Инсон тили туфайли турли бало-офатларга учраши сабабидан аҳлоқимизда тилга эҳтиёт бўлиш, у туфайли келадиган зарар ва кулфатлардан ҳимояланиш буюрилган.
Тилни ихтиёрига қўйиб юбориш инсонни ёлғон, ғийбат, чақимчилик, риё, ихтилоф, душманлашув, ахлоқсизлик, фахш ишлар ва бошқа турли ёмонликларга олиб боради. Мазкур офатлардан қутулишнинг энг осон йўли жим ўтириш орқали бўлади. Бу жуда катта фазилатдир. Жим туриш ҳимматни жамлайди ва фикрни софлайди. Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга икки оёғи орасидаги нарсанинг ва икки жaғи орасидаги нарсанинг кафолатини берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман”, дедилар” (Икковини Бухорий ва Термизий ривоят қилишган).
Тил офатларининг энг ёмони ёлғон гапириш. Ёлғончилик барча разилликларнинг онаси, кулфатларнинг боши, инсонни қабиҳ ишларга бошловчи, обрўйини тўкувчи иллатдир. Шу сабабдан муқаддас динимиз таълимотларида ёлғон гапиришдан қайтарилган.
Имом Ибн Ҳажар ва имом Заҳабий: “Узрсиз ёлғон гуноҳи кабирадир” деганлар. Аллоҳ таоло “Наҳл” сурасининг 105-оятида марҳамат қилади: “Ёлғонни фақат Аллоҳнинг оятларига имон келтирмайдиганларгина тўқийдилар. Ана ўшалар-ўзлари ёлғончидирлар”.
Аслида ёлғонни фақат иймонсиз кофирларгина тўқийдилар. Чунки кофирларда савоб, гуноҳ деган тушунча йўқ. Ёлғон гапирса, гуноҳ бўлиши, у дунёда азобланиши ҳақида эътиқоди бўлмагани учун ўйламасдан ёлғон тўқийверадилар.
Мўминлар эса ёлғонни катта гуноҳ деб биладилар. Ёлғон гапириш туфайли охиратда азобга дучор бўлишларидан қўрқадилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мунофиқнинг белгиси учта: агар сўзласа, ёлғон сўзлайди, ваъда берса, бажармайди ва унга омонат топширилса, хиёнат қилади”, дедилар” (Тўртовлари ривоят қилишган).
Имом Молик ривоят қилган ҳадиси шарифда Сафвон ибн Сулайм розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
– “Мўмин қўрқоқ бўладими?” деб сўралди. – “Ҳа”, дедилар.
– “Мўмин бахил бўладими?” деб сўралди. – “Ҳа”, дедилар.
– “Мўмин ёлғончи бўладими?” деб сўралди. – “Йўқ”, дедилар”.
Сўфийликнинг машҳур шайхларидан Абдулқодир Жийлоний бундай ҳикоя қилади: “Болалигимдан мени тўғрисўз, ростгўй бўлишга ўргатишган эди. Бир куни Маккадан чиқиб, илм олиш мақсадида Бағдодга борадиган бўлдим. Онам йўл ҳаражатлари учун қирқ динор пулни чопоним қатига тикиб берар экан, мендан ҳеч қачон, ҳар қандай ҳолатда ҳам ёлғон гапирмаслик ҳақида ваъдамни олди. Карвон билан Ҳамадон ўлкасига етганимизда қароқчилар тўдаси ҳужум қилиб, карвондагиларнинг бор-будини тортиб олди. Қароқчилардан бири: “Сенинг ниманг бор?” деб сўради. Мен: “Чопоним қатида қирқ динор олтиним бор”, деб рост гапирдим. У ҳазиллашяпти, деб ўйлаб нари кетди. Бошқа қароқчи яна шу саволни берди ва унга ҳам қирқта олтиним борлигини айтдим. У мени тўда бошлиғига олиб борди. Бошлиқ: “Ростини айтишга сени нима мажбур қилди?» деб сўради. Мен: “Онамга ҳеч қачон ёлғон гапирмасликка ваъда бергандим”, дедим.
Шунда қароқчилар бошлиғини бирдан қўрқув босди. У қичқирганича ушбу сўзлар билан кийимларини йирта бошлади: “Сен онангга берган ваъдангни бузишдан қўрқиб, олтинларингни кўрсатяпсан, мен эса Аллоҳга берган ваъдамни бузишдан қўрқмаяпман”.
Кейин у одамларига барча тортиб олинган нарсаларни қайтариб беришни буюрди ва: “Мана сенинг ҳузурингда гуноҳларим учун Аллоҳга тавба қиляпман”, деди. Бошқа қароқчилар ҳам унга: “Сен талончиликда бизнинг тўдабошимиз эдинг, энди тавба қилишда ҳам раҳнамойимиз бўл!” дейишди.
Расулуллоҳ (с.а.в.) нинг шундай деганлари Саид ибн Жубайрдан ривоят қилинади: “Одам боласи эрталаб уйқудан уйғонган пайтда, жасадининг барча аъзолари уйғонади ва улар тилга айтишади: “Орамизда сен Аллоҳдан (кўпрок) қўрқ! Чунки, сен тўғри бўсанг, биз тўғри бўламиз. Сен эгри йўлга кетсанг, биз ҳам эгри йўлга кетиб коламиз”.
Жим юришнинг фазилати улкан. Албатта, жим юриш қуруқ сукутдан иборат феъл эмас. Унда охират ғами, давомли вазминлик, тафаккур учун имкон, зикр, ибодат жамланади. Жим юрган инсон бу дунёда сўзлар чарчоғидан, охиратда у сўзлар учун ҳисоб беришдан халос бўлади. Аллоҳ таоло айтади: “У бирор сўзни талаффуз қилса, албатта, унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (сўзни ёзиб олувчи фаришта) бордир” (Қоф сураси 18-оят).
Имом Заҳабийнинг “Кабоир” китобида келтирилишича, бир кишидан: “Одам боласининг қанча айби бор?” деб сўрашибди. У бундай жавоб берган экан: “Бу айбларнинг саноғига етиб бўлмайди. Ўзим санаганимда саккиз мингта чиққан. Аммо бир хислат борки, у барча айбларни беркитиб туради. У – тилни тийиш”.
Аллоҳ таоло барчаларимизни сўздан унумли фойдаланиб, сукутни лозим тутишлигимизни ва ёлғон, ғийбат каби тил офатларидан тийилишлигимизни, кам сўзлайдиган, кўп тафаккур қиладиган, сўзининг маъносига эътибор бериб, одамларга озор етказмайдиган солиҳ инсонлардан бўлишимизни насиб айласин!
Хусниддин ТУРСУНЗОДА,
Фарғона шаҳар “Янги чек” масжиди имом-ноиби