Шукрлар бўлсинки, юртимиз мустақилликка эришгандан сўнг, авваламбор, ўз динимиз, тилимиз ва қадриятларимизга кенг имкониятлар очила бошлади.
Юртимизни ҳар соҳада юксалиб бораётганини кўролмаётганлар, адашган тоифалар қандай қилиб бўлмасин фитна чиқариб, тинч-осуда ҳаёт кечираётган халқимизни осойишталигига рахна солишни мақсад қилганлар. Интернет тармоқлари орқали ёшларимиз онгини заҳарлашга, уларга турли вайронкор ғоялар таъсирига тушишларига ҳаракат қилишмоқда.
Президентимиз томонидан асослаб берилган «Ғояга қарши фақат ғоя, фикрга қарши фақат фикр, жаҳолатга қарши фақат маърифат билан баҳсга киришиш, олишиш мумкин», деган гаплар бугун бизнинг ҳаётимизнинг мақсадига айланиши лозим.
Хўш, жаҳолатнинг ўзи нима? У қандай кўринишларда кириб келмоқда ёки қандай кўринишда намоён бўлмоқда? «Жаҳолат» арабча «жаҳила» феълининг ўзаги бўлиб, «билмаслик» маъносини англатади. Ислом динидан олдинги даври «жоҳилият даври» деб аталишининг сабаби ҳам шунда. Ўша даврларда кишилар билимсизлиги, жоҳиллиги туфайли қиз болаларни тириклай кўмганлар. Аёлларни одам ўрнида кўрмаган, уларнинг ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқлари бўлмаган, жамият ширк ботқоғига ботган замон бўлган. Ислом дини кириб келгач, жаҳолат ўрнини маърифат эгаллади. У хотин-қизлар шаънини кўкларга кўтарди. Уч қиз тарбиялаб, уларни турмушга берган она жаннатий бўлиши, жаннат оналар оёғи остида экани баралла айтилди. Одамлар онги ва қалбида маърифатнинг мутлоқ устувор бўлишига эришиш, кишилар тафаккурини бойитиш, уларда соғлом эътиқодни шакллантириш учун кураш бошланди. Бу йўлдаги назарий ва амалий ишларни ҳозиржавоблигини таъминлаш, таъсирчанлигини ошириш долзарб вазифалардан бири бўлди.
Афсуски, бугунги кунда ҳам жаҳолат турли кўринишларда ўзлигини намоён қилмоқда. Шулардан бири, диний билимсизликдир. Диний саводхонлиги паст бўлган кишилар ўзларини ислом динининг жонкуярлари қилиб кўрсатиб, аслида ҳокимиятни эгаллашни мақсад қилган.
Бугунги таҳликали замонда биз ота-оналар ўз фарзандларимизнинг тарбияси билан шуғулланишимиз, бўш вақтдан унумли фойдаланиш зарурлигини уларнинг онгига сингдиришимиз керак. Ёшларни экстремистик оқимлар таъсиридан сақлаш, атрофимизда рўй бераётган ҳолатларни синчковлик билан кузатиб, тўғри хулоса чиқаришимиз лозим.
Абдуҳошим Аҳмадалиев,
Қўштепа тумани бош имом-хатиби в.б.











