Бутун оламни яратиб, барча инсонларни бошқа махлуқотлари ичида азиз ва мукаррам қилиб яратган, илм аҳлининг даражотини баланд этган Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду санолар бўлсин.
Биз умматларига илмни мерос қолдирган пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва у зотнинг аҳли оилаларига ҳамда қиёматга қадар у зот эргашларга саловат ва саломлар бўлсин.
Мақоламизга киришишдан олдин Анъом сураси ҳақида қисқача маълумот келтирсак. Анъом сураси Қуръони каримдаги 6-сура бўлиб, 165 оятдан иборат. Бу сура озроқ оятларини ҳисобламаганда Маккий сурадир. Маданий оятлари қайси эканлиги борасида турли хил фикрлар айтилган. Хусусан, имом Қуртубий (р.а.) бу сурани кўпчилик маккий деганини келтирган. Саҳобийлардан Ибн Аббос ва Қато (р.а.) эса икки оятидан бошқаси маккий деганлар. Улар суранинг 91 ва 141-оятлари. Имом Мовардий ва Саълабий (р.а.)лар эса олтита оятидан бошқаси маккий деганлар. Улар суранинг 91-93 ва 151-153-оятларидир.
Биз баён қилмоқчи бўлган, 10 та васият зикр қилинган оятлар Анъом сурасининг 151-153-оятларидир:
Яъни, “Айтинг: «Келинглар, Раббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни ўқиб берай: У зотга бирор нарсани шерик қилмангиз, ота-онага яхшилик қилингиз, болаларингизни қашшоқликдан (қўрқиб) ўлдирмангиз. Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз – фаҳш ишларнинг ошкорасига ҳам, пинҳонасига ҳам яқинлашмангиз, Аллоҳ тақиқлаган (жон)ни ноҳақ қатл қилмангиз! Ақл юргизишларингиз учун (Аллоҳ) ҳукм қилгани шу(лар)дир.
То вояга етгунича етимнинг молига яқинлашмангиз, магар чиройли йўл билан (бўлса дуруст). Ўлчов ва тарозини адолат билан тўла адо этингиз! Ҳеч бир жонни тоқатидан ташқарисига таклиф (амр) қилмаймиз. Гапирганингизда (гувоҳ сифатида) гарчи қариндошингиз бўлса ҳам, адолатли бўлинг! Аллоҳнинг (олган) аҳдига эса вафо қилинг. Эслатма олишларингиз учун (Аллоҳ) қилган ҳукм(лар)и мана шу(лар)дир.
Албатта, мана шу (Менинг) Тўғри йўлимдир. Унга эргашингизлар! (Бошқа турли) йўлларга эргашмангиз! Акс ҳолда, улар сизларни Унинг йўлидан айириб қўяди. Тақволи бўлишларингиз учун (Аллоҳ) қилган ҳукм(лар)и мана шу(лар)дир».”
Мана шу келтирилган уч оятдан 10 та васият келиб чиқади. Улардан олтитаси гуноҳи кабиралардан сақланиш, тўрттаси эса буюриладиган ишларга риоя қилиш билан боғлиқ.
Булар:
- Ширк келтирмаслик;
- Ота-онага яхшилик ва оқ бўлмаслик;
- Фарзандларни ўлдирмаслик;
- Бузуқ ишлардан узоқлашиш;
- Ноҳақ одам ўлдирмаслик;
- Етимнинг молини емаслик;
- Ўлчов ва мезонда вафо қилиш;
- Ҳукмда чиқаришда адолатли бўлиш;
- Аҳдга вафо қилиш;
- Аллоҳнинг ҳақ тўғри йўлига эргашиш.
Буларнинг ҳар бири ҳақида кенгроқ мулоҳаза юритамиз.
- Ширк келтирмаслик.
Аввало ширк нима?
Имом Валиюллоҳ Деҳлавий роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Ал-Фавзул кабир” китобида ширкка қуйдагича таъриф беради: “Ширк – Аллоҳ таолога хос бўлган сифатларни Ундан ўзгага собит қилишдир. Мисоли, оламда «Бўл!», дейиш билан бўладиган ирода ила тасарруф қилиш, ҳис қилиш аъзолари билан касб қилинмаган зотий илмга эга бўлиш, ақл, ваҳий, илҳом ва шунга ўхшашлар. Ёки беморга шифо бериш, бировни лаънатлаш, ундан рози бўлмаса бемор, фақир, бадбахт бўлиб қолишини, бировга раҳматини кўрсатса ўша раҳмат туфайли бой, соғ, бахтиёр бўлиб қолишини эътиқод қилишдир. Мушриклар Аллоҳга жисмларни яратишда ва катта ишларни қилишда бировни шерик қилишмас эдилар”.
Ширкнинг шаръий тушунчаси – Банда томонидан бирор нарсани Аллоҳ таолога беш ишдан бирида тенглаштиришдир. Яъни, Аллоҳнинг зотида, сифатларида, исмларида, ишларида ва ҳукмларида шериги бор, деб эътиқод қилишдир.
Аллоҳ таборака ва таоло «Шуаро» сураси (97-98)да мушрикларнинг қиёмат куни қиладиган эътирофлари ҳақида ҳикоя қилиб, шундай дейди:
«Аллоҳга қасамки, биз очиқ-ойдин залолатда бўлган эканмиз. Чунки, сизларни Роббил оламийнга тенглаштирар эдик».
Демак, мазкур беш ишдан қай бирида бўлса ҳам, бошқани Роббил оламийнга тенглаштириш «ширк»дир. (Муфтий Аъзамнинг «Маоруфил Қуръон» китобидан).
Ўша тенг қилаётган нарсасини Аллоҳни яхши кўргандек яхши кўради, Ундан қўрққандек қўрқади, Унга илтижо қилгандек ёки дуо қилгандек дуо ва илтижо қилади, Ундан эҳтиёжни сўрагандек сўрайди ва бошқа шу каби ишлар.
Уламолар ширкни икки қисмга бўладилар:
Ширк ул акбар (Катта ширк)
Шикр ул асғар (Кичик ширк)
Катта ширк банданинг барча қилган амалларини бутунлай ўчириб юборади ва диндан чиқаради. Кичик ширк эса ширк билан бўлган амалларни кетказади, холис Аллоҳ учун бўлган амалларни эмас. Бу диндан чиқармаса ҳам, лекин қаттиқ гуноҳкор бўлади.
Маҳмуд ибн Лабит р.а. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шундай ривоят қилади: “Мен сизларга кичик ширк етишидан қўрқаман” дедилар. Саҳобийлар у нима эканини сўрадилар. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У риёдир” деб жавоб бердилар (Имом Аҳмад).
Ҳафиз ибн Ямоний (р.а.) Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни шундай деганларини ривоят қилади: “Аллоҳ ва фалончи хоҳласа деманглар, балки Аллоҳ хоҳласа, сўнг фалончи хоҳласа денглар” дедилар (Имом Абу Довуд).
Бу ривоятдаги “ва”, “билан”, “сўнг” боғловчилари ўртасидаги фарқ шундаки, “ва” билан қўлланилса яқинлашиш, тенглашиш келиб чиқади. Яъни, “Аллоҳ ва мен хоҳласам” дегани Аллоҳнинг хоҳишига банданинг хоҳиши тенглаштирилиб, шунга боғлаб қўйиш бўлади. Агар “сўнг” боғловчиси ишлатилиб, “Аллоҳ хоҳласа, сўнг мен” дейилса, банда бу ўринда ўз хоҳишини Аллоҳнинг хоҳишига тобе қилмоқда. Ҳақиқатдан ҳам банда хоҳлаган нарса Роббисининг иродасидан кейин рўёбга чиқади.
Ширкнинг танилган турлари:
Ибодатда ширк келтириш; Дуода ширк келтириш; Роббликда ширк келтириш; Ҳукмда ширк келтириш.; Мулк (эгалик-подшоҳлик) ва султон (ҳукмдор)ликдаги ширк келтириш; Халқ – яратишдаги ширк келтириш; Итоатда ширк келтириш; Шариатнинг ҳукмларини жорий қилишликдаги ширк келтириш; Аллоҳдан ўзгага атаб жонлиқ сўйишлик ила ширк келтириш; Аллоҳдан ўзганинг номи ила қасам ичиш ила ширк келтириш; Аллоҳдан ўзгага ҳаж ёки зиёрат қилиш ила ширк келтириш; Ном қўйишдаги ширк келтириш; Назрларда ва қасамларда Аллоҳга ширк келтириш.
Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ ўз тафсирларида ширк кетирмаган банданинг мукофоти қандай бўлишини баён қилиб қуйидаги ҳадисни келтиради:
Абу Зарр (р.а.)дан ривоят қилинади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Менинг олдимга Жаброил (алайҳиссалом) келди ва “Умматингиздан кимики Аллоҳ ширк келтирмай вафот этса, жаннатга киради” деган башоратни берди. Шунда мен уч бор: “агарчи зино ёки ўғрилик қилса ҳам-ми?” дедим. Жаброил (алайҳиссалом): “агар зино ёки ўғрилик қилсалар ҳам” деб айтди” (Бухорий ва Муслим).
Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.)дан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Кимки Аллоҳ ширк келтирмай вафот этса, жаннатга киради” (Муслим ривояти).
Энди ширкнинг салбий оқибатига келсак, Аллоҳ мушрик кимсалар учун жаннатни ҳаром қилиб, фақат дўзахни хозирлаб қўйганини ўз каломида шундай баён қилади:
“…Кимки Аллоҳга ширк келтирса, албатта, унга Аллоҳ жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзахдир. Золимларга (эса) ёрдамчилар бўлмас.” (Моида,72)
Яна:
“Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтириш (гуноҳи)ни кечирмагай ва (лекин) ана шундан бошқа (гуноҳлар)ни Ўзи хоҳлаган (банда)ларидан кечирур. Ким Аллоҳга ширк келтирса, демак, у улкан гуноҳни тўқиб чиқарибди.” (Нисо, 48)
Ширк ҳеч кимдан кечирилмайди:
“Агар ширк келтирсанг, албатта, амалинг беҳуда кетур ва албатта, зиён кўрувчилардан бўлурсан” (Зумар, 28)
Ҳатто Аллоҳ ширк келтирганларнинг ҳақларига дуо қилишдан Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда мўминларни қайтарди.
“На пайғамбар ва на мўминлар мушриклар учун, гарчи улар қариндошлари бўлса ҳам уларнинг дўзах аҳли эканликлари маълум бўлгандан кейин истиғфор (гуноҳларини кечиришини) сўрашлари жоиз эмас.” (Тавба, 113)
Ҳатто, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам умри давомида у зотни ҳимоя қилиб, ёрдам берган амакилари учун ҳам истиғфор айтишдан қайтарилган мана шу ояти карима билан. Демак, Пайғамбар алайҳиссаломгаки рухсат йўқ экан, бошқаларга бўлмаслиги аниқ гап.
Аллоҳ таолонинг ўзи бундай ҳолатдан сақласин!
(Давоми бор…)
Нодирбек Нишонов,
Фарғона шаҳар “Муҳаммад авлиё” масжиди имом–ноиби