Атрофимизда оила ва жамиятга оид саноқсиз муаммолар борки, уларни эшитиб, қалбинг оғрийди, ҳасрат чекасан, хафа бўласан киши. Муаммоларни ўрганиб қаралса, энг ачинарлиси маст қилувчи ичимликлар ҳамда гиёҳванд моддалар сабабли содир этилаётган муаммолар эканига гувоҳ бўламиз.
Фарзандларимизга бефарқ бўлишимиз уларни бекорчи ишлар билан шуғулланишига сабаб бўлмоқда. Бекорчилик оқибатида улар инсон кўринишидаги шайтонлар билан дўстлашадилар, маишатпарастликка бериладилар. Бу эса ачинарли оқибатларга олиб боради. Шунинг учун биз келажагимиз бўлмиш ёшларимизни турли хил хатарлардан асраб-авайлашимиз, уларни тўғри йўналишда тарбиялашимиз даркор. Биз фарзандларимиз тарбиясига лоқайд бўлганимиз учун ўғилларимиз у ёқда турсин, ҳатто қизларимиз ҳам ичкилик иллатига мубтало бўлишмоқда. Бундан оғир мусибат бўлиши мумкинми?!
Аллоҳ таоло ароқ ва қиморнинг ҳаромлигини баён қилиб, бундай дейди: “Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз. Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайди. Энди тўхтарсизлар?!” (Моида сураси, 90-91-оятлар).
Ушбу икки оят улкан насиҳатларни ўз ичига олгандир. Аллоҳ ароқ билан қиморни ифлос нарса, шайтоннинг ишларидан, дейди. Ифлос нарса бу ёмонларнинг ёмони, ниҳоятда ярамас нарса, дегани. Чунки бу икки нарсадан жуда кўплаб ёмонликлар ва фасодлар келиб чиқади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз умматларини маст қилувчи нарсалардан қайтарганлар. У зот алайҳиссалом: “Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир”, деганлар.
Бу ҳадисдан билинадики, ҳар бир танани бўшаштирувчи, маст қилувчи нарсалар ҳаромдир. Бу нарса ҳозирда кўпинча ичкиликда яққол намоён бўлмоқда. Ароқ, коняк, вино, пиво каби воситалар борки, уларнинг барчаси ҳаромдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кўпи маст қиладиган нарсанинг ози ҳам ҳаромдир”, деганлар.
Маст қилувчи ичимликлар сабабли лаънатланган кимсалар хусусида Термизий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар:
1) ароқни тайёрлаган;
2) тайёрлатган;
3) ичган;
4) олиб келган;
5) олиб келтирган;
6) қуйиб берган;
7) сотган;
8) пулини еган;
9) сотиб олган;
10) унга атаб сотиб олинган кишидир.
Азизлар, мусулмон инсон, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг лаънатларига дучор бўлиб, Аллоҳнинг раҳматидан бадарға бўлишга рози бўлиши мумкинми?! Йўқ, албатта! Мусулмон киши ўзининг мусулмон эканини, иймони бор эканини унутган вақтидагина бу қабиҳ ишга қўл уриши мумкин. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ароқ ичувчи киши мўмин ҳолатида ичмайди”, деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ҳар бир давр ва жамият бу жирканч иллатга қарши азал-азалдан курашиб келган. Чунки бу иллат халқлар учун моддий ва маънавий зарар манбаи бўлган. Тиббиёт ҳам ичкиликни қоралаган ҳолда унинг инсон вужудига, унинг насли ва зурриётига бўлган салбий таъсирини исботлаб берган.
Шу боис ичкиликбозликни бартараф этиш шахс ва жамият баркамоллигини таъминлайди.
Минг афсуслар бўлсинки, бугунга келиб муқаддас китобимиз бўлмиш Қуръони Каримда харом қилинган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини истеъмол қилишдан огоҳлантирган, кўпгина маъсиятларга сабаб бўлаётган, инсон жисмини ва руҳини емирадиган заҳри қотил дўкон расталарида савлат тўкиб турибди. Таассуфки, мусулмонлик даъвосини қилаётган бечоралар умумий овқатланиш жойларида, кафе ва барларда бу шайтон сувини ҳеч тап тортмай сипқормоқдалар. Маросимлар, никоҳ тўйлари бу шайтон сувисиз ўтмай қолди. Шаффоф қадаҳларга қуйиб ичилаётган бу ичкиликни аслида жаҳаннам оловига улоқтирувчи иблиснинг заҳри эканлигини ҳеч ким билмайди.
Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ароққа муккасидан кетиб ўлган киши қиёматда Аллоҳ таолога бутга ибодат қилган кишидек йўлиқади”, деганлар. Сабаби, ароққа муккасидан кетиш шундай бир босқички, унда инсон ароқнинг бандасига айланади. Ароқ учун керак бўлса обрўсини ҳам, ҳаётини ҳам беради.
Ибн Можа ривоят қилган бошқа бир ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ароққа муккасидан кетган инсон жаннатга кирмайди”, деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ароқ ичган кишига тийнатул хабол ичиришни Аллоҳ Ўз зиммасига олган”, деганлар. Саҳобалар тийнатул хабол нима эканини сўрашганида Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дўзах аҳлидан чиққан тер”, деб жавоб берганлар. Шунингдек, ароқ ичган кишининг қирқ кунлик намози қабул қилинмаслиги ҳам саҳиҳ ҳадисларда айтиб ўтилган.
Ароқнинг зарарларини санаб охирига етказиб бўлмайди. Ароқ ичган кишини виждонсиз, уятсиз қилиб қўяди. Жамиятга виждонсиз ва уятсизликдан кўпроқ зарар келтирадиган нарса бўлмаса керак. Чунки, ароқхўр киши ахлоқ-одобга эътибор бермай қўяди ва барча ёмонликларни тап тортмай қилаверади. Ҳозирги кунда кўплаб зино ва оилавий хиёнатлар ароқ туфайли бўлмоқда. Бунинг оқибатида қанчадан-қанча оилалар бузилиб кетмоқда.
Кўпинча тўполонлар, тартибсизликлар, одам ўлдириш ва шунга ўхшаш турли жиноятлар ароқ туфайлидир. Ароқнинг ижтимоий зарарларининг ҳам сон-саноғи йўқ. Ароқ туфайли дўстлар душманга айланмоқда, жамият турли соҳаларда ароқдан чексиз зарар кўрмоқда. Ҳозирги кунда бу оддий ҳақиқат бўлиб, ҳар бир инсонга равшан. Юқоридан айтилганидек, ароқ яъни кишини Аллоҳнинг зикридан ва намоздан ҳам тўсади. Чунки маст одамнинг ақли бўлмайди, ақлсиз одам қандай ибодат қилади? Ибодат ақлга боғлиқдир. Шунинг учун ҳам Ислом бундан XV аср муқаддам ароқни батамом ҳаром қилди ва уни ичувчиларга уқубатлар белгилади.
Маст қилувчи ичимликларга муккасидан кетган кимса ҳурматга лойиқ эмас. У ўзининг жирканч қилмиши билан жамият орасидаги ўз ҳурматини йўқотади. Ундай иллатга ружу қўйганлар ўз оиласида ҳам, жамиятда ҳам муносиб ўринларини эгаллай олмайдилар. Уйига ароқ ичиб, маст бўлиб келадиган ота қандай қилиб фарзандларига яхши ўрнак бўла олсин. У маст-аласт юриши билан кўпчиликка озор етказишининг ўзи ҳам атрофдагиларни унга нисбатан бўлган илиқ муносабатлардан тўсади.
Маст қилувчи ичимлик ичадиган кимсага қандай муносабатда бўлиш хусусида ўтган салафи солиҳларнинг тутган йўллари барчага ўрнак бўларлидир. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ароқ ичувчилар бетоб бўлишса, уларни зиёрат қилгани борманглар”.
Албатта бу уларга қаттиқ таъсир қилиши мумкин. Баъзилар одамлардан уялиб бўлса ҳам бир ёмон амалдан ўзини тийиб туради.
Баъзи уламоларимиз айтган эканлар: “Ароқ ичувчиларни зиёрат қилиш ва уларга салом бериш ман қилинганининг боиси, ароқ ичувчи лаънатланган, фосиқдир. Агар у сотиб олиб ичса, икки марта лаънатланган, бошқа бировга ҳам қуйиб берса, уч марта лаънатланган. Агар улар тавба қилсалар, уларни яна зиёрат қилиш ва салом бериш жоиз бўлади. Кимки тавба қилса, Аллох унинг тавбасини қабул қилади”.
“Сиздан ким бир гуноҳ ишни кўрса, уни қўли билан қайтарсин, агар бунга қодир бўлмаса тили билан қайтарсин, агар унга ҳам қодир бўлмаса қалби билан қайтарсин, ана ўша иймоннинг заифлигидир”.
Аллоҳ таоло инсонни мукаррам қилиб яратди. Дунёдаги барча покиза нарсаларни унга ризқ қилиб берди. Бу ҳақда Роббул Оламийн Ўз каломида бундай марҳамат қилади: “Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азиз-мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) чиқариб қўйдик ҳамда уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқу рўз бердик ва уларни Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал-устун қилиб қўйдик” (Исро сураси, 70-оят).
Инсоннинг бошқа махлуқлардан фарқи унинг мукаррам қилинганлигидир. Унга энг покиза нарсалар ризқ қилиб берилди. Бу ёруғ дунёдаги барча мавжудотлар Одам болаларига беминнат хизматкор ўлароқ буйсундириб қўйилди. Албатта бундаги ҳикмат инсон ўз яратган Парвардигорини таниши ва унга ибодат қилиши, Унинг берган неъматларига шукр қилиши учундир.
Инсон бу дунёга ўйин-кулги учун, еб-ичиш учун ёҳуд ерда бузғунчилик, фитна-фасод қилиш учун яратилгани йўқ. Меҳрибон ва Раҳмли Парвардигоримиз Ўзи Қуръони Каримда бу ҳақиқатни ўз бандаларига баён қилди.
“Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим. Мен улардан бирон ризқ истамасман ва улар Мени таомлантиришини истамасман. Зеро Аллоҳнинг Ўзигина (барча халойиққа) ризқу рўз бергувчи, куч-қувват соҳиби ва қудратлидир” (Зориёт сураси, 56-58-оятлар).
Умр инсонга бир марта берилади. Умр шундай неъматки, қадрига етиш лозим бўлган неъматларнинг шукри айнан умр неъматига шукроналикдан бошланади.
Аллоҳ таоло бутун дунёни, хоссатан, жонажон ватанимизни бу каби разолатлардан, иллатлардан, икки дунёда хор қиладиган амаллардан ўз паноҳида асрасин. Адашиб қолганларнинг тўғри йўлга қайтишларига Ўзи нусрат берсин!
Муҳаммад Қуддус Абдулманнон,
Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби.
***
Atrofimizda oila va jamiyatga oid sanoqsiz muammolar borki, ularni eshitib, qalbing og‘riydi, hasrat chekasan, xafa bo‘lasan kishi. Muammolarni o‘rganib qaralsa, eng achinarlisi mast qiluvchi ichimliklar hamda giyohvand moddalar sababli sodir etilayotgan muammolar ekaniga guvoh bo‘lamiz.
Farzandlarimizga befarq bo‘lishimiz ularni bekorchi ishlar bilan shug‘ullanishiga sabab bo‘lmoqda. Bekorchilik oqibatida ular inson ko‘rinishidagi shaytonlar bilan do‘stlashadilar, maishatparastlikka beriladilar. Bu esa achinarli oqibatlarga olib boradi. Shuning uchun biz kelajagimiz bo‘lmish yoshlarimizni turli xil xatarlardan asrab-avaylashimiz, ularni to‘g‘ri yo‘nalishda tarbiyalashimiz darkor. Biz farzandlarimiz tarbiyasiga loqayd bo‘lganimiz uchun o‘g‘illarimiz u yoqda tursin, hatto qizlarimiz ham ichkilik illatiga mubtalo bo‘lishmoqda. Bundan og‘ir musibat bo‘lishi mumkinmi?!
Alloh taolo aroq va qimorning haromligini bayon qilib, bunday deydi: “Ey iymon keltirganlar! Albatta, xamr, qimor, butlar va (fol ochadigan) cho‘plar iflosdir. Shaytonning ishidir. Bas, undan chetda bo‘ling. Shoyadki, najot topsangiz. Albatta, shayton xamr va qimor tufayli oralaringizga adovat va yomon ko‘rishlikni solishni hamda sizlarni Allohning zikridan va namozdan to‘sishni xohlaydi. Endi to‘xtarsizlar?!” (Moida surasi, 90-91-oyatlar).
Ushbu ikki oyat ulkan nasihatlarni o‘z ichiga olgandir. Alloh aroq bilan qimorni iflos narsa, shaytonning ishlaridan, deydi. Iflos narsa bu yomonlarning yomoni, nihoyatda yaramas narsa, degani. Chunki bu ikki narsadan juda ko‘plab yomonliklar va fasodlar kelib chiqadi.
Rasululloh sollallohu alayhi vasallam ham o‘z ummatlarini mast qiluvchi narsalardan qaytarganlar. U zot alayhissalom: “Har bir mast qiluvchi narsa haromdir”, deganlar.
Bu hadisdan bilinadiki, har bir tanani bo‘shashtiruvchi, mast qiluvchi narsalar haromdir. Bu narsa hozirda ko‘pincha ichkilikda yaqqol namoyon bo‘lmoqda. Aroq, konyak, vino, pivo kabi vositalar borki, ularning barchasi haromdir. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: “Ko‘pi mast qiladigan narsaning ozi ham haromdir”, deganlar.
Mast qiluvchi ichimliklar sababli la’natlangan kimsalar xususida Termiziy Anas roziyallohu anhudan rivoyat qilgan hadisda Rasululloh sollallohu alayhi vasallam bunday marhamat qilganlar:
1) aroqni tayyorlagan;
2) tayyorlatgan;
3) ichgan;
4) olib kelgan;
5) olib keltirgan;
6) quyib bergan;
7) sotgan;
8) pulini yegan;
9) sotib olgan;
10) unga atab sotib olingan kishidir.
Azizlar, musulmon inson, Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning la’natlariga duchor bo‘lib, Allohning rahmatidan badarg‘a bo‘lishga rozi bo‘lishi mumkinmi?! Yo‘q, albatta! Musulmon kishi o‘zining musulmon ekanini, iymoni bor ekanini unutgan vaqtidagina bu qabih ishga qo‘l urishi mumkin. Shuning uchun ham Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: “Aroq ichuvchi kishi mo‘min holatida ichmaydi”, deganlar (Imom Buxoriy va Imom Muslim rivoyati).
Har bir davr va jamiyat bu jirkanch illatga qarshi azal-azaldan kurashib kelgan. Chunki bu illat xalqlar uchun moddiy va ma’naviy zarar manbai bo‘lgan. Tibbiyot ham ichkilikni qoralagan holda uning inson vujudiga, uning nasli va zurriyotiga bo‘lgan salbiy ta’sirini isbotlab bergan.
Shu bois ichkilikbozlikni bartaraf etish shaxs va jamiyat barkamolligini ta’minlaydi.
Ming afsuslar bo‘lsinki, bugunga kelib muqaddas kitobimiz bo‘lmish Qur’oni Karimda xarom qilingan, Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallam ummatlarini iste’mol qilishdan ogohlantirgan, ko‘pgina ma’siyatlarga sabab bo‘layotgan, inson jismini va ruhini yemiradigan zahri qotil do‘kon rastalarida savlat to‘kib turibdi. Taassufki, musulmonlik da’vosini qilayotgan bechoralar umumiy ovqatlanish joylarida, kafe va barlarda bu shayton suvini hech tap tortmay sipqormoqdalar. Marosimlar, nikoh to‘ylari bu shayton suvisiz o‘tmay qoldi. Shaffof qadahlarga quyib ichilayotgan bu ichkilikni aslida jahannam oloviga uloqtiruvchi iblisning zahri ekanligini hech kim bilmaydi.
Imom Ahmad rivoyat qilgan hadisda Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: “Aroqqa mukkasidan ketib o‘lgan kishi qiyomatda Alloh taologa butga ibodat qilgan kishidek yo‘liqadi”, deganlar. Sababi, aroqqa mukkasidan ketish shunday bir bosqichki, unda inson aroqning bandasiga aylanadi. Aroq uchun kerak bo‘lsa obro‘sini ham, hayotini ham beradi.
Ibn Moja rivoyat qilgan boshqa bir hadisda esa Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: “Aroqqa mukkasidan ketgan inson jannatga kirmaydi”, deganlar.
Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: “Aroq ichgan kishiga tiynatul xabol ichirishni Alloh O‘z zimmasiga olgan”, deganlar. Sahobalar tiynatul xabol nima ekanini so‘rashganida Rasuli Akram sollallohu alayhi vasallam: “Do‘zax ahlidan chiqqan ter”, deb javob berganlar. Shuningdek, aroq ichgan kishining qirq kunlik namozi qabul qilinmasligi ham sahih hadislarda aytib o‘tilgan.
Aroqning zararlarini sanab oxiriga yetkazib bo‘lmaydi. Aroq ichgan kishini vijdonsiz, uyatsiz qilib qo‘yadi. Jamiyatga vijdonsiz va uyatsizlikdan ko‘proq zarar keltiradigan narsa bo‘lmasa kerak. Chunki, aroqxo‘r kishi axloq-odobga e’tibor bermay qo‘yadi va barcha yomonliklarni tap tortmay qilaveradi. Hozirgi kunda ko‘plab zino va oilaviy xiyonatlar aroq tufayli bo‘lmoqda. Buning oqibatida qanchadan-qancha oilalar buzilib ketmoqda.
Ko‘pincha to‘polonlar, tartibsizliklar, odam o‘ldirish va shunga o‘xshash turli jinoyatlar aroq tufaylidir. Aroqning ijtimoiy zararlarining ham son-sanog‘i yo‘q. Aroq tufayli do‘stlar dushmanga aylanmoqda, jamiyat turli sohalarda aroqdan cheksiz zarar ko‘rmoqda. Hozirgi kunda bu oddiy haqiqat bo‘lib, har bir insonga ravshan. Yuqoridan aytilganidek, aroq ya’ni kishini Allohning zikridan va namozdan ham to‘sadi. Chunki mast odamning aqli bo‘lmaydi, aqlsiz odam qanday ibodat qiladi? Ibodat aqlga bog‘liqdir. Shuning uchun ham Islom bundan XV asr muqaddam aroqni batamom harom qildi va uni ichuvchilarga uqubatlar belgiladi.
Mast qiluvchi ichimliklarga mukkasidan ketgan kimsa hurmatga loyiq emas. U o‘zining jirkanch qilmishi bilan jamiyat orasidagi o‘z hurmatini yo‘qotadi. Unday illatga ruju qo‘yganlar o‘z oilasida ham, jamiyatda ham munosib o‘rinlarini egallay olmaydilar. Uyiga aroq ichib, mast bo‘lib keladigan ota qanday qilib farzandlariga yaxshi o‘rnak bo‘la olsin. U mast-alast yurishi bilan ko‘pchilikka ozor yetkazishining o‘zi ham atrofdagilarni unga nisbatan bo‘lgan iliq munosabatlardan to‘sadi.
Mast qiluvchi ichimlik ichadigan kimsaga qanday munosabatda bo‘lish xususida o‘tgan salafi solihlarning tutgan yo‘llari barchaga o‘rnak bo‘larlidir. Abdulloh ibn Amr roziyallohu anhu aytadilar: “Aroq ichuvchilar betob bo‘lishsa, ularni ziyorat qilgani bormanglar”.
Albatta bu ularga qattiq ta’sir qilishi mumkin. Ba’zilar odamlardan uyalib bo‘lsa ham bir yomon amaldan o‘zini tiyib turadi.
Ba’zi ulamolarimiz aytgan ekanlar: “Aroq ichuvchilarni ziyorat qilish va ularga salom berish man qilinganining boisi, aroq ichuvchi la’natlangan, fosiqdir. Agar u sotib olib ichsa, ikki marta la’natlangan, boshqa birovga ham quyib bersa, uch marta la’natlangan. Agar ular tavba qilsalar, ularni yana ziyorat qilish va salom berish joiz bo‘ladi. Kimki tavba qilsa, Allox uning tavbasini qabul qiladi”.
“Sizdan kim bir gunoh ishni ko‘rsa, uni qo‘li bilan qaytarsin, agar bunga qodir bo‘lmasa tili bilan qaytarsin, agar unga ham qodir bo‘lmasa qalbi bilan qaytarsin, ana o‘sha iymonning zaifligidir”.
Alloh taolo insonni mukarram qilib yaratdi. Dunyodagi barcha pokiza narsalarni unga rizq qilib berdi. Bu haqda Robbul Olamiyn O‘z kalomida bunday marhamat qiladi: “Darhaqiqat, Biz Odam bolalarini aziz-mukarram qildik va ularni quruqlik va dengizda (ot-ulov va kemalarga) chiqarib qo‘ydik hamda ularga halol-pok narsalardan rizqu ro‘z berdik va ularni O‘zimiz yaratgan juda ko‘p jonzotlardan afzal-ustun qilib qo‘ydik” (Isro surasi, 70-oyat).
Insonning boshqa maxluqlardan farqi uning mukarram qilinganligidir. Unga eng pokiza narsalar rizq qilib berildi. Bu yorug‘ dunyodagi barcha mavjudotlar Odam bolalariga beminnat xizmatkor o‘laroq buysundirib qo‘yildi. Albatta bundagi hikmat inson o‘z yaratgan Parvardigorini tanishi va unga ibodat qilishi, Uning bergan ne’matlariga shukr qilishi uchundir.
Inson bu dunyoga o‘yin-kulgi uchun, yeb-ichish uchun yohud yerda buzg‘unchilik, fitna-fasod qilish uchun yaratilgani yo‘q. Mehribon va Rahmli Parvardigorimiz O‘zi Qur’oni Karimda bu haqiqatni o‘z bandalariga bayon qildi.
“Men jin va insni faqat O‘zimga ibodat qilishlari uchungina yaratdim. Men ulardan biron rizq istamasman va ular Meni taomlantirishini istamasman. Zero Allohning O‘zigina (barcha xaloyiqqa) rizqu ro‘z berguvchi, kuch-quvvat sohibi va qudratlidir” (Zoriyot surasi, 56-58-oyatlar).
Umr insonga bir marta beriladi. Umr shunday ne’matki, qadriga yetish lozim bo‘lgan ne’matlarning shukri aynan umr ne’matiga shukronalikdan boshlanadi.
Alloh taolo butun dunyoni, xossatan, jonajon vatanimizni bu kabi razolatlardan, illatlardan, ikki dunyoda xor qiladigan amallardan o‘z panohida asrasin. Adashib qolganlarning to‘g‘ri yo‘lga qaytishlariga O‘zi nusrat bersin!
Muhammad Quddus Abdulmannon,
Xo‘jaobod tuman “Yetti chinor” jome masjidi imom noibi.