Бугун, 30 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Макка шаҳридаги “Al-Ayam Elite” меҳмонхонасидаги зиёратчиларимизга ҳаж фазилати ҳақида мавъиза қилдилар.
Муфтий ҳазратлари ўз сўзларида Ҳақ таолонинг чақириғига лаббай, дея ҳаж ибодатига миллиардлаб мусулмонлар ичидан бу муборак диёрга келган ҳар бир киши Раҳмоннинг меҳмони экани, бу улуғ мақомга муносиб бўлиш ва бу табаррук заминда Расулимиз алайҳиссаломнинг юрганларини ҳис қилиш лозимлигига алоҳида эътибор қаратдилар.
Шунингдек, бўлғуси ҳожилар ниятини тўғри қилиши муҳимлиги, бор куч-қувватни ҳаж ибодатини мукаммал адо этишга қаратиши, сафарда бўладиган машаққат ва қийинчиликлар ҳам гуноҳларга каффорат бўлиши, шу боис уларга эътибор бермаслик, балки зикру салавотларни кўпайтириш ҳар жиҳатдан фойдали эканини қайд этдилар.
Суҳбат давомида Масжидул Ҳарамда ўқилган бир ракат намозга 100 минг ракатнинг савоби берилиши, шу маънода ҳар қандай савоб ва гуноҳ амалнинг даражаси шунга мос бўлиши, шу боис имкон қадар яхши амал қилишга ҳаракат қилиш лозимлигини айтиб ўтдилар. Ҳар бир зиёратчининг олий мақсади ҳажжи мабрурга эришиш, яқинлари, она юрт ҳаққига кўп дуолар қилиш зарурлигини шаръий далил ва ҳаётий мисоллар асосида тушунтириб бердилар.
Шу кунларда Макка шаҳридаги меҳмонхоналарда уламолар, имом-хатиблар ва элликбошилар томонидан ҳаж ибодатига оид илмий-маърифий суҳбатлар ҳамда савол-жавоблар давом этмоқда.
Учрашув якунида ҳамюртларимизнинг ҳажлари мабрур бўлиши ва элу юртимиз тинчлиги ва фаровонлигини сўраб хайрли дуолар қилинди.
* * *
Bugun, 30 may kuni O‘zbekiston musulmonlari idorasi raisi, muftiy Shayx Nuriddin Xoliqnazar hazratlari Makka shahridagi “Al-Ayam Elite” mehmonxonasidagi ziyoratchilarimizga haj fazilati haqida mav’iza qildilar.
Muftiy hazratlari o‘z so‘zlarida Haq taoloning chaqirig‘iga labbay, deya haj ibodatiga milliardlab musulmonlar ichidan bu muborak diyorga kelgan har bir kishi Rahmonning mehmoni ekani, bu ulug‘ maqomga munosib bo‘lish va bu tabarruk zaminda Rasulimiz alayhissalomning yurganlarini his qilish lozimligiga alohida e’tibor qaratdilar.
Shuningdek, bo‘lg‘usi hojilar niyatini to‘g‘ri qilishi muhimligi, bor kuch-quvvatni haj ibodatini mukammal ado etishga qaratishi, safarda bo‘ladigan mashaqqat va qiyinchiliklar ham gunohlarga kafforat bo‘lishi, shu bois ularga e’tibor bermaslik, balki zikru salavotlarni ko‘paytirish har jihatdan foydali ekanini qayd etdilar.
Suhbat davomida Masjidul Haramda o‘qilgan bir rakat namozga 100 ming rakatning savobi berilishi, shu ma’noda har qanday savob va gunoh amalning darajasi shunga mos bo‘lishi, shu bois imkon qadar yaxshi amal qilishga harakat qilish lozimligini aytib o‘tdilar. Har bir ziyoratchining oliy maqsadi hajji mabrurga erishish, yaqinlari, ona yurt haqqiga ko‘p duolar qilish zarurligini shar’iy dalil va hayotiy misollar asosida tushuntirib berdilar.
Shu kunlarda Makka shahridagi mehmonxonalarda ulamolar, imom-xatiblar va ellikboshilar tomonidan haj ibodatiga oid ilmiy-ma’rifiy suhbatlar hamda savol-javoblar davom etmoqda.
Uchrashuv yakunida hamyurtlarimizning hajlari mabrur bo‘lishi va elu yurtimiz tinchligi va farovonligini so‘rab xayrli duolar qilindi.