Яҳё қори Турдиев 1930 йил 21 декабрда Шарқий Туркистоннинг Қашқар вилояти Янгисор шаҳрида зиёли оилада таваллуд топган. У 1943 йил Қуръони каримни тўла ёд олди. 1962-1968 йиллар давомида Мир Араб мадрасасида таҳсил олди. 1978-1984 йилларда Ўртачирчиқ туманидаги Тўйтепа жоме масжидида имом-хатиблик қилди. 1988 йилдан Тошкент (ҳозирги Зангиота) туманидаги Кўктерак масжидига имомлик қилди. 1995-2011 йиллар шу тумандаги Ҳасанбойота жоме масжидида имом-хатиб бўлиб ишлаган. Яҳё қори ҳозирда ушбу масжид имом ноиби бўлиб эл хизматида фаолият юритмоқда.
– Устоз, болалик йилларингиз, қалбингизда Қуръони каримга илк муҳаббат уйғотган ота-онангиз, устозларингиз, имомлик фаолиятига кириб келишингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.
– Мен деҳқон оиласида таваллуд топдим. Отам деҳқончилик билан шуғуллансада, аҳли илмга мухлис, домлаларнинг хизматига шай бўлган инсон эди. Онам ҳам жуда ўқимишли аёл бўлган. Онамнинг айтишларича беш фарзанддан ёлғиз мен тирик қолган эканман. Қолган тўрт нафар жигарларим қизил чечак деган касаллик сабаб вафот этишган.
Қуръондан илк сабоқларни ота-онамдан (Аллоҳ раҳматига олсин) олдим. Уларнинг фарзандим олим бўлсин деган саъй-ҳаракатлари билан 13 ёшимда Қуръони каримни тўлиқ ёдладим. Шунингдек устозларим Абдуҳалил ва Абдунодир домлалардан таълим олдим. Мактаб йиллари таълим олиш жуда мушкул эди. Дафтар, қалам оз бўлгани боис, тахтачага кўмир ё бўр билан алифбони ёзиб, ёдлаб бўлганимиздан сўнг, ўчириб бошқа ҳарфларни ўрганардик.
1954 йил олим бўлишимни истаган отам 1600 км узоқликда жойлашган Рўзиҳожи мадрасасига олиб борди. У ерда Ҳиндистонда таълим олган Шайх Шоҳимардон исмли етук олимдан илм олдим, 1960 йилда мадрасани тамомлаганимдан кейин домла Шоҳимардоннинг ёнида мударрис бўлиб ишладим. Бироқ шу йилнинг ўзида устозимнинг маслаҳати билан собиқ Иттифоққа йўл олиб, Андижонда қўним топдим. 1962 йилда Мир Араб мадрасасига ўқишга кирдим. 1968 йил мадрасани тугаллагач, Тошкент вилоятидаги Бектемир қишлоғига кўчиб келдим. Бу ерда ўн йилдан ортиқ комбинатда ишладим. Шу орада Қашқарда устозлик қилган минглаб қориларни чиқарган Абдулазиз қори Маҳмудов билан яна устоз-шогирдлик муносабатларини йўлга қўйдим. 1976 йилда Шайх Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон (Аллоҳ раҳматига олсин) билан танишдим. У кишининг таклифи билан 1977 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратига ишга кирдим. Шу тариқа имомлик фаолият бошланди.
– Қуръони каримни ёд олувчи, тиловат қилувчи олдин унинг ҳақларини тўлиқ билиб олиши ҳамда уларга риоя этиши ва бунда лоқайдликка йўл қўймаслиги лозим. Шундай экан, Қуръонни тиловат қилувчида Каломуллоҳнинг қандай ҳақлари бор?
– Қорилар Қуръонни ҳурмат қилишлари керак. Бинобарин, Аллоҳнинг каломи Қуръони карим қанчалик эъзозланса шунча оз. Домлаларимиз бизга Қуръонни кўкракдан пастга қўйиш гуноҳ, деб қўп бора таъкидлашарди.
Қориларнинг Қуръони каримдаги ҳақларидан яна бири унга амал қилишдир. Қайсики қори эл орасида ҳурматга сазовор бўлса, билингки Аллоҳ у бандани ўқиган Қуръонига амал қилгани, Қуръоннинг ҳаққини адо этгани учун азиз қилган. Халқимиз орасида машҳур бўлган Раҳматуллоҳ қори, Абдурашид қори, Ҳасан-Ҳусан каби қорилар айнан илмларига амал қилганлари учун ҳам Аллоҳ бошқа илм эгаларидан кўра бу қориларни мартабасини баланд қилгани ҳаётий бир мисол.
Бундан ташқари қори мунтазам равишда Қуръони каримни тиловат, такрор қилиб туриши ҳам Қуръоннинг ҳақларидандир. Шу боис, доимо шогирдларимизга ҳар куни Қуръонни оз бўлсада такрор қилишларини таъкидлайман. Баъзан шогирдларим устоз бир кунда бир-икки пора эмас, беш-олти пора ўқишга қодирман деса, йўқ, оз бўлсада бардавом бўлсин, бир кунда беш-олти ўқиб, кейин бир ҳафта ўқишга қодир бўлмай қолгандан кўра, ҳар куни оз-оздан такрор қилинг, деб маслаҳат бераман. Агар қори ҳар куни икки порадан ўқиса, бир йил давомида йигирма тўрт маротаба Қуръонни ҳатм қилади. Зеро, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Аллоҳга энг севимли бўлган ибодат оз бўлса ҳам доим бўлганидир, деганлар.
Афсуски, ҳозирда баъзи қориларимиз Қуръонни фақатгина Рамазон ойи кириши арафасида такрор қилиб, ҳатмга ўтмоқдалар. Бу Қуръонни ҳаққини адо этмаслик ҳисобланади. Ўзим ҳам ҳар куни камида икки пора қилишга одатланганман, бомдод намозидан аввал бир-бир ярим пора тиловат қиламан.
– Фарзандим қори бўлсин деган ният бўлган ота-оналар учун тавсияларингизни айтсангиз.
-
Илм аҳлига ҳавас қилган, фарзандини қори бўлишини истаган ота-оналарга айтадиган биринчи тавсияман луқмасини ҳалол қилсин. Ҳаромга яқинлашмасин, ҳалол нарсани ҳам меъёрида истеъмол қилсин. Шунингдек, фарзандини ҳам ҳалол луқма билан вояга етказсин, тарбияласин. Домлаларимиз кўча-куйда таом истеъмол қилганимизни билиб қолсалар, қаттиқ ранжиб, бизни койиб: “Сен кеча Қуръондан бир бетни юз маротаба ўқиб ёдлаган бўлсанг, бугун икки юз маротаба ўқисанг ҳам ёдлай олмайсан. Шубҳали овқат емагин. Зеҳнинг заифлашиб қолади”, дер эдилар.