Фақиҳларимиз суянадиган яна баъзи манбалар ҳам бор. Улар тўртта мазкур асосий ва қолган ёрдамчи манбаларга суянган ҳолда кўп масалаларни ҳал қилганлар. Ўша даврда кўплаб фақиҳлар етишиб чиққанлар. Уларнинг кўпчилиги ўзлари дунёдан ўтишлари билан фиқҳий ишлари ҳам қолиб кетган. Аммо мусулмонлар оммасига кенг тарқалган, шогирдлари ва орқасидан эргашувчилари кўп бўлган уламолар фиқҳий мазҳаб соҳиблари, деб тан олинган. Шулардан тўртталари бутун дунёга машҳур бўлганлар ва улранинг мазҳаблари мусулмонлар жумҳури томонидан расмий фиқҳий мазҳаблар, деб тан олинган. Булар қуйидаги мазҳаблар:
1. Ҳанафий мазҳаби – Шом, Туркия, Туркистон, Покистон, Ҳиндистон, Бангладеш ва бошқа юртларда кенг тарқалган.
2. Шофеъий мазҳаби – Миср, Сурия, Индонезия, Малайзия, Филиппин, Тайланд ва баъзи Африка давлатларида тарқалган.
3. Моликий мазҳаби – Либия, Тунис, Жазоир, Мағриб, Мавритания, Нигерия ва бошқа Африка давлатларида торқалган.
4. Ҳанбалий мазҳаби – Арабистон ярим оролида тарқалган.
Шундай қилиб, замон ўтиши билан суннийлик бўйича турли мазҳаблар жумладан, Абдураҳмон Авзоъийга мансуб Шом мактаби, Шофиъий мазҳабидан Довуд Зоҳирий раҳбарлигида ажралиб чиққан Зоҳирий мактаби, шунингдек, Ибн Жарир ат Табарий томонидан юзага келтирилган мактаб емирилиб, улар ичидан тўртта асосий мазҳаб ўз ҳуқуқий қарашларини тарғибот қилиб ривожлантириш имкониятига эга бўлди. Шиалик оқими ҳам кўп фирқаларга бўлиниб, улардан жаъфария, исмолия ва зайдия ушбу оқимнинг асосий мазҳаблари сифатида давом этиб келди.
Илк асрларда мужтаҳидлар кўп бўлиб, мазҳаблар ҳам кўп бўлган. Абдулваҳҳоб ибн Аҳмад Шаъроний (ваф. 973/1565) ўзининг «ал-Мийзан» асарида 16 та мазҳабни зикр қилган. Ушбу мужтаҳидлар мазҳабларининг ҳаммаси ҳам маълум муддат амалда бўлган. Лекин кейинчалик кўпи амалдан чиқиб кетган ва одамлар Имом Абу Ҳанифа (ваф. 150/767), Имом Молик (ваф. 179/795), Имом Шофеъий (ваф. 204/820) ва Имом Аҳмад (ваф. 241/855)ларнинг мазҳабларидан бирига эргаша бошлаган. Аммо ҳеч ким барча мазҳабларни бекор қилиб, одамлар фақат шу тўрт мазҳабдан бирига эргашиши лозим демаган.
Моликий мазҳабига мадиналик олим имом Молик ибн Анас Абу Абдуллоҳ (713-795) асос солган. У «Мадина имоми» унвонига сазовор бўлган. Имом Молик Мадина олимлари қарашлари асосида ўз мазҳабини яратган. Шунинг учун ушбу имом Мадина фақиҳларидан фиқҳни ўрганиб, аҳли ҳадис қўллайдиган услубни қабул қилган ва ушбу қоида асосида ўз шогирдларини тарбиялаган.
Имом Молик Қуръон, сунна ва ижмога таяниб ҳукм чиқарган. Шу билан бирга мадиналик олимларнинг иттифоқини ҳам ҳукм чиқаришда жуда катта эътиборга олган. Чунки Муҳаммад (а.с.) шу шаҳарда яшаган ва бу шаҳар аҳолиси пайғамбар ва саҳобалар кўрсатмалари ва қилган ишларини мукаммал ўзлаштирганларини эътиборга олган.
Олим «ал-Муватто» номли ҳадис илмига оид тўпам муаллифи ҳисобланади ва мазкур асар моликий мазҳабининг асосий манбаси сифатида ўз ифодасини топган. Муҳаддис бунинг учун 40 йил умрини сарфлаган. Бу асар илк ҳадис тўпламларидан бири бўлиб, бир неча минг ҳадисни ўз ичига олган.
Имом Молик ибн Анаснинг шогирдлари орасида таниқли муҳаддис ва ҳанафий мазҳаби фақиҳи имом Муҳаммад Шайбоний (ваф. 805 й.), шофиъийлик мазҳаби асосчиси Муҳаммад ибн Идрис Шофеий (ваф. 820 й.) бўлган.
Ҳозирги вақтда ҳам бу мазҳаб қоидаларининг Марокаш, Тунис, Жазоир ва Ливия никоҳ-оила ва мулкка оид ҳуқуқига сезиларли таъсири бор.
Муҳаммад ибн Идрис Шофеий (767-820) ҳам алоҳида мазҳабга асос солган.
Бу олим имом Молик ва имом Абу Ҳанифанинг катта шогирди имом Муҳаммаддан дарс олган. Шу нуқтаи назардан ушбу мазҳаб ҳуқуқ тизими ханафийлар ва моликийларнинг диний-ҳукуқий таълимотини асосида ишлаб чиқилган, деб айтиш мумкин. Шудай бўлсада, кўпроқ моликийларга яқин туради. Бошқача қилиб айтганда, аҳли ҳадис ва аҳли раъйни қарашларини бирлаштирган ва ўзига хос услубни яратди. Олим ижмо бўйича уммат ижмосига эътибор қаратган бўлса, шу мазҳабнинг кейинги уламолари олимлар ижмосини ҳам қабул қилишга мажбур бўлдилар.
Шофеийлик ҳам бошқа мазҳаблар каби Қуръон, сунна ижмо ва қиёсга таянади. Имом Шофеийнинг «ал-Умм» ва «ар-Рисола» китоблари ушбу мазҳаб усулига асос бўлди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, учинчи-тўртинчи ҳижрий асрларда Марказий Осиёда Шофеий мазҳаби Ҳанафий мазҳаби билан рақобат қилган. Унинг йирик вакили тошкентлик буюк олим Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Қаффол Шоший (904-976) эди. У киши фиқҳ, ҳадис, луғат ва адабиёт бўйича ўз даврларининг машҳур олимларидан бўлган. Усулул фиқҳ бўйича уларнинг асарлари машҳур. Тошкентда вафот этиб, қабрлари Ҳастимом (Ҳазрати Имом) мадрасаси ёнида жойлашган.
Ҳанбалий мазҳаби асосчиси Аҳмад ибн Ҳанбал (780-855) ҳисобланади. Олим яшаган Бағдод шаҳрида илму фан ривож топиши билан бирга турли эътиқодий қарашлар маркази ҳам бўлган.
Ҳанбалий мазҳабида Қуръон, суннат, ижмо ва саҳобаларнинг гаплари асосий ўрин эгаллайди. Қатий зарурат сезмаган ҳолатлардан ташқари қиёсдан фойдаланмайди. Барча ҳадисларни ва ривоятни (саҳобалар сўзини) қиёсдан устун қўйган.
Имом Аҳмад хулафои рошидин, саҳобалар, тобеинлар, шунингдек, ўзидан олдинги уч мазҳаб фиқҳини ўзлаштирган. Чунончи илк марта фиқҳни имом Абу Ҳанифанинг шогирди имом Абу Юсуфдан ўрганган. Шунингдек, «мен ҳадис ёзиб олган биринчи киши Абу Юсуф эди», деганидан ҳадисни ҳам шу кишидан олгани билинади. Кейинчалик имом Шофеийдан ҳам фиқҳни ўрганган. Ўзи эса, имом Бухорийга устозлик қилган.
Ҳадис илми бўйича «ал-Муснад» асари жуда машҳур ҳисобланади. Бу китобда қириқ минг атрофида ҳадис жамланган бўлиб, асар ҳанбалий мазҳабининг асосий қарашларини ифода этади.
Юқорида келтирилган фиқҳий мазҳаблар диний фирқалардан фарқ қилади. Улар бир-бирининг фикрига қарши чиқайди ва ўзларини бошқаси билан тенг деб ҳисолайдилар. Мазҳаблар шариат масалаларида енгилроқ ёки қаттиқроқ ҳукм чиқариши билан фарқ қилади. Шунингдек, мазҳаблар ўзи тарқалган минтақаларнинг шароитидан ҳам келиб чиққан ҳолда фатволар берганлар. Жумладан, шофеий мазҳабида таҳоратдан сўнг юзни артмаслик афзал ҳисобланса, ҳанафий мазҳабида юзни артиш афзалдир. Ҳанафий мазҳаби совуқ ўлкаларда ҳам тарқалганини эътиборга олинса, шофеий мазҳаби асосан иссиқ ўлкаларда ёйилган.
Мазҳаблар турлича бўлсада, улар асосчилари-мужтаҳидларнинг барчаси бир-бирига устоз-шогирд тизимидадир. Улар бир-бирларининг мазҳабини тан оладилар. Тўртта мазҳаб ҳам ҳижрий иккинчи асрнинг ўзида шаклланиб улгурган. Аммо ушбу мазҳабларнинг фақат биттасини ушлаш лозим. Бир масалада бу мазҳабни, бошқасида иккинчисига амал қилиш мумкин ҳисоланмайди.
Фойдаланган адабиётлар:
- Абдулҳаким Шаръий Жузжоний “Ислом ҳуқуқшунослиги” ТИУ Тошкент 2002й.
- Қодиров Зоҳидхон “Имом Аъзам” “Мовароуннаҳр” Тошкент 1999й.
- ТИУнинг исломшунос тадқиқотчилари “Ҳидоят ортига яширинган залолат” ТИУ Тошкент 2010 й.
- www.fiqh.uz
Ҳошимжон Низомиддинов
Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
* * *
Faqihlarimiz suyanadigan yana ba’zi manbalar ham bor. Ular to‘rtta mazkur asosiy va qolgan yordamchi manbalarga suyangan holda ko‘p masalalarni hal qilganlar. O‘sha davrda ko‘plab faqihlar yetishib chiqqanlar. Ularning ko‘pchiligi o‘zlari dunyodan o‘tishlari bilan fiqhiy ishlari ham qolib ketgan. Ammo musulmonlar ommasiga keng tarqalgan, shogirdlari va orqasidan ergashuvchilari ko‘p bo‘lgan ulamolar fiqhiy mazhab sohiblari, deb tan olingan. Shulardan to‘rttalari butun dunyoga mashhur bo‘lganlar va ulraning mazhablari musulmonlar jumhuri tomonidan rasmiy fiqhiy mazhablar, deb tan olingan. Bular quyidagi mazhablar:
1. Hanafiy mazhabi – Shom, Turkiya, Turkiston, Pokiston, Hindiston, Bangladesh va boshqa yurtlarda keng tarqalgan.
2. Shofe’iy mazhabi – Misr, Suriya, Indoneziya, Malayziya, Filippin, Tayland va ba’zi Afrika davlatlarida tarqalgan.
3. Molikiy mazhabi – Libiya, Tunis, Jazoir, Mag‘rib, Mavritaniya, Nigeriya va boshqa Afrika davlatlarida torqalgan.
4. Hanbaliy mazhabi – Arabiston yarim orolida tarqalgan.
Shunday qilib, zamon o‘tishi bilan sunniylik bo‘yicha turli mazhablar jumladan, Abdurahmon Avzo’iyga mansub Shom maktabi, Shofi’iy mazhabidan Dovud Zohiriy rahbarligida ajralib chiqqan Zohiriy maktabi, shuningdek, Ibn Jarir at Tabariy tomonidan yuzaga keltirilgan maktab yemirilib, ular ichidan to‘rtta asosiy mazhab o‘z huquqiy qarashlarini targ‘ibot qilib rivojlantirish imkoniyatiga ega bo‘ldi. Shialik oqimi ham ko‘p firqalarga bo‘linib, ulardan ja’fariya, ismoliya va zaydiya ushbu oqimning asosiy mazhablari sifatida davom etib keldi.
Ilk asrlarda mujtahidlar ko‘p bo‘lib, mazhablar ham ko‘p bo‘lgan. Abdulvahhob ibn Ahmad Sha’roniy (vaf. 973/1565) o‘zining «al-Miyzan» asarida 16 ta mazhabni zikr qilgan. Ushbu mujtahidlar mazhablarining hammasi ham ma’lum muddat amalda bo‘lgan. Lekin keyinchalik ko‘pi amaldan chiqib ketgan va odamlar Imom Abu Hanifa (vaf. 150/767), Imom Molik (vaf. 179/795), Imom Shofe’iy (vaf. 204/820) va Imom Ahmad (vaf. 241/855)larning mazhablaridan biriga ergasha boshlagan. Ammo hech kim barcha mazhablarni bekor qilib, odamlar faqat shu to‘rt mazhabdan biriga ergashishi lozim demagan.
Molikiy mazhabiga madinalik olim imom Molik ibn Anas Abu Abdulloh (713-795) asos solgan. U «Madina imomi» unvoniga sazovor bo‘lgan. Imom Molik Madina olimlari qarashlari asosida o‘z mazhabini yaratgan. Shuning uchun ushbu imom Madina faqihlaridan fiqhni o‘rganib, ahli hadis qo‘llaydigan uslubni qabul qilgan va ushbu qoida asosida o‘z shogirdlarini tarbiyalagan.
Imom Molik Qur’on, sunna va ijmoga tayanib hukm chiqargan. Shu bilan birga madinalik olimlarning ittifoqini ham hukm chiqarishda juda katta e’tiborga olgan. Chunki Muhammad (a.s.) shu shaharda yashagan va bu shahar aholisi payg‘ambar va sahobalar ko‘rsatmalari va qilgan ishlarini mukammal o‘zlashtirganlarini e’tiborga olgan.
Olim «al-Muvatto» nomli hadis ilmiga oid to‘pam muallifi hisoblanadi va mazkur asar molikiy mazhabining asosiy manbasi sifatida o‘z ifodasini topgan. Muhaddis buning uchun 40 yil umrini sarflagan. Bu asar ilk hadis to‘plamlaridan biri bo‘lib, bir necha ming hadisni o‘z ichiga olgan.
Imom Molik ibn Anasning shogirdlari orasida taniqli muhaddis va hanafiy mazhabi faqihi imom Muhammad Shayboniy (vaf. 805 y.), shofi’iylik mazhabi asoschisi Muhammad ibn Idris Shofeiy (vaf. 820 y.) bo‘lgan.
Hozirgi vaqtda ham bu mazhab qoidalarining Marokash, Tunis, Jazoir va Liviya nikoh-oila va mulkka oid huquqiga sezilarli ta’siri bor.
Muhammad ibn Idris Shofeiy (767-820) ham alohida mazhabga asos solgan.
Bu olim imom Molik va imom Abu Hanifaning katta shogirdi imom Muhammaddan dars olgan. Shu nuqtayi nazardan ushbu mazhab huquq tizimi xanafiylar va molikiylarning diniy-hukuqiy ta’limotini asosida ishlab chiqilgan, deb aytish mumkin. Shuday bo‘lsada, ko‘proq molikiylarga yaqin turadi. Boshqacha qilib aytganda, ahli hadis va ahli ra’yni qarashlarini birlashtirgan va o‘ziga xos uslubni yaratdi. Olim ijmo bo‘yicha ummat ijmosiga e’tibor qaratgan bo‘lsa, shu mazhabning keyingi ulamolari olimlar ijmosini ham qabul qilishga majbur bo‘ldilar.
Shofeiylik ham boshqa mazhablar kabi Qur’on, sunna ijmo va qiyosga tayanadi. Imom Shofeiyning «al-Umm» va «ar-Risola» kitoblari ushbu mazhab usuliga asos bo‘ldi.
Shuni alohida ta’kidlash lozimki, uchinchi-to‘rtinchi hijriy asrlarda Markaziy Osiyoda Shofeiy mazhabi Hanafiy mazhabi bilan raqobat qilgan. Uning yirik vakili toshkentlik buyuk olim Muhammad ibn Ali ibn Ismoil Qaffol Shoshiy (904-976) edi. U kishi fiqh, hadis, lug‘at va adabiyot bo‘yicha o‘z davrlarining mashhur olimlaridan bo‘lgan. Usulul fiqh bo‘yicha ularning asarlari mashhur. Toshkentda vafot etib, qabrlari Hastimom (Hazrati Imom) madrasasi yonida joylashgan.
Hanbaliy mazhabi asoschisi Ahmad ibn Hanbal (780-855) hisoblanadi. Olim yashagan Bag‘dod shahrida ilmu fan rivoj topishi bilan birga turli e’tiqodiy qarashlar markazi ham bo‘lgan.
Hanbaliy mazhabida Qur’on, sunnat, ijmo va sahobalarning gaplari asosiy o‘rin egallaydi. Qatiy zarurat sezmagan holatlardan tashqari qiyosdan foydalanmaydi. Barcha hadislarni va rivoyatni (sahobalar so‘zini) qiyosdan ustun qo‘ygan.
Imom Ahmad xulafoi roshidin, sahobalar, tobeinlar, shuningdek, o‘zidan oldingi uch mazhab fiqhini o‘zlashtirgan. Chunonchi ilk marta fiqhni imom Abu Hanifaning shogirdi imom Abu Yusufdan o‘rgangan. Shuningdek, «men hadis yozib olgan birinchi kishi Abu Yusuf edi», deganidan hadisni ham shu kishidan olgani bilinadi. Keyinchalik imom Shofeiydan ham fiqhni o‘rgangan. O‘zi esa, imom Buxoriyga ustozlik qilgan.
Hadis ilmi bo‘yicha «al-Musnad» asari juda mashhur hisoblanadi. Bu kitobda qiriq ming atrofida hadis jamlangan bo‘lib, asar hanbaliy mazhabining asosiy qarashlarini ifoda etadi.
Yuqorida keltirilgan fiqhiy mazhablar diniy firqalardan farq qiladi. Ular bir-birining fikriga qarshi chiqaydi va o‘zlarini boshqasi bilan teng deb hisolaydilar. Mazhablar shariat masalalarida yengilroq yoki qattiqroq hukm chiqarishi bilan farq qiladi. Shuningdek, mazhablar o‘zi tarqalgan mintaqalarning sharoitidan ham kelib chiqqan holda fatvolar berganlar. Jumladan, shofeiy mazhabida tahoratdan so‘ng yuzni artmaslik afzal hisoblansa, hanafiy mazhabida yuzni artish afzaldir. Hanafiy mazhabi sovuq o‘lkalarda ham tarqalganini e’tiborga olinsa, shofeiy mazhabi asosan issiq o‘lkalarda yoyilgan.
Mazhablar turlicha bo‘lsada, ular asoschilari-mujtahidlarning barchasi bir-biriga ustoz-shogird tizimidadir. Ular bir-birlarining mazhabini tan oladilar. To‘rtta mazhab ham hijriy ikkinchi asrning o‘zida shakllanib ulgurgan. Ammo ushbu mazhablarning faqat bittasini ushlash lozim. Bir masalada bu mazhabni, boshqasida ikkinchisiga amal qilish mumkin hisolanmaydi.
Foydalangan adabiyotlar:
- Abdulhakim Shar’iy Juzjoniy “Islom huquqshunosligi” TIU Toshkent 2002y.
- Qodirov Zohidxon “Imom A’zam” “Movarounnahr” Toshkent 1999y.
- TIUning islomshunos tadqiqotchilari “Hidoyat ortiga yashiringan zalolat” TIU Toshkent 2010 y.
- www.fiqh.uz
Hoshimjon Nizomiddinov
Imom Termiziy o‘rta maxsus islom ta’lim muassasasi o‘qituvchisi