Фарғона шаҳри халқа йўлининг Ёрмозор йўналишида “Фарғона” чойхонаси жойлашган. Ўзбекона жиҳозланган хоналарнинг бирида ўн беш чоғли аҳли дилларнинг ширин суҳбати авжида. Шунда шифокор Усмонжон анча йиллар илгари бўлган бир воқеани айтиб берди:
Ўшанда бошлиғимиз билан идоранинг хизмат машинасида Қўқондан Фарғонага қайтаётган эдик. Бўстон қишлоғи яқинида эскирган бу машина иш кўрсатиб, енгил таъмир талаб бўлиб қолди. Ҳайдовчи машинани йўл четида қолдириб, яқин орадаги устахонага кетди. Йўлнинг икки чети ўрикзор. Атрофи ўралмаган. Истаган одам тўхтаб, салқинласа бўлгундай сўлим жойлар. Айни ўрик пишиғи. Биз ўрикзорга кирдик. Шеригим билан қуёш нурида товланган ўриклардан тотиб кўрмоқчи бўлдик. Атрофда ҳеч ким кўринмади.
Ўтган- кетганлар еса ҳам савоб бўлади, деб экишган бу ўрикларни дея дарахтга чиқиб, кичикроқ шохларини силкидим. Майсалар устига тушган ўриклардан бошлиқ энди бир-иккита тотиб кўрар-кўрмас, бир одам шовқин-сурон, дағ-даға билан келиб қолди. У одам боғбон ё қоровул бўлса керак, бир зумда бисотидаги бари қўпол, хунук сўзларни раҳбарнинг устидан ағдарма машинада шағал ағдаргандай тўкиб сола бошлади. У киши асабийлашиб турган эканми, раҳбарнинг ишораси билан мени кўриб қолиб, ҳалиги сўзларини энди менга ёғдира бошлади. Айб ўзимизда, сўрамасдан ўрик қоққанлигимиз учун жим қолдик. Бошлиғим рўмолча ахтардими ё тўкилган ўрикларнинг ҳақини тўламоқчи бўлдими, чўнтакларига қўл солди. Боғбон худди ёдлаб олгандай бизга дашном беришдан тинмасди.
Дарахтга қандай қийналиб чиққан бўлсам, ундан кўра машаққат билан қайтиб тушдим. Боғбоннинг олдига келиб, салом бериб икки қўллаб кўришдим. Қўлини қўйиб юбормасдан:
– Боғ ўзингизникими? – дедим.
– Ҳа, меники, – деди.
– Боғ ўзингизникими? – деб иккинчи марта сўрадим.
– Ўзимники, – жавоб қилди боғбон.
– Учинчи марта сўрайман, ўзингизникими? – дедим.
– Ҳа, ҳа, ҳа – дегач, қўлини қўйиб юбормасдан Ҳазинийнинг бир ғазалини уникидан анча паст овозда ўқий бошладим:
Бу ўтар дунёга дўстлар, боғу бўстонинг ғалат,
Барчани ташлаб кетарсан кўшку айвонинг ғалат.
Боғбон гапдан тўхтади, шеърга қулоқ сола бошлади. Юқоридаги мисраларни қайта ўқиб, давом этдим:
Ҳар киши дунёга келди, охири бир кун кетар,
Тоат этмай доимо беҳуда юргонинг ғалат.
Аввал қўлини тортиб олишга уринган бу одам, энди бу ишни ҳам унутиб бир мунча бўшашиб қолди:
Ўйлагилким, кетдилар жумлаи хешу табор,
Бир куни сен ҳам кетарсан мунда тургонинг ғалат.
У бир бошлиққа, бир йўл четидаги машинамизга қараб қўйди-да, бутунлай ғазал таъсирига тушди:
Англагил шоҳу гадоларга баробардир ўлим,
Қил сафар асбобини беҳуда юргонинг ғалат.
Ҳазиний асирига айланган боғбон қўлида титроқ сезилди. Кўзлари ёшланди шекилли, юзини четга бурди:
Тўша олмасдан борур бўлсанг худонинг олдига,
Туҳфа келтурдингму деб сўрганда армонинг ғалат.
У киши чап қўлида елкасидаги дурра билан юз-кўзларини арта бошлади. Унинг қўлини қўйиб юбордим, жилмади. Ғазални тугатдим:
Эй Ҳазиний, бу насиҳатга киши солса қулоқ,
Муддаийлар санга айтур, ҳарна айғонинг ғалат.
Боғбон шу онда мени қучоқлаб, қизишиб кетганига қайта-қайта узр айтди. Бизни қўярда-қўймай сал нарироқдаги бир ҳовлига олиб кирди. Хонадон соҳиби ёши улуғ одам эди. Салом-алик, ҳол-аҳвол сўрашдан кейин дарров дастурхон ёзилди. Ҳовлида пайдо бўлган дастёрлар ошга уринишди.
Боғбон ҳалиги шеърингизни бу отахонга ҳам айтиб берасиз, деб туриб олди. Мен, йўқ у сизга эди, бошқасини айтаман, деб Ҳазинийдан, Ҳазрат Ҳувайдодан, Машрабдан байтлар ўқиб бердим, ҳоли бақудрат шарҳладим. Отахон бошлиқ билан жуда тил топишиб қолди.
Уч соатга яқин суҳбат, зиёфат асносида мезбон ўттиз йил раислик қилгани, кўп давраларни кўрганини, лекин ҳеч бундай яйрамаганлигини айтиб, миннатдорлик изҳор этди.
Қайтишимизда маълум бўлдики, ҳар биримизга икки-уч қутидан ўрик териб машинага жойлаб қўйишибди.
Усмонжон даврага қараб ўша байтлар ҳозир ҳам эсимда, дея Ҳазинийдан “Тирикликда халойиқ бир-бири қадрини билмас” деб бошланган ғазални ўқиб сўзини тугатди.
Тоҳиржон АЛИЕВ,
Марғилон шаҳар “Қашқар” масжиди имом-ноиби