Раҳмон ва Раҳийм Аллоҳ номи билан
Ўз каломида “Аллоҳнинг пишиқ арқонидан барчангиз маҳкам тутингиз ва фирқаланмангиз”[1] деб буюрган Аллоҳ Таолога ҳамдлар ҳамда ўз ҳадисларида “Катта қоралик яъни кўпчилик тарафига эргашингиз чунки ким жамоатдан ажраса дўзахда ҳам ёлғизлатилур”[2] деб марҳамат қилган пайғамбаримиз Муҳаммадга с.а.в. дуруд ва саломлар бўлсин!
Аммо баъд: Маълумки, йигирманчи асрнинг иккинчи ярмида вужудга келган аҳлус-сунна вал-жамоага зид бўлган адашган оқимлардан бири бу “Ҳизбут-таҳрир ал-исломий” яъни “Ислом озодлик партияси” бўлиб, бу оқим 1953 йил Яқин Шарқ минтақасида Тақиюддин Набаҳоний (1909-1979) томонидан тузилган бўлиб, мазкур оқимнинг ҳар тарафлама яъни биринчи навбатда ақийда ва ғоявий сўнг фиқҳий ҳамда услубий томонлама аҳли сунна вал-жамога ва умуман соф ислом таълимотига зид ва қарама-қарши экани исбот қилинган. Ўқувчига осон тушунарли бўлиши учун шу нарсани таъкидлаш лозимки, Аҳлус-сунна вал-жамоа дейилганда, эътиқодий жиҳатдан икки буюк имом яъни Абу Мансур ал- Мотуридий ас-Самарқандий р.ҳ. (256/870 – 333/944 й.) ва Абул-Ҳасан ал-Ашъарий р.ҳ. (260/873 – 337/947 й.) лар томонидан жамланган ва тартибга келтирилган ақийда йўналишлари ҳамда фиқҳдаги машҳур тўрт мазҳаб яъни ҳанафий, моликий ва шофеий ҳамда ҳанбалий мазҳаблари тушунилади ва ушбу мазҳабларга зид ҳар қандай эътиқод ёки ғоя ва қарашлар ҳамда бошқа фиқҳга ёки муомалага доир ҳукмлар ҳар қанча ўз эгалари томонидан иддио қилинмасин, аҳлус-сунна вал-жамога зид ва ёт деб қабул қилинади. Шунга кўра, ҳизбийларни ҳам сунний олимлар аҳли суннадан эмас балки мутлақо уларнингтутган йўллари суннат ва жамоат эътиқодига қарама-қаршидир деб, фатво берганлар ва мазкур фатволарини қуйидаги илмий асослар билан далиллаганлар.
Жумладан: эътиқодга доир масалаларда қуйидагиларни келтириб ўтишимиз мумкин бўлади.
Қабр азоби бўлиб, аҳли сунна таълимотига кўра, қабр азобига иймон келтириш фарз ҳисобланади. Ҳизбчилар эса, қабр азобини ақийдага олишмаган. Уларнинг даъволарига кўра, азоби қабр ҳақидаги ҳадислар барчаси оҳод ҳадислар саналиб, улар ақийдани собит қилмайди. Аҳлус-сунна вал-жамоа олимлари эса, уларнинг ушбу даъволарига қарши шундай жавоб берадилар:
Маълумки, ислом динидаги биринчи манбаъ бу Аллоҳнинг каломи яъни Қуръони Карим бўлиб, ҳар-бир шаръий ҳукмни чиқаришда мужтаҳидларимиз дастлаб Қуръони Каримга мурожаат этганлар ва бу борада агар Аллоҳнинг каломига мурожат қиладиган бўлсак, бир эмас балки бир неча ўринларда қабр азобининг ҳақ эканлигига далил бўла олувчи оятларга кўзимиз тушади. Жумладан: Аллоҳ таоло Ғофир сурасининг 46-оятида: “Эрталаб ва кечқурун дўзах оловига (Фиравн ва унинг тобеълари бўлмиш кофирларни) кўндаланг қилинур ва қиёмат қойим бўладиган кунда эса, Фиравннинг тобеъларини энг ашаддий азоб бўлмиш жаҳаннамга киритингиз”[3] шунингдек, тавба сураси 101-оятида “Атрофингиздаги аъробийлардан мунофиқлар бор. Мадина аҳлидан ҳам улар нифоқда сийқаси чиққанлардир. Сен уларни билмассан, уларни Биз билурмиз. Албатта биз уларни икки марта (яъни бир марта қабрда ва бир марта қиёмат кунида) азоблаймиз. Сўнгра улкан азобга (дўзах азоби) қайтарилурлар.”[4] Деди.
Демак, қабр азоби биринчи навбатда Қуръони Карим оятлари билан собит бўлмоқда ва шунинг ўзи ҳам аслида қабр азобига иймон келтиришни лозимлиги учун кифоя қилади зеро усул ал-фиқҳ қоидаларига кўра, шаръий манбалардан учтаси қатъий ҳисобланиб, улар Аллоҳнинг китоби ва расулининг суннати яъни мутовотир ёки унинг даражасидаги машҳур хабар ҳамда умматнинг ижмоъси саналади ва мазкур уч манбалардан бири ёки барчаси билан собит бўлган ҳукм илму-яқийнни яъни иймон келтириш фарзлигини собит қилади. Энди қабр азоби ҳақида келган ҳадисларга тўхталадиган бўлсак, дарҳақиқат уларнинг барчаси якка ҳолатда оҳод саналсаларда лекин уларнинг мажмуъси яъни жамланмаси бири иккинчисини қувватлаган ҳолда тавотур даражасига етган. Мусталаҳул-ҳадис илмидан бизга шу нарса маълумки, тавотур икки хил бўлади яъни лафзий ва маънавий ва уларнинг ҳар иккисига ҳам мутовотир дейилади. Шунга кўра, азоби қабр ҳақидаги ҳадислар маънавий мутовтир саналиб, улар ақийдага олинади ва қабр азобининг ҳақ эканлигига иймон келтиришни вожиб қилади. Шунинг учун ҳам аҳлус-сунна вал-жамоа эътиқодига кўра, қабр азоби барча кофирлар ва баъзи гуноҳкор мўъминлар учун чин экани уқтирилади.
Ҳизбийлар қабр азобини инкорига Қуроъни каримдаги ушбу оятни ҳужжат сифатида келтирадилар: “(Қиёмат куни сур) чалиниши билан бирданига улар қабрларидан Парвардигорлари сари суғурилиб чиқурлар. Улар: “Ҳолимизга вой! Ким бизларни ухлаётган жойимиздан уйғотди?” деганларида, (уларга айтилур) “Мана шу Раҳмон ваъда қилган ва пайғамбарлар сўзлаган рост нарса (қиёматдир)”[5]. Яъни мазкур оятда қиёмат куни Исрофил фаришта а.с. иккинчи бор Сурни чалганларида қабрдан қайта тирилиб чиқаётган кофирлар “Ҳолимизга вой! Ким бизларни ухлаётган жойимиздан уйғотди?” дейишлари баён этилмоқда яъни улар азобда бўлсалар нега “азобланаётган еримиздан” демасдан айнан “Ким бизларни ухлаётган жойимиздан уйғотди?” дейишади? Деб ўз даъволарини қувватлашга уринадилар. Уларнинг мазкур даъволарига қарши аҳлус-сунна олимлари қуйидаги жавобни берадилар: маълумки Қуръони Каримдаги ҳар бир оятни биз уммат бизларга расулуллоҳ с.а.в. қандай тафсир қилиб берган бўлсалар ҳудди шундай қабул қилишимиз лозим бўлади. Яъни ҳеч бир кимса Қуръони Карим оятларини зоҳирига қараб ўз раъйи билан таржима ёки тафсир этиши мумкин эмас балки бу борада пайғамбаримизнинг а.с. “Ким Қуръонни ўз раъйи билан тафсир қилса, бас ўзига дўзахдан жой ҳозирлайверсин!”[6] деган қаттиқ таъқиқлари ҳам бор. Шунга кўра юқоридаги оятларнинг тафсирига мурожат этадиган бўлсак, бу борада расулуллоҳнинг с.а.в. қуйидаги тафсирларини ўқиймиз: “Қачонки сурга биринчи бор нафха урилганда, қабр аҳлларидан азоб кўтарилади ва улар сурга иккинчи бор нафха урилгунга қадар ухлайдилар ва икки нафханинг ораси қирқ йил бўлади. Шунинг учун ҳам улар айнан “Ким бизларни ухлаётган жойимиздан уйғотди?” деб айтадилар дедилар[7]. Ушбу маънони Зумар сурасидаги “Сур чалиниши билан осмонлар ва ердаги бор жонзот ўлади, илло Аллоҳ хоҳлаган зотларгина (тирик қолурлар). Сўнгра у яна бир бор чалинганда, ногоҳ улар (барча халойиқ тирилиб, қабрларидан) туриб, (Аллоҳнинг амрига) қараб тургайлар”[8] ояти ҳам қувватлайди ва мазкур оятлар тафсирида келтириб ўтилган ҳадис ва хабарлар қабр азобининг раддига эмас балки аксинча унинг исботига ҳужжат сифатида келтирилади.
Демак, шу нарсадан ҳам бу ҳизбчиларнинг нақадар саводсиз ва мутлақо тафсир илмидан бехабар эканликлари яққол кўриниб турибди. Аллоҳ Таолонинг ўзи асрасин!
Абдувоҳид АҲМАДАЛИЕВ,
Марғилон шаҳар «Худоёр ҳожи» масжиди имом-ноиби
[1] Оли Имрон сураси 103-оят.
[2] Ушбу ҳадис Абдуллоҳ ибн Умардан р.з. ривоят қилинган. Қаранг: Мишкотул-Масобийиҳ. Бобул-эътисом бил-китоб вас-суннаҳ. 174-ҳадис.
[3] Қурони Карим, Ғофир сураси 46-оят.
[4] Тавба сураси 101-оят.
[5] Ёсин сураси 51, 52-оятлар. Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири. А. Мансур. Тошкент 2004. Б. 443.
[6] Ушбу ҳадис Абдуллоҳ ибн Аббосдан р.з. ривоят қилинган. Имом Термизий ҳасан деб айтганлар.
[7] Ал-Жомеъ ли аҳкомил-қуръон. Тафсир ал-Қуртубий: Шамсуддин ал-Қуртубий. Дор ал-кутуб ал-Мисриййа. Ал-Қоҳира. 1964 й. Ж. 15, Б. 41.
[8] Зумар сураси: 68-оят.