Бугун, 19 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари жума намозини Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги «Ракат» жоме масжидида адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари жума намозидан олдин йиғилган жамоатга мавъиза қилиб бердилар. Мусулмоннинг мусулмонга эҳтироми мавзусида қилинган гўзал суҳбат давомида Аллоҳ таоло инсон зотини азизу мукаррам этиб, борлиқдаги барча нарсани инсонга хизмат қилдириб қўйгани, шундай экан, инсонлар ҳам ўзаро аҳл-иноқ, меҳр-муҳаббатли, бир-бирларига доимо ёрдамчи бўлиб ҳаёт кечиришлари динимиз амри экани эслатиб ўтилди.
Маъруза асносида Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар келтириб ўтилди. Жумладан, машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан келтирилган ҳадисда бундай дейилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Каъба атрофида тавоф қилаётганларини кўрдим. У зот Каъбага қараб бундай дер эдилар: «Сен ва сенинг ҳидинг қандай ҳам гўзал! Сен қандай улуғсан ва сенинг ҳурматинг қандай буюк! (Лекин) Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, Аллоҳ наздида мўминнинг ҳурмати сенинг ҳурматингдан ҳам улуғдир» (Имом Ибн Можа ривояти).
Мусулмон кишининг Аллоҳ наздидаги ҳурмати мана шундай баланд экан, ўзаро ҳурмат-эҳтироми ҳам шунга монанд бўлиши таъкидланди. Манфаатли суҳбат якунида бутун дунё мусулмонлари, хусусан, халқимизнинг ўзаро аҳил-иноқлиги бундан ҳам зиёда бўлишини сўраб хайрли дуолар қилинди.
***
Bugun, 19 sentyabr kuni O‘zbekiston musulmonlari idorasi raisi, muftiy Shayx Nuriddin Xoliqnazar hazratlari juma namozini Toshkent shahri Yakkasaroy tumanidagi «Rakat» jome masjidida ado etdilar.
Muftiy hazratlari juma namozidan oldin yig‘ilgan jamoatga mav’iza qilib berdilar. Musulmonning musulmonga ehtiromi mavzusida qilingan go‘zal suhbat davomida Alloh taolo inson zotini azizu mukarram etib, borliqdagi barcha narsani insonga xizmat qildirib qo‘ygani, shunday ekan, insonlar ham o‘zaro ahl-inoq, mehr-muhabbatli, bir-birlariga doimo yordamchi bo‘lib hayot kechirishlari dinimiz amri ekani eslatib o‘tildi.
Ma’ruza asnosida Qur’oni karim va hadisi shariflar keltirib o‘tildi. Jumladan, mashhur sahobiy Abdulloh ibn Umar roziyallohu anhudan keltirilgan hadisda bunday deyiladi: “Men Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning Ka’ba atrofida tavof qilayotganlarini ko‘rdim. U zot Ka’baga qarab bunday der edilar: «Sen va sening hiding qanday ham go‘zal! Sen qanday ulug‘san va sening hurmating qanday buyuk! (Lekin) Muhammadning joni qo‘lida bo‘lgan Zotga qasamki, Alloh nazdida mo‘minning hurmati sening hurmatingdan ham ulug‘dir» (Imom Ibn Moja rivoyati).
Musulmon kishining Alloh nazdidagi hurmati mana shunday baland ekan, o‘zaro hurmat-ehtiromi ham shunga monand bo‘lishi ta’kidlandi. Manfaatli suhbat yakunida butun dunyo musulmonlari, xususan, xalqimizning o‘zaro ahil-inoqligi bundan ham ziyoda bo‘lishini so‘rab xayrli duolar qilindi.











