Аҳли иймон кишилар “Мўмин” ва “Мусулмон” деган иборани доим ишлатиб келамиз. Бу икки сўз ўртасида луғат жиҳатидан фарқ бўлиб, “мўмин” бу ишонмоқ, “мусулмон” бу Аллоҳни хукмларига таслим бўлмоқ, деганидир.Аммо бизнинг Аҳли сунна вал-жамоа ақоидимизда Имоми Аъзам роҳимаҳуллоҳ ўзларини “Фиқҳул Акбар” номли китобларида иккаласи ҳам бир нарса, бири иккинчисисиз топилмайди, худди эт билан тирноқ каби нарса деб зикр қилганлар. Шунинг учун оят, ҳадисларга мурожаат қилсак, баъзи ўринда мутлоқ иймони бор киши маъносида келса, бошқа бир ўринда комил мусулмон маъноларида келади. Шунингдек, баъзи жойларда “мўмин” ибораси билан келса, баъзи жойларда “мусулмон” лафзи билан келади. Умуман олганда, “мўмин ва мусулмон” хосроқдир.Аммо иккиси хам бир маьнодаки иймонсиз ислом,исломсиз иймон комил бўлмайди.Қурон оятларида мўмин одам қандай бўлиши турли жойларда турли сифатлар билан ворид бўлган.Жумладан сурайи Анфолда шудай дейилади;
إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ الَّذِينَ إِذَا ذُكِرَ اللَّهُ وَجِلَتْ قُلُوبُهُمْ وَإِذَا تُلِيَتْ عَلَيْهِمْ آيَاتُهُ زَادَتْهُمْ إِيمَانًا وَعَلَىٰ رَبِّهِمْ يَتَوَكَّلُونَ
“Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қилгувчи ва Роббиларига таваккул қилгувчиларгина мўминлардир”.
Ушбу оят орқали мўмин кишидаги уч сифат зикр қилиняпти. Барчаси қалб билан боғлиқ амаллардир. Оятнинг давомида бу амал эгаларини хақиқий мўмин эгалари эканлиги ҳам таъкидланмоқда. Яна бошқа бир ўринда мўмин одамлар қандай бўлиши ҳақида Қуръон каримда: “Эй иймон келтирганлар!” деган хитоб билан мўмин одам қандай бўлишини кўп жойда зикр қилган. Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасининг 10-12 оятларида мўминлар ўзаро қандай бўлиши ҳақида ҳам зикр қилинган.
إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ فَأَصْلِحُوا بَيْنَ أَخَوَيْكُمْ ۚ وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ * يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا يَسْخَرْ قَوْمٌ مِنْ قَوْمٍ عَسَىٰ أَنْ يَكُونُوا خَيْرًا مِنْهُمْ وَلَا نِسَاءٌ مِنْ نِسَاءٍ عَسَىٰ أَنْ يَكُنَّ خَيْرًا مِنْهُنَّ ۖ وَلَا تَلْمِزُوا أَنْفُسَكُمْ وَلَا تَنَابَزُوا بِالْأَلْقَابِ ۖ بِئْسَ الِاسْمُ الْفُسُوقُ بَعْدَ الْإِيمَانِ ۚ وَمَنْ لَمْ يَتُبْ فَأُولَٰئِكَ هُمُ الظَّالِمُونَ
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اجْتَنِبُوا كَثِيرًا مِنَ الظَّنِّ إِنَّ بَعْضَ الظَّنِّ إِثْمٌ ۖ وَلَا تَجَسَّسُوا وَلَا يَغْتَبْ بَعْضُكُمْ بَعْضًا ۚ أَيُحِبُّ أَحَدُكُمْ أَنْ يَأْكُلَ لَحْمَ أَخِيهِ مَيْتًا فَكَرِهْتُمُوهُ ۚ وَاتَّقُوا اللَّهَ ۚ إِنَّ اللَّهَ تَوَّابٌ رَحِيمٌ….
“Албатта, мўминлар биродардирлар. Бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳм қилинсангиз.
Эй иймон келтирганлар! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол улар булардан яхшироқдир. Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни (масхара қилмасин), эҳтимол улар булардан яхшироқдир. Ва ўзингизни ўзингиз мазах қилманг, бир-бирингизга лақаб қўйманг. Иймондан кейин фосиқлик исми нақадар ёмон! Ва ким тавба қилмаса, бас ана ўшалар ўзлари золимлардир”.
Албатта, масхара ёмон одат бўлиб, жамият аъзолари ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг бузилишига сабаб бўлади. Бир одам иккинчисини масхара қилса, камситса, устидан кулса, албатта, масхара қилинган одамнинг аччиғи чиқади, у ҳам масхара қилувчига ўзига яраша жавоб беришга уринади. Орада низо-жанжал чиқади, ижтимоий алоқалар бузилади ва жамият заифлашади. Ислом эса доимо мусулмонлар жамиятининг мустаҳкам бўлиши учун қайғуради. Шунинг учун ҳам ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло инсонларни бир-бирини масхара қилишдан қайтармоқда.
“Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир”.
Маълумки, кимнинг ўйига бадгумонлик ўрнашса, у одам ўша гумонини тасдиқлаш учун ҳужжат ва далил қидира бошлайди. Натижада гумон остидаги одамнинг ўзига билдирмасдан, айбини ахтаришга тушади. Буни эса, жосуслик, дейдилар. Одатда, жосуслик деб бировга ёмонлик етказиш ниятида айбларини ва заиф жойларини ўзига билдирмай яширинча ахтаришга айтилади. Бу иш ҳам катта гуноҳлардандир. Чин мусулмон кишининг қалби бу каби жирканч одатлардан пок бўлмоғи зарур.
Юқоридаги оятлар биз мўминлар учун ўзаро муносабатларимизни тўғри ва ҳалол йўл билан амалга оширмоғлигимизни уқтирмоқда.Айниқса, ҳамма мубтало бўлган дард ғийбат,масхара қилиш, бировга нисбатан ёмон гумонда бўлиш каби ижтимоий амал қилиш лозим бўлган муаммоларни муолажа қилмоқда.Демак мўмин бўлиш учун Қуръон оятларида ўзаро бир-бирларимиз ўртамиздаги ҳақ-ҳуқуқларга риоя қилиш лозим экан.
Шунингдек, ҳадиси шарифларда ҳам мўмин-мусулмон одам қандай бўлишлиги ҳақида кўп ҳақлар зикр қилинган. Қуйида шу маънони ўз ичига олган ҳадислардан намуналар келтириб, сўнг хулоса қилиш мақсадга мувофиқдир. Мақола чўзилмаслиги учун арабий матнни келтирмай тўғрида тўғри таржимасини келтириб ўтамиз. Абу Ҳурайра (р.а.) Пайғамбаримиз ﷺ дан ривоят қилиб айтадилар: «Мусулмон одам шундай одам бўлиши керакки, унинг на тилидан на қўлидан мусулмонлар зарар топмасин. Барча инсонлар қонлари тўкилмасдан ва моллари таланмасдан ундан омон бўлсаларгина, у ҳақиқий мўминдир”, дедилар. Чин мўмин шундай бўлиши лозим. Яна шу кишидан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз ﷺ айтадилар: “Албатта, мўмин одам тириклик чоғида бир манфаатли илм қолдирса ва тарқатса, ёки солиҳ фарзанд тарбия қилиб қолдирса, Қуръон мерос қолдириб Аллоҳ йўлида вақф қилса, масжид ёки мусофирлар учун меҳмонхоналар ва ариқ очиб йўл чиқариб қўйса, ҳаётлигида жорий садақалар молидан сарфлаб кўприк, йўл, қудуқ чиқариб, шунга ўхшаш садақалар қилса, вафотидан кейин унга савоби бориб туради”, дедилар.
“Мўмин одам шундай хушёр ва эҳтиёткор бўлисинки, у бир чуқурдан икки марта чақилмайди”, дедилар.
Халқимизда бир мақол ҳам бор: “Кўр ҳассасини бир марта йўқотади” дейди. Бугун мўмин одам фитналардан дини ва дунёсида шундай эҳтиёт бўлиши лозим. Саҳиҳ ҳадисда айтилади: “Мўмин одам ўз оила аъзолари, фарзандларига едирган луқмаси ва сарф қилган пули, агар савоб умиди билан чин ихлос билан бажарса, бу мажбуриятим, елкамга лозим экан деб эмас, балки ихлос билан савоб умидида қилса, бу энг катта эҳсон ва садақадир”, дедилар.
Хадисда оиладаги мўминлик ва уни фазилати ёртилмоқда. Бугун ёнида пичоқ олиб юрадиган ёки уриб шикаст етказишга мўлжалланган турли хил темирдан ясалган буюмларни баъзи ёшларимиз ўзи билан олиб юрибди, бу ёмон ҳолат. Ҳадиси шарифда айтиладики: “Ким бир биродарига темир ёки пичоқ шунга ўхшаш нарса билан ишора қилиб қўрқитса, то ўша пичоқ ё темирни ташламагунча малоикалар уни лаънатлаб туради, гарчи у ўз оға иниси бўлса, ҳам”, дейилди. Мана ёшлар учун мўминлик, айниқса, кўчада қандай бўлиш керак.
Ҳозир жуда кўпчилик ғийбат дардига мубтало бўлган. Баъзи жойларда ғийбат қилинаётган одамни қўшилиб ғийбат қилиб, унинг обрўсини тўкиб кўйишга шерик бўламиз. Аслида лозим иш шуки, ғийбатга рози бўлмай уни тўхтатиш зарур! Ҳадиси шарифда пайғамбаримиз ﷺ айтдилар: “Ким биродари устида бўлаётган ғийбатни тўхтатиб қолса, Аллоҳга уни дўзахдан озод қилиш лозим бўлибди”, дедилар. Бошқа бир ўринда: “Ким бир мусулмон биродарини ғийбати қилинса ва уни ғийбатини тўхтатишга қодир бўлиб тўхтатиб қолса, Аллоҳ унга дунё ва охират ишларида ёрдам беради, аммо тўхтатмоққа қодир бўла туриб тўхтатмаса, Аллоҳ дунё ва охиратда ундан бунинг ҳисобини сўрайди”, дедилар. Яна бир ҳадисда зикр қилинишича, “Ким мусулмон бўла туриб бошқа бир мусулмоннинг ҳурмати ва обрўсини тўкса, Аллоҳдан ёрдам кутган ўринда Аллоҳ уни ёрдамсиз қолдириб, хор қилади. Қайсики мусулмон бошқа бир мусулмоннинг ҳурмати ва обрўси тўкилаётган ўринда уни ҳимоя қилса, Аллоҳдан ёрдам кутиб турган вақтида унга Аллоҳдан ёрдам келади”, дедилар. Демак мўмин-мусулмон одам ғийбат қилиш у ёқда турсин, унга йўл қўймаслик керак.
Ижтимоий тармоқларда бировни хўрлаш зўравонликлар акс этган роликларни кўриб шу ҳам мусулмонми, деб қоласан киши. Бу ҳол саҳиҳ ҳадисда ворид бўлгандир. Пайғамбаримиз ﷺ айтдилар: “Мусулмон бошқа бир мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм қилмайди, уни хўрламайди, уни тахқирламайди, «тақво» мана бу ерда бўлади” дея кўксиларига, яъни қалбларига уч марта ишора қилдилар. Кишининг ёмон эканлигига мусулмон биродарини хўрлаши кифоя қилади. Ҳар мусулмонни бошқа бир мусулмонга қонини тўкиши, молига тажовуз қилиши ва обрўсини тўкиши ҳаромдир”, дедилар. Мўмин одам мана шу иллатлардан пок бўлсагина мўмин ва мусулмон бўла олиши таъкидланмоқда.
Бугун жамият орасида гина сақлаб, аразлашиш орқасидан қанча жиноятлар содир бўляпти. Ҳатто нохақ қон тўкиш ёшлар орасида урфга кириб бораётгани ачинарли албатта. Қўрқув, тақво қалбга етиб бормаса қийин экан! Айниқса, бундай жиноятлар маърифатли қатламдан содир бўлиши бу катта фасоддир. Саъдий раҳматуллоҳи алайҳ ўз хикматларидан бирида айтадилар: “Агар Ийсо (а.с.)нинг эшаги уни Каъбага олиб бориб келса ҳам эшаклигича қолаверади”, дейдилар. Демак, Аллоҳдан қўрқиш қалбда бўлиш керак. Ҳадисларда, “Мусулмон одам бошқа биродари билан уч кундан ортиқ аразлашиб юриши ҳалол эмас. Ким уч кундан ортиқ аразлашиб, сўнг вафот қилса у дўзахга кирур”, дейилди. Ёки бошқа бир ривоятда, “Икки мусулмон бир-бирига қилич ё қурол кўтарса, ўлдирган қотил ҳам, ўлдирилган ҳам дўзахдадир”. Ровий Расулимиздан сўради: Ўлдирган кишини дўзахийлигини тушундим, аммо ўлдирилган кимса нега дўзах аҳли бўлади? Пайғамбаримизﷺ айтдилар, чунки у ҳам шеригини ўлдиришга қизиқиб турган эди, имкони бўлганда ўлдириш нияти борлиги учундир”, дедилар.
Динимиз тарки дунё қилишни қоралайди. Баъзи тасаввуф вакиллари жамиятга аралашмай уйда ўтирволиб зикр қилишни тўғри йўл деб ўйлайдилар. Аммо комил мусулмон буни акси бўлиши ҳадисларда ўз аксини топган. Ҳадисда келадики: “Одамларга аралашиб, улардан етадиган озорга сабр қилган мусулмон киши, уларга аралашмай ва улардан етадиган озорни кўтармайдиган мусулмондан афзалдир”, дедилар. Демак одамлар ичида юриб, тақво қилиш хақиқий комил инсоннинг таърифидир.
Мўмин одам ғазабни ичига ютиши лозим, суннат шуки, узр сўралса уни қабул қилиш, ҳар қандай холда узр сўраган кишини узрини қабул қилиш чин мўминлик белгисидир.Зеро, хадисларда айтиладики: “Ким ғазаби келганда ичига ютса, ваҳоланки, кучи етиб уни амалга оширишга қуввати етган ҳолида ҳам хатосидан кечиб юборса, Аллоҳ таоло уни жаннатда ҳурлардан хоҳлаганича никоҳлаб беради”, дедилар. Бошқа бир ҳадисда эса, “Ким ундан узр сўралсаю, аммо қабул қилмаса, жаннатда менга берилган Кавсар ҳовузидан бенасибдир”, дедилар. Мўмин одам шундай бўлиши керак эди.
Бугун турли фитначи гуруҳлар ва тоифалар авж олган даврдир. Айниқса, динимиз таълимотларини нотўғри талқин қилиб, ундан фитна сифатида фойдаланаётган мутаассиб гуруҳлар кўпдир. Мўмин одам бунга аралашиб қолмасликка ҳаракат қилиш керак. Ҳадисларда бу хақда огохлантирилгандир. Пайғамбаримиз ﷺ айтадилар: “Умматимга ҳали кўп фитналар келажакда пайдо бўлади, шу фитналар зоҳир бўлган вақтда, ўтирган тик тургандан,тик турган юриб кетаётгандан, юриб кетаётган югурган кимсадан яхшироғдир, ким фитнага юзланса у ҳам унга юзланур, ким шу фитнадан сақланиш чорасини топса ўша нарса билан фитнадан сақлансин”, дедилар. Демак мўмин одам фитна вақтида унга қўшилмаслиги лозимдир.
Мўмин одам қўшнилари билан муомалада қандай бўлиши керак. Ҳадислар жудаям кўп қўшнининг хаққи хусусида. Бир ҳадиси шарифни Имом Ҳасан Басрийдан нақл қиладилар: “Пайғамбаримиз ﷺдан қўшнининг бир-биридаги хаққи тўғрисида сўралди. У зот айтдиларки: “Қўшнининг хақларидан бири шуки, агар сендан қўшнинг қарз сўраса бермоғлигин, сени бирор маросимга чақирса боришинг, касал бўлса кўрмоғлигинг, бирор ишда ёрдамлашишни сўраса ёрдамлашмоғинг, мусибат етса таъзия билдириб, уни сабрга чорламоғинг, хурсандчилик етса табрикламоғинг, вафот топса жанозасида қатнашмоғинг, уйида йўқлик вақтида уй ва оиласига қараб муҳофаза қилмоғинг, қозон ва ундаги таом ҳиди билан унга озор бермаслигинг, шу шарт биланки, таомингдан унга бир коса чиқарворсанг майли, шифтингни уни уйини шифтидан баланд қилмаслигинг, чунки шабодани тўсиб қўясан. Аммо рухсат берса майли, фарзандларинга мева ёки қандга ўхшаш совға олсанг қўшнини боласига ҳам қўшиб олмоғлигинг ва уларга ҳам болаларинг қатори ҳадя қилмоғлигинг. Агар ҳадя қилиш имкони бўлмаса, уйингга яширинча қўшнини боласига кўрсатмаган ҳолда олиб келиб, то у нарса тугамагунича болангни кўчага чиқармай туришинг токи қўшнини боласи ранжимасин ва дили ўксимасин”, дедилар. Биз бугун шундай мўминликка содиқ қола оляпмизми?
Хўш ўзи том маънода “Мўмин” ким ёки “Мусулмон” ким? Ёҳуд “Ибодатгўй, тақводор одам” ким?
Шу ўрнида Расулимизнинг қуйидаги сўзларига қулоқ бериш айни муддао. Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Эй Абу Ҳурайра! Аллоҳ ҳаром қилган барча ишдан сақлан, шунда одамларнинг ичида энг ибодати кўп обидроғи сен бўласан”, дедилар. Яъни ибодат деганда фақат масжиддаги ибодат ёки кунига юз ракат нафл намоз ўқигувчини эмас, балки ҳаромдан узоқ бўлишинг энг катта ибодат, деяптилар. Сенга берилган ризққа рози бўл, шунда одамларни энг бойи бўласан, қўшнингга доим яхшилик қил шунда мўмин бўласан, ўзингга раво кўрган яхшиликни бошқа инсонларга ҳам раво кўргин, шунда ҳақийқий мусулмон бўласан, кўп кулишни одат қилма, чунки у қалбни ўлдиради”, дедилар.
Демак, мўминлик нималарда акс этишини Расулимиз баён қилишларидан маълум бўладики, мўмин-мусулмон одам деганда фақат масжиддаги ибодат эмас, балки банда билан банда ўртасидаги хақларда ҳам кўринар экан. Зеро оят ва ҳадисларда банда билан банда ўртасидаги алоқаларга доир буйруқ кўп келган.
Хулоса ўрнида шуни айтмоқчиманки, бугун “мўмин” бўлиш учун фақат бир томонлама ибодат, яъни Аллоҳ билан банда ўртасидаги амалларнигина тушунибгина қолмай, балки инсонлар ўртасидаги хақларни ҳам тушунишликни тақозо қилади. Чунки бу ҳолат охирги ҳадисда жуда гўзал ҳолатда Пайғамбар ﷺ томонларидан қилинган насиҳатда биз умматга эслатиб ўтилди.
Аллоҳ барчамизни ҳақиқий мўмин-мусулмон ҳолда яшашга муваффақ қилсин!
Юнусхон МАМАРАСУЛОВ,
Марғилон шаҳар “Саййид Жалолхонтўра” масжиди имом-хатиби