Махлуқотлар ичида энг мукаррам зот қилиб яратилган инсоннинг энг гўзал хулқларидан бири исрофдан сақланиш, Аллоҳ ўзига ризқ қилиб берган берган неъматларни ўринсиз, беҳуда сарфламасликдир. Бу фазилат ҳар биримизнинг эзгу одатларимиздан бирига айланса, шубҳасиз, ҳаётимиздаги жуда кўп муаммоларнинг энг мақбул ечимини топган бўлар эдик. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси уламолар кенгашининг яқиндагина эълон қилинган мурожаатини ўқиб, бунга яна бир карра амин бўлдим ва беихтиёр бунда роппа роса бир юз ўн йил муқаддам, яъни 1915 йилда таниқли адибимиз Абдулла Қодирийнинг “Тўй” шеърини эсладим. Унда, жумладан, қуйидаги мисралар бор:
Қилди бу вақт бизда жавлон тўй,
Оқчаси йўқни этди ҳайрон тўй.
Бир-биридан ошурдилар тўйни,
Топди равнақ ғайрат ила боён тўй.
Беш кун ўтмай тўйни сўнгидин
Кетибон мулклар боис фиғон тўй.
Боён тўйиға ерлилар қараб,
Этди сарф токи тандаги жон тўй…
Минг таассуфлар бўлсинки, бу ҳолатлар бугунги кунимизда ҳам давом этмоқда. Энг ачинарлиси, йилдан йилга тўйлар, оилавий тантаналар, марҳумлар хотираси, ҳаж ва умрага бориб-келувчиларни кутиб олишга бағишланган йиғинлар тури янада кўпайиб, сарф-харажати ошса-ошяптики, камаймаяпти. Абдулла Қодирий бобомиз таъкидлаганларидек, “Боён тўйиға ерлилар қараб, Этди сарф токи тандаги жон тўй” бўлмоқда. Кўпинча, бор-будини сарфлаб, тўй қилган кишидан шу кунгача нечта китоб ўқиб чиққанлиги ёки фарзандларига қайси китобларни олиб берганлигини сўрасанг, жавоб бера олмайди. Уйида фарзандлари китоб ўқиши, вазифа тайёрлаши учун шароит ҳам яратиб берилмаган. Айримлар билан суҳбатлашсангиз, мактаб учун зарур бўлган дафтар-қалам кабиларнинг нархи ошиб кетганидан, китоблар қимматлигидан нолийди, лекин қизининг бир кунлик тўй либосига, ўнлаб машиналар саф тортган никоҳ кортежига, дабдабали тўй базмига ғинг демай миллионларни сарфлаб юборишга тайёр. Йиллар давомида, кўпинча, хорижда ишлаб топганини ана шундай беҳуда, бу дунё учун ҳам, охират учун ҳам ҳеч қандай манфаат келтирмайдиган ишларга сарфлаб юборади-да, қарзларини узиш учун яна четга отланади ёки умуман ўша ердан туриб, тўйни “молиялаштиради”, минг орзу-ҳаваслар билан қилган тўйида ўзи иштирок этмайди. Тўй-маъракаларимиздаги исрофгарчиликлар замиридаги энг катта муаммолардан яна бири айрим оилада фарзандлар вояга етиши билан уларни ўқитиб олим қилиш учун эмас, балки пул топиш учун хорижга жўнатишдир. Бугун бундай ёшларимизнинг кўпчилиги бирор соҳани танлаб, чуқур ва ҳар тарафлама билим олиш учун ўқиш ўрнига хорижда касбсиз-ҳунарсиз кимларнингдир қўлига қарам бўлиб қолаётгани ҳеч кимга сир эмас. Мурожаатда “…бир-биридан ўтиб тушадиган, кимўзарга, риёга, исрофга тўла ишлар халқимизнинг жиддий муаммоларидан бири бўлиб келмоқда” дея таъкидланишдан мақсад тўй-маъракаларимизнинг худди ана шу жиҳатларига эътибор қаратишдир.
Мурожаатда таъкидланган яна бир жиҳат диққатимни ўзига тортди: “Шу ўринда, зиёлилар, ёши кекса отахону онахонлар, нуронийларга айтар сўзимиз, келинг, биргаликда юртимиз аҳолисига, айниқса, юқоридаги каби исрофгарчилик ва дабдаба қилаётганларга тушунтириш ишларини кўпайтирайлик, бу каби иллатларга биргаликда барҳам берайлик. Аллоҳ таоло ато этган мол-дунёни исроф қилиш – катта гуноҳ, эканини уқтирайлик! Бунинг ўрнига топганларимизни савобли ишларга сарфлаб, бева-бечора, ночор, муҳтожларга ёрдам берайлик, ана шунда улкан савобга эга бўламиз, иншоааллоҳ!” – дейилади унда. Дарҳақиқат, бу муаммоларни ҳал этиш бир-икки кишининг қўлидан келадиган иш эмас. Унга барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, бир тан, бир жон бўлиб киришишимиз, ёшларимизга бугунги хатти-ҳаракатлари, куч-ғайратлари, билимларини бир-икки кунлик тўй-томоша учун маблағ топиш, сўнг ҳамманинг “ҳавасини келтирадиган” тўй учун эмас, балки келажакда ўзининг бировга муҳтож бўлиб қолмаслиги учун интилишга қаратишлари зарурлигини уқтиришимиз керак. Шу ўринда Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” достонидаги “Ҳотами Той” ҳақидаги ҳикояти эсга тушади. Унда айтилишича, ўзининг ўта сахийлиги билан донг таратган Ҳотами Тойдан: “Сиз ўзингиздан ҳам ҳимматлироқ кишини кўрганмисиз?” – деб сўрашибди. Шунда у бир куни юз туя ва ҳисобсиз қўй-қўзиларни сўйиб, элни чорлаб, жуда катта зиёфат уюштирганини, орада бироз нафас ростлаш учун кўчага чиққанини ва елкасида бир боғ ўтин, қўлида ҳасса билан ҳар қадамда бир нафас ростлаб келаётган қарияни кўрганини айтади. Ўзининг унга: “Ўзингни бунча қийнаб нима қиласан. Эшитмадингми, бугун Ҳотами Той жуда катта базм уюштириб, бутун элни чорлаб, зиёфат бермоқда. Ташла ўтинингни, кир, сен ҳам бу зиёфатдан баҳраманд бўл!” – деганини айтади. Шунда қариянинг жавобини тингланг:
…К-эй солибон ҳирс аёғингға банд,
Озу тамаъ бўйнуга боғлаб каманд.
Водийи ғайратға қадам урмағон,
Кунгури ҳимматға алам урмағон.
Сен доғи чеккил бу тикан меҳнатин,
Тортмағил Ҳотами Той миннатин.
Бир дирам олмоқ чекибон даст ранж,
Яхшироқ андинки биров берса ганж…
Демак, ҳақиқий ҳиммат кимгадир қарам бўлиш, кимлардандир ниманингдир илинжида яшаш эмас, балки ўз кучи, ғайрати, билими билан ҳаётдаги орзу-мақсадларига эришишдир. Шу ўринда орзу-мақсадларнинг ҳам қандай бўлишига эътибор қаратиш зарур. Юқорида айтиб ўтганимиздек, тўй-томоша, турли тадбир ва маъракаларни эл кўзига, “одамлар нима дейди” учун ташкил қилиш эмас, балки, ортиқча сарф-харажатларсиз, дабдабаларсиз ўтказиш, ортиб қолган маблағни ўзининг, фарзандларининг илм олишлари учун сарфлашни мақсад қилиш айни муддао бўлар эди. Чунки Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади…» дедилар». Демак, биз нимани ният қилиб, ишга киришсак, шубҳасиз, ўша мақсадимиз амалга ошади. Ҳотами Той бировларнинг миннатли таомидан кўра, ўз меҳнати билан топган бир дирҳамни афзал кўрган ана шу ўтинчи чолни ўзидан кўра ҳимматлироқ ҳисоблаган экан. Албатта, ҳар бир жамиятда бўлгани каби бизнинг орамизда ҳам у ёки бу сабаб туфайли соғлом кишиларга қараганда имконияти чекланган кишилар борлиги айни ҳақиқат. Бироқ кўриб турибмизки, бундай кишиларнинг ҳаммаси ҳам кимларгадир муҳтож бўлиб яшашни эмас, ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда билим олиш, касб-ҳунарга эга бўлиш ва ўз эҳтиёжларини ўзи қондиришни афзал кўрмоқдалар. Аксинча, баъзида тўрт мучаси соғлом кишилар камбағалликни ўзига “имтиёз” санаб, тинимсиз равишда турли идораларга “шикоятлар” ёғдирмоқдалар. Мурожаатда таъкидланган хайру саховатни амалга оширишда бундай “имтиёз” эгалари эмас, ҳақиқатан ҳам шунга муҳтож оилаларни излаб топиш ва “оталиққа олиб, уларнинг фарзандларини ўқув курсларида ўқитиши, касб-ҳунарга ўргатиши ва доимий даромадга эга бўлишига кўмаклашиш” зарур. Ҳа, айни кўмаклашиш, яъни уларни хайру саховатга ўргатиб, кимларнингдир елкасига юклаб қўйиш эмас, балки келажакда тўғри йўл топиб олишлари учун моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш керак.
Албатта, ҳар бир ҳудудда ўзига тўқ, бой-бадавлат кишилар бор. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, юртимизда яратилаётган шарт-шароитлар натижасида бундай оилаларнинг сони ошиб бормоқда. Уларнинг кўпчилиги хайру саховатли инсонлар эканлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас. Мурожаатдан кўзланган яна бир хайрли мақсад шуки, имом-хатибларимиз ўз ҳудудларидаги ана шундай саховатпеша инсонларни яхши танишади ва билишади. Шунинг учун уларни ўз ҳисобларидан ёшларимизнинг илм олишларига кўмаклашиш, бунинг учун мактабларимизни зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозланишига ҳам ўз ҳиссасини қўшишга чақириш ҳам савобди ишлардан биридир.
Мурожаатда таъкидланган яна бир жиҳат биз имом-хатиблар учун жуда муҳим эканлигини эътироф этиш керак деб, ўйлайман. Унда “имом-хатиблар томонидан тўй-маърака маросимлардаги исрофгарчилик, умра зиёратидан қайтгандан кейин ҳар хил хўжакўрсин маросимлари уюштиришдек иллатларнинг олдини олиш юзасидан тарғибот ишларини амалга ошириш” белгилаб қўйилган. Бу вазифани амалга оширишда, аввало, ҳар бир имом-хатибнинг ўзи шахсий намуна кўрсатиши, ўзлари қилаётган, шунингдек, масжидлар ҳудудида ўзлари иштирок этаётган тўй-маросимларини ортиқча дабдабаларсиз, исрофгарчиликка йўл қўймасдан ўтказилишига эришиги керак. Шундан кейин тарғибот олиб борилса, кўнгилдагидек бўлади. Акс ҳолда халқ орасида турли миш-мишлар, фитналар авж олиши ва натижада қош қўяман деб, кўз чиқариши ҳам ҳеч гап эмас.
Сўзимга якун ясар эканман, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Адий ибн Ҳотам (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисларини эслашни лозим топдим. Ҳадиси шарифда: “Қайсингиз яримта хурмони садақа қилиб бўлса ҳам, юзини дўзах оловидан асрашга қодир бўлса, шу ишни қилсин”, деганлари таъкидланади. Аллоҳ ҳар биримизни хайру саховатли бандаларидан қилсин!
Фарғона вилояти бош имом хатиби ўринбосари
Алишер домла Наимов
***
Maxluqotlar ichida eng mukarram zot qilib yaratilgan insonning eng go‘zal xulqlaridan biri isrofdan saqlanish, Alloh o‘ziga rizq qilib bergan bergan ne’matlarni o‘rinsiz, behuda sarflamaslikdir. Bu fazilat har birimizning ezgu odatlarimizdan biriga aylansa, shubhasiz, hayotimizdagi juda ko‘p muammolarning eng maqbul yechimini topgan bo‘lar edik. O‘zbekiston Musulmonlari idorasi ulamolar kengashining yaqindagina e’lon qilingan murojaatini o‘qib, bunga yana bir karra amin bo‘ldim va beixtiyor bunda roppa rosa bir yuz o‘n yil muqaddam, ya’ni 1915 yilda taniqli adibimiz Abdulla Qodiriyning “To‘y” she’rini esladim. Unda, jumladan, quyidagi misralar bor:
Qildi bu vaqt bizda javlon to‘y,
Oqchasi yo‘qni etdi hayron to‘y.
Bir-biridan oshurdilar to‘yni,
Topdi ravnaq g‘ayrat ila boyon to‘y.
Besh kun o‘tmay to‘yni so‘ngidin
Ketibon mulklar bois fig‘on to‘y.
Boyon to‘yig‘a yerlilar qarab,
Etdi sarf toki tandagi jon to‘y…
Ming taassuflar bo‘lsinki, bu holatlar bugungi kunimizda ham davom etmoqda. Eng achinarlisi, yildan yilga to‘ylar, oilaviy tantanalar, marhumlar xotirasi, haj va umraga borib-keluvchilarni kutib olishga bag‘ishlangan yig‘inlar turi yanada ko‘payib, sarf-xarajati oshsa-oshyaptiki, kamaymayapti. Abdulla Qodiriy bobomiz ta’kidlaganlaridek, “Boyon to‘yig‘a yerlilar qarab, Etdi sarf toki tandagi jon to‘y” bo‘lmoqda. Ko‘pincha, bor-budini sarflab, to‘y qilgan kishidan shu kungacha nechta kitob o‘qib chiqqanligi yoki farzandlariga qaysi kitoblarni olib berganligini so‘rasang, javob bera olmaydi. Uyida farzandlari kitob o‘qishi, vazifa tayyorlashi uchun sharoit ham yaratib berilmagan. Ayrimlar bilan suhbatlashsangiz, maktab uchun zarur bo‘lgan daftar-qalam kabilarning narxi oshib ketganidan, kitoblar qimmatligidan noliydi, lekin qizining bir kunlik to‘y libosiga, o‘nlab mashinalar saf tortgan nikoh kortejiga, dabdabali to‘y bazmiga g‘ing demay millionlarni sarflab yuborishga tayyor. Yillar davomida, ko‘pincha, xorijda ishlab topganini ana shunday behuda, bu dunyo uchun ham, oxirat uchun ham hech qanday manfaat keltirmaydigan ishlarga sarflab yuboradi-da, qarzlarini uzish uchun yana chetga otlanadi yoki umuman o‘sha yerdan turib, to‘yni “moliyalashtiradi”, ming orzu-havaslar bilan qilgan to‘yida o‘zi ishtirok etmaydi. To‘y-ma’rakalarimizdagi isrofgarchiliklar zamiridagi eng katta muammolardan yana biri ayrim oilada farzandlar voyaga yetishi bilan ularni o‘qitib olim qilish uchun emas, balki pul topish uchun xorijga jo‘natishdir. Bugun bunday yoshlarimizning ko‘pchiligi biror sohani tanlab, chuqur va har taraflama bilim olish uchun o‘qish o‘rniga xorijda kasbsiz-hunarsiz kimlarningdir qo‘liga qaram bo‘lib qolayotgani hech kimga sir emas. Murojaatda “…bir-biridan o‘tib tushadigan, kimo‘zarga, riyoga, isrofga to‘la ishlar xalqimizning jiddiy muammolaridan biri bo‘lib kelmoqda” deya ta’kidlanishdan maqsad to‘y-ma’rakalarimizning xuddi ana shu jihatlariga e’tibor qaratishdir.
Murojaatda ta’kidlangan yana bir jihat diqqatimni o‘ziga tortdi: “Shu o‘rinda, ziyolilar, yoshi keksa otaxonu onaxonlar, nuroniylarga aytar so‘zimiz, keling, birgalikda yurtimiz aholisiga, ayniqsa, yuqoridagi kabi isrofgarchilik va dabdaba qilayotganlarga tushuntirish ishlarini ko‘paytiraylik, bu kabi illatlarga birgalikda barham beraylik. Alloh taolo ato etgan mol-dunyoni isrof qilish – katta gunoh, ekanini uqtiraylik! Buning o‘rniga topganlarimizni savobli ishlarga sarflab, beva-bechora, nochor, muhtojlarga yordam beraylik, ana shunda ulkan savobga ega bo‘lamiz, inshoaalloh!” – deyiladi unda. Darhaqiqat, bu muammolarni hal etish bir-ikki kishining qo‘lidan keladigan ish emas. Unga barchamiz bir yoqadan bosh chiqarib, bir tan, bir jon bo‘lib kirishishimiz, yoshlarimizga bugungi xatti-harakatlari, kuch-g‘ayratlari, bilimlarini bir-ikki kunlik to‘y-tomosha uchun mablag‘ topish, so‘ng hammaning “havasini keltiradigan” to‘y uchun emas, balki kelajakda o‘zining birovga muhtoj bo‘lib qolmasligi uchun intilishga qaratishlari zarurligini uqtirishimiz kerak. Shu o‘rinda Hazrat Alisher Navoiyning “Hayrat ul-abror” dostonidagi “Hotami Toy” haqidagi hikoyati esga tushadi. Unda aytilishicha, o‘zining o‘ta saxiyligi bilan dong taratgan Hotami Toydan: “Siz o‘zingizdan ham himmatliroq kishini ko‘rganmisiz?” – deb so‘rashibdi. Shunda u bir kuni yuz tuya va hisobsiz qo‘y-qo‘zilarni so‘yib, elni chorlab, juda katta ziyofat uyushtirganini, orada biroz nafas rostlash uchun ko‘chaga chiqqanini va yelkasida bir bog‘ o‘tin, qo‘lida hassa bilan har qadamda bir nafas rostlab kelayotgan qariyani ko‘rganini aytadi. O‘zining unga: “O‘zingni buncha qiynab nima qilasan. Eshitmadingmi, bugun Hotami Toy juda katta bazm uyushtirib, butun elni chorlab, ziyofat bermoqda. Tashla o‘tiningni, kir, sen ham bu ziyofatdan bahramand bo‘l!” – deganini aytadi. Shunda qariyaning javobini tinglang:
…K-ey solibon hirs ayog‘ingg‘a band,
Ozu tama’ bo‘ynuga bog‘lab kamand.
Vodiyi g‘ayratg‘a qadam urmag‘on,
Kunguri himmatg‘a alam urmag‘on.
Sen dog‘i chekkil bu tikan mehnatin,
Tortmag‘il Hotami Toy minnatin.
Bir diram olmoq chekibon dast ranj,
Yaxshiroq andinki birov bersa ganj…
Demak, haqiqiy himmat kimgadir qaram bo‘lish, kimlardandir nimaningdir ilinjida yashash emas, balki o‘z kuchi, g‘ayrati, bilimi bilan hayotdagi orzu-maqsadlariga erishishdir. Shu o‘rinda orzu-maqsadlarning ham qanday bo‘lishiga e’tibor qaratish zarur. Yuqorida aytib o‘tganimizdek, to‘y-tomosha, turli tadbir va ma’rakalarni el ko‘ziga, “odamlar nima deydi” uchun tashkil qilish emas, balki, ortiqcha sarf-xarajatlarsiz, dabdabalarsiz o‘tkazish, ortib qolgan mablag‘ni o‘zining, farzandlarining ilm olishlari uchun sarflashni maqsad qilish ayni muddao bo‘lar edi. Chunki Umar roziyallohu anhudan rivoyat qilingan hadisi sharifda Payg‘ambar sollallohu alayhi vasallam: «Albatta, amallar niyatga bog‘liqdir. Albatta, har bir kishiga niyat qilgan narsasi bo‘ladi…» dedilar». Demak, biz nimani niyat qilib, ishga kirishsak, shubhasiz, o‘sha maqsadimiz amalga oshadi. Hotami Toy birovlarning minnatli taomidan ko‘ra, o‘z mehnati bilan topgan bir dirhamni afzal ko‘rgan ana shu o‘tinchi cholni o‘zidan ko‘ra himmatliroq hisoblagan ekan. Albatta, har bir jamiyatda bo‘lgani kabi bizning oramizda ham u yoki bu sabab tufayli sog‘lom kishilarga qaraganda imkoniyati cheklangan kishilar borligi ayni haqiqat. Biroq ko‘rib turibmizki, bunday kishilarning hammasi ham kimlargadir muhtoj bo‘lib yashashni emas, o‘z imkoniyatlaridan kelib chiqqan holda bilim olish, kasb-hunarga ega bo‘lish va o‘z ehtiyojlarini o‘zi qondirishni afzal ko‘rmoqdalar. Aksincha, ba’zida to‘rt muchasi sog‘lom kishilar kambag‘allikni o‘ziga “imtiyoz” sanab, tinimsiz ravishda turli idoralarga “shikoyatlar” yog‘dirmoqdalar. Murojaatda ta’kidlangan xayru saxovatni amalga oshirishda bunday “imtiyoz” egalari emas, haqiqatan ham shunga muhtoj oilalarni izlab topish va “otaliqqa olib, ularning farzandlarini o‘quv kurslarida o‘qitishi, kasb-hunarga o‘rgatishi va doimiy daromadga ega bo‘lishiga ko‘maklashish” zarur. Ha, ayni ko‘maklashish, ya’ni ularni xayru saxovatga o‘rgatib, kimlarningdir yelkasiga yuklab qo‘yish emas, balki kelajakda to‘g‘ri yo‘l topib olishlari uchun moddiy va ma’naviy jihatdan qo‘llab-quvvatlash kerak.
Albatta, har bir hududda o‘ziga to‘q, boy-badavlat kishilar bor. Allohga hamdlar bo‘lsinki, yurtimizda yaratilayotgan shart-sharoitlar natijasida bunday oilalarning soni oshib bormoqda. Ularning ko‘pchiligi xayru saxovatli insonlar ekanligi ham hech kimga sir emas. Murojaatdan ko‘zlangan yana bir xayrli maqsad shuki, imom-xatiblarimiz o‘z hududlaridagi ana shunday saxovatpesha insonlarni yaxshi tanishadi va bilishadi. Shuning uchun ularni o‘z hisoblaridan yoshlarimizning ilm olishlariga ko‘maklashish, buning uchun maktablarimizni zarur asbob-uskunalar bilan jihozlanishiga ham o‘z hissasini qo‘shishga chaqirish ham savobdi ishlardan biridir.
Murojaatda ta’kidlangan yana bir jihat biz imom-xatiblar uchun juda muhim ekanligini e’tirof etish kerak deb, o‘ylayman. Unda “imom-xatiblar tomonidan to‘y-ma’raka marosimlardagi isrofgarchilik, umra ziyoratidan qaytgandan keyin har xil xo‘jako‘rsin marosimlari uyushtirishdek illatlarning oldini olish yuzasidan targ‘ibot ishlarini amalga oshirish” belgilab qo‘yilgan. Bu vazifani amalga oshirishda, avvalo, har bir imom-xatibning o‘zi shaxsiy namuna ko‘rsatishi, o‘zlari qilayotgan, shuningdek, masjidlar hududida o‘zlari ishtirok etayotgan to‘y-marosimlarini ortiqcha dabdabalarsiz, isrofgarchilikka yo‘l qo‘ymasdan o‘tkazilishiga erishigi kerak. Shundan keyin targ‘ibot olib borilsa, ko‘ngildagidek bo‘ladi. Aks holda xalq orasida turli mish-mishlar, fitnalar avj olishi va natijada qosh qo‘yaman deb, ko‘z chiqarishi ham hech gap emas.
So‘zimga yakun yasar ekanman, Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallamning Adiy ibn Hotam (roziyallohu anhu)dan rivoyat qilingan hadislarini eslashni lozim topdim. Hadisi sharifda: “Qaysingiz yarimta xurmoni sadaqa qilib bo‘lsa ham, yuzini do‘zax olovidan asrashga qodir bo‘lsa, shu ishni qilsin”, deganlari ta’kidlanadi. Alloh har birimizni xayru saxovatli bandalaridan qilsin!
Farg‘ona viloyati bosh imom xatibi o‘rinbosari
Alisher domla Naimov











