Бугун, баъзи бир «интернет воизлари» дейиш тўғри бўлади, сабаби «интернет мулласи» деб бўлмайди, чунки «мулла» одам ундай маъруза қимайди. Балки гапирган гапини олдида ё ортида бир пухта арабча матн ўқимасдан аюҳаннос солаётган, ёки гапираётган одамни «мулла» эмас, «аратор» дейилади. Ёмон феълга ёмонлик билан жавоб қайтариш оят ва ҳадисга зиддир. Аллоҳ таоло «Фуссилат» сурасининг 34-35 оятларида шундай марҳамат қилади.
وَلَا تَسۡتَوِی ٱلۡحَسَنَةُ وَلَا ٱلسَّیِّئَةُۚ ٱدۡفَعۡ بِٱلَّتِی هِیَ أَحۡسَنُ فَإِذَا ٱلَّذِی بَیۡنَكَ وَبَیۡنَهُۥ عَدَ ٰوَةࣱ كَأَنَّهُۥ وَلِیٌّ حَمِیمࣱ وَمَا یُلَقَّىٰهَاۤ إِلَّا ٱلَّذِینَ صَبَرُوا۟ وَمَا یُلَقَّىٰهَاۤ إِلَّا ذُو حَظٍّ عَظِیمࣲ
«Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сен яхшилик бўлган нарса ила даф қил. Кўрибсанки, сен билан орасида адовати бор кимса, худди содиқ дўстдек бўлур». Бу Ислом даъватчилари учун жуда ҳам зарур бир сифатдир. Ҳар бир нарсани ёмонлик билан эмас, фақат яхшилик билан қарши олиш даражасига етган даъватчигина катта муваффақиятларга эришади. Аммо бу сифатга эришиш осон эмас. Унга фақат сабр қилганларгина эришур.
Унга фақат улуғ насиба, яъни жаннат эгаси бўлганларгина эришур.
Сабр қилмаса, дарҳол ёмон сўзга ёмон сўз қайтаради. Кибрга кибр билан жавоб беради. Ёмон ишга ёмон иш қайтаради. Бу эса, даъватчига ҳеч қандай фойда бермайди.
Аллоҳнинг динига даъват қилувчи шахс кишиларнинг ҳавои нафсларига, ҳавойи нафс билан эмас, яхшилик билан жавоб қайтариш лозим. Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.) ривоят қилган ҳадиснинг давомида шундай ривоят қиладиларки:
ﺇﻥ اﻟﻠﻪ ﻻ ﻳﻤﺤﻮ اﻟﺴﻴﺊ ﺑﺎﻟﺴﻲﺋ، ﻭﻟﻜﻦ ﻳﻤﺤﻮ اﻟﺴﻴﺊ ﺑﺎﻟﺤﺴﻦ، ﺇﻥ اﻟﺨﺒﻴﺚ ﻻ ﻳﻤﺤﻮ اﻟﺨﺒﻴﺚ» » ﺭﻭاﻩ ﺃﺣﻤﺪ.
«Аллоҳ таоло ёмонликни ёмонлик билан эмас, балки яхшилик билан кетказур. Чунки нажосат билан нажосатни кетказиб, яъни поклаб бўлмайди», дедилар (Аҳмад ривояти).
Мазкур оят тафсирида Ибн Аббос (р.а.): қандай ёмон хулқ бўлса, уни ўзи билан эмас, балки зидди билан жавоб қайтаришга буюрилдик, дейдилар. Масалан, жоҳилликка ҳалимлик билан, зулмга авф билан, ғазабга сабр билан, кибрга эса тавозеълик билан…
Бу оят Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ашаддий душманлари бўлган Абу Суфён ҳақида нозил бўлган. Пайғамбаримизни у кишини ёмонлигига яхшилик билан жавоб берганлари сабаб, у зотга содиқ дўстга айланди.
Даъват қилувчи кимса минбарда аюҳаннос солиб бақир-чақир қилиши, турли хилдаги жоҳиллар ишлатадиган гапларни ишлатмаслиги лозим. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
(ٱدۡعُ إِلَىٰ سَبِیلِ رَبِّكَ بِٱلۡحِكۡمَةِ وَٱلۡمَوۡعِظَةِ ٱلۡحَسَنَةِۖ وَجَـٰدِلۡهُم بِٱلَّتِی هِیَ أَحۡسَنُۚ إِنَّ رَبَّكَ هُوَ أَعۡلَمُ بِمَن ضَلَّ عَن سَبِیلِهِۦ وَهُوَ أَعۡلَمُ بِٱلۡمُهۡتَدِینَ)
«Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил. Ва улар ила гўзал услубда мунозара қил. Албатта, Роббинг Ўз йўлидан адашганларни ўта билгувчи ва ҳидоят топгувчиларни ҳам ўта билгувчидир» (Наҳл, 125).
Аввало, даъват «Аллоҳнинг йўлига» бўлмоғи керак. Баъзи шахсларга, гуруҳларга эмас, холис Аллоҳнинг йўлига бўлиши керак. Иккинчидан, даъват ҳикмат билан амалга оширилиши керак. Бунда даъват қилинаётганларнинг ижтимоий, маданий савиясини эътиборга олиб, оғир келмайдиган йўсинда даъват қилиш лозим.
Учинчидан, даъват яхши мавъиза орқали йўлга қўйилмоғи керак. Кишиларни қизиқтириш учун чиройли гапларни топиб гапириш зарур. Уларни нафратлантирмаслик лозим.
Тўртинчидан, кишилар билан «гўзал услубда мунозара қилиш» керак. Аллоҳнинг йўлига даъват, аввало, фикрий ҳаракатдир. Фикрий ҳаракат бор жойда мунозара бўлиши турган гап. Ислом даъватчиси мунозарани ғоятда гўзал услубда олиб бориши керак. У рақиби билан талашиб, тортишиб, бақир-чақир, уруш-жанжал этмасдан, унинг таъбига йўл топиб, унга қаноат ҳосил қилдириб, ўзи сезмаган ҳолда Исломга мойил бўлиб қоладиган усталик билан мунозара олиб бориши лозим.
Бешинчидан, даъватчи ўз вазифаси даъват қилиш эканини, ҳидоят ва залолат Аллоҳга боғлиқлигини ҳеч қачон унутмаслиги керак.
Оятдаги хикматдан мурод кўчанинг гапи, ёки айрим жоҳил кимсалар ишлатадиган гап эмас, балки ҳалол ва ҳаром илми деб тафсир қилганлар. Кибрга кибр билан жавоб берасан дейиш ҳикмат ҳам эмас, диндан ҳам эмас. Баъзи воизларни гапираётган гапларига амал қилмай баланд парвоз гаплари бу хиёнатдир. Рибонинг ҳаромлигини гапираётган воиз ўзи рибога аралашганини халқ билиб турган бўлса, ваъз ўз таъсирини йўқотади. Қарздан гапирса ўзида ушбу муаммо йўқ бўлиши лозим. Фаҳшдан гапирса, ўзи фаҳшдан узоқ бўлиши лозим. Одобдан гапираётган, ўзи одобли бўлиши лозим. Зеро ўзи амал қилмай гапириш Аллоҳнинг ғазабини қўзғатиб, ўша воиздан Аллоҳ таоло ўч олади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
یَـٰۤأَیُّهَا ٱلَّذِینَ ءَامَنُوا۟ لِمَ تَقُولُونَ مَا لَا تَفۡعَلُونَ كَبُرَ مَقۡتًا عِندَ ٱللَّهِ أَن تَقُولُوا۟ مَا لَا تَفۡعَلُونَ
«Эй иймон келтирганлар! Нима учун қилмаган нарсангизни гапирасиз. Қилмаган нарсангизни гапиришингиз Аллоҳнинг наздида ўч олиши жихатидан қаттиқ ёмон кўрилгандир» (Саф, 2-3).
Аллоҳнинг динига чақираётган воиз ёлғон тўқима гаплар ишлатиб чақириши энг катта гуноҳдир. Зеро, ҳадиси шарифда: «Ким менга нисбатан ёлғонни қасдан айтса, яъни мен айтмаган нарсани мен айтди деса, жойини дўзахдан тайёрлайверсин», дейилган.
Минбар бу Расулимиз алайҳиссаломнинг жойлари. Бу жойда ким кибр билан турса, ёки бақирса, хар хил ножўя — кўча гапларини, худодан узоқ кимсалар ишлатадиган иборалар келтириб аюҳаннос солиб овозини кўтариши муҳаққиқ уламолар наздида энг катта хиёнат ва ноинсофликдир.
«Исломнинг ҳужжати» деб танилган Имом Ғаззолий шундай воизлар хақида:
ﻭﺭﻭﻱ ﻓﻲ ﺁﺛﺎﺭ اﻟﺴﻠﻒ ﺃﻥ اﻟﻮاﻋﻆ ﻛﺎﻥ ﺇﺫا ﺟﻠﺲ ﻟﻠﻨﺎﺱ ﻗﺎﻝ اﻟﻌﻠﻤﺎء ﺗﻔﻘﺪﻭا ﻣﻨﻪ ﺛﻼﺛﺎ ﻓﺈﻥ ﻛﺎﻥ ﻣﻌﺘﻘﺪا ﻟﺒﺪﻋﺔ ﻓﻼ ﺗﺠﺎﻟﺴﻮﻩ ﻓﺈﻧﻪ ﻋﻦ ﻟﺴﺎﻥ اﻟﺸﻴﻄﺎﻥ ﻳﻨﻄﻖ ﻭﺇﻥ ﻛﺎﻥ ﺳﻲء اﻟﻄﻌﻤﺔ ﻓﻌﻦ اﻟﻬﻮﻯ ﻳﻨﻄﻖ ﻓﺈﻥ ﻟﻢ ﻳﻜﻦ ﻣﻜﻴﻦ اﻟﻌﻘﻞ ﻓﺈﻧﻪ ﻳﻔﺴﺪ ﺑﻜﻼﻣﻪ ﺃﻛﺜﺮ ﻣﻤﺎ ﻳﺼﻠﺢ ﻓﻼ ﺗﺠﺎﻟﺴﻮﻩ
Салафларнинг осорларида шундай гап нақл қилинган. Воиз минбарга ваьз қилиш учун ўтирса, ундан уч нарсани кузатиб текширинглар.
1.Агар у бидъатни эътиқод қилиб, йўлдан адашган кимса бўлса, у билан бирга ўтирманглар. Чунки шайтон унинг тилидан гапираётган бўлади. Демак бугунги кундаги Аҳли сунна эътиқодига зид даъволар билан чиқаётган воизларни эшитиш тугул бирга ўтириш ҳам мумкин эмас экан.
2.Агар унинг луқмасида шубҳа ёки ҳаром аралашган бўлса, минбарда аюҳаннос солиб кибр ва ҳаво билан гапиради.
3.Агар воиз ақл эгаси бўлмаса, (оғзига нима келса ўйламай гапираверса) у ҳолда унинг сўзи билан ўнгланган одамдан кўра, хақ йўлдан адаштириб юборгани кўп бўлади. Бундай воиз билан ҳам бирга ўтирманглар.
Демак, кибру ҳаво, илмсизлик ва ўз нафси ҳавосидан келиб чиқиб гапирилган ҳар қандай сўз эгасини ҳалок қилади ва қолганларни хам халок этади. Бундай ваъз эгаси, гарчи инсонлар олдида обрў топгани билан, Роббил Оламийн ҳузурида ҳурмат топиб, тўғри йўл топган кимсалардан хисобланмайди.
Юнусхон Мамарасулов,
Марғилон шаҳар «Саййид Жалолхон тўра» масжиди имом-хатиби