Югургилаб кетдим. Идишлар орасидан энг катта косани танлаб чой қуйиб келдим. Бувим идишни олдилар-да, унга синчиклаб қарадилар:
– Бу қўшнининг косаси-ку. Жойига олиб боргин-да, бошқасига қўйиб кел.
– Чойни ичиб олсинлар, кейин…
– Бўлмайди, қизим, ҳозироқ обор. Мени қарздор қилиб қўйма!
Бувимнинг буйруқларини бажардим. Аммо уларнинг сўзларини тушунолмай роса қийналдим. Кўп идиш синдирганим учун шунақа қилдилар, деб бола кўнглим бир оз ранжиб ҳам олди. Аммо меҳмонлар кетгач, бувим шубҳаларимни тарқатдилар ва галдаги унутилмас сабоқни дилимга жойладилар:
– Болажоним, бояги гапимдан ранжиган кўринасан? Сен олиб келган бояги косада кеча қўшни овқат чиқарган экан. Ундаги таомни ейишга ҳақимиз бор, аммо косани ишлатишга асло ҳақимиз йўқ. Чунки қўшни уни бизга ишлатиш учун бермаган. Агар ишлатсак, қўшни ҳақига хиёнат қилган бўламиз. Арзимасдек туюлган бу нарса бўйнимизга бировнинг ҳақи деган улкан қарзни илади. Бировнинг ҳақини бу дунёда ўтамасанг, қиёматда, тўлов учун савобдан бўлак ҳеч вақойинг бўлмаган, ҳар бир савоб ўзинг учун керак бўлган пайтда тўлайсан. Шунинг учун бу борада эҳтиёткор бўлиш керак. Қўшнига косасини олиб кириб, унга рухсатингизсиз чой қуйиб қўйдик, рози бўлинг, деб сўраб чиққин!..
Бугун ушбу воқеани ёдга оларканман, дилимда қўрқув пайдо бўлди. Эҳ-ҳе, мен қанчадан-қанча идишларга эгаларининг рухсатисиз «чой қуйиб» қўйганман. Ёру биродарлар, қўни-қўшнилар, сизларнинг қанча «идишлар»ингиздан рухсатсиз «фойдаландим», қанча ҳақларни бўйнимга илдим. Уларнинг тўлови қиёмат кунида гарданимга тушмаслиги учун ҳаммангиздан розилик сўрайман.
Ҳақингизга рози бўлинг!
*Изоҳ: Эҳтимол, ошириб юборибди дейишингиз мумкин. Аммо бугунги кунимизда авж олган бировни ҳақидан қўрқмаслик, унга нисбатан қилинган хиёнат эса ҳеч иккиланмай «диёнат» деб қабул қилинаётгани замирида айнан шу каби кичик жиҳатларга эътиборсизлигимиз нишонаси эмасмикин?! Ахир аждодларимиз юқоридаги воқеа каби бировнинг заррачалик ҳақини ҳам ноҳақ йўл билан ейишга ҳазар қилишгани маълум ва машҳур эмасми?! Хулоса ўзингизга ҳавола…