Жорий йилнинг 16 декабрь куни Қуръони карим ва тажвид ўқув-курсининг навбатдаги босқичи якунланди. Фарғона шаҳридаги Политехника институти мажлислар залида шу муносабат билан тадбир ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов, вилоят бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев, шунингдек, Жаҳонгир қори Неъматов ва Жаҳонгир қори Рўзиевлар ҳамда битирувчи талабалар иштирок этишди.
Тадбирни вилоят бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев очиб, айни вақтда вилоятимизнинг Фарғона шаҳри ва Бувайда туманларида Тошкент Ислом институти билан ҳамкорликда ташкил этилган ўқув курслари фаолият олиб бораётгани қайд этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов тингловчиларни уч ой давомида Қуръони каримни тажвид қоидалари асосида ўқишга мушарраф бўлганлари билан табриклаб, муфтий ҳазратнинг саломларини етказди.
Якунда битирувчиларга махсус шаҳодатномалар топширилди.