Дунё яратилгандан сўнг биринчи пайғамбар қилиб Одам алайҳиссалом юборилган бўлиб, Нуҳ алайҳиссалом даврларича инсонлар учун фақат, ёлғиз Аллоҳ таолони таниб, ундан бошқа илоҳ йўқ, деб эътиқод қилиш илоҳий таълимот бўлиб ҳисобланган. Бу давр мобайнида улар учун шаръий ҳукмлар жорий этилмаган, эътиқод бобида ўрталарида ҳеч қандай ихтилоф ҳам бўлмаган. Аллоҳнинг шариати ва уни Дин деб аталиши Нуҳ алайҳиссалом давридан бошланган бўлиб, кейинги пайғамбарларга берилган янги шаръий ҳукмлар билан Ислом дини шариати такомиллашиб борди. Ниҳоят сўнги пайғамбар Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган Қуръон билан Аллоҳ таоло ўз динини мукаммал қилиб берди. Бу ҳақда Қуръони каримда: “…Бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим…”, – деб марҳамат қилган (Моида сураси, 3-оят).
Дарҳақиқат, Аллоҳ таолонинг дини бир бўлиб, ана шу динга инсонларни чорлаш учун У ўз пайғамбарларини юборган экан, ўз навбатида ҳар бир пайғамбарга нозил қилган китобида динда ихтилофга бормасликка, фирқага бўлинмасликка буюрган (Шўро сураси, 13-оят). Шу жумладан, бизким уммати муҳаммадияга ҳам нозил қилинган Қуръони каримда: “Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони” (Қуръони)ни маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг…”, – дейилган (Оли Имрон сураси, 103-оят).
Инсоният тарихидан маълумки, ҳар қачон бирор пайғамбар келиб, у ўз қавмига Аллоҳнинг шариатини етказар экан, вақт ўтиши билан айрим инсонлар шайтоннинг найранги ва васвасасига учиб, ноқис ақлларига суяниб, илоҳий шариатни буздилар, соф ақидани барбод қилдилар. Натижада, дин парчаланиб, инсонлар турли туман дин ва ақидаларга бўлиниб кетдилар. Жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда хабар бериб: “Бани Исроил қавми етмиш икки фирқага бўлиниб кетган. Менинг умматим эса етмиш уч фирқага бўлинади. Улардан фақат биттасигина жаннатийдир. Қолганлари эса дўзахга тушади”, – дедилар. Шунда саҳобалар: “Жаннатий фирқа қайси?”, – деб сўрашганда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менинг ва саҳобаларимнинг йўлидан юрганлар”, – деб жавоб берганлар (Имом Термизий ривояти). Буни уламолар ижмоъ билан “аҳли суннат вал жамоат” фирқаси деб номлаганлар.
Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар қилиб юборилган даврларида ва у кишидан кейин ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳу халифалик даврларигача Ислом дини шариат ва ақидада яхлит бутун эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида айрим ибодат масалаларида ихтилоф юзага келиб қолса, саҳобалар У зотдан сўраб ечимини топар эдилар. Биринчидан, садри ислом, иккинчидан, турли даражадаги фикрловчилар бўлгани сабабли айрим масалаларда хусусан, Қуръони карим тиловати ва фиқҳий масалаларда тушунмовчилик ва ихтилоф чиқиши муқаррар эди. Пайғамбар алайҳиссалом ҳакимона йўл тутиб ўз даврларида барча ихтилофларни бартараф қила билдилар.
Аллоҳ таоло Ўз дини бўлмиш Исломни камолга етказиб бергандан кейин ва шу муқаддас исломни биз мусулмонлар буюк неъмат деб қабул қилганимиздан сўнг ихтилофларга юзланишимизни қандай тушуниш керак? Ҳозирги кунда тинчликка раҳна солиб, Ислом динида бўлмаган турли ихтилофларни юзага келтириш динга нисбатан душманлик эмасми? Хўш! Ўша душманлар, яъни динимиз душманлари ким ўзи? – деган ҳақли савол туғилади. Бунга жавоб шуки, ихтилофнинг юзага чиқишига сабаб бўлаётганлар биринчидан ташқи душманлар, иккинчидан дунёвий ғараз ва мансабпарастликка берилган айрим аламзада калтабин кимсалардир.
Бундай дин душманлари тарихда ҳам бўлиб ўтган. Ҳазрати Усмоннинг вафотларидан кейин, вазиятнинг кескинлашиши оқибатида мансаб талашиш орқали ихтилоф чиқиб Ислом динида фирқалар юзага кела бошлади. Халифа Усмон ибн Аффоннинг хиёнаткорона ўлдирилишларидан сўнг, кўпчилик мусулмонлар Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳуни халифаликка сайладилар. Аммо, айни пайтда Шом шарифда волийлик вазифасини бажарувчи Умавийлардан бўлган Муовия ибн Абу Суфён милодий 657 (ҳижрий 37) йилда Сиффин воқеасида ҳазрати Усмон бин Аффон ўлимига сабаб бўлган нарсани ҳал қилиш учун иккита ҳакам тайинлаш ва иш ҳал бўлгандан кейингина Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳуни халифаликка сайлашни талаб қилади. Ўз навбатида ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу бунга рози бўладилар. Бироқ, бир тоифа мусулмонлар ҳазрати Алига Муовиянинг таклифини қабул қилганликлари учун эътироз билдиришади ва очиқдан очиқ қарши чиқадилар. Мана бу исломда биринчи юзага келган хаворижлар фирқаси эди. Бу Исломни сиёсийлаштиришнинг илк кўриниши эди. Уларнинг эътиқод бобида энг кўзга кўринган жиҳатлари гуноҳи кабира қилган кишини кофирга чиқаришдир. Уларнинг содир этган мудҳиш ишларидан бири, Абдуллоҳ ибн Ваҳб раҳбарлигида бир мусулмон ва бир насроний кишини учратиб қоладилар. Шунда насронийни, пайғамбаринг йўлидан юравер, деб қўйиб юборишади. Аммо, мусулмонни эса, уларнинг фикрига қўшилмагани учун кофир бўлди, деб қатл қиладилар.
Ақидада адашган тоифалардан яна бири сабаийлар бўлиб, унинг асосчиси яҳудий Абдуллоҳ ибн Сабодир. Улар Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳуни худо деб эътиқод қилганлар. Ҳазрати Алининг ўзлари уларни бир неча марта бу эътиқоддан қайтаришларига қарамай, улар У зотни холиқимизсиз, розиқимизсиз дейишдан тўхтамайдилар. Албатта, бундай эътиқод қилиш билан мусулмон киши диндан чиқади. Шунинг учун ҳам Али каррамаллоҳу важҳаҳу ҳандақ кавлатиб, бошқаларга ўрнак бўлиши учун уларни ўша ерда куйдириб юборганлар.
Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига зид бўлган тоифалардан яна бири мўтазилалар бўлиб, бу оқимнинг раҳбари Восил ибн Атодир. Мўтазилалар аҳли сунна вал жамоага бир нечта ақидавий масалаларда хилоф қилганлар ва ўз эътиқодларини аҳли сунна вал жамоа кишиларига, ҳатто олимларига ҳам зўрлик билан ўтказишга ҳаракат қилганлар. Мўътазилаларнинг қазо ва қадар масаласидаги фикрлари Қадарийларникига (тақдирни инкор этувчи фирқа) яқин бўлганлиги учун уларни қадарийлар деб ҳам аташади. Мўътазилалар амру маъруф ва наҳий мункар ҳар қандай ҳолатда, ҳатто қилич билан бўлса ҳам амалга оширилиши лозим, деб эътиқод қиладилар.
Бундан ташқари тарихда Жабария, Жаҳмия, Карромийя ва ҳоказо фирқалар мавжуд бўлган бўлиб, буларнинг барчаси аҳли сунна вал жамоа эътиқодига зид бўлган ақидаларни илгари суришган.
Асримизнинг сўнгги йилларига келиб, Ислом динини ўзларига ниқоб қилиб олган бир гуруҳ манфур кимсалар ва Ҳизбут таҳрир, Ваҳҳобий, Акромий каби турли номдаги тоифалар пайдо бўлди. Улар жамият ўртасида бузғунчилик, ноҳақ қон тўкилиши каби салбий ҳолатларни авж олдириб, мусулмонлар тинчлигини бузиб, дунё-ю охиратнинг барча эзгуликларига чорловчи Ислом динига зарар етказиб, уммат орасида низо чиқаришга, нифоқ солишга ҳаракат қилдилар. Ўзларини Ислом дини ва мусулмонларни ҳимоя қилувчи халоскор фирқа деб эълон қилдилар. Ваҳоланки, улар Ислом динига зид бўлган бузғунчи фирқалардир.
Юқорида тавсифлари берилган диний оқимларнинг номлари турлича бўлса-да, аслида уларнинг мақсадлари ва ғоялари битта – динни ниқоб қилиб ҳокимиятга интилиш, тинч-осойишта халқ орасида нифоқ ва ихтилоф чиқариш. Энг ачинарлиси шундаки, бу оқимлар ҳали онги шаклланиб улгурмаган, тажрибасиз, ғўр ёшларни ўз тузоғига илинтириб, улардан ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланмоқдалар.
Шу ўринда турли бузғунчи оқимларга муносабат масаласида шариат ҳукми нуқтаи назаридан қандай баҳо берилади? – деган табиий бир савол туғилади. Бу саволга қатъий жавобимиз шуки, салаф уламолари уларнинг барчасини “аҳли бидъат” деб номлаганлар. Муқаддас Ислом динини ниқоб қилиб манфур ишларни амалга ошираётган аллақандай мутаассиб кучлар, табиийки, ер юзидаги барча мусулмонларнинг руҳий олами ва дунё қарашини белгилай олмайди.
Уламоларнинг бидъат аҳли билан ўтириш, улар билан ҳамсуҳбат бўлишдан қайтарганликлари ҳақида асарларда келтирилган. Жумладан, Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: Бидъатчи фосиққа зинҳор яқин келма, акс ҳолда қалбинг унинг гапига моил бўлади ва натижада ҳалок бўласан. Унга қарши чиққан тақдирингда ҳам, қалбингни мараз қоплайди, деганлар. Яҳё ибн Касийр эса: Агар йўлда бидъатчига йўлиқиб қолсанг, бошқа йўлга бурилиб кет, деганлар.
Шу ўринда яна минг таассуф билан қайд этиш лозимки, бугунгилик кунга келиб динимиз софлигига энг катта путур етказиб, унинг равнақига ғов бўлаётган хозирда «ишид» номи билан аталаётган бу терорчи гуруҳнинг чиқишлиги мусулмонлар учун катта фитна бўлди. Қўштирноқ ичидаги ўзларини «Ислом давлати» деб атаётган бу гурух бутун дунёга соф булган ислом динимизни хунук килиб кўрсатмокдалар. Чунги улар динизда ҳаром қилинган ишларни ўзларига ҳалол қилиб олмокдалар. Биргина мисол билан уларнинг қилаётган ишлари мутлақо динимизга зид эканини кўришимиз мумкин. Динимизда асирларни, элчиларни, болаларни ўлдиришдан қайтарилган. Улар эса ҳеч иккиланмай, ўзаро фатво чиқариб асирларни, элчиларни, норасида болаларни ҳам қатл этишлари, ким эканликларини кўрсатиб турибди. Шунинг учун бу ҳолатлар ҳар бир мусулмонни янада огоҳ-ҳушёр бўлишга ундайди. Айниқса, бу фитналар қармоғига кўз қорачиқларимиз илиниб қолишлигидан эҳтиёт бўлайлик.
Жаннатмакон юртимиздаги тинчлигимизни бардавом айласин!
Соҳибжон АҲМЕДОВ,
Бағдод тумани бош имом-хатиби