Бугунги кунда биз яшаб турган жамиятимизни замонавий техника воситаларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Чунки биз ҳозирда техника тараққиёти асрида яшаяпмиз. Албатта, бу замонавий техника воситалари Аллоҳ таолаонинг сизу–бизга инъом этган неъматларидан бири ҳисобланади. Ушбу техника воситалари сизу–бизнинг узоғимизни яқин, оғиримизни енгил, ишимизни анча осон қилиб, биз учун анча қадрли ва қимматли бўлган вақтимизни тежашликка жуда катта хизмат қилади. Аммо, ушбу техника воситаларидан ҳамма вақт ҳам яхши ниятда, яхши бир мақсадлар учун, хайрли ва эзгу ишларни амалга оширишлик учун сарф этилмайди. Балки, ушбу воситалар орқали баъзи бир жирканч ниятли инсонлар ўзларининг ғаразли мақсадларини амалга ошириш учун фойдаланаётганлар ҳам топилади. Айниқса, уяли алоқа, кампьютер, интернет воситалари орқали инсонларни, хусусан ёшларнинг миясини заҳарлашликка ҳаракат қиладилар.
Ислом динида ҳаётимиздаги бўладиган бошқа муомала–муносабатларимиз сингари, ушбу уяли алоқа воситаларидан, компьютердан, интернетдан фойдаланишнинг ўзига хос одоб–ахлоқларини, чегара–меъёрларини белгилаб берилган.
Барчамизга маълумки, мўътабар ҳадис китобларининг аввали Пайғамбар (с.а.в) нинг ушбу муборак ҳадислари билан бошланади: «Албатта амаллар ниятга боғлиқдир». Яъни киши бирор бир амални қилишлигидан олдин, унинг ниятига қаралади. Агар ўша киши қиладиган амалида холислик, эзгулик, бирор кишига манфаат келтиришлик нияти бўлса, Аллоҳ таоло ўша қиладиган эзгу, хайрли амали учун улкан ажру мукофотлар билан сийлайди. Чунки ўша кишининг ниятида аввалдан эзгулик, холислик бўлган эди.
Ушбу юқорида санаб ўтганларимизни сотиб олишликда ўша воситалар бизларни яхшиликларга, дунё ва охиратимиз учун манфаатли нарсаларга хизмат қилишлигини ниятида бўлишлигимиз лозим. Ана шунда биз ушбу воситалар орқали ўзимизнинг эҳтиёжимизни қондирамиз ва яхши ниятимиз эвазига савобларга дохил бўлаверамиз.
Бу борадаги яхши ниятдан кўзланган асосий мақсад, ушбу воситалар орқали силаи раҳмни тиклаш, яқин кишиларниниг ҳолидан хабардор бўлиб туриш, уларга яхши сўз ва тилакларни тақдим этиш, қимматли бўлган вақтни тежашлик мақсадида ўз ҳожатини тезроқ битказиш ёки ушбу воситаларнинг кенг имкониятлаидан фойдаланган ҳолатда, Қуръони карим тиловатларини, фойдали бўлган панду–насиҳатларни эшитиш, ибратли кўрсатувларни томоша қилиш, ҳаёт учун фойдали бўлган матнларни мутоъола қилишлик назарда тутилган.
Уяли алоқа воситаларидан фойдаланишнинг баъзи одоб ахлоқлари ҳақида тўхталиб ўтсак:
– Уяли алоқа воситаси ойнасига Аллоҳ лафзини ва Қуръони карим оятларини қўймаслик одобдандир.
– Уяли алоқа жиҳозининг қўнғироқ товушларига Қуръон ояти, азон ёки Аллоҳнинг зикрларни қўйиш мумкин эмас. Мабодо уяли алоқа воситасининг ойнасига Аллоҳ лафзи, Қуръоний оятлар қўйилганида ёки унинг қўнғироқ товушига Қуръон оятлари, азон ёки Аллоҳнинг зикри қўйилган бўлса, уяли алоқа соҳибига қўнғироқ бўлганида, қўнғироқ товушидаги оят, азон ёки Аллоҳнинг зикри тўлиқ айтилинмай туриб қўнғироқ гўшаги кўтарилади. Натижада эса уларнинг маънолари бузилади ва инсон гуноҳкор бўлиб қолади. Мабодо ушбу ҳолат ҳожатхонада содир бўлса, албатта бу ҳам ёмон ҳолатдир. Шунинг учун таъқиқланади.
– Уяли алоқа жиҳозига Исломда тинглашлик ёки томоша қилишлик ман қилинган нарсаларни жойлаштиришлик ҳаромдир.
– Уяли алоқа воситаси ўзгага тегишли бўлса, унинг рухсатисиз олиш, ундан бировга қўнғироқ қилиш, унинг ичидаги нарсаларни очиб кўриш мутлақо жоиз эмас. Чунки бунда ҳам бировнинг ҳаққига хиёнат қилишлик бўлади.
– Уяли алоқа воситаси билан ўзининг изнисиз бировни суратга олиш ёки овозини ёзиб олиш мутлақо мумкин эмас. Агар ўша шахснинг ўзи рухсат берса унда жоиз.
– Болаларга уяли алоқа воситаларини олиб беришга шошилмаслик, олиб берганда ҳам, фақат зарурат юзасидан ишлатишликни йўлга қўйиш лозим. Яъни, уларга фақатгина мулоқот қилишлик имконин берадиган русумдагисини олиб бериш лозим. Бу ҳам бўлса болаларнинг қаерда, нима ишлар билан банд бўлганлигини назорат қилиб, билиб туришлик имконига эга бўлишлик учун холос.
– Масжидлар, жамоат йиғинлари ва қабул чоғларида, ҳамда илмий мажлисга ўхшаган жойларда уяли алоқа воситаларини ўчириб қўйишлик мақсадга мувофиқдир.
– Уяли алоқа воситасида суҳбатлашишда овозни керагидан ортиқ кўтармаслик зарур.
– Уяли алоқа воситаси чалинганда атрофдаги кишиларга малоллик келтирадиган мусиқа ёки товушларни қўнғироқ сифатида ўрнатмаслик одобдандир.
– Бировга қўнғироқ қилаётганда бир марта қўнғироқ қилганда жавоб бермаса, бир оз кутиб кейин яна қўнғироқ қилиш одобдандир. Қайта–қайта қўнғироқ қилиб бировларни безовта қилишлик, одобсизлик ҳисобланади.
– Бировга қўнғироқ қилганда ёки қўнғироққа жавоб берганда суҳбатни саломлашишдан бошлаб, «Лаббай» ёки шунга ўхшаш сўзлар билан суҳбатни давом эттиришлик ҳам гўзал одоб намунасидан ҳисобланади. Телефонда баланд овозда, қўпол ва дағал сўзлар билан гаплашиш эса одобсизлик намунаси ҳисобланади.
Замонавий техника тараққиётининг инсоният учун яна бир қулай жиҳати интернет олами ҳисобланади.
Аммо шу билан бирга, интернетга боғлиқ муаммолар ҳам кўпайиб ва жиддийлашиб бормоқда. Барча соҳалардаги каби, интернетнинг фойдалари муқобилида зарарлари ҳам кўпайиб бормоқда.
Интернетда фойдали маълумотлар билан бир қаторда зарарли, бузуқ маълумотлар ҳам тарқалмоқда. Ақийдага путур етказувчи, фоҳишабозлик ва беҳаёликни тарғиб қилувчи, ахлоқсизликни тарқатувчи ва шунга ўхшаш инсон зотига ор келтирувчи ишларни тарғиб қиладиган сайтлар кўпайиб бормоқда. Баъзи одамлар интернет орқали бир–бирига туҳмат қилмоқда, ҳақоратлаб, сўкишмоқда, бир-бирини шарманда қилмоқда ва ҳоказо. Айнан интернет орқали нафақат ахлоқий бузуқликлар, балки сиёсий, ижтимоий, молиявий, илмий ва бошқа кўпгина соҳаларда ҳам жиноятлар содир этилмоқда. Қўпол қилиб айтганимизда, интернет мазкур қабоҳатларни амалга оширишни осонлаштирмоқда.
Айтиб ўтилган ушбу гаплардан кўриниб турибдики, интернет ҳам икки тарафлама – ҳам яхшиликка, ҳам ёмонликка хизмат қилиши мумкин нарсага айланди. Бизнинг вазифамиз уни яхшиликка хизмат қилдириб, ёмонликка бошламаслиги чораларини кўриш, унинг зарарларидан четланишга ҳаракат қилишдир. Бунинг учун эса динимизнинг умумий таълимотлари асосида интернетдан фойдаланиш одобларини йўлга қўйишимиз керак бўлади.
Интернетда чат, форум, фейсбук, твиттер каби ўзаро алоқа олиб боришга хизмат қилувчи воситалар орқали кишилар бир-бирлари билан ёзишма, сўзлашма, суратли мулоқотлар олиб бориш имкониятларига эга бўлишган. Улар ушбу имкониятларни ишга солиб, кўпгина ҳожатларини рўёбга чиқариш, маълумот алмашиш, билмаганини сўраб ўрганиш, янги дўст ва шериклар орттириш каби кўпгина манфаатларга эга бўлишмоқда.
Аммо шу билан бирга, бошқа соҳаларда бўлгани каби, бу соҳада ҳам ўзига яраша муаммолар, мушкулотлар ва кўнгилсиз воқеалар пайдо бўлмоқда.
Масалан, бегоналарнинг бир-бирлари билан ушбу воситалар орқали олиб борган алоқалари натижаси ўлароқ, никоҳга ваъда бериш, бировга туҳмат қилиш, кимнидир зинода айблаш, сўкиш каби ишлар келиб чиқмоқда.
Ушбу воситалар орқали бир неча тарафларнинг олиб борган мулоқотларидан сўнг бир–бирини оммавий равишда кофир, фосиқ, фожир дея ҳукм чиқариш, фаҳш ишларга чақириш, сеҳр ва фолбинликка чорлаш, пора ваъда қилиш, видео орқали авратларни намойиш қилиш, шахсий, диний, ижтимоий ҳолатларни масхара қилиш каби ўта жиддий ҳолатлар ҳам пайдо бўлмоқда.
Интернетдаги ушбу тармоқлар орқали вақтни зое қилувчи кўнгилхушликларга оид нарсалар, бемаъно овозли ва суратли ёзувлар тарқатилмоқда. Турли ўйинлар ва мусобақалар, тарғибот–ташвиқот тадбирлари жорий қилинмоқда. Шунингдек, интернетдаги ушбу тармоқлар орқали илмий ва молиявий муомалалар ҳам кенг миқёсда олиб борилмоқда.
Афсуски, мазкур алоқаларнинг барчасида шариатга хилоф бўлган, қонунбузарлик ҳисобланган ишлар тўлиб–тошиб ётибди. Турли ахлоқий, моддий, маънавий жиноятлар содир этилмоқда.
Буларнинг ҳаммасини тартибга солиш, кишиларни тўғри йўлга солиб, нотўғрисидан қайтариш лозим бўлади. Бу борада ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар ва бошқалар етарли ишлар олиб боришмоқда. Шу билан бирга, мусулмонларга бу борадаги шаръий одобларни ҳам баён қилиб бориш заруратга айланди. Қуйида интернетдаги алоқа одобларига доир айрим фикр-мулоҳазаларни эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз.
Бу борада олдин айтиб ўтилган ҳар бир амал-ишдаги каби яхши ният қилиш, Аллоҳ таолонинг исми ила иш бошлаш, умрни беҳуда зое қилмаслик каби нарсаларни такрорлаб ўтирмаймиз.
– Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда ўзига танлаган исмнинг гўзаллигига эътибор бериш лозим. Интернетдаги ўзаро алоқаларда ҳар бир киши ўзига маълум тахаллус қўйиб олиши одат тусига кирган. Аслида ўзининг асл исми бўлгани яхши. Лекин турли сабабларга кўра, тахаллус танлаб олса ҳам бўлади. Фақат тахаллус танлашда ўзининг беодобона гап ва ишларига парда қилиш нияти бўлмаслиги шарт. Тахаллус танлаганда чиройли ва завқ бағишлайдиган исмларни танлаш керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларнинг исмлари умидбахш, эзгуликни ифода қиладиган бўлишига катта эътибор берганлар.
– Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда шариат рухсат берган нарсаларга амал қилиб, ман қилган нарсалардан четда бўлиш асосий қоида бўлиши зарур.
– Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишдан яхшилик ва тақвода ҳамкорлик қилиш ҳамда ёмонлик ва душманликда ҳамкорлик қилмаслик шиор қилиб олиниши зарур. Зотан, мусулмон инсон ҳаётининг барча соҳаларида ушбу шиорга доимо амал қилиб яшашга интилади. Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг» (2–оят).
Ушбу мўъжазгина жумла дунёдаги барча ҳамкорликлар учун асосий қоида ҳисобланади. Исломда ҳамкорликнинг бош шарти яхшилик ва тақводир. Агар шу шарт вужудга келса, ҳамма билан ҳамкорлик қилинаверади. Аммо қаерда гуноҳ ва ёмонлик бўлса, ким бўлишидан қатъий назар, ҳамкорлик қилинмайди.
Бундан шу нарса маълум бўладики, демак интернет икки тарафлама – ҳам яхшиликка, ҳам ёмонликка хизмат қилиши мумкин бўлган нарсага айланди. Бизнинг вазифамиз эса уни яхшиликка хизмат қилдириб, ёмонликка бошламаслик чораларини кўриш, унинг зарарларидан четлашишга ҳаракат қилишликдан иборат ҳисобланади. Айниқса келажагимиз давомчилари бўлган ёш авлодни бундай заҳарли иллатлар домига тушиб қолишининг олдини олишлигимиз лозим бўлади. Бунинг учун динимизнинг умумий таълимотлари асосида замонавий техника воситаларидан, интернетдан, уяли алоқа воситаларидан ва яна шунга ўхшаган бошқа нарсалардан фойдаланишда шариат доирасидаги одоб–ахлоқларни аввало ўзимиз ўрганиб, ана ундан кейин ёшларимизга ўргатсак, шундагина биз Аллоҳ таоло барчаларимизга инъом этган ушбу неъматлардан оқилона фойдаланган бўламиз. Аллоҳ таъоло ҳар биримизни Ўзини ҳидоят йўлидан адаштириб қўймасин.
Муҳиддин ҒАНИЕВ,
Қўқон шаҳар «Зинбардор» масжиди имом–хатиби