Хадича бинти Ҳувайлид (р.а.)! Ҳар гал бу зоти шарифа ҳақида ўқиганимда, эшитганимда қалбимни ажиб туйғулар қамрайди. Бу муборак аёл ҳақида такрор ўқигим, эшитгим келаверади. Аммо бугун шуни англадим, ҳазрат Хадичанинг ҳаёт йўллари, қилган ишлари, умр йўлдошлари Расулуллоҳ (с.а.в.)га бўлган ҳурмат, ёрдам ва ишончларига тасаннолар айтибману ибратланишга келганда…
Келинг, аёллар даврасида бу ҳақда очиқ-ойдин суҳбат қурайлик. Барчамиз ҳам Хадича онамиз ҳаётлари билан танишмиз. Аммо у зотдек бўлиш, гўзал ахлоқлари билан сифатланишга камдан-кам ҳаракат қиламиз. Биргина ишончларини оиламизга татбиқ этиш билан ҳаётимиз қанчалар гўзаллашишини тасаввур этиб кўринг-а?!
Таъкид жоизки, ишонч – оила мустаҳкамлигининг пойдевори. Бугунги кунда аксарият ҳолларда оилалар бузилишига айнан ишончсизлик сабаб бўляпти, десак муболаға бўлмайди. Бунинг ортидан тез-тез чиқиб турадиган жанжаллар аста-секинлик билан жуфтларни бир-бирларидан бездира боради. Охир-оқибат, арзимаган нарсалар учун ҳам тортишадиган бўлиб қолишади. Ушбу вазиятда на хотин саҳоба аёллардек сабрли бўлади ва на эр Умар ибн Хаттобдек инсоф юзасидан рафиқаси инжиқлигига чидайди. Шундай қилиб, битта оила барҳам топади.
Аслида буларнинг ечими оддий: ишонч! Масалан, уйга кеч қайтган эрингиз мажлисда эканини айтди. Сиз шубҳа билдириб, уни сўроққа тутасиз. Чарчаб келган одамга жуда ёмон таъсир қилади. Агар шубҳангиз ўринсиз бўлса, бу эркакнинг ғурурини топтайди. Натижада, у меҳрининг бир қисмини сиздан чегириб олади. Ҳолат шундай давом этаверса, ўртадаги меҳр-муҳаббат емирилиб бораверади…
Яна Хадича онамиз (р.а.) ҳаётларига мурожаат қилсак: Расули акрам (с.а.в.) аёлларига энг олий хушхабар – ваҳий келганини айтдилар. Аммо ўша пайтда буни қабул қилиш жуда мушкул эди. Хадича бинти Ҳувайлид Расулуллоҳ (с.а.в)га бўлган юксак ишончлари, қалбларига Аллоҳ таоло солган ҳидоят нури билан бу хабарни ҳеч иккиланмай қабул қилдилар. Имон калимасини айтиб, аёллардан биринчи бўлиб муслималик шарафига эришдилар!
Шу ўринда эътироз билдирарсиз – Хадича онамизнинг турмуш ўртоқлари икки олам сарвари бўлганлар, дерсиз; эрингизнинг эса бир талай камчиликларини санарсиз. Аммо бир ҳақиқатни унутманг. Мукаммал инсон бўлмайди. Мукаммаллик ёлғиз Аллоҳга хос. Шундай бўлгач, турмуш ўртоғингизнинг хатоларини санаманг, унга ишонинг! Камчиликларидан кўз юмишни ҳам билинг. Агар бу қалбингизга оғирлик солса, унда ўзингизга чиройли таскин беринг: бунга сабр қилишимда менга ажр бор, дея ишонишда давом этинг. Балки йўл бошида бир оз қийналарсиз, шубҳа-гумонлар азоб берар. Аммо сиздаги ишончни кўрган эрингизнинг ҳам виждони ғимирлай бошлайди. Олдин сизга ёлғон гапирган бўлиши мумкин. Бироқ энди сизнинг ҳолатингиз унинг руҳини тарбиялайди. Бундай бўлмаган тақдирда ҳам, сиз унчалик кўп нарса йўқотмайсиз. Оқилона йўл тутиб, жанжаллар, асаббузарликларга чек қўясиз. Бу оилангиз тинчлиги, мустаҳкамлигига асос бўлади.
Бугун Хадича онамиз (р.а.)дан олинадиган биргина ибратнинг фойдалари борасидаги ўйларимни баён этдим. Агар биз бу муборак аёл сингари аёллик, оналик вазифамизга вафо қилсак, завжимизга ҳурмат кўрсатиб, ишларида ёрдамчи бўла билсак, оиламиз фароғат қасрига айланади, иншааллоҳ.
Нигора Абдумухтор қизи
irfon.uz