Биз баён қилмоқчи бўлга воқеа Мусо алайҳиссалом замонларида бўлиб ўтган. Мусо алайҳиссалом илмга чанқоқ бўлганлари учун ўзларидан билимдонроқ зот бўлса, унинг илмидан ўргансам деб илтижо қилганларида Аллоҳ таоло Ҳизр алайҳиссалом ҳақларида билдирди. Мусо алайҳиссалом Ҳизр алайҳиссаломни топиб, у зот билан учрашиб илм ўрганиш истаклари борлигини айтдилар.
Воқеа Каҳф сурасининг 66-82 оятларида қуйидагича баён қилинган:
قَالَ لَهُ مُوسَى هَلْ أَتَّبِعُكَ عَلَى أَنْ تُعَلِّمَنِ مِمَّا عُلِّمْتَ رُشْدًا
Мусо унга: «Сенга билдирилган билимдан, менга ҳам тўғри йўлни таълим беришинг учун сенга эргашсам майлими?», – деди.
قَالَ إِنَّكَ لَنْ تَسْتَطِيعَ مَعِيَ صَبْرًا
У (Хизр) айтди: «Аниқки, сен мен билан бирга (илм муаммоларига) сабр қила олмайсан.
وَكَيْفَ تَصْبِرُ عَلَى مَا لَمْ تُحِطْ بِهِ خُبْرًا
(Зотан) ўзинг эгаллаб хабардор бўлмаган нарсага қандай сабр қилурсан?!»
قَالَ سَتَجِدُنِي إِنْ شَاءَ اللَّهُ صَابِرًا وَلَا أَعْصِي لَكَ أَمْرًا
(Мусо) деди: «Иншоаллоҳ, сен менинг сабрли эканимни кўрурсан. Мен бирор ишда сенга итоатсизлик қилмасман».
قَالَ فَإِنِ اتَّبَعْتَنِي فَلَا تَسْأَلْنِي عَنْ شَيْءٍ حَتَّى أُحْدِثَ لَكَ مِنْهُ ذِكْرًا
У (Хизр) айтди: «Бас, агар менга эргашсанг, то ўзим сенга айтмагунимча, бирор нарса ҳақида мендан сўрамагин!»
فَانْطَلَقَا حَتَّى إِذَا رَكِبَا فِي السَّفِينَةِ خَرَقَهَا قَالَ أَخَرَقْتَهَا لِتُغْرِقَ أَهْلَهَا لَقَدْ جِئْتَ شَيْئًا إِمْرًا
Бас, иккиси йўлга тушдилар. Бориб бир кемага минишлари билан (Хизр кемани) тешиб қўйди. (Мусо) айтди: «Одамларини ғарқ қилиш учун уни тешдингми?! Жуда ножўя иш қилдинг-ку!»
قَالَ أَلَمْ أَقُلْ إِنَّكَ لَنْ تَسْتَطِيعَ مَعِيَ صَبْرًا
У (Хизр) деди: «Мен билан бирга сабр қилишга тоқатинг сира етмайди, демаганмидим?!»
قَالَ لَا تُؤَاخِذْنِي بِمَا نَسِيتُ وَلَا تُرْهِقْنِي مِنْ أَمْرِي عُسْرًا
(Мусо) айтди: «Унутганим учун мени айбламагин ва бу ишим сабабли мени машаққатга дучор ҳам қилмагин!».
فَانْطَلَقَا حَتَّى إِذَا لَقِيَا غُلَامًا فَقَتَلَهُ قَالَ أَقَتَلْتَ نَفْسًا زَكِيَّةً بِغَيْرِ نَفْسٍ لَقَدْ جِئْتَ شَيْئًا نُكْرًا
Сўнгра яна йўлга тушдилар. Бориб бир болани учратганларида (Хизр) уни қатл этди. (Буни кўрган Мусо) деди: «Ҳеч кимни ўлдирмаган бир бегуноҳ жонни ўлдирдинг-а?! Ҳақиқатан, (сен) хунук иш қилдинг!»
قَالَ أَلَمْ أَقُلْ لَكَ إِنَّكَ لَنْ تَسْتَطِيعَ مَعِيَ صَبْرًا
У (Хизр) деди: «Сенга мен билан бирга сабр қилишга сира тоқатинг етмас, демаганмидим?!»
قَالَ إِنْ سَأَلْتُكَ عَنْ شَيْءٍ بَعْدَهَا فَلَا تُصَاحِبْنِي قَدْ بَلَغْتَ مِنْ لَدُنِّي عُذْرًا
(Мусо) деди: «Агар бундан кейин сендан бирор нарса ҳақида сўрасам, менга ҳамроҳ бўлмагин. Мен томондан узр (қабул қилиш меъёри)га етган бўлурсан».
Узрнинг меъёрини Мусо (а.с.) уч марта деб чегаралаб қўйганидан кейин бошқа илож қолмайди. Ҳадисда: “Биродарим Мусони Аллоҳ раҳмат қилсин – бу сўзни яна узр айтишга уялганидан айтди. Агар узр айтишни чегараламай, Хизр билан юраверганида кўп ажойиб-ғаройиб ишларни кўрарди”, – дейилган. Шу мазмундаги ҳадисни Бухорий ва Муслим (рҳ.)лар ҳам ривоят қилганлар.
فَانْطَلَقَا حَتَّى إِذَا أَتَيَا أَهْلَ قَرْيَةٍ اسْتَطْعَمَا أَهْلَهَا فَأَبَوْا أَنْ يُضَيِّفُوهُمَا فَوَجَدَا فِيهَا جِدَارًا يُرِيدُ أَنْ يَنْقَضَّ فَأَقَامَهُ قَالَ لَوْ شِئْتَ لَاتَّخَذْتَ عَلَيْهِ أَجْرًا
Сўнгра (улар) яна йўлга тушдилар. То бир шаҳар аҳлининг олдига келиб, улардан таом сўраган эдилар, уларни меҳмон қилишдан бош тортишди. Кейин ўша жойда йиқилай деб турган бир деворни кўришгач, (Хизр) уни тиклаб қўйди. (Мусо) деди: «Агар хоҳласанг, бу (ишинг) учун ҳақ олишинг мумкин эди».
قَالَ هَذَا فِرَاقُ بَيْنِي وَبَيْنِكَ سَأُنَبِّئُكَ بِتَأْوِيلِ مَا لَمْ تَسْتَطِعْ عَلَيْهِ صَبْرًا
У (Хизр) айтди: «Мана шу сен билан менинг ажрашимиздир. Энди мен сени сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг таъвили (шарҳи)дан огоҳ қилурман:
أَمَّا السَّفِينَةُ فَكَانَتْ لِمَسَاكِينَ يَعْمَلُونَ فِي الْبَحْرِ فَأَرَدْتُ أَنْ أَعِيبَهَا وَكَانَ وَرَاءَهُمْ مَلِكٌ يَأْخُذُ كُلَّ سَفِينَةٍ غَصْبًا
Кема хусусига келсак, у денгизда ишлайдиган мискинларники эди. Бас, мен уни айбли қилиб қўймоқчи бўлдим. (Чунки) уларнинг ортида барча (бутун) кемаларни тортиб олаётган бир подшоҳ бор эди.
وَأَمَّا الْغُلَامُ فَكَانَ أَبَوَاهُ مُؤْمِنَيْنِ فَخَشِينَا أَنْ يُرْهِقَهُمَا طُغْيَانًا وَكُفْرًا
Ҳалиги боланинг эса, ота-онаси мўмин кишилар эди. Бас, биз у (бола) туғён ва куфр билан уларни қийнаб қўйишидан қўрқдик.
فَأَرَدْنَا أَنْ يُبْدِلَهُمَا رَبُّهُمَا خَيْرًا مِنْهُ زَكَاةً وَأَقْرَبَ رُحْمًا
Шу сабабдан, уларга Парвардигорлари у (бола)дан кўра покизароқ ва ундан кўра меҳрибонроқ (бошқа бир болани) бадал (эваз) қилиб беришини истадик.
وَأَمَّا الْجِدَارُ فَكَانَ لِغُلَامَيْنِ يَتِيمَيْنِ فِي الْمَدِينَةِ وَكَانَ تَحْتَهُ كَنْزٌ لَهُمَا وَكَانَ أَبُوهُمَا صَالِحًا فَأَرَادَ رَبُّكَ أَنْ يَبْلُغَا أَشُدَّهُمَا وَيَسْتَخْرِجَا كَنْزَهُمَا رَحْمَةً مِنْ رَبِّكَ وَمَا فَعَلْتُهُ عَنْ أَمْرِي ذَلِكَ تَأْوِيلُ مَا لَمْ تَسْطِعْ عَلَيْهِ صَبْرًا
Энди девор эса, шу шаҳардаги икки етим боланики бўлиб, унинг остида улар учун бир хазина бор эди. Уларнинг отаси солиҳ киши эди. Бас, Раббинг улар вояга етиб, Раббингнинг раҳмати бўлмиш хазиналарини чиқариб олишларини ирода қилди. Мен бу (ишларни) ўзимча қилганим йўқ. Мана шу сен сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг таъвили (шарҳи)».
Ушбу оят далолат қиладики, Мусо (а.с.) билан чиққан сафари асносида Хизр (а.с.) мазкур уч хил одатга хилоф ишларни ўз ихтиёри билан эмас, балки уларни Аллоҳ таолонинг илҳоми ёки амри асосида қилган (Мд. Лс. Хз.).
“Энди девор эса, шу шаҳардаги икки етим боланики бўлиб, девор остида улар учун хазина бор эди. Уларнинг отаси солиҳ киши эди”, оятига эътибор беринг. “Руҳул баён” тафсирида баён қилинади: “Аллоҳ таоло комил ҳикмати, беҳад раҳмли ва меҳрибонлиги туфайли солиҳ отадан қолган бойлик боласига етиб бориши учун ўзининг икки пайғамбари Мусо ва Хизр алайҳимассаломларни юбориб, деворни тузаттириб қўйди. Ўша замонда девор йиқилганида хазина очилиб қолар эди, болалар эса уни тасарруф қилишга лаёқати бўлмаган ёшда эди. Болалар улғайгач меросни топиб ўз тасарруфларига олишлари учун деворни тиклаб хазинани маълум бир муддатга яшириб қўйди. Яна айтилади: “Аллоҳ таоло бир солиҳ кишининг шарофатидан бутун бир қавмни сақлайди, унинг баракотини етти пуштига ҳам етказади.” Муҳаммад ибн Мункадир: “Албатта Аллоҳ таоло бир солиҳ киши ҳурмати билан фарзандлари, набиралари, қариндошларини ва атрофидагиларни сақлайди, улар доимо Аллоҳ таолонинг ҳифзи ва ҳимоясида бўладилар”, деган.
Маккаи мукаррамага ҳаж ёки умрага борган зиёратчилар Ҳарам олдида дон териб юрган кабутарларни кўрганлар, балки ўша кабутарларга дон ҳам олиб сочганлар. Аслида кабутар қувлаш динимизда мазаммат қилинган амаллардан бўлса, нима учун ҳожилар бу кабутарларга пулга дон сотиб олиб сочадилар? Чунки, мазкур кабутарлар Расулуллоҳ саллаллоҳу васаллам ва Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳуни Савр ғорига яширинган вақтларида ғор оғзига тухум қўйиб, бу икки муҳтарам зотларни ҳимоя қилган бир жуфт кабутарларнинг зурриётидандир. Ўшанда мушриклар тухум босиб ётган бир жуфт кабутарни кўриб, бу ерга ҳеч ким кирмаган, деб қайтиб кетган эди.
Тафсирда яна бир нозик нуқтага ишора бор: Аллоҳ таоло солиҳ бандаси учун ҳалол молни муҳофаза қилади. Керак бўлса, Мусо ва Хизр алайҳисаломлардек пайғамбарларни шу ишга жалб қилади” (Руҳул баён тафсири, 5-жуз, 66—82 оятлар).
Муҳтарам ота-оналар, бир жуфт кабутарнинг муҳаббат билан қилган яхшилиги сабаб бўлиб, ўн беш асрдан бери Ҳарам кабутарлари ҳожилар эъзозида бўлса, махлуқотларнинг ашрафи ва оқили бўлган инсоннинг яхшилиги ҳам асрлар давомида фарзандларига манфаат етказади. Фарзандларга насиҳат қилишдан аввал ўзимиз ибрат, намуна бўлсак, кўп насиҳат қилишга ҳам ҳожат қолмайди.
Абдумажид ИСАҚОВ,
Қўқон шаҳар бош имом-хатиби