Илмнинг фазилати ҳақида гап кетаркан, аввало бир савол билан бошласак. Аллоҳ таолонинг наздида илм ҳосил қилиш қандай аҳамиятга эга?
Шу даражадаки, Аллоҳ таолонинг бу умматга юборган биринчи буйруғи “Ўқи” деган ваҳий бўлган. Фаразан, энг биринчи ваҳий тавҳидга буйруқ бўлиши мумкин эди, чунки иймон тавҳид билан дуруст бўлади. Аллоҳ таоло барча гуноҳларни кечириши мумкин, лекин ширкни ҳеч қачон кечирмайди. Ёки энг биринчи ваҳий ибодатга буйруқ бўлиши мумкин эди, чунки ибодат бандаликнинг изҳоридир. Аллоҳ таоло: “Жин ва инсонни фақат менга ибодат қилиш учунгина яратдим[1]”, дейди.
Энг биринчи ваҳий рисолат, яъни пайғамбарлик борасида ҳам бўлиши мумкин эди, масалан биринчи оят “Эй бандаларим, менинг расулимга иймон келтиринглар” деган оят бўлиши мумкин, чунки инсонлар расулнинг гапларига ишонмас экан, қандай қилиб Аллоҳ таолонинг оятларига ишонсин. Лекин Аллоҳ таоло бундай бўлишини ирода қилмади. Бу умматга илк хитобини Аллоҳ таоло юқоридаги лафзлар билан юбормади. Исломнинг биринчи буйруғи “Ўқи” бўлди, яъни бу умматга биринчи илоҳий хитоб илм олишдан иборат бўлди.
Аллоҳ таоло илмнинг фазилати нақадар юксак эканини яна билдириб, олимларнинг гувоҳлигини ўзининг гувоҳлиги билан ёнма-ён зикр қилди. “Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари: «Адолат билан ҳукм қилгувчи ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ», деб гувоҳлик бердилар[2]”.
Муфассирлар бу оятнинг тафсирида шундай деганлар. Аллоҳ таоло бу оятда фаришталар билан олимларни “вов” тенг боғловчиси билан бирга келтирди. Гувоҳлик берувчиларни ҳам Аллоҳ таолонинг ўзи танлади. Аллоҳ таоло гувоҳлиги қабул қилинмайдиган одамларни ўзига гувоҳ қилмайди. Агар бу гувоҳларда бирор айбу нуқсон бўлса, Аллоҳ таоло шунча махлуқотлар ичидан гувоҳлик учун айнан шуларни танлаб олмаган бўлар эди. Аллоҳ таолонинг ўзига уламоларни гувоҳ сифатида танлаб олиши уларнинг нақадар улуғ мартабада эканлигига қатъий далилдир.
Аллоҳ таоло “улул-илм” (илм эгалари) деб атаган зотлар анбиёлардан кейинги даражадагилардир, Аллоҳ таолонинг ахассул-хавос, яъни хослар ичидан танлаб олган хос бандаларидир. Абу Дардо розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидагиларни эшитдим, дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким илм йўлини тутса, Аллоҳ уни жаннат йўлига йўллаб қўяди. Албатта фаришталар илм талабидаги кишига рози бўлиб, қанотларини ёзиб турадилар”, – деб айтдилар.
Аввало илм йўлини тутган кимса Аллоҳнинг жаннати сари йўлга отланган саналиб, унга сафари давомида фаришталар хамроҳлик қиладилар. Кишининг ҳамсафари ҳар жиҳатдан етук инсон бўлса, қандай ҳам яхши. У бу сафаридан мамнун бўлади, чунки ёнида унинг кўнглига манзур ҳамроҳ бор. Энди агар унга жаннат йўлидаги ҳамсафари Аллоҳнинг мукаррам махлуқоти бўлмиш фаришталар қанотларини ёзиб хамроҳлик қилсаларчи? Бўлиб ҳам бу сафар Аллоҳнинг жамолини кўриш учун жаннат сари бошланган сафар бўлсачи? Ахир бу дунёда бизлар Аллоҳнинг розилигига эришиб, жаннатига дохил бўлиш учун ҳаракат қилмаяпмизми? Албатта бизнинг мақсадимиз ҳам шудир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунинг ечимини кўрсатмоқдалар. “Дарҳақиқат, олим киши учун еру осмондаги мавжудотлар, ҳаттоки сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтадилар”. Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам илм талабида йўлга отланган кишиларга, улар учун барча нарсалар истиғфор айтиб, Аллоҳ таолодан унинг гуноҳларини кечиришини сўраб туриши ҳақида мужда бермоқдалар. Бу эса айнан биз истаган нарса эмасми? Биз гуноҳларимиз кечиришлиги учун Парвардигоримизга илтижолар, тавба-тазарруълар қиламиз. Бир кишига нисбатан Аллоҳ таолонинг еру осмон ва сувдаги мавжудотларининг адади қанча? Субҳаналлоҳ. Уларнинг барчалари олим киши учун истиғфор айтса-я. Бу қандай ҳам ажойиб марҳамат бўлди.
Албатта, олимнинг обидга нисбатан фазилати тўлин ойнинг юлдузларга кўра фазлига ўхшайди. Ҳақиқатдан ҳам олимнинг илмидан бутун олам манфаат олади. Лекин обиднинг ибодатидан фақатгина ўзига манфаат етади.
Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Олимнинг обиддан афзаллиги менинг қуйи даражадаги саҳобийдан афзаллигим кабидир”, дейдилар. Қарангки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам олимни набийлик даражасига яқин кўтариб, илмсизни жуда қуйи туширяптилар. Агар обид қилаётган ибодати ҳақида илмга эга бўлмаганида, ибодати давомли бўлмас эди.
Дарҳақиқат, уламолар пайғамбарларнинг меросхўридир. Пайғамбарлар динор ва дирҳамларни мерос қолдирмадилар, улар фақатгина илмни мерос қолдирганлар. Кимки уни олса, тўлиқ насиба олибди. Оламда Аллоҳ таолога энг яқин зотлар пайғамбарлардир. Чунки уларнинг зиммаларида тоғлар ҳам кўтаришга бардош беролмайдиган омонатни етказиш масъулияти бор. Шу сабаб ҳам улар бу йўлда етган азиятларга сабр қилганлар. Бутун инсониятни бахтли ҳаёт кечиришлигини таъминловчи бу масъулиятли омонат – Аллоҳнинг бандаларига пайғамбарлари орқали юборган динидир.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан мол-мулк ва дунё ҳақида сўралганда мол-мулкни мутакаббирларнинг ридоси ва дунёни охиратнинг бозори дея таърифладилар. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ҳам айтадилар: “Илм молдан яхшидир, у сени муҳофаза қилади, молни эса сен қўриқлайсан. Илм ҳоким, мол маҳкумдир. Нафақа қилиш билан мол камайса, илм зиёда бўлади”. Ҳеч кимга сир эмаски, мол-мулк ва дунёнинг ўрни бу ҳаётимизда қанчалик керакли бўлмасин, улардан мулк эгалари ва уларнинг меросхўрлари маълум бир муддат фойдаланиши мумкин. Ўтган улуғларимиздан фойдали нарса ҳақида сўрашганида “Ўзинг билан ҳар доим бирга қоладигани” деб жавоб берганлар. “Ўзимиз билан бирга бўладиган нарса нима?” деганларида, “Кема чўкканида сен билан қолган нарса”, деб жабоб бердилар.
Демак, илм дунёдаги барча нарсалардан афзал экан. Хулоса қилиб айтганда, Пайғамбарларга қўлдан кетиб қолмайдиган бойлик – илм берилган. Улар ҳам бу шарафли илмни ўзларининг меросхўрлари олимларга мерос қолдириб кетганлар. Али розияллоҳу анҳу шундай дейдилар: “Олим рўзадордан ҳам, намозларида қоим намозхон ва мужоҳиддан ҳам афзалроқдир. Агар олим вафот этса, ислом дарз кетади, у ёриқни фақатгина илмли ўринбосаргина ямаши мумкин”.
Дунёнинг мувозанатда туриши ҳам қалбига Аллоҳни жо қилган, тақводор уламоларга боғлиқ, чунки олим бузилса олам бузилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Айтинг: Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми[3]?” дейди. Албатта биладиганлар билан билмайдиганлар, яъни илмлилар билан илмсизлар баробар бўлмайди. Аллоҳ таоло илмли зотларга юксак даражотлар ато этади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Олимларнинг даражаси илм олмаган мўминларнинг даражасидан етти юз карра юқоридир. Ҳар даражанинг ораси беш юз йиллик йўлга тенг”. Олим Аллоҳ таолонинг наздида қай даражада суюкли эканини шундан ҳам билиб олишимиз мумкин.
Хулоса ўрнида. Ибн Абдулҳакам раҳматуллоҳи алайҳ айади: “Мен имом Молик ҳузурида илм олардим. Пешин вақти кириши билан нафл намоз ўқиш учун китобларимни йиғиштира бошладим. Шунда устоз, агар ниятинг дуруст бўлса, ҳозир машғул бўлиб турган ишинг бажармоқчи бўлаётган ишингдан афзалроқдир”, сўзларини келтирсак, мақсадга мувофиқ бўлади.
[1] Тур сураси, 56- оят;
[2] Оли Имрон сураси, 18-оят;
[3] Зумар сураси, 9-оят
Ҳусанжон Олимжонов,
«Оқил мингбоши» масжиди имом-ноиби
***
Ilmning fazilati haqida gap ketarkan, avvalo bir savol bilan boshlasak. Alloh taoloning nazdida ilm hosil qilish qanday ahamiyatga ega?
Shu darajadaki, Alloh taoloning bu ummatga yuborgan birinchi buyrug‘i “O‘qi” degan vahiy bo‘lgan. Farazan, eng birinchi vahiy tavhidga buyruq bo‘lishi mumkin edi, chunki iymon tavhid bilan durust bo‘ladi. Alloh taolo barcha gunohlarni kechirishi mumkin, lekin shirkni hech qachon kechirmaydi. Yoki eng birinchi vahiy ibodatga buyruq bo‘lishi mumkin edi, chunki ibodat bandalikning izhoridir. Alloh taolo: “Jin va insonni faqat menga ibodat qilish uchungina yaratdim[1].” – deydi.
Eng birinchi vahiy risolat, yaʼni payg‘ambarlik borasida ham bo‘lishi mumkin edi, masalan birinchi oyat “Ey bandalarim, mening rasulimga iymon keltiringlar” degan oyat bo‘lishi mumkin, chunki insonlar rasulning gaplariga ishonmas ekan, qanday qilib Alloh taoloning oyatlariga ishonsin. Lekin Alloh taolo bunday bo‘lishini iroda qilmadi. Bu ummatga ilk xitobini Alloh taolo yuqoridagi lafzlar bilan yubormadi. Islomning birinchi buyrug‘i “O‘qi” bo‘ldi, yaʼni bu ummatga birinchi ilohiy xitob ilm olishdan iborat bo‘ldi.
Alloh taolo ilmning fazilati naqadar yuksak ekanini yana bildirib, olimlarning guvohligini o‘zining guvohligi bilan yonma-yon zikr qildi. “Alloh, farishtalar va ilm ahllari: «Adolat bilan hukm qilguvchi yolg‘iz Allohdan o‘zga hech qanday iloh yo‘q», deb guvohlik berdilar[2]”.
Mufassirlar bu oyatning tafsirida shunday deganlar. Alloh taolo bu oyatda farishtalar bilan olimlarni “vov” teng bog‘lovchisi bilan birga keltirdi. Guvohlik beruvchilarni ham Alloh taoloning o‘zi tanladi. Alloh taolo guvohligi qabul qilinmaydigan odamlarni o‘ziga guvoh qilmaydi. Agar bu guvohlarda biror aybu nuqson bo‘lsa, Alloh taolo shuncha maxluqotlar ichidan guvohlik uchun aynan shularni tanlab olmagan bo‘lar edi. Alloh taoloning o‘ziga ulamolarni guvoh sifatida tanlab olishi ularning naqadar ulug‘ martabada ekanligiga qatʼiy dalildir.
Alloh taolo “ulul-ilm” (ilm egalari) deb atagan zotlar anbiyolardan keyingi darajadagilardir, Alloh taoloning axassul-xavos, yaʼni xoslar ichidan tanlab olgan xos bandalaridir. Abu Dardo roziyallohu anhu Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi va sallamdan quyidagilarni eshitdim, dedilar. Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi va sallam: “Kim ilm yo‘lini tutsa, Alloh uni jannat yo‘liga yo‘llab qo‘yadi. Albatta farishtalar ilm talabidagi kishiga rozi bo‘lib, qanotlarini yozib turadilar”, – deb aytdilar.
Avvalo ilm yo‘lini tutgan kimsa Allohning jannati sari yo‘lga otlangan sanalib, unga safari davomida farishtalar xamrohlik qiladilar. Kishining hamsafari har jihatdan yetuk inson bo‘lsa, qanday ham yaxshi. U bu safaridan mamnun bo‘ladi, chunki yonida uning ko‘ngliga manzur hamroh bor. Endi agar unga jannat yo‘lidagi hamsafari Allohning mukarram maxluqoti bo‘lmish farishtalar qanotlarini yozib xamrohlik qilsalarchi? Bo‘lib ham bu safar Allohning jamolini ko‘rish uchun jannat sari boshlangan safar bo‘lsachi? Axir bu dunyoda bizlar Allohning roziligiga erishib, jannatiga doxil bo‘lish uchun harakat qilmayapmizmi? Albatta bizning maqsadimiz ham shudir.
Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi va sallam buning yechimini ko‘rsatmoqdalar. “Darhaqiqat, olim kishi uchun yeru osmondagi mavjudotlar, hattoki suvdagi baliqlar ham istig‘for aytadilar”. Bu hadisi sharifda Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi va sallam ilm talabida yo‘lga otlangan kishilarga, ular uchun barcha narsalar istig‘for aytib, Alloh taolodan uning gunohlarini kechirishini so‘rab turishi haqida mujda bermoqdalar. Bu esa aynan biz istagan narsa emasmi? Biz gunohlarimiz kechirishligi uchun Parvardigorimizga iltijolar, tavba-tazarruʼlar qilamiz. Bir kishiga nisbatan Alloh taoloning yeru osmon va suvdagi mavjudotlarining adadi qancha? Subhanalloh. Ularning barchalari olim kishi uchun istig‘for aytsa-ya. Bu qanday ham ajoyib marhamat bo‘ldi.
Albatta, olimning obidga nisbatan fazilati to‘lin oyning yulduzlarga ko‘ra fazliga o‘xshaydi. Haqiqatdan ham olimning ilmidan butun olam manfaat oladi. Lekin obidning ibodatidan faqatgina o‘ziga manfaat yetadi.
Boshqa bir hadisi sharifda Payg‘ambarimiz sallallohu alayhi va sallam: “Olimning obiddan afzalligi mening quyi darajadagi sahobiydan afzalligim kabidir”, deydilar. Qarangki, Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi va sallam olimni nabiylik darajasiga yaqin ko‘tarib, ilmsizni juda quyi tushiryaptilar. Agar obid qilayotgan ibodati haqida ilmga ega bo‘lmaganida, ibodati davomli bo‘lmas edi.
Darhaqiqat, ulamolar payg‘ambarlarning merosxo‘ridir. Payg‘ambarlar dinor va dirhamlarni meros qoldirmadilar, ular faqatgina ilmni meros qoldirganlar. Kimki uni olsa, to‘liq nasiba olibdi. Olamda Alloh taologa eng yaqin zotlar payg‘ambarlardir. Chunki ularning zimmalarida tog‘lar ham ko‘tarishga bardosh berolmaydigan omonatni yetkazish masʼuliyati bor. Shu sabab ham ular bu yo‘lda yetgan aziyatlarga sabr qilganlar. Butun insoniyatni baxtli hayot kechirishligini taʼminlovchi bu masʼuliyatli omonat – Allohning bandalariga payg‘ambarlari orqali yuborgan dinidir.
Payg‘ambarimiz alayhissalomdan mol-mulk va dunyo haqida so‘ralganda mol-mulkni mutakabbirlarning ridosi va dunyoni oxiratning bozori deya taʼrifladilar. Ali ibn Abu Tolib roziyallohu anhu ham aytadilar: “Ilm moldan yaxshidir, u seni muhofaza qiladi, molni esa sen qo‘riqlaysan. Ilm hokim, mol mahkumdir. Nafaqa qilish bilan mol kamaysa, ilm ziyoda bo‘ladi”. Hech kimga sir emaski, mol-mulk va dunyoning o‘rni bu hayotimizda qanchalik kerakli bo‘lmasin, ulardan mulk egalari va ularning merosxo‘rlari maʼlum bir muddat foydalanishi mumkin. O‘tgan ulug‘larimizdan foydali narsa haqida so‘rashganida “O‘zing bilan har doim birga qoladigani” deb javob berganlar. “O‘zimiz bilan birga bo‘ladigan narsa nima?” deganlarida, “Kema cho‘kkanida sen bilan qolgan narsa”, deb jabob berdilar.
Demak, ilm dunyodagi barcha narsalardan afzal ekan. Xulosa qilib aytganda, Payg‘ambarlarga qo‘ldan ketib qolmaydigan boylik – ilm berilgan. Ular ham bu sharafli ilmni o‘zlarining merosxo‘rlari olimlarga meros qoldirib ketganlar. Ali roziyallohu anhu shunday deydilar: “Olim ro‘zadordan ham, namozlarida qoim namozxon va mujohiddan ham afzalroqdir. Agar olim vafot etsa, islom darz ketadi, u yoriqni faqatgina ilmli o‘rinbosargina yamashi mumkin”.
Dunyoning muvozanatda turishi ham qalbiga Allohni jo qilgan, taqvodor ulamolarga bog‘liq, chunki olim buzilsa olam buziladi. Alloh taolo Qurʼoni karimda: “Ayting: Biladiganlar bilan bilmaydiganlar teng bo‘lurmi[3]?” deydi. Albatta biladiganlar bilan bilmaydiganlar, yaʼni ilmlilar bilan ilmsizlar barobar bo‘lmaydi. Alloh taolo ilmli zotlarga yuksak darajotlar ato etadi. Ibn Abbos roziyallohu anhu aytadilar: “Olimlarning darajasi ilm olmagan mo‘minlarning darajasidan yetti yuz karra yuqoridir. Har darajaning orasi besh yuz yillik yo‘lga teng”. Olim Alloh taoloning nazdida qay darajada suyukli ekanini shundan ham bilib olishimiz mumkin.
Xulosa o‘rnida. Ibn Abdulhakam rahmatullohi alayh ayadi: “Men imom Molik huzurida ilm olardim. Peshin vaqti kirishi bilan nafl namoz o‘qish uchun kitoblarimni yig‘ishtira boshladim. Shunda ustoz, agar niyating durust bo‘lsa, hozir mashg‘ul bo‘lib turgan ishing bajarmoqchi bo‘layotgan ishingdan afzalroqdir”, so‘zlarini keltirsak, maqsadga muvofiq bo‘ladi.
[1] Tur surasi, 56- oyat;
[2] Oli Imron surasi, 18-oyat;
[3] Zumar surasi, 9-oyat
Husanjon Olimjonov,
«Oqil mingboshi» masjidi imom-noibi











