Маълумки, исломда кишилар ўртасида бўладиган барча муносабат ва муомалотлар одоби аниқ-тиниқ баён этилган бўлиб, мазкур одобларга амал қилганлар ҳеч қачон қоқилмай, мақсадга етишлари аниқ. Ана шундай одоблардан бири устоз ва шогирд муносабатларидир.
Устозлар ҳурмати ҳақида шайх ул-ислом Имом Бурҳониддин Аз-Зарнужий «Таълим ул-мутааллим» номли китобида шундай дейди:
«Толиби илмнинг муҳим вазифаларидан бири, бу устоз ҳурматини сақламоғидир. Одоблар жумласига устоз олдида юрмаслиги, ўрнига ўтирмаслиги, ҳузурида рухсатсиз сўз бошламаслиги ва гапирганда ҳам кўп гапирмаслиги, устоз толиққан пайтида ундан бирор нарса сўрамаслиги, таълим учун ҳовлисига борганда, то устоз ўзи чиққунича эшик қоқмай, кутиб ўтириши, кабилар киради…».
Буюк аллома Бурҳониддин Марғинонийнинг ҳикоя қилишларича, Бухоро уламоларидан бири кунларнинг бирида дарс асносида бир неча марта ўрнидан туриб, ташқарига қараб, бир оз таъзим қилиб, яна ўтиради. Толиблар бундан ҳайрон бўлиб, сабабини сўрашади. Устоз: «Ташқарида устозимнинг ўғилларидан бири болалар билан ўйнаб юрибди. Қачон бу ерга яқинлашганини кўрсам, устозим ҳурматидан ўрнимдан туряпман», деб жавоб берадилар.
Аббосийлар сулоласининг бешинчи халифаси Ҳорун ар-Рашид (763-809 ) ўғилларидан бирини замон олими Асмаий – Абу Саид Абдул Малик ибн Қариб Боҳилий (122/740-216/831)га шогирдликка беради. Бир куни халифа аёнлари билан кетаётиб, йўлда Асмаийнинг таҳоратда оёғини юваётганини ўғлини эса унга сув қуйиб бераётганини кўриб қолади ва дарғазаб бўлиб ўтиб кетади. Буни кўрган устоз, ўғлини хизмат қилдирганимга халифанинг аччиғи келдида, деб афсусланади.
Кечқурун халифа Асмаийни чақиртиради. Кириб борганида халифа: «Мен сени нима учун чақирганимни биласанми, – деб сўрайди. Асмаий: «Ҳа, кундузи ўғлингни хизмат қилдирганим учун аччиғланиб чақирдинг», – дейди. «Тўғри», – дейди халифа, – нима учун у сув қуйиб беради сен оёғингни ювасан? Сен устозмисан, устоз бўлсанг, қўйиб бер уни ўзига, бир қўлида сув қуйиб, бир қўлида ювсин! Ахир, мен сенга ўғлимни тарбия қилишинг учун берган эдим, сен эса тарбия қилишни билмабсан», дея, койиб беради.
Абдулазиз Ғолиб Марғилонийнинг (1899-1982) “Машъал” номли китобларида қуйидаги жумлалар бор: “Агар бир одам сени йўлга солиб, ҳидоят йўлини кўрсатиб, сенга Аллоҳ таолони танитиб, мусулмонликни ўргатса, шундай одам ўзингни қул қилиб, ҳамма молингни олганида ҳам ўшал раҳбарни сенда ҳаққи боқий қолади. Чунки у сени абадий азобдан сақлана олишингга сабаб бўлди.
Аҳмад ибн Яҳё Ал-Абюрий айтадилар: “Кимнинг устози ундан рози бўлса ҳаётлик чоғида уни мукофотламайди, токи қалби устозидан хотиржам бўлиб қолмаслиги учун. Устози вафот топгачгина унинг розилиги натижасини кўради”.
Рисолайи Қушайрияда келтиришларича, Абдуллоҳ Ар-Розий Абу Усмон Ҳирийнинг Муҳаммад ибн Фазл ал-Балхийни таърифлаётганини эшитади ва у зот зиёратига муштоқ бўлиб боради. Лекин зиёратдан кўнгли тўлмайди. Келгач, бу ҳақда Абу Усмон Ҳирийга айтади. Шунда у зот: “Сен у зотни менсимагансан, агар ихлос ва чин эътиқод билан борганингда эди, бундай бўлмас эди. Ким бировни енгил санаса, ундан ҳеч қандай фойда ололмайди. Уни ҳузурига ҳурмат билан бор, дейди. Абдуллоҳ у зот ҳузурига айтилганидек бориб, катта фойдалар олиб қайтади.
Муҳаммад Шановий айтадилар: “Мен қачон шайхларнинг ҳузурига кирсам, ақлимни синдирар эдим, яъни улардан содир бўлган нарсаларни ўзимча таъвил қилишдан сақланар ва ўзимни уларнинг оёғини остида кўрар эдим, шунда мен улар ҳузуридан катта фойдалар билан чиқар эдим”.
Устоз-шогирд муносабатлари ҳақида гап кетганида Муҳаммад Мунир Самнудийнинг “Туҳфат ус-соликин”да келтирган тавсиялари аҳамиятлидир.
“Шогирд-мурид одоблари кўп бўлиб, улардан баъзиси, устоз-шайх ҳузурида борганида агар рухсат берса кириши, бордию, рухсат бермаса, қайтиб кетавериши керак. Унинг ҳузурида ўтирганида, бошини қуйи қилсин, дилини, тилини ва бутун вужудини бежо фикр ва ноўрин ҳаракатлардан сақлаши лозим. Фақат жавоб бериш учунгина гапириши ва шунда ҳам паст ва майин овоз билан сўзлаши керак.
Устозининг шаръийга мувофиқ бўлган ҳар бир ишини сўзсиз бажарсин. Унинг амрларини бажаришда дилига ҳам бирор нарсани келтириб, қарши чиқмасин. Чунки кўпинча устоз шогирдда ҳосил бўлаётган, аммо шогирд уни ўзи учун макр-ёмонлик бўлишини сезмайдиган нарсаларни билади.
Шогирд устоз билан бирга таом емасин, агар у ўзи таклиф қилса у ҳолда мумкин. Кечаси ва заруратдан бошқа пайтларда унинг олдида юрмасин. Ўзининг бирор бир ҳолатини ундан яширмасин. У келганида таъзими учун ўрнидан турсин ва унга юзлансин. Унинг ҳузурида эснамасин, оёғини узатиб, суяниб ва чордана қуриб ўтирмасин. Магар у ўзи рухсат берса, у ҳолда ўтирса мумкин.
Устоздан берухсат унинг жойида ўтирмасин, кийимини берухсат киймасин, тасбеҳи, қалами ва бошқа нарсаларини ҳам ишлатмасин. Агар унга меҳри товлаб бирор нарса, масалан, кийим, кавуш, салла ва бошқа нарсалар ҳадя қилса дарҳол уни олиб, унинг кўзи олдида ўша нарсаларни кийиб юрсин. Бунда ўша нарсаларни эҳтиёт қилаётганини билдириб турсин. Имкони борича ўзини тақвода, динда, ахлоқда, ички ва ташқи покликда устозининг аҳволига яқин олиб боришга ҳаракат қилсин. Бунда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга кийим бериб, уни унга ўраб олганлари ва шундан кейин у зотнинг зеҳни зиёда бўлгани воқеасини хаёлига келтирсин.
Имом Шаъроний айтадилар: “Бир куни устозим ҳузурларига кавушли боришни ўзимга эп кўрмай, кавушимни ечиб, ялангоёқ кириб бордим. Бу иш у зотга таъсир қилди ва ёнларида ўтирган кишига паст овозда: “Бу йигитнинг ўзига фойда ва зарарига қодир бўлмаган махлуқ – бандага қилган одоби шунчалик бўлса, барча нарсанинг молики – эгаси бўлган холиққа нисбатан одоби қанчалик юқори экан-а”, деганларини эшитдим. Билдимки, бундан у зот хурсанд бўлибдилар. Шаъроний яна шундай дейдилар: “Ҳақиқий шогирд устоз-шайхини ҳеч қачон машаққатга солмаслиги керак. Ҳақиқий толиб устози билан шарафланмай, балки устозни шарафлантирадиган бўлади”.
Шогирд одобларидан яна бири, унинг ҳузурида гўё, қул хожа ҳузурида ўтирганидек, чўкка тушиб ўтиришидир. Ортиқча ҳаракат билан унинг дилидан тушиб қолиши мумкин, бундан хушёр бўлсин. Натижада эса устозининг баракаси ва илмининг фойдасидан бебаҳра қолади.
Одоблардан яна бири, устоз ҳузуридан чиқаётганида орқа қилмай олди билан чиқиб кетсин. Чунки содиқ шогирд улуғликка фақат устозининг ҳурмати билангина етади. Агар у шайхининг одобини жойига қўйса, демак у Аллоҳ таоло билан бўладиган одобларни ҳам жойига қўядиган кишига айланади.
Устознинг уйига кирса у йўқлик пайтида ҳам унинг олдида ўтирганидек ўтирсин. Унга устозининг фарзандлари, дўстлари, қариндошларининг ҳам ҳурмати вожиб бўлади. Ҳатто унинг гўдак фарзандларига ҳам шу каби ҳурматли бўлиши ва бу ҳурмат унинг вафотидан кейин ҳам давом этиши керак.
Одоблардан яна бири, у ўта зийрак ва хушёр бўлишидир, токи устоз буюраётган ишни биргина ишора билан англаб олсин. Уни назарининг ўзи кифоя демай, унинг бошқа хизматларини ҳам бажарсин. Чунки саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан жаннатда у зот билан бирга бўлишни сўраганларида уларга ёлғиз муҳаббатни ўзи кифоя қилади, демай уларни саждани кўпайтиришга, яъни, амал-меҳнатга буюрганларидан ҳам бу нарса маълум бўлади. Ҳадисда: “Кимни амали ўтказиб қўйса, уни насабининг тозалиги тургизиб қўймайди”, дейилган.[1]
Ўзида бирор фазилатни кўрса, албатта буни устозининг хизматидан деб билсин, агар ёмонлик кўрса буни ўз нафсининг ёмонлигидан билсин…”.[2]
Шуни билсинки, устозга бўлган одоб унга бўлган муҳаббат билан бўлади, шунга кўра, ким устозини ўзининг барча истак ва хоҳишларидан устун қўймаса, илм ва сулукда зафарга эриша олмайди.
Раҳматуллоҳ ФАЙЗУЛЛАЕВ,
Марғилолн шаҳар “Робия ҳожи она” мсжиди имом-хатиби
[1] Мазкур ҳадисни Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ва Ибн Можалар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган.
[2] Муҳаммад Мунир Самнудий. «Туҳфатус-соликин» Миср, «Маҳмудийя» матбаъаси, 1310/1889. 58-65-бетлар.