Куни кеча Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев раислигида кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлардан бири – ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ишлар натижадорлиги ва 2025 йил учун устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан кенг кўламли йиғилиш бўлиб ўтди. Мазкур йиғилишда кўриб чиқилган масалалар халқимиз, айниқса, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами орасида жуда катта қизиқиш уйғотди, чунки улар соҳада шу кунгача амалга оширилган ишлар, келгусида амалга оширилиши белгиланган вазифалар, уларни янада такомиллаштириш, ривожлантириш ҳамда ёрдамга муҳтож кишиларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши, муносиб ҳаёт кечириши учун ҳар тарафлама шарт-шароитлар яратишга қаратилди.
Улуғ бобомиз Ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг одил подшоҳлар ҳақида: “Баъзилар саховатли ва ҳимматли подшоҳларни қора тупроқ устига дурлар сочиб, тикандан гуллар ундирувчи булутларга ўхшатурлар”, – деб айтганлар. Дарҳақиқат, мамлакатда олиб бориладиган одил сиёсат туфайли жамият ҳаётида улкан ижобий ўзгаришлар рўй беради. Буни кейинги йилларда юртимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган янгиланишлар мисолида яққол кўришимиз мумкин.
Маълумки, ижтимоий ҳимоя замирида жамиятда шакллантириладиган инсонпарварлик тушунчаси мужассам. Зеро, ҳар бир жамиятда мустақил ҳолда ўз ҳаётини таъминлай олмайдиган, яъни жамият ёрдамига муҳтож бўлган кишилар мавжуд бўлади. Шунинг учун уларнинг дардини англаш ҳамда уларга амалий ва маънавий ёрдам қўлини чўзиш барчамиз учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Бу ҳақда муқаддас китобимиз Қуръони каримда жуда кўп таъкидлар мавжуд. “Бақара” сураси 3-ояти фикримизнинг ёрқин далилидир: “Улар ғайбга иймон келтирурлар, намозни тўкис адо этурлар ва Биз уларга берган ризқдан нафақа қилурлар”. Демак, мўмин кишининг энг улуғ сифатларидан бири муҳтожга кўмаклашишдир. Мамлакатимизда бу хайрли иш жуда яхши йўлга қўйилган. Бунинг натижасида ижтимоий ҳимоя соҳасида йилдан йилга ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Йиғилишда худди шу жиҳатлар тилга олиниб, Ўзбекистон – ижтимоий давлат эканлиги, ҳамда бу тамойил Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилганлиги ва шу асосида меҳр ва кўмак тизими аҳолига тобора яқинлаштирилаётганлиги айтиб ўтилди. Барча ҳудудларда “Инсон” марказлари очилиб, маҳаллаларда ижтимоий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилганлиги, ижтимоий ходимлар уйма-уй юриб, минглаб муҳтож одамларга ёрдам кўрсатаётгани, кейинги пайтларда ногиронликни белгилаш ишлари анча соддалаштирилиб, 26 минг нафар ногирон кишига зарур протез берилганлиги, ётиб қолган ёлғиз кексаларга уйида парвариш ташкил этилаётганлиги, ногиронлиги бор болаларнинг боғча-мактабларга жойлаштирилганлигини бу соҳада амалга оширилган хайрли ишлар сифатида тилга олиб ўтилди. Йиғилишда тилга олинган бу рақамлар шунчаки ҳисобот эмас, уларнинг ҳар бири ортида минглаб жамият кўмагига муҳтож кишилар тақдири, минглаб оилаларнинг қувончу шодликлари мужассамдир. Алишер Навоийнинг қуйидаги байтини эслаш ўринлидир:
Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай…
Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, уламолар таъкидлашича, инсон қалби Яратганнинг назаргоҳидир. Бир ғамга тўлган кўнгилни обод этиш, яъни унга шодлик улашиш, Каъба вайрон бўлса, уни қайта тиклаб, Аллоҳнинг розилигини топиш билан баробардир. Бу ўринда яна шуни ҳам унутмаслик керакки, муҳтожга ёрдам қўлини чўзган кишилар уларнинг дуоси туфайли улкан савобга эришади ва натижада ўзларига ҳам наф етади, яъни Алишер Навоий ҳазратлари таъкидлаганларидай:
Нафъинг агар халққа бешакдурур,
Билки, бу нафъ ўзунгга кўпракдурур…
Халққа наф етказиш, муҳтожларга ёрдам бериш учун ижтимоий ҳимоя соҳасини янада ривожлантириш, йиғилишда айтиб ўтилган ишларни амалга ошириш ҳукуматимиздан, соҳа ходимларидан жуда катта масъулият, миллиардлаб маблағлар талаб қилиши табиий ҳол, албатта. Аммо шуни унутмаслик керакки, бу нафақат давлат ва соҳа ходимлари, балки кимгадир ёрдам кўрсатишга қодир бўлган ҳар биримизнинг зиммамиздаги ишдир.
Аллоҳга беҳад ҳамду санолар бўлсинки, юртимиз тинч, турмушимиз фаровон. Шу боис ҳар куни юзлаб тўйлар ва бошқа маросимлар бўлиб ўтмоқда. Улардаги тўкин-сочин дастурхонни кўриб, шукроналар айтамиз, лекин шу билан биргаликда яна бир ҳолат кишини ўйлантиради. Шу ўринда яна Ҳазрат Навоийга қайтишни лозим топдик. Тарихдан маълумки, улуғ шоиримизнинг бутун ҳаёти муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш билан зийнатланган. У зотнинг саъй-ҳаракатлари, бевосита сарфлаган маблағлари туфайли ўша пайтда мамлакатда ободончилик ишлари авж олган, Ҳирот илм-фан, адабиёт ва санъат марказига айланиб, турли соҳаларнинг ўнлаб вакиллари илм билан машғул бўлган ва ижод қилганлар. Биз бугун муҳтожларга кўрсатиши керак бўлган хайру эҳсон ҳақида ўйлар эканмиз Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” (“Яхшиларнинг ҳайратланиши”) асаридан олинган қуйидаги мисраларни сиз азиз ўқувчиларга тақдим этишни лозим топдик. Ҳазрат саховат ҳақида гапирар эканлар, қилинилаётган ҳар бир иш ҳам сахийлик эмаслигини таъкидлаб шундай деб ёзадилар:
Ёяр анга супраки, ул оч эмас,
Берур анга тўнки, яланғоч эмас.
От анга тортарки, юз илқиси бор,
Сим анга берурки, юз илғиси бор…
Шоирнинг фикрича, қорни тўққа дастурхон ёзиш, усти бутга тўн кийгизиш, юз оти борга яна от ҳадя қилиш, юз илғиси (мол-дунёси) борга сим (пул) беришни сахийлик сифатида баҳолаб бўлмайди. Шунингдек, шоир тамагирлик билан, нимадир қайтариб олиш мақсадида ёзилган дастурхоннинг соҳибини ҳам саховатли демасликка чақиради. Биз бугунги тўй-томоша, маъракалардаги ноз-неъматлар билан тўлиб тошган дастурхон атрофида ўтирган кишиларни кўриб, айнан юқорида айтилган сўзларнинг гувоҳи бўлаётганимиз ҳеч кимга сир эмас. Демак, халққа дастурхон ёзишдан, кимгадир ёрдам қўлини чўзишдан мақсад бундай бўлмаслиги керак. Бугун, афсуски, кўпчилигимиз ўзимизни кўрсатиб қўйиш, бошқалардан кам эмаслигимизни билдириш каби мутакаббирлик билан мол-дунёни сочиш ва “сахийлик” қилишга одатланиб қолганмиз. Йиғилишда айтилишича, келаси йил 1 миллион 200 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш учун таълим, тўгарак, касб-ҳунар, тиббиёт масалаларини ҳал қилиш ва яшаш шароитини яхшилаш зарур экан. Агар биз тўй ва маъракаларимизни том маънодаги саховат тадбирига айлантирсак, қайсидир ёрдамга муҳтож кишиларнинг кўнглини кўратиб, обод қилсак, жамиятимизда юқорида келтирилган муҳтожлар сони кескин камайиб кетар эди.
Йиғилишда айтилган гаплардан мени ўйлантирган яна бир ҳолат ҳақида ҳам фикр билдиришни лозим топдим. Унда келтирилган маълумотларга қараганда, бугунги кунда оғир вазиятга тушиб қолган бўлса-да, ўзида куч топиб, ҳаётини ўзгартирган матонатли инсонлар орамизда кўп экан. Бизнинг атрофимизда, яшаб турган ҳудудимизда ҳам шундай кишилар топилади. Уларни бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатишимиз, ўз вазифамиздан келиб чиққан ҳолда аҳоли билан бўлаётган суҳбатларимизда уларнинг том маънодаги қаҳрамонликлари ҳақида ҳам гапиришимиз кераклигини англаб етдим. Чунки сир эмас, бугун тўрт мучаси соппа-соғ, лекин нафақа ундириш илинжида идорама-идора юриб, ўзини бечора қилиб кўрсатишга одатланиб қолган “муҳтожлар” ҳам йўқ эмас.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг нутқлари йиғилишда иштирок этганларда жуда катта таассурот қолдирди ва кўпчилик унга ўз муносабатини билдирди. Жумладан, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг чиқиши ҳам иштирокчилар томонидан илиқ кутиб олинди. У кишининг, айниқса, “Одамларнинг кўзига ёш, қалбига хурсандчилик келтиргани Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ташкил қилиниши бўлди. Бу – Инсоф агентлиги”, – деган гаплари кўпчиликка манзур бўлди. Дарҳақиқат, муҳтожларга ёрдам бериш, энг аввало, имонли ва инсофли кишиларнинг фазилати. Зеро, ҳар бир эзгу иш инсофдан бошланади. Сўзимни якунлар эканман, Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бугунги мавзумизга оид қуйидаги ҳадисларини эслашни ва сизларга эслатишни лозим топдим:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким бир мўминдан бу дунё машақатларидан бир машаққатни аритса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат куни машаққатларидан бирини аритади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дунёю охират ишларини енгиллатади”. Бас, шундай экан, барчамиз набийимизнинг бу ўгитларига амал қилиб, муҳтожларга кўмак бериб яшашга одатланайлик. Зеро, бундай яхшилик билан хулқланиш биз мўминлар учун энг зарур фазилатдир.
Алишер домла Наимов,
Фарғона вилояти бош имом хатиби ўринбосари
***
Kuni kecha Yurtboshimiz Shavkat Mirziyoyev raisligida keyingi yillarda mamlakatimizda amalga oshirilayotgan ulkan islohotlardan biri – ijtimoiy himoya sohasidagi ishlar natijadorligi va 2025 yil uchun ustuvor vazifalar muhokamasi yuzasidan keng ko‘lamli yig‘ilish bo‘lib o‘tdi. Mazkur yig‘ilishda ko‘rib chiqilgan masalalar xalqimiz, ayniqsa, aholining ijtimoiy himoyaga muhtoj qatlami orasida juda katta qiziqish uyg‘otdi, chunki ular sohada shu kungacha amalga oshirilgan ishlar, kelgusida amalga oshirilishi belgilangan vazifalar, ularni yanada takomillashtirish, rivojlantirish hamda yordamga muhtoj kishilarning jamiyatda o‘z o‘rnini topishi, munosib hayot kechirishi uchun har taraflama shart-sharoitlar yaratishga qaratildi.
Ulug‘ bobomiz Hazrat Mir Alisher Navoiyning odil podshohlar haqida: “Ba’zilar saxovatli va himmatli podshohlarni qora tuproq ustiga durlar sochib, tikandan gullar undiruvchi bulutlarga o‘xshaturlar”, – deb aytganlar. Darhaqiqat, mamlakatda olib boriladigan odil siyosat tufayli jamiyat hayotida ulkan ijobiy o‘zgarishlar ro‘y beradi. Buni keyingi yillarda yurtimizda barcha sohalarda amalga oshirilayotgan yangilanishlar misolida yaqqol ko‘rishimiz mumkin.
Ma’lumki, ijtimoiy himoya zamirida jamiyatda shakllantiriladigan insonparvarlik tushunchasi mujassam. Zero, har bir jamiyatda mustaqil holda o‘z hayotini ta’minlay olmaydigan, ya’ni jamiyat yordamiga muhtoj bo‘lgan kishilar mavjud bo‘ladi. Shuning uchun ularning dardini anglash hamda ularga amaliy va ma’naviy yordam qo‘lini cho‘zish barchamiz uchun ham farz, ham qarzdir. Bu haqda muqaddas kitobimiz Qur’oni karimda juda ko‘p ta’kidlar mavjud. “Baqara” surasi 3-oyati fikrimizning yorqin dalilidir: “Ular g‘aybga iymon keltirurlar, namozni to‘kis ado eturlar va Biz ularga bergan rizqdan nafaqa qilurlar”. Demak, mo‘min kishining eng ulug‘ sifatlaridan biri muhtojga ko‘maklashishdir. Mamlakatimizda bu xayrli ish juda yaxshi yo‘lga qo‘yilgan. Buning natijasida ijtimoiy himoya sohasida yildan yilga ijobiy ishlar amalga oshirilmoqda. Yig‘ilishda xuddi shu jihatlar tilga olinib, O‘zbekiston – ijtimoiy davlat ekanligi, hamda bu tamoyil Konstitutsiyamizda mustahkamlab qo‘yilganligi va shu asosida mehr va ko‘mak tizimi aholiga tobora yaqinlashtirilayotganligi aytib o‘tildi. Barcha hududlarda “Inson” markazlari ochilib, mahallalarda ijtimoiy xizmat ko‘rsatish yo‘lga qo‘yilganligi, ijtimoiy xodimlar uyma-uy yurib, minglab muhtoj odamlarga yordam ko‘rsatayotgani, keyingi paytlarda nogironlikni belgilash ishlari ancha soddalashtirilib, 26 ming nafar nogiron kishiga zarur protez berilganligi, yotib qolgan yolg‘iz keksalarga uyida parvarish tashkil etilayotganligi, nogironligi bor bolalarning bog‘cha-maktablarga joylashtirilganligini bu sohada amalga oshirilgan xayrli ishlar sifatida tilga olib o‘tildi. Yig‘ilishda tilga olingan bu raqamlar shunchaki hisobot emas, ularning har biri ortida minglab jamiyat ko‘magiga muhtoj kishilar taqdiri, minglab oilalarning quvonchu shodliklari mujassamdir. Alisher Navoiyning quyidagi baytini eslash o‘rinlidir:
Kimki bir ko‘ngli buzuqning xotirin shod aylagay,
Oncha borkim, Ka’ba vayron bo‘lsa, obod aylagay…
Bu bejiz emas, albatta. Zero, ulamolar ta’kidlashicha, inson qalbi Yaratganning nazargohidir. Bir g‘amga to‘lgan ko‘ngilni obod etish, ya’ni unga shodlik ulashish, Ka’ba vayron bo‘lsa, uni qayta tiklab, Allohning roziligini topish bilan barobardir. Bu o‘rinda yana shuni ham unutmaslik kerakki, muhtojga yordam qo‘lini cho‘zgan kishilar ularning duosi tufayli ulkan savobga erishadi va natijada o‘zlariga ham naf yetadi, ya’ni Alisher Navoiy hazratlari ta’kidlaganlariday:
Naf’ing agar xalqqa beshakdurur,
Bilki, bu naf’ o‘zungga ko‘prakdurur…
Xalqqa naf yetkazish, muhtojlarga yordam berish uchun ijtimoiy himoya sohasini yanada rivojlantirish, yig‘ilishda aytib o‘tilgan ishlarni amalga oshirish hukumatimizdan, soha xodimlaridan juda katta mas’uliyat, milliardlab mablag‘lar talab qilishi tabiiy hol, albatta. Ammo shuni unutmaslik kerakki, bu nafaqat davlat va soha xodimlari, balki kimgadir yordam ko‘rsatishga qodir bo‘lgan har birimizning zimmamizdagi ishdir.
Allohga behad hamdu sanolar bo‘lsinki, yurtimiz tinch, turmushimiz farovon. Shu bois har kuni yuzlab to‘ylar va boshqa marosimlar bo‘lib o‘tmoqda. Ulardagi to‘kin-sochin dasturxonni ko‘rib, shukronalar aytamiz, lekin shu bilan birgalikda yana bir holat kishini o‘ylantiradi. Shu o‘rinda yana Hazrat Navoiyga qaytishni lozim topdik. Tarixdan ma’lumki, ulug‘ shoirimizning butun hayoti muhtojlarga yordam qo‘lini cho‘zish bilan ziynatlangan. U zotning sa’y-harakatlari, bevosita sarflagan mablag‘lari tufayli o‘sha paytda mamlakatda obodonchilik ishlari avj olgan, Hirot ilm-fan, adabiyot va san’at markaziga aylanib, turli sohalarning o‘nlab vakillari ilm bilan mashg‘ul bo‘lgan va ijod qilganlar. Biz bugun muhtojlarga ko‘rsatishi kerak bo‘lgan xayru ehson haqida o‘ylar ekanmiz Alisher Navoiyning “Hayrat ul-abror” (“Yaxshilarning hayratlanishi”) asaridan olingan quyidagi misralarni siz aziz o‘quvchilarga taqdim etishni lozim topdik. Hazrat saxovat haqida gapirar ekanlar, qilinilayotgan har bir ish ham saxiylik emasligini ta’kidlab shunday deb yozadilar:
Yoyar anga supraki, ul och emas,
Berur anga to‘nki, yalang‘och emas.
Ot anga tortarki, yuz ilqisi bor,
Sim anga berurki, yuz ilg‘isi bor…
Shoirning fikricha, qorni to‘qqa dasturxon yozish, usti butga to‘n kiygizish, yuz oti borga yana ot hadya qilish, yuz ilg‘isi (mol-dunyosi) borga sim (pul) berishni saxiylik sifatida baholab bo‘lmaydi. Shuningdek, shoir tamagirlik bilan, nimadir qaytarib olish maqsadida yozilgan dasturxonning sohibini ham saxovatli demaslikka chaqiradi. Biz bugungi to‘y-tomosha, ma’rakalardagi noz-ne’matlar bilan to‘lib toshgan dasturxon atrofida o‘tirgan kishilarni ko‘rib, aynan yuqorida aytilgan so‘zlarning guvohi bo‘layotganimiz hech kimga sir emas. Demak, xalqqa dasturxon yozishdan, kimgadir yordam qo‘lini cho‘zishdan maqsad bunday bo‘lmasligi kerak. Bugun, afsuski, ko‘pchiligimiz o‘zimizni ko‘rsatib qo‘yish, boshqalardan kam emasligimizni bildirish kabi mutakabbirlik bilan mol-dunyoni sochish va “saxiylik” qilishga odatlanib qolganmiz. Yig‘ilishda aytilishicha, kelasi yil 1 million 200 ming aholini kambag‘allikdan chiqarish uchun ta’lim, to‘garak, kasb-hunar, tibbiyot masalalarini hal qilish va yashash sharoitini yaxshilash zarur ekan. Agar biz to‘y va ma’rakalarimizni tom ma’nodagi saxovat tadbiriga aylantirsak, qaysidir yordamga muhtoj kishilarning ko‘nglini ko‘ratib, obod qilsak, jamiyatimizda yuqorida keltirilgan muhtojlar soni keskin kamayib ketar edi.
Yig‘ilishda aytilgan gaplardan meni o‘ylantirgan yana bir holat haqida ham fikr bildirishni lozim topdim. Unda keltirilgan ma’lumotlarga qaraganda, bugungi kunda og‘ir vaziyatga tushib qolgan bo‘lsa-da, o‘zida kuch topib, hayotini o‘zgartirgan matonatli insonlar oramizda ko‘p ekan. Bizning atrofimizda, yashab turgan hududimizda ham shunday kishilar topiladi. Ularni boshqalarga o‘rnak qilib ko‘rsatishimiz, o‘z vazifamizdan kelib chiqqan holda aholi bilan bo‘layotgan suhbatlarimizda ularning tom ma’nodagi qahramonliklari haqida ham gapirishimiz kerakligini anglab yetdim. Chunki sir emas, bugun to‘rt muchasi soppa-sog‘, lekin nafaqa undirish ilinjida idorama-idora yurib, o‘zini bechora qilib ko‘rsatishga odatlanib qolgan “muhtojlar” ham yo‘q emas.
Prezidentimiz Shavkat Mirziyoyevning nutqlari yig‘ilishda ishtirok etganlarda juda katta taassurot qoldirdi va ko‘pchilik unga o‘z munosabatini bildirdi. Jumladan, O‘zbekiston Musulmonlari idorasi raisi, muftiy shayx Nuriddin Xoliqnazar hazratlarining chiqishi ham ishtirokchilar tomonidan iliq kutib olindi. U kishining, ayniqsa, “Odamlarning ko‘ziga yosh, qalbiga xursandchilik keltirgani Ijtimoiy himoya milliy agentligining tashkil qilinishi bo‘ldi. Bu – Insof agentligi”, – degan gaplari ko‘pchilikka manzur bo‘ldi. Darhaqiqat, muhtojlarga yordam berish, eng avvalo, imonli va insofli kishilarning fazilati. Zero, har bir ezgu ish insofdan boshlanadi. So‘zimni yakunlar ekanman, Nabiyyimiz sollallohu alayhi vasallamning bugungi mavzumizga oid quyidagi hadislarini eslashni va sizlarga eslatishni lozim topdim:
Nabiy sollallohu alayhi vasallam dedilar: “Kim bir mo‘mindan bu dunyo mashaqatlaridan bir mashaqqatni aritsa, Alloh taolo undan qiyomat kuni mashaqqatlaridan birini aritadi. Kim bir kambag‘alning ishini yengillatsa, Alloh uning bu dunyoyu oxirat ishlarini yengillatadi”. Bas, shunday ekan, barchamiz nabiyimizning bu o‘gitlariga amal qilib, muhtojlarga ko‘mak berib yashashga odatlanaylik. Zero, bunday yaxshilik bilan xulqlanish biz mo‘minlar uchun eng zarur fazilatdir.
Alisher domla Naimov,
Farg‘ona viloyati bosh imom xatibi o‘rinbosari











