Савол: Аёллар мозорга киришлиги ёки кирмаслиги тўғрисида батафсил маълумот берсангиз.
Жавоб: Оиша разияллоҳу анҳо бундай деганлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дафн этилган уйимга одатий уй кийимимни кийиб, номаҳрамлар олдида киядиганларимни киймай, кираверар эдим ва «Бирлари эрим, бирлари отам (Абу Бакр)ку!», дер эдим. Вақтики, у жойга Умар ҳам дафн этилгач, Аллоҳга қасамки, қачон кирган бўлсам, Умардан ҳаё қилиб, албатта, кийимбошимни боғлаб кирганман». (Имом Аҳмад ривояти).
Баъзи олимлар «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабр зиёратига рухсат берганларида аёлларни истисно қилмаганлар, уларга ҳам рухсат берганлар», дейдилар. Баъзилари эса аёллар сабрсизроқ, кўп жазава қилувчи-куйинчоқроқ бўлганлари учун қабристонда ҳар хил номақбул ишлар – овозини кўтариб йиғлаш, ҳар турли гап-сўзларини айтиб юбориши мумкин деб, қабр зиёратига боришлари макруҳ деганлар. Борган тақдирларида ҳам ўзларини Оиша разияллоҳу анҳо онамиздек, ҳаё ва иболарини сақлаб, зиёрат одобларини билиб, унга амал қилишлари албатта, шарт ва лозим.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати