Инсон бутун умри давомида ейиш-ичишга доимо муҳтож бўлиб келган. Ундан қувват олиб ҳаёт кечиради,Аллоҳ буюрган амалларни адо этади. Дастурхон устида ўтириш, таом ейиш,ичимлик ичишнинг ҳам одоблари тартиб қоидалари борки уларга амал қилсак ўзимиз учун фойдали бўлади.Уламоларимиз сиҳат-саломатликни сақлашда меёрга эътибор беришни алоҳида таъкидлаб,қуйидаги ояти карималарни муҳимлигини айтадилар: “Енглар ичинглар,лекин исроф қилманглар”.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бу борада ҳакимона маслаҳат қиладиларки: “Ошқозон хасталиклар уйидир,парҳезли овқатланиш эса барча даволар асосидир”.
Меъёрида овқатланиш ҳам одобга киради.Хилма-хил овқатлар,доимий қуюқ зиёфатларга ўчлик одамни ялқов қилиб қўяди,соғлигига путур етказади,тоатдан чалғитади.Кўп таом ейиш инсон табиатига ёт нарса,табиблар ҳамиша кўп таом ейишдан қайтаришган,таомни кам ейишни кўплаб фойдали томонларини айтиб ўтишган.
Бугунги кунда озиқ-овқатни исроф даражасида ортиқча истеъмол қилишнинг соғликка асорати яққол намоён бўлмоқда.Ҳозирги даврнинг кўпгина касалликларига шу исрофгарчиликлар сабаб бўлмоқда.Ҳадиси шарифдаРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қориндир.Одам боласига қаддини турғазадиган емаклар етади. Агар жуда лозим бўлса, таоми учун учдан бир, шароби учун учдан бир ва ҳавоси учун учдан бир”, деганлар.
Таомланиш олдидан қўлни ювиш,еб-ичишни “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим” билан бошлаш,ўнг қўлда ейиш, таомни ўз олдидан бошлаш,дастурхонга тўкилган ушоқ ва гуруч каби доналарини териб ейиш,қорин тўгандан кейин “Алҳамдулиллаҳ”, деб яратганга ҳамд айтиш” овқатланишнинг энг муҳим одобларидир”. Дастурхонга тортилган таомнинг айбини қидирилмайди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон,ҳеч қандай таомни айбламадилар.Агар иштаҳалари тортса,ер эдилар.Кўнгиллари тусамаса,тарк қилар эдилар”, деди”. Мусулмонлик одоби ҳар қандай таом тановвул қилганда уни мақташни, айбламасликни ва таом тайёрлаган шахсга ташаккур айтишни унутмаслик керак. Яқин атрофда турган кишиларни ҳам дастурхонга таклиф қилиш лозим. Дастурхон устида яхши гапларни гапириб суҳбатлашишлик ҳамчиройлик амал ҳисобланади.
Ҳар қандай ҳалол таом банда учун Аллоҳ таолонинг неъматидир. Ҳар қандай неъмат учун банда Аллоҳ таолога шукр қилиши лозим.Фақат ношукр инсонгина шукр ўрнига, таомнинг айбини қидиради. Таомни ёнбошлаган ҳолатда ейилмайди.Бу иш беодоблик ва маданиятсизлик бўлиб инсон соғлигига ҳам зарардир.Ёши улуғлар ва фозил кишилар дастурхондаги таомга қўл узатмагунча бошқалар кутиб туришади.Ҳозирги кунда бизлар бу одобни кўп ҳолатларда унутиб қўймоқдамиз. Айниқса, фарзандларимизга ёшлик чоғларидан ўргатиб, унга амал қилдириб борсак дастурхон устидаги бу одобни ҳам кенг ёйган бўламиз.
Овқатланишда тез ва шошиб ейиш ҳам соғлиққа зарар қилади. Таом иссиқ ёки жуда совуқ ҳолда ейилмайди,унга пуфланмайди,ҳидлаб кўрилмайди,ҳўриллатиб ёки шапиллатиб ейилмайди.
Таом ейилаётган қўл коса ёки товоққа,дастурхонга силкитилмайди.Дастурхон устида ўзгаларнинг нафратини ва ижирғанишини қўзғайдиган қилиқларни қилишдан сақланиш керак.Таомни ўнг қўл билан ейилади.Ҳар ким ўз олдидан ейди. Луқмани одамлар олдидан олмаслик керак. Чунки одамлар олдидаги луқмани олиш, одобсизликдир. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Олдингдан егин!», дедилар. Бировни олдидаги таомга қўл узатиш беодобликдир.Таомдансўнг икки қўлини ювади.
Таомнинг борига шукр ва қаноат қилиш, яхшисини ахтариб, ўзини овора қилмаслик мусулмоннинг юксак одобидандир.
Мусулмон киши турмушини яхши таъмин қилиш учун имкониятидаги барча ҳалол воситаларни ишга солиб, ҳаракат қилаверади. Аммо ризқ бериш Аллоҳдан эканини ҳеч қачон унутмайди. Шунинг учун ўзига берилган ризқ-насиба Аллоҳнинг иродаси ила бўлган, деб билади. Оз бўлса, норози бўлмайди, кўп бўлса, ҳовлиқиб кетмайди. Чунки Аллоҳнинг иродасига қарши чиқиш мусулмон одам учун тўғри келмайди.
Таомни ўтириб ейиш одобдандир, тик туриб ёки юрган ҳолда ейиш беодобликдир.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб ичишдан қайтардилар. Шунда: “Ейиш-чи?”дейилди.
“У яна ҳам оғирроқ”, дедилар». Еб ичгандан кейин Аллоҳга шукрона айтишни ҳеч қачон унутмаслик керак.
Муоз Ибн Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким таом еса-ю, кейин:
“Шуни менга, менинг куч-қувватимсиз, таом қилиб ва ризқ қилиб берган Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират бўлгай”, дедилар”.
Бугун айримлар нормал ҳолат ҳисоблайдиган, аслида кўплаб касалликларнинг асосий сабабчиси бўлган семизлик ривожланган мамлакатларда катта тиббий ижтимоий муаммога айланди, деб ёзади интернет нашрлари. Маълумотларга кўра, АҚШ аҳолиси орасида семизлик 20 фоизни ташкил қилса, Европа мамлакатлари (Англия, Франция, Германия)да бу рақамни 20-30 фоизни ташкил этмоқда. Россияда ўтказилган охирги текширишлар мамлакатда бу рақамни 26 фоизга тенг, деб топди. Бу хасталик юртимизга ҳам бегона бўлмай, бошқа жойларда бўлгани каби бизда ҳам катталар қатори болалар ўртасида семизлик учрамоқда.
Ортиқча вазн ва семизлик саломатликка салбий таъсир кўрсатиб, бир қатор сурункали касалликларга сабаб бўлиши мумкинлигини тиббиёт ходимлари таъкидлаб келишмоқдаОвқатланиш тартиби ва қоидаларининг бузилиши семизлик келиб чиқишида катта роль ўйнайди. Олий тоифали шифокор Анвар Аралов шундай дейди: Калорияси баланд маҳсулотларни истеъмол қилгандан сўнг унинг ҳазми масаласига ҳам эътибор қаратиш керак. Аммо аксарият ҳолларда бунинг аксини қиламиз. Ўзбек хонадонларида кечки овқатга палов, қовурдоқ, хамирли таомлар тайёрланади ва кўпинча соат 19.00 дан кейин дастурхонга тортилади. Таом истеъмолидан сўнг бироз телевизор кўриб, ухлашга кирамиз. Ошқозонга тушиб, ҳаракатсизликдан ачий бошлаган овқат танага куч-қувват бўлмайди, аксинча, ҳужайраларга кислород ташиб дармон бўлиш ўрнига уларнинг “қотили”га айланади.
Камҳаракатлик ҳам вазн ошишига сабаб бўлади. Соғлом танада ҳамма нарса балансда бўлиши керак. Озуқавий миқдор билан организмнинг энергия сарфи бир-бирига тўғри келганда, ортиқча вазн муаммоси ҳам бўлмайди.
Бундан ташқари, жинс, ёшнинг ўтиши, касб-кор, ҳомиладорлик, руҳий омиллар ҳам семиришга туртки бўлиши мумкин. Аммо бу жараённи оқилона бошқариш шахснинг ўзига боғлиқ. Ҳолбуки, фақат серҳаракатлик, жисмоний фаоллик, турли хил жисмоний фаолият турлари билан машғул бўлиш орқали ҳар бир киши ўз саломатлигини сақлаши мумкин. “Узоқ умр кўрай десанг, кўпроқ ҳаракат қил”, деган мақол ҳам бежиз айтилмаган.
Семизликка қарши энг яхши самарали даво усули калорияси чекланган овқат рационини қўллашдан иборатдир.Эрталабки бадантарбия ва жисмоний меҳнатнинг бирор тури билан доимий равишда шуғулланиш ҳам мақсадга мувофиқ. Узоқ вақт пиёда юриш ҳам тана вазнини меъёрида сақлаш учун яхши самара беради.Семизлик тана учун ҳамиша ортиқча юк, ақл учун кераксиз ташвиш. Шунинг учун семизликни қўй кўтаради, дейишади. Бу муаммодан қутулишнинг ягона чораси шу лаҳзаданоқ унга қарши курашишдан иборат.
Абу Али ибн Сино ҳам “Тиб қонунлари” асарида тўғри овқатланиш ва унинг аҳамияти тўғрисида тўхталиб, “Кимки соғлом турмуш тарзига эришмоқчи бўлса, ўз соғлиғини сақламоқчи ва мустаҳкамламоқчи бўлса, овқатланиш тартибига, истеъмол қилинаётган овқатнинг сифатига, миқдорига, овқатни истеъмол қилиш вақти ва унинг ҳазм бўлиш жараёнига асосий эътиборини қаратмоғи лозим”, деб таъкидлаган.
А.Наимов,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари