Оламлар Парвардигори бўлган Аллоҳ таолога ҳамду санолар, очиқ ва равшан йўлга йўлловчи саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин!
Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам охирги маротаба ҳаж қилаёткан пайтларида ушбу оят нозил бўлди: “Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматларимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин қилиб танладим” (Моида сураси, 3-оят).
Расулуллоҳ вафотларидан бир неча кун муқаддам васият қилиб айтдилар: “Эй, одамлар, Мен сизларга шундай нарсаларни қолдираманки, агар уларни маҳкам ушлаб амал қилсангизлар, хеч қачон адашмайсиз. Бу нарса – Аллоҳнинг китоби ва расулининг суннатидир”.
Демак, ислом шариатининг асосий қонунлари мукаммал суратда пайғамбаримиз ҳаётлик чоғларида таркиб топган. Расулуллоҳ вафотларидан сўнг мусулмонларнинг улуғ имомлари бу асосий қонунлардан фойдаланиш мусулмон оммасига осон бўлиши учун Қуръон ва суннатнинг ҳукмларига асосланиб исломнинг тафсилий қонунларини тузишган. Мана шу таълимот асосида “Пора бериш ва олиш — Исломда катта гуноҳ” (коррупция) мавзусига тўхталишни мақсад қилдик.
Коррупция нима?
Илмий адабиётларда унга қуйидагича таъриф берилади: “Коррупция—шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш”.
Коррупция атамаси лотинча “орруптио” сўзидан олинган бўлиб, пора бериб сотиб олиш, бузилиш, ишдан чиқиш, ахлоқий (маънавий) бузилиш деган маъноларни англатади. Одатда мансабдор шахс томонидан унга берилган мансаб ваколатлари ва ҳуқуқлардан, шунингдек, бу билан боғлиқ расмий нуфуз мақомидан, имкониятлар ва алоқаларидан ўзларининг шахсий манфаатларини кўзлаб қонунчилик ва ахлоқ қоидаларига зид равишда фойдаланишини англатади.
Жамиятда коррупция оддий халқ вакилларининг юқори амалдорларга ёхуд давлат амалдорларининг ўзаро бир-бирларига бўлган муносабатидан келиб чиқади. Ушбу салбий ҳолатнинг ҳар қандай кўриниши жамиятни ҳалокат ёқасига олиб бориши муқаррардир.
Коррупсиянинг тарихи антик даврларга бориб тақалади. Қадимги Юнонистон давлатида оддий халқ вакиллари оқсоқолларга ва турли даражадаги амалдорларга совға-саломлар беришган. Худди шундай ҳолатлар қадимги Мисрда ҳам кузатилган: бу ерда эркин деҳқонлар, ҳунармандлар ва ҳатто ҳарбий аъёнларга нисбатан ҳам ўзбошимчалик ва зўравонлик ишлатган ҳамда қонунбузарликларни ўзига касб қилиб олган амалдорлар бюрократик аппарати юзага келганди.
Коррупция ҳар қандай давлат ва жамият ривожига жиддий салбий таъсир кўрсатувчи хавфли омил, барча мамлакатларга таҳдид солувчи мураккаб ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳодисадир. Зеро, бу омил туфайли давлатнинг ривожланиши секинлашади, ҳукумат тизими ишдан чиқади, демократик институтларга путур етади. У сайлов жараёнларига салбий таъсир қилиб, қонун устуворлигига жиддий зиён етказади. Шу билан бирга, унинг таъсири остида фуқароларнинг ижтимоий адолатга, ҳақиқатга ва давлат органларига ишончи йўқолади. Ҳар қандай жамият учун ушбу жиноятга қарши курашиш энг долзарб масалалардан биридир. Бизнинг давлатимиз коррупциянинг олдини олиш ва унинг илдизларига барҳам бериш мақсадида кўпгина тадбирларни амалга оширмоқда. 2003 йил 9 декабрда БМТнинг “Коррупцияга қарши конвенция”си имзоланганлиги ҳам фикримизнинг исботидир.
Республикамизда ушбу жиноятга қарши кураш соҳасида мақсадли сиёсат олиб борилмоқда. Жумладан, ушбу соҳада қонунчилик асосларини такомиллаштириш, давлат органларининг, жамиятнинг очиқлигини таъминлаш, ахборотлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш борасида аҳамиятли ишлар амалга оширилмоқда. Дарҳақиқат, коррупцияга қарши курашиш ва бу соҳада самарали чора-тадбирлар ишлаб чиқиш масалалари давлатимиз раҳбариятининг диққат марказидадир.
Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва принципларини белгилашда бундай ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш масаласи қатъий ҳисобга олинган. Коррупцияга аралашган, бу жирканч иллатга қўл урган одам учун улуғ нарсалар, мўътабар туйғуларнинг қадри йўқолади. Бундай одамлар ҳаётда ҳамма нарсани сотиб олиш ва сотиш мумкин, деб ўйлайди. Улар иймон-эътиқодга ишонмайди, айни пайтда бундай кимсаларга ҳаёт учун азиз саналадиган ҳеч нарсани инониб бўлмайди. Чунки улар ота-онаси, қариндош-уруғлари, ёр-у биродарлари, маҳалла-кўйнинг юзини ерга қаратишдан, бошини эгишдан уялмайди.
Қонунга кўра, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи, бу жараёнда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилди. Ҳаммамиз яхши биламиз, қонун ҳуқуқий муносабатларни тартибга солади. Ваколатлар, ҳуқуқ ва мажбуриятларни, амалга ошириладиган чора-тадбирларни белгилаб беради.
Агар қонун ҳаётда ишламаса, унинг бир неча варақ оддий қоғоздан фарқи қолмайди. Шундай экан, «коррупция ҳақида қонун қабул қилинди, энди ҳаммаси изига тушиб кетади», деб ўйлаш, хотиржамликка берилиш катта хато бўлади. Коррупция балосидан қутулиш, ислоҳотларни унинг чангалидан озод этиш ҳақида ҳаммамиз ўйлашимиз, бунинг заруратини ҳар биримиз юрагимиздан ўтказишимиз, унга қарши қатъий курашишимиз керак. Бу кураш кундалик ҳаётимиздаги оддий ҳолатлардан бошланади. Шифокордан яхшироқ маслаҳат олиш, навбатни тезлаштириш, рейтинг дафтарчасига тузукроқ баҳо қўйдириш ва шу каби вазиятларда ўзимизни муносиб тутишимиз лозим бўлади.
Исломда коррупция нима?
Ислом дини жамиятда соғлом муҳитни шакллантиришни ҳамиша диққат марказига қўйгандир. У ўзининг бу олий мақсад йўлида халқ орасидаги барча жабҳадаги иллат ва камчиликларнинг олдига қатъий тўсиқлар қўйган. У ҳар қандай ишни жорий қилишда ўзининг ҳикматли йўли – бир иллатдан қайтарса, унинг муқобилида бир неча тўғри ва савобли амалларни таклиф этади. Зеро, инсон табиати ҳамиша қайтариққа дуч келаверишни хушламайди. Шунинг учун қайси бир йўл ёки таълимотда буйруқдан қайтариқ кўп бўлса, унинг эртанги куни таназзулдан бошқа нарса бўлган эмас.
Илмий ёндашув: Таниқли ҳанафий олими ва фақиҳи, машҳур «Баҳр ар-роиқ», «ал-Ашбоҳ ва-н-назоир» асарлари муаллифи Зайн ал-обидин (Зайниддин) Ибн Нужайм ал-Мисрий ал-Ҳанафий (1519-1563) раҳимаҳуллоҳнинг мазкур «Пора ва унинг турлари» рисоласи унинг «ар-Расоил аз-зайниййа фий фиқҳ ал-ҳанафиййа» номли рисолалар тўпламида:
Поранинг баёни, унинг турлари ҳақидаги қисқача рисола бўлиб, унинг зимнида қозига олиш жоиз бўладиган ёки умуман мумкин бўлмайдиган нарсалар, поранинг ҳалол ва ҳаром бўладиган ҳолатлари тўғрисида ҳам сўз юритилади. Шунингдек, пора билан ҳадиянинг орасидаги фарқ ҳақида, пора олганда унинг эгаси ким бўлиши ҳақида, пора олувчиларнинг таъзирини бериб қўйилганда, ошкора ҳаммага маълум қилиниши борасида ҳам сўз юритилган.
Илмий ёндашув Поранинг икки хил маъноси бор, Унинг луғавий ва истилоҳий маънолари. Луғатда поранинг маъноси ширинкома – ҳақ, мукофот.
«Ал-Қомус»да «ришват» («пора»)нинг мисоли ширинкома экани айтилган. «Рашааҳу» дейилса, унга бирор нарса берилганини айтилади. «Ирташаа» эса ўша нарсани олганни айтилади. «Истаршаа» эса бирор нарса талаб қилганни айтилади.
«ал-Мисбоҳ»да «ришват» «ро»нинг касраси билан бирор шахснинг унинг фойдасига ҳукм қилиши ёки унинг истаганини амалга ошириши учун ҳокимга ёки бошқа бировга бирор нарсани берганига айтилади, дейилган. Ушбу сўзнинг кўплиги «рушаа» ҳам дейилади, «қатала» бобидандир. Унга ришват бергандим, у олди, демоқчи бўлса, «ирташаа» феъли қўлланади. Ришват сўзининг асли «рашаа»дан бўлиб, жўжа онаси оғзига бирор нарса солиши учун бўйнини – бошини чўзганига айтилади.
«Ал-Муғриб»да «ришват» ва «рушват» деб ҳам айтилиши мумкинлиги, кўплиги «ар-рушаа» келиши зикр қилинган. «Рашааҳу» дейилса, пора берганни айтилади, «ирташаа минҳу» дейилса, уни олганни айтилади.
Поранинг истилоҳдаги маъноси «ал-Мисбоҳ»да айтилганидекдир. Абу Наср ал-Бағдодий раҳимаҳуллоҳ «Шарҳ ал-Қудурий»да: «Пора билан совғанинг фарқи пора унга ёрдам берилиши учун берилади, совғада эса бундай шарт бўлмайди», деб эслатиб ўтганлар.
Пора олиш Қуръон ва суннат ҳамда ижмоъга кўра ҳаром. Қуръонда Аллоҳ таолонинг сўзи бор:
«Ораларингиздаги моллларингизни бекордан бекор еманглар!». Босқинчилик, судхўрлик, қимор каби ботил, бекор ва пуч нарсага шариат рухсат бермаган. Аллоҳ таоло бундай деган:
«Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз!» (Бақара, 188).
Ал-Буқоъий раҳимаҳуллоҳ «ал-Муносабот» асарида «ва тудлу» сўзини: «Ҳокимларга махфий ҳолатда умумий пора билан ишларни ўзингизнинг фойдангиз тарафига буриш учун бера кўрманглар!» дея ифодалаганлар.
Ал-Ҳалвоний раҳимаҳуллоҳ: «Пора – челакни қудуққа сув тортиб олиш учун махфий тарзда тушириш маъносида», деганлар. Яъни, пора берувчи ноҳақ равишда мол-дунё ейишга ҳукм чиқартириш мақсадида ўз порасини махфий равишда ҳокимга беради.
Поранинг суннатда ҳаром қилинганига келсак, бу борадаги ҳадислар жуда кўп. Улардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу қарғишларидир: «Пора берувчига ҳам, пора олувчига ҳам Аллоҳнинг лаънати бўлсин!». Яна ул зоти бобаракот: «Пора берувчини ҳам, пора олувчини ҳам, иккови орасида юриб порада воситалик қилувчини ҳам Аллоҳ лаънатласин!», деганлар. Бундай ҳадисларни «ал-Жомеъ ас-сағир»да «лом» ҳарфи бобидан топиш мумкин.
Ана энди, поранинг турлари, ҳалол бўладиган ва ҳаром бўладиган жиҳатларига етиб келдик. Имом Қозийхон раҳимаҳуллоҳ ўзининг фатволар тўпламида қозилик қилиш ҳақидаги бўлимида буларни зикр қилганлар:
Пора тўрт хил бўлади. Икки тарафдан ҳам ҳаром бўладиган тури. Агар булардан бири пора бериб қози бўлса, қози бўлиб ҳисобланмайди. Бу ҳолатда пора олувчига ҳам, қози бўлувчига ҳам ҳаромдир.
Иккинчи тури, қозига унинг фойдасига ҳукм қилишини кўзлаган ҳолда пора беришдир. Бу пора икки томонга ҳам ҳаром. Қозининг ҳукми хоҳ ҳақ бўлсин, хоҳи ноҳақ бўлсин, бунинг фарқи йўқ.
Яна бир тури шуки, ўзининг жонидан ёки мол-мулкидан қўрқиб, бировга пора берган бўлса бундай пора олувчига ҳаром, берувчига ҳаром эмас. Агар биров унинг молидан тама қилса, молидан бир қисмини унга берса ҳам худди шундайдир.
Яна бир тури эса порани подшоҳ олдида ишини ўтказиб бериш учун берса, бериш ҳалол бўлади. Бу ҳолатда олувчига пора олиш ҳалол бўлмайди.
«Ал-Ақзийа»да қайд қилинган: «Ҳадя – совға уч хил бўлади.
Биринчиси, ҳадя берувчи тарафга ҳам, олувчига ҳам ҳалол. Бу меҳр-муҳаббат сабабли совға олди-бердисидир.
Иккинчиси, икки тарафга ҳам – ҳадя берувчига ҳам, уни олувчига ҳам ҳаромдир. Бу зулмга ёрдам бериш учун ҳадя беришдир.
Учинчиси, ҳадя берувчи томонга ҳалол. Бу ўзига қаратилган зулмни тўсиш учун ҳадя беришдир. Бу олувчига ҳаром. Бунинг ҳийласи уни уч ёки бир неча кун ижарага олиб туришдир. Агар муддатни белгиламаса, жоиз бўлмайди. Буларнинг ҳаммаси шарт қўйилганда бўлади. Агар шарт қилмасдан ҳадя берса, лекин ҳадя берилса подшоҳ олдида ёрдам бўлишини аниқ билган бўлса, бунинг ҳукми нима бўлади? Машойихларимиз бунинг зарари йўқ, деганлар.
Агар ҳеч қандай шартсиз бировнинг ҳожатини битказса, тама ҳам қилмаса, шундан сўнг унга совға қилсалар, уни қабул қилишнинг зарари йўқ. Саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳудан олиш макруҳ бўлиши ҳақидаги нақл парҳез – тақво учун айтилган гапдир. «Фатовойи Баззозиййа»да ҳам шу хилда келтирилган.
«Фатҳ ал-қадир»да бундай дейилган:
«Хуллас, пора тўрт тур бўлади. Улардан бири олувчига ва берувчига ҳам ҳаром бўлган тури. У қозилик (ҳукм ўқув) ва амирлик (бошқарув) ишларидаги порадир. Бу ҳолатда қозилиги ўтмайди.
Иккинчи тури қозига ҳукм ўқиши учун пора беришдир. Бу ҳам икки томонга ҳам ҳаромдир. Пора олган иши бўйича чиқарган ҳукми инобатга олинмайди. Чиқарган ушбу ҳукми ҳақ ёки ноҳақ бўлишининг фарқи йўқ. Чунки, агар ҳақ бўлса, унга бу ҳукмнинг чиқаришнинг ўзи вожиб бўларди. Бунга мол олиш ҳалол бўлмайди. Ҳукми ботил бўладиган бўлса, нима бўлиши равшан. Пора олиб, сўнг ҳукм чиқариши ва ҳукм чиқариб туриб, сўнг пора олишининг фарқи йўқ.
Учинчиси, подшоҳ олдида зарарни даф қилиш ёки фойдани жалб қилиш мақсадида ишини тўғрилаб бериш мақсадида мол (пора) олишдир. Бу олувчига ҳаром бўлади, берувчига ҳаром бўлмайди. «ал-Ақзия»да ҳадя ва совғанининг бир турини мана шу қисмда зикр қилинган.
Тўртинчиси, ўзига ва мол-дунёсига етиши мумкин бўлган хавфни даф қилиш учун бериладиган нарса. Бу ҳам берувчига ҳалол, олувчига ҳаромдир. Чунки, мусулмондан зарарни даф қилиш вожибдир. Вожибни қилиш учун мол олиш жоиз бўлмайди».
«Ал-Қунйа»да «Китоб ал-Кароҳият»да: «Золимлар одамларни ишларини тараққий қилдиришдан тўсадилар, уларга бирор нарса беришсагина уларга индашмайди. Бу ҳолатда олувчига ҳам, берувчига ҳам ҳаром бўлиб, бу айни порадир», дейилган.
Бир-бирига ошиқ бўлган икки кимса бир-бирига эгалик қилиш учн пора берса ҳам худди шундайдир.
Ҳадя – яъни, совға ҳам қози учун пора кабидир. Ҳадя фойда олиш ниятида бўлса, икки тарафдан ҳам ҳаром бўлади. Бир кимса қозининг олдига келса, унга ҳукм ўқмасдан туриб ҳукм чиқариши учун ёки ҳукм ўқиганидан кейин бирор нарса берса, берувчи ҳаром ишни қилган бўлади. Агар қози буни қабул қилмаса ва унга таъзир бериб қўйишни хоҳласа, қозига шу ишни қилиши мумкин бўлади.
Уламоларнинг гапи бор: «Ҳар қандай қилинган гуноҳ ишга ўлчаб қўйилган ҳад – жазо таъйинланмаган бўлса, унга таъзир бериш вожиб бўлади».
«Ал-Бадойеъ»да шунга ўхшаш келган: «Таъзир вожиб бўлишининг сабаби шариатда белгиланган ҳад йўқ жиноятни амалга оширилгани учундир. Бу жиноят Аллоҳ таолонинг ҳаққини поймол қилиш бўлсин, хоҳ банданинг ҳаққига хиёнат бўлсин, фарқи йўқ. Таъзирнинг вожиб бўлишига фақат ақл шарт қилинган. Яъни, ақли жойида бўлган ҳар қандай кимса белгиланган ҳадд – жазоси йўқ жиноятни содир қилса, унга таъзир берилади».
Агар қози ўзича таъзир берса, бу борада унинг гапи инобатга олинадими, деб сўрасанг, мен «Фусулайн» ва бошқа манбаларда келган маълумотга асосланиб, «Ҳа!» деб жавоб бераман. Яъни Қозига биров мен пора олдим, деса, унга таъзир бериши мумкин.
Оммага ошкора қилиш билан таъзирини беришга келсак, бу ҳам таъзир беришнинг бир тури бўлгани боис жоиздир. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ёлғон гувоҳлик берган кимсани бозорларда оламонга ошкора қилдириш ила таъзирини берилади, деган. Бошқа нарса қилинмайди. Икки имом (Абу Юсуф ва Муҳаммад) эса оғритиб урилади ва ҳибсга солинади, деганлар.
«Фатҳ ал-қадир»да келтирилган: «Имом (Абу Ҳанифа)нинг гапининг маъноси «Мен унга бошқача таъзир бера олмайман, уни уриб ҳам ўтирмайман», дегани бўлса керак. Хуллас, иттифоқ гап шуки, қандай бўлмасин унга таъзир берилади. Унинг ҳолини бозорларда ошкора қилиш кифоя қилади. Чунки, гоҳида махфий равишда ургандан кўра ошкора қилиш қаттиқроқ бўлади. Икки имом эса бунга уришни ҳам қўшимча қилганлар». «ал-Иноя» ва бошқа манбаларда ҳам худди шундай келтирилган.
Демак, жиноятчининг айбини ошкора қилиш таъзир беришнинг бир туридир. Қози ёлғон гувоҳлик бергандан бошқа жиноятчиларга ҳам шу хилда таъзир беришни маслаҳат деб топса, шу хилда бузғунчиларга таъзир бериш қозига жоиз бўлади. Зотан, таъзир бериш дегани қозининг ўз фикрига топширилган ишдир.
Ибн Абу Шайба раҳимаҳуллоҳ ўз санади ила ривоят қилишларича, Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу Шомдаги амалдорларига ёлғон гувоҳлик берган кимса борасида мактуб йўллаганлар. Унда қирқ дарра уриш, юзини қорага бўяш, сочини қириб олиб ташлаш ва ҳибсда узоқ муддат ушлаб туриш жазоларини бирданига таъйинлаган. Абдурраззоқ раҳимаҳуллоҳ ўз «Мусаннаф»ида ривоят қилганларки, Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу ёлғон гувоҳлик берган кимсанинг юзини қорага бўяш, салласини бўйнига ўраб ташлаш ва уни овулларда айлантиришга буюрганлар.
Хуллас таъзир беришда ҳад жазосигача олиб борилмаса, эамиятдда ҳеч – қандай ижобий ўзгариш бўлмайди. Чунки, Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳунинг фикрлари мана шундай бўлган. Ушбу замонда пора кўпайиб кетгани боис уни озайтириш мақсадида шу ишни қилиши керак. Мана шунинг оқибатида пора берувчи ёки порахўр тавба қиладилар. Ёлғон гувоҳлик берувчилир ёки шу каби таъмагир жиноятчилар аламли ва шармандали жазо муқарарлигини балки хис этарлар….
УСМОНИЙЛАР ХАЛИФАЛИГИДА КОРРУПЦИЯ
Ёзма манбаларда коррупция ҳақида эрамиздан аввалги XXIV асрнинг иккинчи ярмида, Шумер подшолиги даврида эслаб ўтилган. Коррупция бизнинг кунларгача етиб келганлиги шундан далолат берадики, бошқа иллатлар каби, уни ҳам таг-туги билан йўқотиб бўлмайди.
Ҳатто идеал бўлган давлатлар ҳам коррупциядан халос бўлолмаган.
Юқорида такидлаганмиздек Қуръони каримни Бақара сураси, 188 – оятида «Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун уни ҳокимларга гуноҳкорона ташламан» дейилган, лекин шунга қарамай, порахўрлик халифаликда ҳам мавжуд бўлган.
Бу тарихан Аббосийлар сулоласи вакиллари ҳокимлик қилишни ислом давридан олдинги Эрон ҳукмдорлари – Сосонийлар давлат хизмати тажрибасига эга бўлган исломни қабул қилган эронийлар устунлик қилган амалдорларга топшириб қўйганлиги билан боғлиқ.
Дастлабки паллаларда халифа турли идоралар фаолиятини шахсан назорат қиларди, лекин вақт ўтиши билан бу ишни ўзига яқин одам бўлган – аввал халифанинг турли ишлар бўйича шахсий ёрдамчиси бўлган вазирга топшириб қўйди. Вақт ўтиши билан вазирлар кенг тармоқли давлат аппарати шакллантирдилар. X асрнинг ўрталарига келиб, у ёки бу лавозимга тайинланиш учун амалдорлар томонидан вазирларга пора бериш мунтазам амалиёти шаклланиб бўлганди. Бундан, масалан, халифа Муқтадирнинг вазири бўлган Убайдуллрҳ Ҳоқоний (926 йил вафот этган) амалдорларни турли лавозимларга тайинлаш ва олиб ташлашда фаол фойдаланган. Пулга қаттиқ муҳтожлик сезаётган давлат солиқлар тўплашни хусусий шахсларга топшириб, бу улар томонидан турли суиистеъмолларга олиб келарди. Масалан, улар солиқ миқдорини ошириш учун они ҳосилни оширилган ставка бўйича баҳоларди; солиқлар тўланмагунга қадар мевалар ва дон ҳосилини йиғиб олишга рухсат бермасди, қарзни ундиришни эса кечиктирарди ва деҳқонлар ҳосилнинг ҳалок бўлмаслигини кўзлаб, солиқ йиғувчилар тезроқ солиқ ундириши учун уларга пора беришга мажбур бўларди.
Бу ҳолат Усмонлилар салтанатида ҳам истисно эмасди. 1763-1764 йилларда усмонийларнинг Пруссияда элчиси, кейинчалик эса салтанатнинг ташқи ишлар вазири бўлган Расми-эфенди порахўрликнинг айрим турларига тавсиф берган: «…яничарларнинг ҳар битта мингбошиси қўлида рўйхати номма-ном ёзилган мингта аскар бўлган ва у ҳар ой давлат ғазнасидан тўлиқ миқдорда минг кишилик маош олишни одат қилиб олган, гарчи унинг аскарлари бунинг ярмини ташкил қилмаса ҳам. Фараз қилайлик, «минг» бу «беш юз»га тенг. Қирқ кундан кейин бу беш юздан тўрт юзи овқат излаб топиш баҳонасида тарқалиб кетади. Мингбошининг қўл остида нари борса юз нафар хизматчи бўлади, у ишёқмас эса минг кишига маош берилишини талаб қилади: унга пул билан тўлайсанми ёки пул ўрнига омборлардан дон олишга кўндирасанми, барибир ғазнада бир чақа ҳам қолмайди. Баҳслашаман деб кўр-чи, – бу одамлар дарров дод-вой сола бошлайди: “Вазир – аҳмоқ! Бош ғазначи – муттаҳам! Қўшин мирзоси, яничарлар оғасининг рўйхати – тўғри, адолатли ҳужжат! Барча тўловлар ва таътиллар у бўйича амалга оширилиши лозим. Ким унинг тўғрилигига шубҳа билдириши мумкин?”…
Қўшинни озиқ-овқат билан таъминлаши лозим бўлган интендантлар эса қуйидаги равишда ўғрилик қиларди: «Сухари тайёрлаш учун квартирмейстерлар омборларда қирқ йиллаб ётган ва оҳакка ўҳшаб кетган эски унни ва шу ернинг ўзидан топилган, ранги қора ер билан бир хил бўлган эски сухариларни олиб, уларни бир-бири билан аралаштирарди, янги ун қўшарди ва ҳамма станцияларда омборлар ва нон печлари ерга қурилган эканлиги сабабли хамирга исталганча тупроқ қўшиш учун узоққа боришнинг ҳам кераги йўқ эди. Тупроқдан нон ёпиб бўлмайди! Халққа бериладиган нон қуриган лойга ўхшаб кетарди. Бошқа илож йўқ эди: мажбуран шу сухарилар билан овқатланишга тўғри келарди; ўн кун шу сухаридан еган одамлар Хан-тепесида бу дунёдан кўз юмиб, янги қазилган гўрларга ётарди ва абадий уйқуга кетарди. Улар жамоаларига ўзи ҳақида хабар бермай қўйгач, ўнбошилар ва рота қўмондонлари тиловат тушириб ўзларича: “Уларнинг маоши бизга қолади! Улар – шаҳидлар!…. бечоралар ғайридинларга қарши урушга йўл олган ҳолда ҳалок бўлди!” деб айтарди.
XVI асрда усмонийлар империясида илтизомга берилган солиқлар тўплаш билан оммавий суиистеъмоллар бошланди. Аслида қанча солиқ тўпланганини назорат қилишнинг имкони йўқ эди. Солиқларни тўпловчи давлатга аниқ белгиланган бир суммани топширарди, холос.
Бундан ташқари, давлатдан фойдаланиш учун ер – тимар оладиган ҳарбий хизматчи сипоҳилар шу билан бирга бу ерларда ишлайдиган деҳқонлардан солиқ тўплаш ҳуқуқини ҳам қўлга киритарди. Шунингдек, тимарлар бир қисмига сипоҳилар уларнинг миқдори аниқ белгилаб қўйилган турли айблар учун жарима саналган «ҳаво солиғи» (бад-и-хава) ундириш ҳуқуқига эга бўлган.
Султон Мурод III ҳукмронлик қилган даврда (1574-1595) тимарларни тақсимлашдаги суиистеъмоллар энг авжига чиққан. Турли провинциялар губернаторлари (бейлербей ва санджакбей) уларни бу ҳуқуққа эга бўлмаган шахсларга ҳам пора эвазига тарқатиб юборарди.
Тимарлардан солиқ тўплашни музд эвазига бериш ҳаракатлари шунга олиб келдики, ер майдонларида ишлайдиган деҳқонлар «откуп(музд)»чилар ўзбошимчалигининг қурбонига айланди. Бу суиистеъмол ҳолатларини ҳаттоки Усмонийлар салтанати шайхулисломлари чиқарган махсус фатволар ҳам бартараф қила олмади.
Аста-секинлик билан сипоҳилар ҳарбий юришларга бормай қўйди, уларга тақдим этилган ерларда муқим қолиб, амалда давлат мулкини шахсий мулк қилиб олди.
Давлат эса, ўз навбатида, буюк вазирлар тимсолида кўнгилсиз реакциядан хавфсираган ҳолда ҳарбийлар билан тўқнашувга боришдан қўрқарди. Усмонийлар салтанатида порахўрлик оқибати шу бўлдики, қўшинлар ҳарбий тайёргарлигини йўқотди, натижада 18-аср охири ва 19-аср бошларида қатор мағлубиятларга учраб, бу давлатнинг қудратига путур етказди.
Сўзимизни Имом Заҳабий шундай қуйидаги ўгитлари билан якунлаймиз. “Эй инсон сен ер юзига йиғлаб келдинг ота-онанг сени хурсанд бўлиб кутиб олдилар, Эй инсон энди сен бу дунёдан кетмасингдан олдин жамият, халқ, дин, давлат, ота-она ва фарзандлар олдидаги бурчларингни мукаммал адо қилиб қўйгинки, кетар чоғингда сен кулиб кетгин, қолганлар эса, қандай яхши инсон эди-я деб орқангдан йиғлаб қолсинлар.
Абдувоҳид АҲМАДАЛИЕВ,
Марғилон шаҳар бош имом-хатиби
Мақолани тайёрлашда,
Шайх Мухаммад Содиқ Мухаммад Юсуф “Тафсири Ҳилол” китобидан;
Зайнул-обидин (Зайниддин) Ибн Нужайм ал-Мисрий ал-Ҳанафий (1519-1563) раҳимаҳуллоҳнинг мазкур «Пора ва унинг турлари» рисоласи унинг «ар-Расоил аз-зайниййа фий фиқҳ ал-ҳанафиййа» номли рисолалар тўплами (Ҳамидуллоҳ Беруний таржимаси);
Тошкент Ислом институти “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Баҳодиржон Баҳромжон ўғли мақоласи,
IslamOnline.uz сайти ва бошқа интернет саҳифаларидан фойдаланилди.