Аллоҳ таолога беадад шукурлар бўлсинки, мамлакатимиз мустақил деб эълон қилинганидан бери ўтган қисқа вақт давомида юртимиз фуқаролари ҳаётида кўплаб янги ўзгаришлар содир бўлди. Йиллар давомида ота-боболаримизни эриша олмай келган орзу умидларини кўриш сизу бизларга насиб этди. Бундан ташқари, яна кўплаб ўзгариш ва янгиликлар бўлиб турганига барчамиз бирдек шоҳидмиз.
Албатта, Парвардигори олам ҳеч бир нарсани бесабаб яратмаган. Юртимиздаги барча соҳалардаги ўзгаришлар мамлакатимиз раҳбариятининг бу соҳада олиб бораётган сайи ҳаракатлари натижасидир. Тинчлик ва осойишталикдан оқилона фойдаланган ҳолда диёримиздаги барча шахар ва қишлоқларда бунёдкорлик, кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилиб улар жадал суръатларда давом этиб келмоқда. Бу ўзгаришлар албатта жонли табиатимизга ҳам ўз таъсирини ўтказиб келмоқда. Атроф-муҳитга, ўсимлик ва хайвонларга қандай муомалада бўлиш хақида ислом динининг баъзи таълимотларидан намуналар келтирамиз. Қуръони каримда марҳамат қилинадики:
«У шундай зотки, сизлар учун Ердаги барча нарсаларни яратди. Сўнгра само сари «турди-да,» уни етти осмондан иборат қилиб қўйди. У барча нарсани билгувчи (доно)дир» (Бақара, 29).
Дунёдаги барча нарсалар инсон манфаати учун яратилганлиги шу оятдан маълум бўлади. Тупроқ, сув, ҳаво ва бошқа нарсаларни тоза тутиш ва уларни ифлослантирувчи ва зарар берувчи нарсалардан сақлаш динимизнинг амридир.
Ҳар бир кунимизни ғанимат билиб, раҳбариятимиз ташаббусига эргашиб, ҳар биримиз атроф-муҳитни обод қилишга ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим. Бўш ерларга мевали ва манзарали дарахтлар экиб, Ватанимизни янада кўкаламзор қилиш барчамизнинг бурчимиз хисобланади. Биз ўтқазган кўчатлар ва ўсимликлар доимо Аллоҳга тасбех, айтиб туради. Бунга Қуръони каримдаги жуда кўп оятлар далолат қилади. Жумладан:
«Осмонлардаги ва Ердаги (бор) нарса (мутлоқ) подшох, (нуқсонлардан) пок, қудрат ва ҳикмат соҳиби бўлмиш Аллоҳга тасбех айтур» (Жумъа, 1).
Уларнинг айтган тасбех ва зикрлари уларни эккан ва парвариш қилган кишиларнинг номаи аъмолига ёзилади. Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ривоят қилинган ушбу ҳадис ҳам сўзимизни қувватлайди.
Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: “Қайси бир мусулмон киши бирор кўчат экса ёки ерга бирор уруғ экса, кейин ундан қуш ёки инсон ёки бирор ҳайвон еса, эккан одамга садақа савоби ёзилади ”.
Тарихдан маълумки, Расулуллоҳ (с.а.в.) атроф-муҳитни муҳофаза килишга кўп аҳамият берганлар. Бир ривоятга кўра, Расулуллоҳ (с.а.в.) Хайбар сафаридан Мадинага қайтиб келаётиб, шаҳарни кўрсатиб шундай дедилар: “Эй Раббим! Иброҳим (а.с.) Маккани (Ҳарам) Табаррук деб эълон қилгани каби, мен ҳам Мадинани (Ҳарам) Табаррук шахар деб эълон қилдим. Унинг икки қоялиги ораси ҳарам худудидир. Дарахтлари кесилмайди, ҳайвонлари овланмайди, ўт-ўланлари юлинмайди ва дарахтларининг барглари узилмайди” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Шу ўринда бир ривоятни келтиришни лозим деб топдик.
Йилдирим Боязид мулозимлари, муҳофизлари (қўриқчи хос аскарлари) билан сайрга чиқиб, бир қишлоқдан ўтиб борар экан, боғида ишлаб юрган, мева ниҳолларини экиб юрган соч-соқоли оппоқ, бели букилган чолни кўрди. Чолнинг бу ёшида шундай ғайрат билан ишлаётгани подшоҳнииг кайфиятини хуш этди.
Подшоҳ аъёнлари, мулозимларига шу чол билан бироз суҳбатлашайлик, деди. Подшоҳ қишлоқлик чолга яқинлашиб:
— Ҳорманг ота, нима қиляпсиз, ерни нега чопяпсиз? — деди.
Нуроний чол подшоҳ саломини олганидан кейин, табассум билан:
— Саломат бўл, ўғлим, мевали дарахт ниҳолларини экмоқдаман, — деди.
Подшоҳ:
— Ота, буларнинг меваларини ейиш Сизга насиб этармикан? — деб сўради.
Нуроний чол:
— Йўқ, умрим етмайди, — деди.
Подшоҳ:
— У ҳолда нега ўзингизни бунчалик қийнаяпсиз, ўзингиз мевасини тотиб кўрмаслигингизни билиб туриб дарахт экяпсиз? — деди.
Чол бу сўзлардан ва қиёфасидан подшоҳни таниб, бундай жавоб берди:
— Подшоҳим! Биздан олдингилар экди, биз едик. (Яъни ота-боболаримиз экканини биз едик ва еймиз). Энди биз экамиз, биздан кейингилар есин.
Том маънода мусулмон бу хушҳулқ чолнинг жавоби подшоҳга ёқди ва чолга бир ҳамён олтин берди. Қишлоқлик чол ҳамённи олиб:
— Жаноби Ҳақга шукрлар бўлсинки, подшоҳим, бизнинг дарахтлар ниҳоллигидаёқ мевасини берди, — деди.
Бу гўзал жавоб подшоҳга яна ҳам хуш ёқди ва яна бир ҳамён олтин берди.
Чол:
— Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинки, ҳамма дарахтлар бир йилда бир марта мева берадилар, бизнинг дарахтимиз бир йилда икки марта мева берди, — деди.
Подшоҳ чолга яна бир ҳамён олтин отди-да, ёнидагиларга:
— Тезроқ бу ердан кетайлик, бу чол бор пулимизни олиб қўяди, — деб отини йўлга бурди.
Нуроний чол қўлларини дуога очиб:
— Ё Раббий! Сен қандай буюксан! Мен вақтимни бекор ўтказмай, сенинг розилигинг учун дарахт экаман. Суюкли Пайғамбаримизнинг: “Қиёмат куни бўлса ҳам, қўлида бир ниҳоли бор одам уни эксин», деган ҳадиси шарифларининг маъносига кўра яшай, умримнинг сўнгги онларида ҳам дарахт экай, дедим. Сен бениҳоя неъматларингдан берганинг, устига подшоҳни бу ерга юбориб, бу ишим эвазига мукофотини ҳам бердинг. Сенга бениҳоя ҳамд айтаман, шукр қиламан. Ё Раббий, сен энг буюк, энг олийсан, — деб Аллоҳга шукроналар қилди.
Атроф-муҳитга қўпол муносабатда бўлишни динимиз манъ қилади. Бу ҳақда кўплаб оят ва ҳадислар бор. Жумладан:
«(Олдингиздан) кетганида ерда фитна-фасод, экин ва наслни халок қилиш ишлари билан юради. Аллох, эса фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди» (Бақара, 205).
Экин ва ўсимликларни пайҳон қилиш, жонивор ва ҳайвонларни бекордан-бекор ўлдириш шу оятда бузғунчилик ва фасод эканлиги уқтирилмоқда.
Атроф-муҳитни тоза сақлаш ҳам бизнинг бурчимиз ҳисобланади. Чунки Қуръони карим оятларида ва Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг муборак ҳадисларида жуда кўп марта поклик ва тозаликка ундовчи буйруқлар келган. Жумладан:
«…Албатта, Аллоҳ чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади” (Бақара, 222).
Бу оятда моддий ва маънавий кирлардан покланувчилар Аллоҳ таолонинг суюкли бандалари эканлиги уқтирилмокда. Гуноҳлар маънавий кирлар ҳисобланади. Ундан тавба ва истиғфор билан покланиш мумкин. Моддий кирлардан эса таҳорат ва ғусл билан тозаланилади. Атроф-муҳитимизни тоза сақлашимиз ҳам шу оятдаги мақталган тозалик қаторига киради.
Муоз ибн Жабал (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай деганлар: “Учта жойга: сув ўзанларига, йўлларнинг кесишган жойига, соя-салқин ерларга ахлат ташлашдан сақланинглар (чунки, бундай жойларга ахлат ташлаган киши одамларнинг лаънатига мустаҳик, бўлади)”.
Бундан ташқари, Расулуллоҳ (с.а.в.) сувларни ифлослантиришни ҳам ман қилганлар. Жобир (p.а.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.) оқмайдиган кўлмак сувга бавл қилишдан қайтарганлар”.
Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг сувга бавл қилишни тақиқлашдан мақсадлари, сувни ифлослантиришнинг олдини олиш эди. Шунинг учун сувни ифлослантирувчи бошқа сабаблар ҳам шу ҳадисга мувофиқ таъқиқланади.
Аллоҳ барчамизни Ўзи тўғри йўлдан адаштирмасин!
Абдураҳмонжон Абдураҳмонов,
Олтиариқ тумани “Бирлашган” масжиди имом-ноиби