بسم الله الرحمن الرحيم
الْحَمْدُ لِلَّهِ وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى سَيِّدِنَا رَسُولِ اللَّه وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّينِ أَمَّا بَعْدُ
Ҳурматли жамоа! Таълим-тарбия жамиятимиз ривожи учун муҳим аҳамиятга эга. Мана шу оғир юк таълим иши билан бевосита шуғулланадиган муаллимлар зиммасига тушади. Динимизда устознинг қадри ва фазли улуғдир. Чунки айнан ўша зотлар келажак авлоднинг шаклланишида катта ўрин тутади. Ўқитувчиларнинг машаққатли меҳнатлари эвазига ёш авлоднинг илмига илм, одобига одоб қўшилади. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қуйидаги сўзлари ўқитувчиларнинг фазилати учун етарли ҳисобланади:
إِنَّ اللَّهَ وَمَلَائِكَتَهُ وَأَهْلَ السَّمَوَاتِ وَالْأَرَضِينَ حَتَّى النَّمْلَةَ فِي جُحْرِهَا وَحَتَّى الْحُوتَ لَيُصَلُّونَ عَلَى مُعَلِّمِ النَّاسِ الْخَيْرَ
(رواه الامام الترمذى عن أبى أمامة رضي الله عنه)
яъни: “Албатта, Аллоҳ таоло, фаришталар, осмонлар ва ерлардаги зотлар, ҳатто инидаги чумолилар ва (сувдаги) балиқлар ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчи кишиларга раҳмат йўллайди ва истиғфор айтади” (Имом Термизий ривоятлари).
Таълим-тарбия иши пайғамбарларнинг вазифаларидан биридир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар:
إِنَّ اللَّهَ لَمْ يَبْعَثْنِي مُعَنِّتًا وَلَا مُتَعَنِّتًا وَلَكِنْ بَعَثَنِي مُعَلِّمًا مُيَسِّرًا
(رواه الامام مسلم عن عائشة رضي الله عنها)
яъни: “Албатта, Аллоҳ таоло мени одамларни қийинчиликка соладиган, уларнинг адашишини хоҳловчи қилиб эмас, балки муаллим ва осон қилувчи қилиб юборди” (Имом Муслим ривоятлари).
Ёш авлод муаллимлар олдида омонатдир. Албатта, уларнинг таълим-тарбияси борасида устозлар масъулдирлар. Улар келажакда комил инсон бўлиб етишишлари учун бор имкониятларини ишга солишлари зарур. Чунки ҳадиси шарифда шундай дейилади:
كُلُّكُمْ رَاعٍ وَكُلُّكُمْ مَسْؤُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ
مُتَّفَقٌ عَلَيهِ عن ابن عمر رضي الله عنهما
яъни: “Ҳар бирингиз раҳбардирсиз ва қўл остингиздагилардан масъулдирсиз” (Муттафақун алайҳ).
Муҳтарам жамоат! Мамлакатимизда устоз ва мураббийларга эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаш, ижтимоий имтиёзлар яратиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жамиятнинг маънавий-маърифий даражаси устоз ва мураббийларга бўлган муносабатга қараб баҳоланади. Жамиятнинг кўп қисмини ташкил қилувчи ёшларимизга таълим-тарбия бериб келаётган устоз ва мураббийларимизни ҳар вақт ҳурматлашимиз ва эъзозлашимиз лозим. Зеро, келажак авлодни баркамол ва етук маърифатли бўлиб етишишида уларнинг хизматлари каттадир. Ўзбекистон бугунги дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб, таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда ўзини кўрсатиб, халқаро майдонда ўз мавқеъига эга бўлишида устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёсдир. Шу муносабат билан юртимизда ҳар йили 1 октябрь кунини “Устоз ва мураббийлар куни” сифатида нишонланади. Бу кунда устозларга янада кўпроқ ҳурмат-иззат кўрсатилади ва уларга хурсандчилик бахш этишга ҳаракат қилинади.
Устозларни қадрлаш ҳақида сўз кетганда, беихтиёр ҳазрати Мир Алишер Навоий бобомизнинг ушбу сўзлари ёдимизга тушади:
Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳаққин минг ганж ила.
Демак, жамиятда муҳим ўрин тутган, машаққатли касб эгаларининг масъулиятлари қанчалик катта бўлса, уларнинг ҳурматларини сақлаш ҳам халққа шунчалик бурч бўлади.
Динимиз таълимотига кўра илмларига амал қилувчи уламолар ва одамларга фойдали илмларни таълим берувчи муаллимларнинг Аллоҳ таоло ҳузурида шаънлари улуғ, қадрлари юксакдир.
Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм Исломда ардоқланади. Замонавий билимлардан дарс берувчи устозлар ҳам яхши ниятлари сабаб ажру савобга эришадилар.
Уламо ва устоз мураббийларни қадрлаш ва эҳтиром қилиш шаръан вожиб амаллардандир. Зеро улар ўтган улуғ зотлар ва олимларнинг меросхўрларидир. Ўтган олимлар молу дунёни эмас, балки илмни мерос қолдиргандирлар. Илмнинг фазилати ҳақида Имом Бухорийдан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Тушимда менга бир идишда сут келтирилди, қонгунимча ичдим, ҳатто тирноқларимдан сут чиққанини кўрдим”. Саҳобаи киромлар сўрадилар: “Ё Расулуллоҳ, сутни нимага йўйдингиз?”. “Илмга”, – дедилар Расулуллоҳ алайҳиссалом”.
Илм аҳлини Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг мадҳ этиб, шундай марҳамат қилган:
يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ
(سورة المجادلة/11)
яъни: “… Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” деган бўлса, “Зумар” сурасида шундай дейди: “Айтинг: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” (Мужодала сураси 11-оят).
Яъни олимлар билан жоҳил-илмсизлар Аллоҳнинг ҳузурида ҳам, жазо ва мукофотда ҳам тенг бўлмайдилар. Шундай экан илм аҳлларига нисбатан одобсизлик қилмаслик, уларга азият бермаслик лозим.
Машҳур муҳаддис олим Абул Қосим ибн Асокир илм аҳлларига одобсизлик қилган кишига насиҳат қилиб, шундай деган: “Билгинки, уламоларнинг гўштлари заҳарлидир. Ким бирор олимни ҳақорат қилса Аллоҳ таоло унинг ўлимидан аввал қалбини ўлими билан балога гирифтор қилади”.
Яъни, илм аҳлларига нисбатан одобсизлик қилиб, улар йўқликларида ортиларидан гапирган киши гўё заҳарли гўшт егандек бўлади. Унинг бу қилган иши сабабли Аллоҳ таоло унинг ўзидан аввал қалбини кўр қилиб қўяди.
Аллома ибн Нажжорнинг “Тарих”ида Қози имом Абу Тоййибдан қилинган саҳиҳ ривоятда шундай воқеъни келтирилади “Биз Бағдоддаги жомеъ масжидда ўтирган эдик. Бир хуросонлик ёш йигит келиб, олимлардан бир масала ҳақида сўраб далилини талаб қилди. Шунда унга сўраган масаласини жавобини айтиб Абу Ҳурайа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис ушбу масаланинг далили экани айтилди. Йигит: “Абу Ҳурайра ҳадиси ҳужжат бўладиган одам эмас” деди. У гапини тугатиб бўлмасдан “жомеъ” шифтидан катта бир қора илон тушди. Бу ҳолатни кўрган одамлар қўрқиб кетиб, ҳар томонга қоча бошлашди. Илон айни ўша йигитни таъқиб қиларди. Шунда йигитга қарата “ҳозир айтган гапингдан тавба қил” дейилди. У шошганича “тавба қилдим” деган эди илон ҳеч қандай из қолдирмай ортига қайтиб кетди”. Ушбу ҳикояни келтирган машҳур муҳаддис олим Ибн Салоҳ “ушбу ривоят ишончли санад билан собит бўлган бўлиб, ривоят қилганларни барчаси ишончли кишилардир” деган.
Юқоридаги келтирилган ва ундан бошқа кўплаб шаръий далиллардан хулоса қиладиган бўлсак инсонларни, айниқса, устозлар ва илм аҳлларини ҳақорат қилиш, ортларидан ғийбат қилиш, одамлар ўртасида обрўсизлантиришга уруниш шаръан ҳаром амалдир. Аксинча уларни қадрлаш, ҳурмат қилиш, насиҳатларига қулоқ тутиш эса марғуб ва матлубдир. Ҳар бир инсон қўлидан келганича уларга нисбатан самимий бўлишга, ўзаро меҳр-муҳаббат асосида муомалада бўлишга ҳаракат қилиши лозим. Зеро ҳазрати Али разияллоҳу анҳу айтганларидек “Уламоларни яхши кўриш ҳам диёнатдандир”.
Ҳурматли жамоат! Дарҳақиқат, агар биз ҳақиқий тараққиётга эришмоқчи бўлсак, дунёнинг пешқадам халқлари сафига қўшилмоқчи бўлсак, илмга бўлган муносабатимизни Ислом таълимотлари асосида ўзгартиришимиз лозим. Ҳадиси шарифларда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
الكَلِمَةُ الْحِكْمَةُ ضَالَّةُ الْمُؤْمِنِ فَحَيْثُ وَجَدَهَا فَهُوَ أَحَقُّ بِهَا
(رواه الامام الترمذي عن أبي هريرة رضي الله عنه)
яъни: “Ҳикматли калима мўминнинг йўқотган нарсасидир. Уни қаерда топса ҳам олишга ҳақлидир” (Имом Термизий ривоятлари).
Ушбу ҳадисда ҳар қандай фойдали илм, гарчи бир калима бўлса ҳам мўмин-мусулмон киши учун худди йўқотиб қўйиб, излаб юрган қадрли буюмига ўхшатилмоқда. Уни қаерда топсак ҳам бошқалардан кўра ўзимиз ҳақли эканимизни билишимиз керак.
Барчамиз ёш авлод таълим-тарбияси борасидаги давлатимиз олиб бораётган изчил ислоҳотларни амалга оширишда ўзаро ҳамжиҳатлик руҳида саъю-ҳаракат қилсак, бу борадаги дунёқараш ва тасаввурларни тубдан ўзгартирсак, кўзланган мақсад ва натижаларга эришамиз. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:
…إِنَّ اللَّهَ لَا يُغَيِّرُ مَا بِقَوْمٍ حَتَّى يغَيِّرُوا مَا بِأَنفُسِهِمْ …
(سورة الرّعد/11)
яъни: “…Албатта, бирор қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларни ўзгартирмас…” (Раъд сураси 11-оят)
Дунёда илм-фан шиддат билан ривожланмоқда, ҳар куни кашфиётлар қилинмоқда. Лекин шу кашфиётларнинг қанча қисми мусулмонлар ҳиссасига тўғри келмоқда? Афсуски, бу нисбат жуда кам бўлиб, бизни огоҳликка, илм-фан билан жиддийроқ шуғулланишга ундайди. Тарихда мусулмон олимлари дунё халқларига кўплаб кашфиётларни тақдим этганлар. Кашфиётларнинг кўпи аниқ фанларга тўғри келган, яъни математика, геометрия, астрономия, физика, кимё ҳамда тиббиёт фанлари ривожланган.
Бугунги кун ёшларига жуда кўп имкониятлар яратиб берилганига қарамай баъзи ёшларимиз бу имкониятлардан оқилона ва тўғри фойдаланишмаяпти. Ваҳолангки, ёшлик даврида вақтнинг қадрига ётиш, ундан унумли фойдаланиш лозим. Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳи алайҳ:
الْعِلْمُ فِي الصِّغَرِ، كالنَّقشِ فِي الْحَجَرِ
яъни: “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир”, – деганлар.
Буюк тобеинлардан Алқама ибн Қайс раҳматуллоҳи алайҳ: “Ёш йигитлик давримда нимани ёдлаган бўлсам, гўё унга (ёдлаган нарсамга) вараққа қарагандай бўламан”. Яъни ёшликда ўрганган илмим шунчалик қалбимда ўрнашдики, уни қоғоздан ўқигандек айтишим мумкин, дер эканлар.
Шуни унутмаслигимиз керакки, ҳар бир ота-она фарзандига биринчи устоз ҳисобланади. Бу устозлик фарзанд хоҳ боғчада, хоҳ мактабда ё хоҳ олийгоҳларда таълим олаётган бўлса ҳам давом этиши керак. Инсоф билан ўйлаб кўрайлик, қачон мактабдаги фарзандимизнинг ўқишлари, кундаликларидаги баҳолари, дарсликларининг аҳволи билан қизиқиб кўрдик. Қачон олийгоҳда ўқиётган фарзандимизнинг дарсга қатнаши, мутахассислигини ўзлаштириши, диплом ишлари билан шуғулландик. Агар фарзандларимизга ҳушёр ва эътиборли бўлсак, ҳозирги кунда қулоққа чалиниб турган пичоқбозлик, муштумзўрлик, маст қилувчи ва гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш, турли адашган оқимларга эргашиш анча барҳам топган бўлар эди.
Шундай экан, ҳар биримиз устоз ва мураббийларни доимо ҳурмат ва эҳтиром қилиб, фарзандлар тарбиясида уларга ёрдамчи бўладиган бўлсак, ёшларимиз биз ўйлагандан-да илм-маърифатли, таълим-тарбияли, эл-юртига хизмат қиладиган етук шахслар бўлиб вояга етадилар, иншааллоҳ.
Азизлар! Хабарингиз бор, юртимизда муқаддас динимиз ва уламоларимизнинг бой меросини ўрганиш, тарихий обидаларни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилиб, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилди. Ушбу марказда бир қанча хайрли лойиҳа ва ишларни амалга ошириш режалаштирилган. Жумладан, марказда юртдошларимиз фойдаланишлари учун катта кутубхона ҳам барпо қилинмоқда. Ушбу кутубхонада барча ноёб манбалар ва аждодларимиз томонидан ёзилган қадимий қўлёзма ва тошбосма асарлар жамланиши режалаштирилган. Айни пайтда юртдошларимиз томонидан уйларида сақланаётган қўлёзма ва тошбосма асарларни ушбу марказга олиб келиб, сотиш ёки ҳадя қилиш жараёни давом этмоқда. Афсуски, баъзи юртдошларимиз қўлёзма ва тошбосма асарларни сақлаш қонун-қоидаларига риоя қилмасдан уларни уйда сақлаб, шикаст етказиб, натижада қўлёзма ва тошбосма асарларнинг муқоваси ва варақлари чириб, ачинарли ҳолатларга келиб қолганини гувоҳи бўлмоқдамиз. Шунинг учун кимда мана шундай аждодларимиздан мерос қолган қўлёзма ва тошбосма асарлар бўлса, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази олиб келиб, сотишлари ёки ҳадя қилишлари мумкин. Марказда ушбу аждодларимизнинг мерослари талаб даражасида сақланади ва келажакда улардан кўплаб китобхонлар фойдаланади. Натижада, ушбу садақаи жория ва савобли ишга бизни ҳам ҳиссамиз қўшилган бўлади, иншааллоҳ.
Аллоҳ таоло баркамол авлод ва соғлом жамият олдида катта масъулият соҳиби бўлган барча устоз ва мураббийларимизга мустаҳкам соғлик, ғайрат-шижоат бериб, икки дунё саодатига мушарраф айласин! Омин!