни: “Эй, одамлар! Динда ҳаддан ошишдан эҳтиёт бўлинглар! Чунки сиздан аввалгиларни динда ҳаддан ошиш ҳалок қилган” (Ибни Можа ривоятлари).
Қуйидаги ҳадиси шариф ҳам мўътадилликка яққол мисолдир: “Уч киши Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларига келиб, бири: “Мен туни билан намоз ўқийман”, деди. Кейингиси: “Ҳар куни рўза тутаман”, деди. Охиргиси: “Мен ҳеч қачон уйланмайман”, деди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга қасам, мен сизлардан кўра тақводорроқман. Лекин мен рўза ҳам тутаман, ифтор ҳам қиламан (рўза тутмаган куним бўлади), кечаси намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам ва уйланаман. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас”, дедилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилганлар).
Динда ҳаддан ошишнинг яна бир кўриниши мусулмонларни ўзидек фикрламагани ёки ўзига қўшилмагани учун кофирга чиқаришдир. Бу ҳолат Исломнинг аввалидан юзага чиққан ва ҳозиргача етиб келаётган катта мусибатдир. Такфирчи жамоатлар кўпчилик мусулмонларни кофир санаб, уларнинг қонини ҳалол санашди. Натижада мусулмонларга қарши уруш очиб, уларнинг қонини тўкишди. Охири ўзлари ҳам мағлуб бўлган бўлсаларда, ижтимоий тармоқларда ин қуриб олиб, турли ғулувга йўғрилган фатволарни чиқариб туришибди. Бу уларнинг айнан биз ўрганаётган мавзу – мўътадиллик масаласини билмаслиги ёки билишни хоҳламаслиги сабаблидир. Афсуски, уларнинг ана шундай ботил фатволарига амал қиладиган, уларга эргашадиган, алданган мусулмонлар топилиб турибди. Уларга қулоқ солиб, фитна ўчоқларига борганларнинг пушаймон бўлиб мусулмонларга мурожаат қилаётганини эшитиб турибмиз. Улар интернетдаги қўштирноқ ичидаги фатво бераётганларнинг алдовга мутлақо ишонмаслик кераклиги, воқеъликда эса ҳолат улар айтганидек эмаслигини айтмоқдалар. Вақт ўтиши билан такфирчи тўдаларнинг алдов ва жиноятлари халққа янада кўпроқ ошкор бўлади. Аллоҳ таоло бундай адашишдан ўзи асрасин! Бу ўринда ҳаддан ошиш шуки, мусулмон киши динга қайси йўл билан кириб келган бўлса, ўша йўл билан ундан чиқади. Яъни, у исломга имон келтириб кириб келади. Фақат ва фақат ана шу имонидан қайтсагина диндан чиқади. Лекин кимларнидир фикрига, ғоясига ёки Ислом оламида тан олинмаган “ҳижрат ва жиҳоди”ига қўшилмагани учун кофир бўлиб қолмайди.
Аллоҳ таоло барчамизни ўзи мақтаган “ўрта уммат” сафига қўшсин! Ҳар соҳада мўътадилликка амал қилиб, икки дунё саодатига етишни муяссар қилсин! Омин!