Бўл банда ато-аноға яксон –
Ким, Ҳақ деди: “Волидайн эҳсон”.
Қуллуқларин айла расму одат,
Кавнайн аро бил саодат.
А.Навоий
Бизларни дунёга келтириб, авайлаб ўстирган, нимани хоҳласак, муҳайё қилган, бизларга одоб-ахлоқни ва касб-ҳунарни ўргатган, илм берган, ҳаётга йўллаган, уйлаб-жойлаган, одамлар қаторига қўшган, умрлари ниҳоясигача ардоқлаб ўтган ота-онани ҳурматлаш, уларга яхшилик қилиш, меҳрибонлик кўрсатиш ҳар бир инсоннинг энг шарафли бурчи саналади.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло инсонга ота-онаси билан яхши муносабатда бўлиш ва доим уларга яхшилик қилишни буюрди.
«Парвардигорингиз Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар уларнинг (ота-онангизнинг) бирови ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб «уф» тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга (доимо) яхши сўз айт! Улар учун меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут-ҳокисор бўл ва: «Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаб-ўстирганларидек, Сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин», деб (ҳақларига дуо қил)!». («Исро». 23-оят).
Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо: «Уларга қараб «уф» тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма!» оятини шарҳлаб айтадилар: У нафрат сўзидир.
Муқотил айтади: У қўпол, ёмон сўзларни айтиш.
Банда тарбия бериб вояга етказган ота-онасининг меҳрибонлиги ва қийинчиликларини тушуниб етиши учун Аллоҳ азза ва жалла ушбу сўзида хусусан ота-она тарбиясини зикр қилди.
«Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаб-ўстирганларидек, Сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин», деб (ҳақларига дуо қил)!».
Аллоҳ таоло инсонга ота-онасининг ҳаққи хусусида шундай деди:
«Фақат Аллоҳ таологагина ибодат қиласизлар, ота-онага, қариндош-уруғ, етим ва мискинларга яхшилик қиласизлар», деб Бани Исроилдан аҳду паймон олганимизни эсланглар».
Ота-онага яхшилик қилиш амалларнинг афзали ва тоатларнинг энг улуғидир!
Ота-онага яхшилик қилиш жаннатга олиб борувчи йўллардандир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу сўзларни эшитдим: «Хор бўлсин! Хор бўлсин! Хор бўлсин!». Ким эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам?- деб сўрашди. «Ким ота-онасининг бирини ёки иккаласини қарилик чоғида топса ва жаннатга кирмаса»,- дедилар. (Яъни ота-онасини қариган чоғларида хизматларини қилиб уларнинг розиликларини олмаса ва оқибатда жаннатга киролмаса).
Ҳасан айтдилар: «(Биррул волидайн яъни, ота-онага) Яхшилик қилиш Аллоҳга маъсият бўлмаган барча нарсада уларга итоат қилмоқдир. Ота-онага оқ бўлиш уларни қарилик чоғида қаровсиз ташлаб қўйиш ва яхшиликдан маҳрум қилмоқдир».
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига жиҳод қилиш учун рухсат сўраб келган бир киши қиссасини эсланг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўрадилар: «Ота-онанг тирикмилар?» – Ҳа – деди. Айтдилар: «Сен уларнинг ҳузурларида жиҳод қил — хизматларини қил!».
Ҳар бир инсонга ота-онасига яхшилик қилиш ҳам фарз, ҳам қарздир. Ота-онага яхшилик қилиш, бу ҳеч қачон уларга қарши чиқмаслик, итоатларидан бўйин товламасликдир. Кўпчилик одамлар ота-онасига яхшилик фақат ўзларига ёқадиган ишларда ва хоҳишларига мувофиқ келган ўринларда, деб ҳисоблайди. Ҳақиқат эса тамомила бунинг аксидир. Яхшилик уларнинг ҳавои хоҳишларига хилоф нарсаларда бўлади. Агар уларнинг ҳавои майлларига тўғри келадиган нарсада бўлганида эди, у яхшилик деб номланмасди. Аллоҳ таоло ота-онага яхшилик қилиш ва уларнинг ҳурматларини жойига қўйишга ундади:
«Улар учун, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут-ҳокисор бўл ва: «Раббим, мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаб-ўстирганларидек Сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин» деб (ҳақларига дуо қил)!».
Ота-онанинг хизматини қилишда, уларнинг розиликларига етишишда сусткашлик қилмаслик, хизматларини қилиш ва улар ҳаққига раҳмат ва мағфират тилаб дуолар қилииш зарур. Шунда ҳам ота-онанинг ҳақларини тўлиқ адо эта олмаймиз. Лекин Аллоҳ озига қарамай, савоб бериб, унга барака ато этади. Ота-онага яхшилик қилишга Аллоҳ таоло тарафидан чақириқ бўлишига қарамасдан, биз қадриятларнинг тартиби бузилганини кўрамиз. Гоҳо биз ошна-оғайниларини ота-онасидан муқаддам қўядиган кимсаларни учратамиз. Баъзилар ота-онага яхшилик қилиш каби фазилати улуғ амалларни тарк этиб, арзимас амалларни қиладилар. Баъзи кишилар ота-онаси қариб қолганида олдиларидан кетиб қолади ёки ота-онасини узоқ-узоқ вақтда бир зиёрат қилади. Кўпинча ота-онасига бақиради ёки қўпол муомала қилади. Айримлар кўча-кўйда бегоналарга хушомад қилади-ю, уйида кекса ота-онасига айтгани бир оғиз илиқ сўз тополмайди. Гўё душмани билан урушаётгандек муомалада бўлади.
Бугун динга этиборсизлик ва аёлларнинг ҳукмрон бўлиши сабабли аёлга итоат қилиш ва ота-онадан уни афзал қуйиш кенг тарқалди. Муоз разияллоҳу анҳу айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга васият қилдилар: «Агар ота-онанг сенга аҳлинг (хотининг)дан ҳам, молингдан ҳам воз кечишингни буюрсалар ҳам, уларга итоат қил!».
Эрини ота-онасига осий бўлишга ва қариндош-уруғчиликни узишга ундайдиган аёлда бирор-бир яхшилик йўқ! Аллоҳдан қўрқадиган солиҳа аёл эрини ота-онасига яхшилик қилишга ундайди. У мана шу ишда Аллоҳдан савоб умид қилади. Ота-онага яқин бўлиш, уларнинг хизматларини қилиш улкан бойлик ва чиройли хулқлардандир.
Абу Дардо айтдилар:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман: «Ота-она жаннат дарвозаларининг ўртасидирлар. Агар хоҳласанг бу дарвозани йўқ қиласан ёки сақлаб қоласан». Киши ота-онасига ўз роҳат-фароғатидан кечиб бўлса-да яхшилик қилади, итоат этади. Ким бахт-саодатни истаса, жаннатнинг дарвозаларини бузиб ташламасин. Энди ким Охиратини дунёсига алмаштирса ва ўткинчи ҳаётни афзал билса, у жаннат дарвозасини бузиб ташлайверсин.
Ким ота-онасига ҳўмрайиб қараса уларга яхшилик қилмабди. Ота-онага оқ бўлишдан эҳтиёт бўлинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Уч нарса билан кишининг амаллари унга фойда бермайди. Аллоҳга ширк келтириш, Ота-онага оқ бўлиш, душман бостириб келганда урушдан қочиш».
Жуҳайма розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб:
– Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мен жиҳод қилишни истаб, сиздан маслаҳат сўраб келдим- деб айтди:
– Онанг борми?- дедилар.
– Ҳа- деди.
– Онанг билан бирга бўл. Чунки жаннат унинг оёғи остидадир- деб айтдилар.
Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб деди: Эй Расулуллоҳ, ҳижрат қилиш учун сизга байъат бергани келдим. Лекин ота-онамни йиғлаган ҳолда қолдирдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қайтгин ва уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай қулдиргин». Бошқа лафзда: «Сен улар олдига қайтиб бориб йиғлатганингдек қулдирмагунингча сендан байъат олмайман».
Бишр ибн Ҳорис айтади: «Бола онасига ҳатто онаси унинг нафасини сезиб турадиган ҳолатда яқин бўлиши Аллоҳ азза ва жалла йўлида қиличи билан жиҳод қилишидан афзал. Ота-она хизмати ҳар қандай ишдан яхшидир. Қатодадан ривоят қилинади, бир кишининг онаси унга фақат фарз намозларини ўқи ва фақат Рамазон рўзасини тут, деб қасам ичирди. Айтдилар: Онасига итоат қилади! Чунки онага итоат қилиш нафл ибодатлардан муқаддам туради.
Ҳишом ибн Ҳассон айтди: Ҳасанга айтдим: Мен кечаси Қуръондан таълим оламан. Онам кечқурунги овқатда мени кутиб қоладилар. Ҳасан айтдилар: Кечқурунги овқатни онанг билан егин. Чунки онанг билан бирга бўлиб, хурсанд қилишинг сенга нафл ҳаж қилишингдан яхшидир: Ибн Умар розияллоҳу анҳумо онасини елкасида кўтариб Каъба атрофини тавоф қилаётган кишини кўрдилар. У киши айтди: Эй Ибн Умар, мен онамнинг ҳаққини адо қилдимми? Ибн Умар айтдилар: «Туғишдаги тўлғоқларидан биттасининг ҳаққини ҳам адо қилганинг йўқ. Лекин сен яхши иш қиляпсан. Аллоҳ озига ҳам кўп ажр-савоб беради.
Биз бирор фарзанд отаси ёки онасини йўқотганда касал бўлиб қолганини кўрмаганмиз? Ёқуб алайҳиссалом қиссаларини эслайлик. Ўғиллари Юсуфдан айрилишлари уларга қандай таъсир кўрсатди.
«Ғам-алам ютавериб у зотнинг кўзлари оқарди (Ожиз бўлиб қолди)» («Юсуф» сураси, 84-оят).
Ота-онага оқ бўлишга уларни йиғлатиш, ҳафа қилиш, узоқ вақтда бир зиёрат қилиш, саломатликлари ва моддий ҳолатларига эътибор бермаслик каби ишлар киради. Шунингдек фарзандларнинг Аллоҳга итоат қилмаслиги ва гуноҳ ишларга берилиши ҳам киради. Чунки бу ишлар ота-онага ёмон таъсир қилади. Кўпинча фарзандлар қўзга кўринган мансабларга ва молу-дунёга эга бўлганларида шундай оқ-падарликни қиладилар.
Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб деди:
– Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам! Инсонлар ичида менинг чиройли муомаламга ким ҳақлироқ? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Онанг»- дедилар.
– Кейинчи?
– «Онанг».
– Кейинчи?
– «Онанг».
– Кейинчи?
– «Отанг».
Ибн Баттол айтади: Она уч нарсада отадан фарқланиб, афзал туради: Болани қорнида кўтариш қийинчилиги, тўлғоқ азоби ва эмизиш машаққати. Онанинг отадан муқаддам қўйилишида етук ҳикмат бор. Она ўзини боқадиган, яхшилик ва уни парвариш қиладиган эътибор ва раҳм-шафқат қиладиган кишига муҳтождир.
Ота-она дунёдан ўтганларидан кейин уларнинг ҳақларига раҳмат ва мағфират сўраб дуо қилиш, уларнинг васиятларини бажариш, шунингдек улар номидан садақа қилиш ва уларнинг қариндош-уруғлари билан алоқа қилиш фазилатли ишлардандир. Бир ансорий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради: Эй Расулуллоҳ, мен ота-онамга улар бу дунёдан ўтиб кетганларидан кейин қандай яхшилик қилишим мумкин? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: Тўрт ҳислат бор: Уларнинг ҳақларига дуо қилиш ҳамда истиғфор сўраш, аҳдларини бажариш, уларнинг дўстларини ҳурмат қилиш, ота-онанг яхшилик қиладиган кишиларга яқинлик-қариндошчилик қилиш. Мана шу ишлар сенга вафотларидан кейин ҳам улар учун қила оладиган яхшиликлардир.
Бугунги кунда Ота-онамизҳаёт эканида, соч-соқоллари оқариб, беллари букчайиб, қўл-оёқлари қалтираб, қийинчилик билан туриб, машаққат билан ўтириб, ҳасталиклар уларга кела бошлаганда биз уларга хушмуомaлада бўлишимиз шарт эканлигини унутмаслигимиз керак. Улар учун молимиз ва кучимизни сарфлашдан бахиллик қилмаслигимиз лозим.
Аллоҳ таоло барчаларимизни фарзандлик бурчига содиқлик кўрсатиб, ота-оналаримизни ҳурматлайдиган, уларга ҳар соҳада яхшилик кўрсатадиган, шу йўл билан Аллоҳ таолонинг розилигини топадиган солиҳ бандаларидан айласин!
А.Наимов,
Фарғона вилояти бош имом хатиби ўринбосари