ИККИ БУЮК НЕЪМАТ
Биз бу фоний дунёда яшар эканмиз ҳаётимизнинг ҳар бир дақиқасида Аллоҳнинг сон-саноқсиз неъматларидан баҳраманд бўламиз, лекин ожизлик билан баъзан уларнинг неъмат эканлигини ўйлаб ҳам кўрмаймиз ва жуда кўпини одатий ҳол сифатида қабул қиламиз. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Агар сизлар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига етолмайсизлар” (Иброҳим сураси, 34-оят).
Дарҳақиқат, келинг бир тафаккур қилиб кўрайлик. Биз учун оддий ҳолга айланган ҳар кун нафас олиб, нафас чиқараётганимиз ҳаво – илмий тил билан айтганда – кислород неъмати. Агар инсон бир неча сония кислородсиз қолса, нима бўлади? Ёки биз ҳар куни камида икки ярим-уч литрдан ортиқ истеъмол қилаётган сув топилмай қолса-чи? Аллоҳ бизга ато этган бундай неъматлар сон-саноқсиздир. Аммо шулар орасида икки буюк неъмат борки, уларсиз инсон ҳаётда жуда катта мусибатларга дучор бўлади. Сон-саноқсиз неъматлар ҳам унга татимайди. Булар саломатлик ва тинчлик неъматларидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларидан бирида шундай марҳамат қиладилар: “Кимки тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва бир кунга етадиган егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан” (Имом Бухорий ривояти). Қаранг, биринчи ўринда тинчлик ва тани соғлик зикр қилиняпти. Зеро, тинчлик бўлмаган жойда – оила, маҳалла, қишлоқ ва шаҳар, мамлакатда – кишилар осуда ҳаёт кечира олмайдилар. Уларнинг на тунида, на кундузида ҳаловат бўлмайди. Ҳаётларининг ҳар бир дақиқаси турли қўрқув, ваҳима билан ўтади. Тинчлик барқарор бўлган юртда кишилар эртага амалга оширадиган ишларини режалаштириб, ҳар хил мақсад ва орзулар билан яшашса, нотинч юртдагилар эртага нима бўлишини тасаввур ҳам қила олмайдилар. Бугунги кунда дунёнинг турли бурчакларида рўй бераётган қирғинбаротлар бунинг ёрқин далилидир. Ижтимоий тармоқларда намойиш этилаётган уруш даҳшатлари, вайронага айланган шаҳар ва қишлоқларда яшаётган одамларнинг кўз ёшлари, юз-кўзларида ифода этилаётган умидсизлик, қўрқув ва нафрат туйғулари тинчликнинг инсон ҳаётида нақадар улкан неъмат эканлигини яна бир карра исбот этиб турибди. Шунинг учун ҳар бир инсон бу неъматнинг қадрига етиши, ўз оиласи, қўни-қўшни, маҳалла-кўй, шаҳар-қишлоғида, юртида, қўшни мамлакатларда ҳамиша тинчлик барқарор бўлиши, ўзаро тинч-тотув ҳаёт кечиришга ҳисса қўшиши шарт. Бунга эса ҳамиша ўз аҳли ва бошқаларга яхшилик қилиш, ширинсўз, меҳр-оқибатли, ўзгаларга ҳурмат-эътиборли бўлиш билан эришилади, албатта. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифларидан бирида: “Ким Аллоҳ ва охират кунига имон келтирса, яхшиликни сўзласин ёки сукут қилсин. Ким Аллоҳ ва охират кунига имон келтирса, қўшнисига яхшилик қилсин. Ким Аллоҳ ва охират кунига имон келтирса, меҳмонни ҳурмат қилсин”, – деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Биз юқорида келтирган ҳадисида тилга олган иккинчи буюк неъмат тани соғлик, яъни саломатликдир. Дарҳақиқат, саломатлик ҳар бир учун инсон энг буюк неъмат. Тасаввур қилинг, дунёнинг барча неъматлари сиз учун муҳайё қилинган бўлса-ю, вужудингизни бир дард кемириб турса, бирор нарса кўзингизга кўринмай қолади. Танангиздаги оғриқ, ҳолсизлик сизни ҳамма нарсадан бебаҳра қолдиради. Шунинг учун ҳар бир инсон ҳамиша ўз саломатлиги ҳақида қайғуриши керак.
Аллоҳ инсонни жуда мукаммал қилиб яратган. Унинг танасидаги ҳар бир аъзога муайян бир вазифалар юкланган. Ҳар бир аъзо ўз зиммасидаги вазифани аъло даражада бажариб туриши бутун тананинг соғлом бўлшига замин яратади. Хўш, инсон саломатлигини ана шу даражада бўлиши қандай омилларга боғлиқ бўлади?
Биринчидан, ҳар бир кишининг қалби нопок ўй-хаёллардан, беҳуда ҳою ҳаваслардан холи бўлиши керак. Зеро, қалб поклиги вужуд поклигига олиб келади, чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Огоҳ бўлинг! Танада бир парча гўшт бор, у соғлом бўлса, бутун тана соғлом бўлади. У бузилса, бутун тана бузилади. Огоҳ бўлинг! Ўша нарса қалбдир”. (Муттафақун алайҳ).
Дарҳақиқат, қалби кирланган инсон гарчи танасини ювиб-тараб юрса-да, соғлигида, албатта, муаммо бўлади. Чунки кирланган қалбнинг хасталиги унинг вужудига ҳам таъсир қилади. Бундай инсонлар тинимсиз ҳасад қилишга, ўткинчи мол-дунё кетидан қувишга, бу йўлда кимларнидир эзиб-парчалаб ташлашга, кимларгадир ҳамиша қуллуқ қилиб яшашга маҳкум бўладилар. Кибру ҳаво, манманлик уларни бир дақиқа ҳам тинч қўймайди, натижада кундан кунга соғлиги ёмонлашиб бораверади.
Инсон саломатлигининг энг муҳим омилларидан яна бири соғлом турмуш тарзидир. Бунга эришиш учун инсон ўзини турли хил зарарли одатлардан асраши зарур бўлади. Зарарли одатлар сирасига ичкиликбозлик, кашандалик, гиёҳвандлик, зинокорлик ва бошқа шунга ўхшашлар киради. Буларнинг бари инсон танасидаги турли аъзоларини емириб, уларнинг ўз вазифасини бажаришига тўсиқ ва натижада турли касалликларни орттиришига, бора-бора бедаво дардга йўлиқишига сабаб бўлади. Бундай иллатлар туфайли инсон нафақат жисмоний, балки маънавий жиҳатдан ҳам хасталикка дучор бўлади. Бу ҳол ўзига ўзи зулм ўтказишки, шариатимизда бу жуда қаттиқ қораланган ва гуноҳ иш сифатида бандалар ундан қайтарилган. Бу тоифага мансуб кишилар атрофидагиларга ҳам зулм ўтказишга, уларнинг тинчлигини бузишга мойил бўлиб қоладилар. Ижтимоий тармоқларда ана шундай зарарли иллатлар туфайли ота-болалар, она-болалар, ака-укалар, қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар орасида келиб чиқаётган ўзаро низолар, энг ёмони, бу туфайли ҳаётдан кўз юмаётган баъзи инсонлар ҳақидаги хабарларни ўқиганимизда, эшитганимизда, кўрганимизда унинг оқибатини янада яққолроқ ҳис этамиз. Шу боис ўз соғлигига бефарқ бўлмаган кишилар бундай зарарли одатлардан ўзини йироқ тутиши лозим.
Инсон саломатлигига путур етказувчи омиллардан яна бири кам ҳаракат қилишдир. Кам ҳаракат қилувчи кишиларда бора-бора тана аъзоларининг бир меъёрда ишлаш тартиби бузилади. Бу эса ўз-ўзидан маълумки, турли касалликларнинг келиб чиқиши ва ривожланишига йўл очиб беради. Инсон жисмонан бақувват бўлиши, чидамлилиги ошишида ҳаракатнинг ўрни жуда катта эканлигини, спорт билан ҳам шуғулланиб туриш ҳам соғлом бўлишда муҳим аҳамиятга эгалигини унутмаслик керак.
Улуғ боболаримиздан бири бўлмиш Ҳазрат Алишер Навоий инсон саломатлиги ҳақида шундай деб кетганлар:
Иззат тиласанг кам де,
Сиҳат тиласанг кам е…
Дарҳақиқат, инсон соғлигининг энг муҳим омилларидан яна бири унинг овқатланиши билан боғлиқ. Юқоридаги байт мазмунидан кўриниб турибдики, кам ейиш соғлом турмуш тарзининг ажралмас қисмидир. Бу ҳақда Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қориндир. Одам боласига қаддини тутадиган емаклар кифоя. Агар жуда лозим бўлса, таоми учун учдан бир, шароби учун учдан бир ва нафаси учун учдан бир, – деганлар. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, ҳар бир инсон учун таомланиш одобининг энг муҳим шартларидан яна бири луқма ҳалол бўлишидир. Аллоҳ таборак ва таоло бу ҳақда ўзининг каломи бўлмиш Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг ҳалол ва покларини тановул қилингиз ва ўзларингиз имон келтирган Аллоҳдан қўрқингиз!” (Моида сураси, 88-оят). Шуни унутмаслик керакки, ҳалол луқма инсон вужудига куч-қувват бахш этади, унинг руҳан ҳам покланиши, хотиржамлигига сабаб бўлади, шунингдек, ибодатларида ҳаловатни ҳис этишига олиб келади.
Ҳа, азизлар, Аллоҳ таборак ва таолонинг сон-саноқсиз неъматлари орасида тилга олиб ўтилган икки буюк неъмат ҳар биримизнинг ҳаётимизда жуда катта аҳамиятга эга. Уларнинг шукронасини келтириш ва ҳамиша улардан баҳраманд бўлиб яшашга интилиш бизга икки дунё саодатини келтиришини унутмайлик.
Жўрабек Раҳмонов, Фарғона шаҳар бош имом-хатиби.