Айни кунларда ҳаж ва умра навбатларини юритиш, сафар тўловларини қабул қилиш ва тиббий кўрикдан ўтказиш борасида мурожаатлар тушмоқда. Шу боис муборак сафарлар билан боғлиқ саволларга жавоб топиш мақсадида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида яқинда ташкил этилган «Ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш” маркази директори Мақсуд Каримовга мурожаат қилдик.
– Аввало, суҳбатимизни ушбу марказнинг ташкил этилиши сабаблари, вазифалари нималардан иборатлиги ҳақида қисқача маълумот беришдан бошласак.
– Ташаккур. Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
Юртимизда кейинги йилларда ҳаж ва умра сафарларини юқори даражада ташкил этиш, юртдошлармизга ушбу ибодатларини чиройли адо этишлари учун ҳар томонлама қулайлик ва шароитлар ҳозирлашга катта эътибор қаратилмоқда. Муборак сафарларни юқори савияда ташкил этиш, зиёратчиларга намунали хизмат кўрсатиш ва ибодатларни шариатга мувофиқ гўзал шаклда адо қилиш мақсадида, Диний идора ҳузурида “Ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш” маркази ташкил этилди (кейинги ўринларда “Марказ” дейилади).
Таъкидлаш жоизки, халқимиз орасида моли нисобига етган, йўлга қодир бўлган ҳамюртларимизга динимизнинг бешинчи аркони бўлган ҳаж ибодати ва суннати муаккада бўлган умра зиёратини рисоладагидек ташкил этиш Марказнинг асосий вазифаси саналади. Шунингдек, қуйидагилар:
- маҳаллий ҳокимликлар ҳузуридаги ҳайъатлар тақдим этган зиёратчилар рўйхати асосида ҳаж ва умра сафарларини ташкил қилиш;
- виза олиш;
- авиачипта
- кузатиш ва кутиб олиш;
- ишчи гуруҳи, гуруҳ раҳбарлари, тиббий ходимлар рўйхатини шакллантириш;
- ҳаж ва умра сафарлари бўйича машғулотлар ўтказиш;
- зиёратларга оид қўлланмалар тайёрлаш;
- Саудия Арабистонида ибодат амалларини ташкил этиш кабилар ҳам Марказнинг вазифалари сирасига киради.
– Шу ўринда юртимиздаги ҳаж ва умра ибодатига оид сўнгги янгилик ва ўзгаришларга ҳам тўхталиб ўтсангиз.
– Кейинги йилларда зиёратчиларимизни умрага чекланмаган ҳисобда юбориш йўлга қўйилди. Ҳаж сафари квотаси ҳам йилдан-йилга ошириб борилмоқда. Масалан, мазкур ибодатни 2016 йилда 5200 нафар, 2017 йилда 7200 нафар ватандошимиз адо этган бўлса, 2022 йил Ҳаж мавсумида ушбу кўрсаткич 12 минг нафардан ошди.
Жорий йилнинг 29 сентябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимизга ташриф буюрган Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа билан учрашув ўтказди.
Шунингдек, Саудия Арабистони Подшоҳлиги вазири ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларининг ўзаро мулоқоти чоғида ҳам ҳаж ва умра сафарига борувчи зиёратчиларга хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш юзасидан келишувларга эришилди.
– Ҳаж ёки умра сафарига бормоқчи бўлган киши дастлаб қайси ташкилотга мурожаат қилиши, нима ишларни бажариши лозим бўлади?
– Мамлакатимизда ҳаж ва умра зиёратларининг ташкилий ишлари Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги 364-сонли “Ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилади.
Мазкур қарорга биноан 18 ёшдан ошган Ўзбекистон фуқароси умра сафарига бориш учун ўзи рўйхатда турган маҳалла фуқаролар йиғинига шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан чиқиб, умра сафари учун очилган махсус дафтарга рўйхатга ёзилади ва шу ҳақдаги маълумотномани олади.
Ушбу дафтар бўйича навбати келган фуқарони маҳалла фуқаролар йиғини туман-шаҳарга тавсия қилади. Сўнг ҳудуддаги поликлиникада тиббий кўрикдан ўтади. Натижалар яхши чиқса, умра учун белгиланган тўлов суммасини банкдаги махсус ҳисоб рақамга тўлайди. Шунингдек, хорижга чиқиш паспорти, тиббий кўрикдан ўтгани тўғрисида маълумот ва тўлов қоғозининг нусхасини ҳокимликлар ҳузуридаги ҳайъатга тақдим қилади.
Шундан сўнг зиёратчилар гуруҳ раҳбарлари томонидан ўтказиладиган сафар олди машғулотларда қатнашади, уларга берилган видеоқўлланма ҳамда ҳаж ва умрага оид китоблар асосида муборак зиёратга тайёргарлик кўради. Кейин сафар режасига кўра, муборак зиёратга жўнаб кетишади.
– Муборак диёрда юртдошларимизнинг ҳаж ва умра зиёрати қандай ташкил этилади?
– Ҳаж ва умра тадбирлари ҳар йили муваффақиятли бажариб келинмоқда. Диний идора бу йўналишда етарлича тажрибага эга. Айниқса, юртимиз зиёратчилари энг намунали зиёратчилардан дея эътироф этилаётгани ниҳоятда қувонарли ҳол.
Зиёратчилар танлаган умра пакетларига мос равишда, Мадина шаҳрида Масжидун Набавийга 100-150 метр масофада жойлашган беш юлдузли “Pullman zam-zam”, “Crown Plaza” ҳамда 3-4 юлдузли “Saraya Harmony” меҳмонхоналарига; Макка шаҳрида эса “Байтуллоҳ”га 100 метр масофада жойлашган беш юлдузли “Hilton Convention” ва “Double tree” ҳамда Каъбатуллоҳга 1-1,5 чақирим масофада жойлашган 3-4 юлдузли “Olayan Masi” меҳмонхоналарида истиқомат қиладилар. Ушбу меҳмонхоналарда хизмат кўрсатиш сифати яхшилиги, муқаддас қадамжоларга яқинлиги ва Ўзбекистон билан ишлашда кўп йиллик тажрибага эгалиги билан ажралиб туради.
Икки муборак шаҳарда тажрибали хизмат кўрсатувчи ишчи гуруҳлар зиёратчиларнинг ибодатларини бенуқсон бажаришига ҳар тарафлама кўмаклашади.
Шунинг билан бирга, меҳмонхоналарда туну кун тиббий хизмат йўлга қўйилган. Мўмин-мусулмонларимиз исталган вақтида малакали шифокорлар кўриниб, зарурий маслаҳатлар олиши мумкин. Икки муқаддас шаҳардаги меҳмонхоналарда янги русумдаги автобуслар 24 соат давомида, куну тун хизмат кўрсатади.
Зиёратчилар дастлаб Мадина шаҳридаги Масжидул Набавийда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак Равзаларини зиёрат қилиб, яқинларининг саломларини етказишади. Дуо ва ибодатлар қилади. Сўнгра ушбу гўзал шаҳарда Бақиъ қабристони, Қубо масжиди ҳамда Уҳуд тоғини зиёрат қилишади. Макка шаҳрида эса зиёратчилар умра амалини бажариб, яъни Каъбаи муаззамани тавоф этиб, Сафо ва Марва тепаликларида саъй (юриш) қилишади, сочларини олдиришади ёки қисқартиришади. Шу билан умрани ниҳоясига етиб, Маккаи мукаррамада ибодатлар билан машғул бўладилар.
Сафар давомида Раҳмат тоғи – Арафотни, Нур тоғидаги Ҳиро ғорини ва Савр тоғидаги ғорларни зиёрат қилишади.
– Ҳаж ва умра сафарида зиёратчиларга хизмат кўрсатувчи гуруҳ раҳбарлари (элликбошилар)нинг вазифалари нималардан иборат бўлади?
– Ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этишда гуруҳ раҳбарларининг фаолияти ниҳоятда муҳим. Негаки, ҳожиларнинг муборак масканларда ибодат ва амалларни тўла-тўкис адо этиши, ўзларига кўрсатилаётган хизматлардан қанчалик рози бўлиши кўп жиҳатдан элликбошиларнинг фаолиятига боғлиқ.
Шунинг учун ҳам элликбошилар шариат қонун-қоидаларини пухта биладиган, ҳаж ва умра ибодатларини яхши билган диний соҳада хизмат қилаётган мутахассислар орасидан саралаб олинади. Элликбошиларнинг номзоди Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ва шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги ҳайъатлар томонидан тавсия этилади. Сўнгра Республика Жамоатчилик кенгашида кўриб чиқилиб, тасдиқланади.
Шундан сўнг гуруҳ раҳбари билан зиёратчиларга хизмат кўрсатиш юзасидан шартнома имзоланади. Унда, жумладан, қуйидаги талаблар шарт қилинган:
– умра сафарига доир қонунчилик ва бошқа меъёрий ҳужжатларни пухта билиш;
– умра амаллари, фарз, вожиб, суннатларини тўлиқ билиши ва зиёратчиларга тўлақонли етказиб бера олиш;
– Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги зиёратгоҳлар тарихидан хабардор бўлиш;
– зиёратчиларга одоб-ахлоқ билан муомала қилиб, уларга талаб даражасида сафар, зиёрат ва ибодатларига кўмаклашиш салоҳиятига эга бўлиш;
– зиёратчиларни умра дастурида назарда тутилмаган зиёратгоҳ ёки бошқа жойларга олиб бормаслиги ҳамда ҳақ эвазига қўшимча хизмат кўрсатмаслиги.
Юқоридаги талабларни сифатли бажармаган тақдирда умра сафарига гуруҳ раҳбари (элликбоши) сифатида бориб-келиши учун сарфланган пул миқдорини тўлаб беради.
– Зиёратчиларнинг режаси ўзгариб қолиб, айтайлик, навбатини кейинга суриши, тўловларини қайтариб олиши ёки ёнига шерик олиши мумкинми?
– Ҳаж ёки умра сафари рўйхатига ёзилган киши ўзи яшайдиган маҳалла фуқаролар йиғини раиси номига ариза ёзиб, ўз навбатини кейинроққа суриши мумкин. Навбатда турган зиёратчининг доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи ўзгарган тақдирда унинг аввалги манзили бўйича навбати сақланади. Бир йилдан сўнг ҳам бирор сабабга кўра зиёратга бориш имкони бўлмаса, унинг навбати бекор қилинади. Шундан сўнг у ҳаж ёки умрага бориш учун рўйхатга қайтадан ёзилади. Навбатда турган кишилар ўз навбатини ўзаро алмаштириши ёки уни рўйхатда турмаган одамга бериши мумкин эмас.
Тўлов қилиб, бирор сабаб билан сафарга боролмайдиган киши шаҳар-вилоят ҳокимликларидаги Ҳайъатга ариза билан мурожаат қилиб, пул маблағларини қайтариб олади.
Шунингдек, кекса зиёратчи навбатда турмаган кишини ўзига ҳамроҳ қилиб олиши масаласи ҳам ҳокимликлардаги ҳайъатлари томонидан ўрганилиб, хулоса тақдим қилинади. Зиёратга бораётган аёлларнинг навбатга ёзилган маҳрами зиёратга бора олмаган тақдирда унинг ўрнига бошқа маҳрами бориши мумкин.
– Зиёратчиларга ҳаж ва умра амалларини тўғри адо этишлари учун ўқув-машғулотлари қандай ўтказилади?
– Ҳа, албатта. Зиёратчилар билан сафар олдидан ўқув машғулотлари ўтказилади. Унда ҳаж ва умра зиёратларининг одоблари, уларни амалга ошириш тартиби, сафарга бориш-келиш қоидалари, шартлари ва талаблари ўргатилади. Шунингдек, зиёратчиларга умра қўлланмаси ва видеоқўлланма тақдим қилинади. Шу асосда зиёратчи сафарга кетгунга қадар тайёргарлик кўради.
Ҳаж ё умра ибодатини ният қилган киши ушбу сафарга тўлиқ тайёргарлик кўради, хусусан, сафар қоидаларини ўрганиб, муборак жойларда ўқиладиган дуоларни ёд олади, ибодатларнинг тартиб-қоидаларини ўрганади.
– Айни кунларда давом этиб турган умра сафари тўлови қаерга, қай йўсинда қилинади?
– Ҳаж ва умра сафарлари тўловлари фақат банкка тўланади. Ҳеч бир фуқаро ёки мансабдор шахс муборак сафарларга оид маблағларни қабул қилиш ваколатига эга эмас. Бу ҳақда “Ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомда: “Тўловлар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида махсус ҳисобварақлар очилган банкнинг барча ҳудудий филиалларида амалга оширилади”, деб белгилаб қўйилган.
– Зиёратчиларга таклиф қилинаётган “Люкс” ва “Комфорт” пакетлари ҳақида маълумот берсангиз?
– Халқимизнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда умра зиёрати икки хил шаклда (пакетда) ташкил этилмоқда. Уларнинг асосий фарқи – меҳмонхоналар неча юлдузли экани, Ҳарами шарифларга қанчалик яқинлиги, хоналарда неча киши яшаши каби турли жиҳатларни ўз ичига олади.
Қуйида ҳар икки шакл (пакетда) кўрсатиладиган хизмат турларини келтириб ўтамиз:
Комфорт
- умра визаси ва тиббий суғурта;
- авиачипта;
- имом-хатиб ва мударрислардан иборат элликбошилар;
- Мадина, Макка ва Жидда йўналишларида хизмат кўрсатадиган замонавий автобуслар;
- Мадина шаҳрида Масжиди Набавийга 100-150 метр масофадаги 3-4 юлдузли меҳмонхона;
- Замонавий жиҳозланган ва барча шароитларга эга бўлган 4 кишилик хонага жойлашув;
- Мадина шаҳридаги Уҳуд тоғи, Қубо ва Қиблатайн масжидлари зиёрати;
- Макка шаҳрида 3-4 юлдузли меҳмонхона, Ҳарами шарифдан 1-1,5 чақирим масофада
- Макка шаҳридаги Арафот, Нур тоғи, Мино ва Муздалифа водийлари зиёрати;
- уч маҳал иссиқ овқат – нонушта, тушлик ва кечки таом;
- кун ва туннинг исталган вақтида тиббий хизмат;
- тажрибали ишчи гуруҳи;
- 24 соат транспорт қатнови;
- “Умра қўлланмаси” (дуолар тўплами);
- сумка ва нимча;
- сафардан қайтишда 5 литр зам-зам суви;
- сафар муддати 10 кун, баҳоси 15 миллион 500 минг сўм.
Люкс
- умра визаси ва тиббий суғурта;
- авиачипта;
- имом-хатиб ва мударрислардан иборат элликбошилар;
- Мадина, Макка ва Жидда йўналишларида хизмат кўрсатадиган замонавий автобуслар;
- Мадина шаҳрида 5 юлдузли меҳмонхона, Масжиди Набавийдан 100 метр масофада;
- Замонавий жиҳозланган ва барча шароитларга эга бўлган 2 кишилик хонага жойлашув;
- Мадина шаҳридаги Уҳуд тоғи, Қубо ва Қиблатайн масжидлари зиёрати;
- Макка шаҳрида 5 юлдузли меҳмонхона, Ҳарами шарифдан 100 метр масофада;
- Макка шаҳрида Арафот, Нур тоғи, Мино ва Муздалифа водийлари зиёрати;
- 3 маҳал иссиқ овқат – нонушта, тушлик ва кечки таом;
- туну кун тиббий хизмат;
- тажрибали ишчи гуруҳи;
- 24 соат транспорт қатнови;
- “Умра қўлланмаси” (дуолар тўплами);
- сумка ва нимча;
- 5 литр зам-зам суви;
- Сафар муддати 10 кун, баҳоси 20 миллион 400 минг сўм.
– Ҳаж ёки умра сафарига пиёда, велосипед ёки машинада бориш масаласи қандай?
– Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳукумати томонидан ҳаж ва умра зиёратига келувчи хориж фуқаролари учун виза олишнинг электронлашган тизими йўлга қўйилган. Шу боис сафарга борувчи кишининг паспорт маълумотлари махсус электрон порталга киритилиб, виза тўлови, тиббий суғурта, меҳмонхона, ички транспорт ва овқатланиш учун онлайн тўловини амалга оширган номзодларга виза берилади.
Шунингдек, электрон порталда Саудияга бориш ва қайтиш саналари билан бирга бориш воситаси ҳам танланиши лозим. Мазкур порталда икки хил воситани, яъни самолёт ёки кема орқали боришни танлаш мумкин. Шу жиҳатдан, мамлакатимиздан Қиролликка машина, велосипед ёки пиёда бориш белгиланган тартиб-қоидаларга мувофиқ эмас.
– Суҳбатимиз якунида ижтимоий тармоқларда ҳаж ва умрага оид чиқишлар ҳақида фикр-мулоҳазаларингизни айтсангиз.
– Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси маҳаллий ҳокимликлар томонидан тақдим этилган зиёратчиларнинг тайёр рўйхати асосида умра ибодатини амалга оширади. Яъни, зиёратчиларга виза олиш, уларни кузатиш ва кутиб олиш, Саудия Арабистонида ибодат ва зиёратларини ташкил этиш каби вазифалар билан шуғулланади. Бунгача бўлган жараёнлар, яъни умра навбатини юритиш, фуқаролардан тўловларни қабул қилиш ва тиббий кўрикдан ўтказиш Диний идора ваколатига кирмайди.
Шу боис ҳамюртларимиз навбат масаласи бўйича маҳалла фуқаролар йиғини ва туман-шаҳар ҳокиликлари ҳузуридаги ташкилий гуруҳларга, тиббий кўрик масаласида эса ўзи яшайдиган жойдаги поликлиника ёки ундан юқори турувчи соғлиқни сақлаш муассасасига мурожаат қилишлари лозим. Тўловлар эса фақат ва фақат банк орқали амалга оширилади.
Шу ўринда бир жиҳатни илтимос қилардимки, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бирор чиқиш қилишдан олдин мавзуни яхшилаб ўрганишни, Ўзбекистон мусулмонлари идораси номини унинг ваколатига кирмайдиган ишлар билан боғлаб тармоқларда тарқатиб, ташкилот шаъни, қадр-қиммати, ишчанлик обрўсига путур етказадиган ахборот тарқатишдан эҳтиёт бўлиш зарур.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳаж ва умра тадбирларининг шаффоф ва адолат мезонлари асосида ташкил этилиши тарафдори ҳамда ўз ваколати доирасида бу борада ҳар қандай мурожаатларни тинглашга тайёр эканини маълум қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати мухбири
Баҳриддин Хушбоқов суҳбатлашди